Исмат Хушев: Қашқадарёда ҳоким алмашди… Жараён шу билан тўхтайдими?
Қашқадарёда ҳоким алмашди…
Жараён шу билан тўхтайдими?
Ўзбекистондаги кадрлар алмашинуви — хорижлик ўзбек журналисти нигоҳида
1.
Одатда Ўзбекистон кадрлар сиёсатидаги анъанага кўра вилоят ва туман раҳбарларини куз фаслида, айниқса пахта йиғим терими даврида алмаштириш фавқулодда ҳодиса санлади.
Хўш, унда нега Қашқадарё вилояти ҳокими Туробжон Жўраевни пахта учун кураш энди қизиётган пайтда алмаштириш керак бўлди?
Бу йилги пахта фронтининг дастлабки қурбонлари – норасида мактаб ўқувчиларининг Қашқадарё пахтазорларида тўкилган қони учунми?
Ё бу ерда бошқа гап борми?
2.
Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг ташкилий масала кўрилган Халқ депутатлари Қашқадарё вилояти кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида сўзлаган нутқидан кўчирма:
“Энг ёмони ҳуқуқ тартибот идораларининг баъзи ходимлари ўртасида қонунга хилоф ҳатти ҳаракатлар содир этиш, ўз вазифасини суистеъмол қилиш ҳолатлари учраб турибди. Масалан кейинги 1.5 йил давомида ички ишлар идораларининг ходимларидан ўн нафари жиноий жавобгарликка тортилган. Ўз фаолиятида камчиликларга йўл қўйгани учун вилоят прокурори Х.Турдибоев , вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи С. Ҳайдаров, Миришкор тумани прокурори А.Жўралов, Яккабоғ тумани прокурори С.Юлдошев, Чироқчи тумани ички ишлар бўлими бошлиғи И.Ишмурадов, Миришкор тумани ички ишлар бўлими бошлиғи Ш. Айизов, эгаллаб турган лавозимидан озод этилган…
Кейинги икки йил давомида Қашқадарё вилоят ҳокими вазифасида ишлаб келаётган Туробжон Жўраевнинг авваламбор иш фаолиятига баҳо берадиган бўлсак, кўзга ташланаётган салбий ҳолатлар тобора кўпайиб бораётганини сезмаслик, кўрмаслик мумкин эмас. У ҳам бўлса, етакчи (лик) вазифасини зиммасига олган раҳбар ва кўпчилик фаоллар ўртасида, аҳоли ўртасида узилиш пайдо бўлган ва бу ҳолни афсус билан таъкидлашимиз даркор….
Т.Жўраевнинг қўл остидаги одамларга ҳурмат ва ишонч билдириб, улар билан баҳамжиҳат ишлаш, уларни умумий мақсадларга сафарбар қилиш, фаолларнинг фикрига, маслаҳатларига суяниш ўрнига манманликка берилгани носоғлом вазиятга, нохуш ҳолатларга олиб келди…”
3.
Ислом Каримов Қашқадарё ҳокимлигига Зафар Рўзиевни тайинлаб, Тошкентга жўнаб кетганидан кейин Қаршидан ваҳимали хабарлар кела бошлади.
Вилоят прокурори — асли бекободлик Худойқул Турдибоевнинг ҳибсга олингани айтилмоқда.
Вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи С.Ҳайдаров ва унинг икки ўринбосари ҳам шу кеча кундузда ҳибсга олиниши мумкин.
Ҳозирча вилоят миршаблар Бошқармасини С.Ҳайдаровнинг хўжалик ишлари (хозчасть) бўйича ўринбосари вақтинча бошқариб турибди…
Президент маърўзасида номлари келтирилган ва биз юқорида эълон қилган бошқа мулозимларнинг деярли ҳаммаси ҳибсга олинган.
Фақат Туробжон Жўраев тақдири ҳозирча номаълум.
Бугун катта тергов гуруҳи Қашқадарёни обдон текширяпти. Бу – табиий, албатта.
Мамлакат Президенти ўз маърўзасида салбий жиҳатдан тилга олган мулозимларнинг озодликда қолиши камдан кам учрайдиган ҳодиса.
