Одил Ёқубов ва Марям Ёқубова: МАКТУБЛАРДА АКС ЭТГАН КЎНГИЛ (13)
мактуб
Мар, жоним!
Кеча эрталабдан кечқурунгача уйда одам тўлиб кетди. Бутун маҳалла кириб, табриклаб чиқишди, десам янглишмайман.
Опам, буви ва бошқалар ҳам шу ерда бўлишди. Қаҳрамонликни Сиз қилдингиз-у, байрамни биз қилдик. Мен ҳатто уйдан ҳам чиқолмасдан кечаси билан ўзимдан хафа бўлиб нотинчланиб чиқдим.
Ҳозир фақат сут келтирдим. Кечқурун олма билан анор олиб, тағин келаман.
Сиз икки оғиз аҳволингиз тўғрисида ёзиб чиқаринг.
Икковингга ҳам салом!
Ўпиб, соғиниб қолдим.
Одил.
17 март, 1958 йил.
38
Туғруқхонага ёзилган
мактуб
Мар!
Кеча чиқаман, деб қийналиб қолмадингизми? Аҳволлар қалай? Индинга чиқа оласизми, биз тайёргарлик кўрайликми? Температурангиз тушдими? Полвоннинг аҳволи, соғлиғи тузукми?
Ёзиб беринг. Ўпиб қолдим.
Одил.
20 март, 1958 йил.
39
Туғруқхонага ёзилган
мактуб
Марям! Оппоқ қиз!
Қалай, аҳволлар тузукми? Чиқишни ўйлаяпсизларми? Мен бугун телефон қилиб соғлигингизни сўрасам, шифокорлар тузук, дейишди. Хурсанд бўлиб, ўзим келдим. Муроднинг укаси қалай?
Ўпиб қўйинг, ўпиб қолдим.
Одил.
20 март, 1958 йил.
40
Туғруқхонага ёзилган
мактуб
Мар, милая!
Бугун мени телефонга Пиримқул чақирган экан, боролмадим, кечирасиз.
Аҳволингиз яхшими? Жаноблари[1] қалай, тузукми?
Кеча телефонга сўратган эдим, душанбага чиқарамиз, дейишди. Шунақами ё эртага чиқаришармикан?
Шуни аниқроқ айтсангиз яхши бўларди.
Соғлигингизни ҳам кўринг.
Ўпиб қолдим.
Одил.
21 март, 1958 йил.
41
Туғруқхонадан ёзилган мактуб
Одил ака!
Кечаги қор менинг ичимга ёғди-ку. Бунча енгил юрибсиз. Анчагача хавотир олиб ётдим. Уйга тумовламай етиб олдингизми? Ойим, Мурод уйда совқотишмаяптими? Бизга совуқлик қилаяпти. Иситишни аллақачон тўхтатишган. Чиққанимизда исиб кетармикан, бола анча қийналади[2]. Душанба куни чиқамиз.
Жоним, қатнайвериб чарчагандирсиз-а! Аҳвол яхшими? Повесть битдими? Ё ўғлингиз ёрдам берсинми? У уйга кетишга шошилаяпти. Мен ҳам анча яхши бўлиб қолдим. Биздан ҳаммага салом айтинг.
Марям.
21 март, 1958 йил.
42
Тошкентдан Қарноққа мактуб
Мар. Севгилим.
Саломатлигингиз яхшими? Қарноққа кетганингизга ҳам уч кун бўлди. Уй ҳувуллаб қолган. Уйлар, кампир, қишлоқдошлар тинчми? Қўғирчоқлар қийнамаяптими? Икки томондан иккиси бижирлаётгандир?! Мурод[3] мени сўраётган бўлса керак? Уларни ўпиб қўйинг.
Бугун театрга тушдим. Менинг пьеса ёзганлигимни эшитган эканлар – ҳаммаси шод, ҳаммаси хурсанд. Актёрларнинг бу самимий шодлиги мени яна театрга жалб этиб, ўзига торта бошлади. Ёзган сўзларингни саҳнада, артистлар тилидан эшитиш бошқача бўлади-да.
Биз Олим ака[4] билан учрашиб чойлашдик. У бечора ҳам ўз дардини айтиб кетди. Шундай машҳур шахснинг ҳам ўзига яраша ташвишлари бор. Бирам куйиниб гапирдики, бирон ёрдам бериш қўлимдан келмаганидан хижолат бўлиб эшитдим.
Болаларни эҳтиёт қилинг. Менинг таътилим 1июнда бошланади. Балки сал олдинроқ, 27-да йўлга чиқсам дейман.
Насиб бўлса, бориб қоларман. Ҳаммага салом айтинг,
Одилингиз.
14 май, 1958 йил.
[1] Чақалоқ назарда тутиляпти.
[2] 1958 йилнинг марти охирлаб қолган бўлса ҳам қор ёққан, ҳаво анча совуқ бўлган.
[3] Мурод – Одил Ёқубовнинг катта ўғли.
[4] Олим ака – Олим Хўжаев – Ўзбекистон халқ артисти, машҳур актёр ва режиссёр.