Туробжон Жўраев тақдири ҳам ана шу тергов ва тафтиш натижаларига қараб ҳал этилиши мумкин.
Ўзбекистон тарихида вилоят ҳокимлигидан ҳибсга олинган мулозимлар бўлмаганида эди, Туробжон Жўраевни ҳам “қамалмайди” деб айтсак бўларди.
Самарқанд вилоятининг 15 йилга кесилган собиқ ҳокими Аъзамхон Баҳромовнинг аччиқ қисмати бунга яққол мисол бўлиши мумкин.
Майли, яна Қаршига қайтсак.
Ислом ака Қашқадарёда рўй берган фожеалар кўламини бор бўй басти билан вилоят фаолларига айтиб, уларнинг хаёлларини фаромуш қиладиган раҳбар эмас.
Буни сессияда иштирок этган ва сўзга чиққан Ислом аканинг сафдошлари яхши билишади.
Мен Январь Пўлатович Иноятов билан Эсон Ражабовларни назарда тутяпман.
Январь Иноятов Ислом ака Қашқадарёда обкомнинг биринчи секретари бўлганида у кишининг қўлида ишлаган, сўнг Шаҳрисабз райкомига «биринчи» қилиб юборилган эди.
Эсон Ражабов ҳам ўша пайтларда Қарши горкомида секретарь бўлган, кейинчалик вилоят раҳбарлигида ишлаб келаётган Президентнинг ҳалол ва фидойи издошларидан эди.
Мен Ислом аканинг бу иккала сафдошини яхши ва яқиндан билганим учун ҳам айтаяпман бу гапларни.
Умуман, Қашқадарёда Ислом ака билан бирга ишлаган, у кишини ўзининг дўсти, ҳамкасби, устози ва ҳақиқий юртбошиси деб билувчилар жуда кўп.
Қашқадарё халқининг деярли ҳаммаси бугун Ислом акани ўзининг отаси ва худоси деб билади десам, менга ишонаверинг…
4.
Қашқадарёда “биринчи” раҳбар бўлиш – шарафли, қийин ва масъулиятли, айтиш мумкинки, фожеали вазифа.
Салкам 3 миллионга яқин ўжар ва тўпори, гапга кирмас аҳолиси бор.
Деҳқонобод, Косон ва Чироқчи туманларининг ўзи бир давлат.
Бу ерларнинг ўз қонун ва қоидалари, ўз “авторитет”лари бор. Бу ерларда сипойилик ва лўттибозликни ёқтиришмайди.
Бир томони Термиз ва Кушка орқали — Афғонистон ва Покистонга, бошқа томони Бешкент ва Чоржўй орқали — Туркманистон ва Эронга олиб боради.
Сурхондарёнинг Бойсун ва Сариосиёси орқали — Тожикистон билан чегарадош.
Шароф Рашидов раҳбарлигида Қашқадарё советлар юртининг энг гуллаб яшнаган бўстонига айланган эди.
Совет даврида Қашқадарёга оғир босиқлик билан 18 йил бошчилик қилган хоразмлик Рўзмат Ғойибов 30-40 та янги совхоз очган бўлса, мустақиллик даврида вилоятга ўнта ҳоким тайинланиб, бу совхозларнинг бари бирин-кетин инқирозга учради, тугатиб юборилди.
Рўзмат Ғойибовдан кейин вилоятга Нормўмин Туропов, Ислом Каримов, Алихон Отажонов, Темир Хидиров, Озод Пармонов, Шуҳрат Бегматов, Бахтиёр Ҳамидов, Нуриддин Зайниев, Туробжон Жўраевлар раҳбарлик қилишди.
Лекин буларнинг ичидан қашқадарёликларнинг дуосини олиб, обрў эътибор билан кўтарилиб кетиш бахтини тақдир фақат Ислом Каримовгагина насиб этди, холос.
Қолган барча “биринчи”лар ҳибс ва ҳақоратга, хўрлик ва жаҳолатга дучор бўлишди.
Рўзмат Ғойибов эса уни ҳибсга олиш учун келган Гдлян бошчилигидаги тургов гуруҳи қўлига тушмаслик ва зиндонда хор бўлмаслик учун жасур самурайлар каби мардларча муқаддас ўлимни афзал кўрди…
5.
Совет даврида ҳар бир мулозим учун уни тавсия қилганлар доим масъул бўлишган.
Шунинг учун ҳам Рўзмат Ғойибов Қашқадарёга 18 йил бошчилик қилган бўлса, бундан вилоят фақат ютди.
Қашқадарёликлар бугунга қадар Рўзмат Ғойибов номини айрича меҳр билан эслашлари, балки шундандир.
Ундан кейин раҳбар бўлган Нормўмин Туропов аслида яхши, оғир босиқ одам одам эди. Лекин Қашқадарё оғир босиқ ва сокин кишилар ишлайдиган ва эплайдиган вилоят эмас.
Бу жўшқин ва тошқин сойдек вилоятга Ислом акадек оташин ва жасур кишиларгина раҳбарлик қила олиши мумкин эди.
Шунинг учун ҳам тақдир тақозоси билан Ислом Каримов 1986 йилда Қашқадарё обкомига биринчи секретарь этиб тайинланди.
Бу тайинлов аслида бутун Ўзбекистон ҳаётида улкан ва инқилобий ўзгаришлар даврини бошлаб берди десак, муболаға бўлмас.
Ислом ака Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг биринчи секретари этиб тайинлангач, у кишининг тавсиялари билан бу вилоятга “Госплан” раиси ва айни пайтда Бош вазир ўринбосари бўлган Алихон Отажонов “ биринчи” қилиб юборилди.
Алихон Раҳматович Қашқадарёда — ўз ўрнига тушган раҳбар эди. Бироқ “деди-деди” деган миш-мишлар унинг бошини еди…
Қашқадарёдан Тошкентга чақиртирилиб, Меҳнат вазири ва айни пайтда Бош вазир ўринбосари этиб тайинланган Алихон Отажоновдан кўп ўтмай омад яна юз ўгирди.
У киши кутилмаганда ўз аризасига кўра истеъфо бериб, барча раҳбарлик лавозимларидан озод этилди.
Дунёдаги не-не Бош вазир ва Президентлар ўз ихтиёри билан истеъфога кетишганини биламиз.
Битта ёлғони фош этилгани учун Ричард Никсон ўтган асрнинг етмишинчи йилларида АҚШдай қудратли давлат президентлигини тарк этди.
Хуллас, дунё бўйлаб бундай раҳбарларнинг истеъфоси тез-тез қулоққа чалиниб туради. Бу аслида нормал ҳолат.
Лекин Ўзбекистонинг 22 йиллик мустақиллик тарихида ўз ихтиёри билан истеъфо йўлини танлаган иккинчи раҳбарни кўрмадик…
Эҳтимол, бу — Ислом ака раҳбарлик қилган Ўзбекистон Олий раҳбариятидаги биринчи ва охирги истеъфо бўлса керак…
Мен Алихон Раҳматовични яхши билардим.
“Оқланмаган ишонч қиссаси”нинг иккинчи китобида у киши ва Ислом ака билан Москвада – СССР халқ депутатларининг биринчи съездида танишганимиз, “Россия” меҳмонхонасининг шинам ва мўъжаз ресторанида 12 кун бир стол атрофида ўтирганимиз тафсилотлари ҳақидаги ажойиб ва ғаройиб хотираларни эълон қилганман…
Биз Ислом ака билан иштаҳани очиш учун ароқ ичганимизда, умуман ичимликни ёқтирмайдиган Алихон Отажонов ҳурматимизни қилиб, пиво ҳўплаб ўтирарди…
Шунинг учун ҳам у кишининг Қашқадарёга раҳбар бўлганида қанчалик қувонган бўлсам, кутилмаганда ишдан олинганида ҳам шунчалик куйиниб, изтироб чеккан эдим…
Отажоновдан кейин тайинланган Темир Хидиров ҳам ёмон ишламади.
Кейин Озод Давронов ҳоким бўлди. Унинг бошига ўзбошимчалиги ва ўжарлиги етди.
Ундан кейин ҳоким бўлган Шуҳрат Бегматовнинг ҳокимлиги кўпга чўзилмади. Қандай келган бўлса, шундай кетди.
Истараси иссиқ, яхши ва самимий одам эди…
Лекин Қашқадарёга раҳбарлик қилиш учун бу фазилатлар етарлик эмас экан…
Кейин Нуриддин Зайниев келди. У Ислом аканинг Қашқадарёда ишлаганида ёнига олган шогирдларидан бири эди.
“Шўртангаз”да камол топган бу йигит яхши ва узоқ ишлади. Лекин фаолиятини яхши тугатмади…
Ниҳоят бугунги мавзуимизга алоқадор Туробжон Жўраев ҳоким бўлиб келди.
Бу одам ҳақида батафсилроқ айтмасак, бўлмайди…
6.
Туробжон Жўраев халқ таълими вазири эди.
Унинг кутилмаганда Сурхондарёга ҳоким этиб тайинланганини эшитганимдаёқ бу тайинлов хато бўлганини билган эдим.
Чунки у халқ таълими вазирлиги Ўзбекистонда ўқувчиларни пахтага оммавий олиб чиқишни кенг пропаганда қилаётган бир пайтда — вазир эди.
Бунга қарши амалий чора кўрмаган, бу нарсанинг нотўғри эканини давлат раҳбарига тушунтира олмаган мулозимдан нимани кутиш мумкин?
Бир сўз билан айтганда, Туробжон Жўраев, халқ таълими вазири сифатида — номи ўз идорасидан ташқарига чиқмаган одам эди.
Мени ҳайрон қолдирадиган ва ажаблантирадигани — “Ўзбекистон учун куйиб ёниб ишлайдиган фидойилар керак!” дейдиган Президентимиз раҳбар бўлган давлатда аксар ҳолларда ана шунақанги ташаббуссиз одамларнинг танаффуссиз раҳбарлик қилишидир.
Халқ таълимини эплолмаган одамни нега вилоятга раҳбар қилиш керак бўлди?
Яна бизнинг энг нозик ва хатарли жойимиз — Афғонистон билан чегарадош ҳудудларга…
Хуллас, ўз соҳасини эплолмаган вазирнинг стретегик аҳамиятга эга бўлган жанубий вилоятга ҳоким бўлиши ҳарбий жиҳатдан ҳам, сиёсий жаҳатдан ҳам нотўғри ва хато эди.
Лекин ажабки, Сурхондарёда у ўзини оқламагач, уни негадир Қашқадарёга ташлаш билан гўё унга яна бир “шанс” — имконият берилган эди.
Ҳолбуки, Ислом акани яхши билган одам сифатида шуни айтишим лозимки, у кишининг бундай марҳаматига сазовор бўлиш ҳаммага ҳам насиб этавермайди.
Ўзбекистон кадрлар сиёсатида Президентнинг бундай камёб ва нодир ишончи ҳозиргача Исмоил Жўрабеков, Алишер Азизхўжаев ва нокамтарлик бўлса-да, айтишим керак — Исмат Хушевларгагина насиб этган, холос…
(Уч марта ҳибс этилганимга қарамай яна уч маротаба Бош муҳаррир этиб тайинланганимни назарда тутганман)
Бу ҳақда «Оқланмаган ишонч қиссаси»да батафсил айтилган.
Туробжон Жўраевга қайтадиган бўлсак, афсуски бу мевасиз дарахт Сурхондарёда қандай ҳосил бермаган бўлса, Қашқадарёда ҳам самара бермади…
7.
Энди икки оғиз сўз Қашқадарёнинг бугунги ҳокими Зафар Рўзиев ҳақида.
Мен Зафар билан бундан ўн йиллар муқаддам у ҳали Яккабоғда райкомнинг биринчи секретари бўлганида учрашиб, суҳбатлашган эдим.
Унинг ниҳоятда самимий ва камтарлиги биринчи учрашувдаёқ мени мафтун этган эди.
Ўзи ҳам “Ўтган кунлар”даги Отабекдек келишган ва дилбар йигит.
Мен ўшанда Бош муҳаррир эдим. Лекин у менинг олдимда худди Бош вазир олдида тургандай тутганди ўзини.
Менинг олифта ва манманлигим, такаббурлигим шунчалик бўлса, унинг камтар ва камсуқумлиги, таважжуҳи шу қадар эди…
Мен бу гапларни Ўзбекистонда бугунги раҳбарларнинг ҳаммаси осмонда, сохта ва тасодифий деб лоф ураётган баъзи мухолифат фаоллари учун айтаяпман.
Бугунги раҳбарлар орасида Зафарга ўхшаш ўз ўрнига муносиб, камтар ва истеъдодлилари ҳам талайгина. Фақат уларни тўғри танлай билиш ва улуғ мақсадлар сари йўналтира олиш керак, холос.
Яна бир гап.
Улуғ шоиримиз Абдулла Ориповнинг «Омад деганлари дунёда бор гап!» деб бошланувчи яхши бир фалсафий шеъри бор.
Балки уларнинг баъзиларига шоир айтган ана шу омад етишмай турган бўлиши ҳам мумкин.
Афсуски, уларнинг айримларига омад етишмай турган бўлса, айримлари эса кутилмаган жойда омадсизликка рўпара келишмоқда.
Мен Ўзбекистон сиёсатидаги адолатсизлик ва юлғичликларни назарда тутяпман.
На чора, бу дунёда омад ва омадсизлик бор гап. Уларнинг ҳар иккаласи ҳам Оллоҳнинг инсонга инъоми экан…
Лекин ҳаёт давом этаверади.
Зафар Рўзиевнинг Яккабоғдаги шинам кабинетида ўзини Бош вазирдай тутган Исмат Хушевни тақдир бугун олис Америка қитьасига бадарға қилди…
Райкомнинг биринчи секретари бўла туриб, оддий бир журналист олдида ўзини ниҳоятда камтар ва камсуқум тута билган Зафар Рўзиев — ўзи бир давлат бўлган Қашқадарёга ҳоким.
Ким билади, эртага уни нималар кутаётганини…
8.
Зафар Рўзиев 1964 йилда Китобда туғилган. Дастлабки тетапоя қадамларини шу ерда ташлаган.
Мутахассисилиги — инженер механик. Ирригация институтини 1986 йилда битирган…
Ҳа, омад деганлари ростдан ҳам дунёда бор гап!
Яхшиларнинг ичидан биттасини ажратиб олиш ҳам баъзан кўп нарсага боғлиқ бўлади…
Зафар Рўзиев Тошкентдаги Ирригация институтини 1986 йилда битирган дедик.
Бугунги Бош вазир Шавкат Мирзиёев худди шу йили бу олий даргоҳда ректорлик вазифасини бажарарди…
Ўша йилларда Шавкат Мирзиёев институтда якка ҳоким эди. 90 йилга қадар. У вақтинча ректорилик қилгани билан, унинг асосий вазифаси парткомлик эди.
Парткомдан кейин эса ректорнинг биринчи муовуни – и.о ректор бўлди.
Қабул эса советлар даврида асосан ректор ва парткомнинг қўлида эди.
Қабул кимнинг қўлида бўлса, одамлар ҳам, омад ҳам ўшанинг мусиқасига ўйнашини яхши биласиз.
Бир сўз билан айтганда, Зафаржон бугунги Бош вазир қўлида таҳсил олган, унинг садоқатли шогирди ҳисобланади.
Зафарнинг дипломида бугунги Бош вазир Шавкат Мирзиёевнинг жимжимадор имзоси бор…
Бу эса — Туробжон Жўраевнинг қуёши ботиб, Зафаржон Рўзиевнинг офтоби чарақлашига боғлиқ кўпгина биз билган ва билмаган воқеалардан дарак бериши мумкин…
Шавкат Мирзиёев республика масштабига чиққан 2000 йилга қадар — сиёсий майдонда изи ҳам бўлмаган Ирригация институти собиқ студентининг бу шиддатли парвози яна нималардан дарак бериши мумкин?
Масалан, Зафарнинг кутилмаганда Бош вазир бўлиб кетишидан ва ё худди шундай кутилмаганда ишдан урилиб, ҳисбга олинишидан ҳам дарак бериши мумкин…
Бунинг отини сиёсат дейдилар.
Сиёсатда эса ҳамма нарсани кутиб яшаш керак. Парвозни ҳам, кутилмаган инқирозни ҳам…
Айниқса Ўзбекистоннинг бугунги сиёсий ҳаётида.
Ислом Каримовнинг ўта мураккаб табиати ва фавқулоддаги импульсив ҳатти ҳаракатини яхши билган ва ўрганган журналист сифатида айтаяпман бу гапларни…
Пластинка тескари айланиб, мулозим кутилмаганда ҳибсга кетиши ҳам мумкин…
Мавлон Умрзоқов, Козим Тўлаганов, Бахтиёр Ҳамидов, Равшан Муҳиддинов каби Президент командасидаги мулозимларнинг фожеали тақдири бунга аччиқ мисол бўлиши мумкин.
Омад деганлари дунёда бор гап. Омадсизлик ҳам…
9.
Шу ўринда Ўзбекистондаги кадрлар тайинлаш масаласида ҳам бир оғиз ўз фикримизни айтиб ўтсак ёмон бўлмасди.
Мен Ислом аканинг кадрлар сиёсатини яхши биламан, бу мактабни қайсидир маънода ўтаганман десам ҳам муболаға бўлмас.
Ўзбекистондаги бугунги кадарлар сиёсатидаги энг номақбул усул ва тажрибалардан бири, кадрларни тайинлаш пайтида — бозордаги даллол қисир сигирни кўп ва пақирлаб сут беради деб кўзини юмиб мақтагани каби — осмонларга олиб чиқиб мақтаймиз.
Ва орадан ҳеч қанча вақт ўтмай туриб, бу “қисир сигир” — кадрнинг миси чиққач, уни “сут бермаскан” деб сичқондай думидан ушлаб, беомон ерга урамиз…
Афсуски, бу орада “қисир сигир” у ёки бу вилоятда анчагина “ҳунар” кўрсатиб, қанчадан қанча содда ва ишонувчан кадрларни ҳам ўзи билан бирга жарга тортиб, қулатади…
Лекин бу “қисир сигир”ни катта сиёсий майдонга олиб чиқиб, унинг нақадар сермаҳсул ва ноёб шахс эканлиги ҳақида лоф-қоф урганлар эса ҳеч қандай масъулият сезмай, жавобгарликдан четда қолишади.
Ва кадрлар иши бўйича пихини ёрган бу “кадровик”лар яна ўзларига мақбул “қисир” сигирларни бозорга етаклаш пайида бўлишади…
Бу Олий раҳбариятдаги ўша идоранинг одатига айланиб қолган. Чунки, уларнинг “деҳқончилиги” шундай иборат.
Мен Ўзбекистон Олий раҳбариятидаги, аниқроғи — Девондаги кадрлар билан ишлаш сиёсати бўйича Президентнинг Давлат маслаҳатчилиги Бошқармасини назарда тутяпман…
Агар Ислом ака бирор маротаба катта минбардан туриб “Бу кадрлар, яъни “қисир сигирлар”ни Олий раҳбариятга ва олий мансабларга таклиф қилган шахсларнинг жавобгарлиги ҳақида ҳам жиддий хулосалар қилиш керак” деганларида эди, кадрлар билан шуғулланувчи масъул шахсларнинг даромаддан масрур кўзлари аллақачон ярақлаб очилган бўларди.
Афсуски, ҳозирча “қисир сигирлар”нинг бозори чаққон…
Ўзбекистон кадрлар сиёсатидаги бу шармандали ҳол бизда — Темир Алимов Президентнинг Давлат маслаҳатчиси бўлган даврдан бўён давом этиб келмоқда.
Шуни ҳам айтишимиз керакки, Темир Алимов ҳар қанча бўлса ҳам, мустақил шахс эди. Унга ҳеч ким бу борада “дастёрлик” қилолмасди. У ўз қозонини ўзи қайнатиб, ўз чўмичига ўзи эгалик қиларди.
Ундан аввал бу креслода ўтирган Мавлон Умрзоқов бу чўмичга — Бош вазирнинг биринчи ўринбосари, аслида эса Бош вазирга бош бўлган Исмоил Жўрабеков билан ҳамкор ва ҳамнафасликда эгалик қилди…
Бироқ улардан кейин бу ўринга келганларнинг Турсунхон Худойбергановдан бошқа бирортаси ҳам мустақил бўлолмади.
Бугун бу креслода ўтирган собиқ суд ва адлия ходими Ихтиёр Бахтиёрович Абдуллаев асли Гулистонда туғилиб ўсган, Фарғонада бир муддат ишлаган ва умрида бу креслоларда ўтириш тушига ҳам кирмаган содда ва самимий одам эди.
Энди у Ўзбекистон Олий раҳбариятидаги энг қудратли креслолардан бирида ўтирибди…
Бугун Президент атрофидаги икки масъул шахснинг қудрати билан бу кресло уларнинг синалган бозорига айланиб турибди…
Шу сабаб бу идорадан тақдим этилган кадрларнинг бирортаси ҳам бу икки қудратли шахснинг рўйхатидан ташқарига чиқолмайди.
Биз бу шахсларнинг кимлигини яхши биламиз. Бири – ёзаётган китобимизнинг асосий қаҳрамонларидан бўлса, иккинчиси эса — бўлажак қаҳрамонларимиздан биридир…
Биз Олий раҳбариятдаги кадрлар билан боғлиқ бемаъни практика ҳақида гапираётган эдик.
Олий Маҳкаманинг кадрлар билан боғлиқ бозоридаги бош даллол Темир Алимовнинг Олий идорадаги кадрлар маҳкамасига ўн йиллик етакчилик даврида бу бемаъни практика ўзининг авж чўққисига чиқди.
Ва афсуски тарки одат — амри маҳол деганларидек, бугунга келиб Олий Раҳбарият идорасининг қон-қонига сингиб кетди…
Оқибатда унинг барча масъулият ва маломати Президент елкасига тушмоқда.
10.
Улуғ ва бетимсол шоиримиз Абдулла Ориповнинг бетакрор бир шеъри бор:
Тақдир бир маҳаллар қўлимдан тутган,
Бахтга етаклаган — гўзал маъвосан.
Тониб қайга бордим, бобомдан ўтган,
Толеимга битган – Қашқадарёсан!
Қашқадарё, не бахтки, менинг ҳам тақдир толеимга битган ўлкадир. Мен ҳам шу диёрда ўсиб улғайдим.
Москва дорулфунинини тугатиб келиб, аввал Шаҳрисабз, сўнг Қаршида ҳаёт дорилфунунларини ўтадим.
Гарчи Қашқадарё — Москвадан келган енгилтак ва ҳавойи фарзандининг бошини силаб, бағридан жой бермаган бўлса ҳам, гарчи мен ўз истиқболимни бағри кенг Тошкентдан топган бўлсам ҳам, бугун эса тақдир тақозоси билан олис Канадада умргўзаронлик қилаётган бўлсам ҳам, мен ҳамиша унга талпиниб, унга сиғиниб келдим.
Бундан кейин ҳам дунёнинг қай бурчида бўлмай унга талпиниб яшайман!
Қашқадарёда олдин ҳам ҳокимлар алмашарди. Лекин мен уларни яхши билмаганим ва танимаганим учун, уларнинг келажагига ишонмаганим учун ҳам сукут сақлардим.
Кейинги ҳоким алмашинуви менинг кўнглимга умид учқунларини солгани учун ҳам бу тайинлов ҳақида фикр билдиришга жазм этдим…
Қашқадарё — Ислом Каримовдек жасур ва оташқалб бир шахсни катта сиёсий майдонга тайёрлаган, унинг Президентлиги йўлида дастлабки тамал тошини ўтаган муқаддас диёр!
Қашқадарё — Амир Темурдан Абдулла Ориповгача бўлган улуғ сиймоларнинг киндик қони тўкилган муборак юрт!
Ана шундай қутлуғ ва беҳудуд ўлка, улуғ бир давлатдаги меҳнат фаолиятида Зафар Рўзиевга омад ёр бўлсин!
10 октябрь, 2013 йил, Канада
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ
Узбекистонда хозирги вактда рахбар булиб ишлаш огир,нафакат узидан катта бошликларни кунглини топиш даркор шунингдик пастдагилар билан хам келишиб,мувазанат саклаб ишлай билиш керак. Т.Жураев тепадагилар билан яхши булсада,узидан пастдагиларни одам урнига курмас эди.Вакт утган сайин одамлар узгараяпти,алмисокдан колган купол дагаликни бугунги кунда ким хам хазим килар эди.