Исмат Хушев: Муҳаммад Солиҳга отилган ўқ… “Истанбулга саёҳат” туркумидан (1)
Исмат Хушев: Муҳаммад Солиҳга отилган ўқ
Бунинг ортида ким турган бўлиши мумкин?
Мен билган ва билмаган тафсилотлар
“Истанбулга саёҳат” туркумидан (1)
Суратда: “Дунё ўзбеклари” Бош муҳаррири Исмат Хушев оиласи билан ўзбек мухолифати лидери Муҳаммад Солиҳ хонадонида. Сентябрь, 2013-йил, Истанбул.
1.
Бундан роппа роса бир ой муқаддам Истанбулда Муҳаммад Солиҳга қилинган суиқасд ҳақидаги хабарни эшитгандан бўён тинчим йўқолганди.
Ҳолбуки, унинг тарафдори ва ё сафдоши эмасдим, ўзбек мухолифатига ҳам алоқам йўқ эди.
Аксинча, мухолифатдан фарқли ўлароқ Президент Каримов ва у олиб бораётган қаттиққўл сиёсат тарафдори эдим.
Лекин шу билан бирга мен ҳар қандай давлат ва сиёсатда мухолифат бўлиши керак деган фикрда якдилман.
Мухолифат амалдаги ҳукуматнинг юзига кўзгу тутиб, хато ва камчиликларини доим айтиб туради. Бундан ҳукумат ютса ютадики, лекин ютқизмайди.
Шунинг учун ҳам Муҳаммад Солиҳга отилган ўқ менга тинчлик бермай қўйганди. Бу суиқасд ортида кимлар турган бўлиши мумкин деган савол мени қийнарди.
Бу ҳақда хабар берган “Озодлик” ва “ББС” радиоларининг қисқа ва мужмал хабарлари Муҳаммад Солиҳга бўлган суиқасд уринишига жавобдан кўра саволларни кўпроқ туғдирарди.
Мен журналист сифатида бу ҳақда кўпроқ нарсаларни билишни, унинг тафсилотларини ўрганишни истардим.
Негаки, биз озод ва демократик дунёда яшаяпмиз. Ким қандай сиёсат тарафдори бўлишидан қатьий назар у эмин эркин, ҳеч нарсадан ҳайиқмай яшаши ва ўз нуқтаи назарини ҳар қандай шароитда ҳам бемалол айта олиш ҳуқуқига эга бўлиши керак!
Биз шунинг учун ҳам ҳақиқий демократияни орзу қилиб, сиёсий муҳожир бўлмаганмидик? Шунинг учун ҳам журналистиканинг аччиқ нони боис, хориж элларга бош олиб кетмаганмидик?
Хуллас, Муҳаммад Солиҳга қилинган суиқасд ҳақидаги хабар Канадага етиб келган кундан бўён тинчим йўқолганди.
Бунинг устига бу хабар таҳлил қилинган жаҳон оммавий ахборот воситаларида суиқасд ортида расмий Тошкент турган бўлиши мумкин деган иддаолар ҳам кўпайиб борди.
Бу – мен учун тамомила кутилмаган ҳол эди. Мен буни тасаввуримга ҳам сиғдиролмасдим. Бу масалага зудлик билан ойдинлик киритиш лозим эди.
Миямда чарх урган саволлар кўп эди: Бу қабиҳ иш ортида ким турган бўлиши мумкин? Кимга керак эди Солиҳнинг ўлими?
Ана шундай бир бирига қарама қарши хаёллар гирдобида қолиб, ҳақиқатни билиш илинжида ёнарканман, Туркияга – Муҳаммад Солиҳ ҳузурига бориб, у билан юзма юз кўришиш истаги менга тинчлик бермай қўйди…
2.
…Торонтодан – Истанбулга парвоз ўн соатдан кўпроқ давом этади.
“Air transat” авиакомпаниясига қарашли Aэробус-300 самолёти ҳақида олдин эшитган бўлсам ҳам, лекин унда ҳали учиб кўрмаган эдим.
Тўхтамай ўн соатдан зиёд учадиган самолётлар бўлишини бир пайтлар тасаввуримга ҳам сиғдиролмасдим.
Ерда тезлигини ошира бориб, кўп юрмай барданига ҳавога тик кўтариладиган бу учоқ ҳақиқатдан ҳам замонавий ва афсонавий эди.
Одатда парвоз бошланганда ҳамма худони ёдга олади дейишади. Бу – рост гап. Худосиз ҳам, художўй ҳам то самолётнинг оёғи ерга теккунига қадар “Ё. Оллоҳ!” деб ўтиради…
Бундай пайтда одамнинг кўз ўнгида бутун ўтган умри кино лентасидай гавдаланади.
Ўз манзилига етиб боролмаган не не самолётларнинг фожеали тақдирини ўйлаб, хаёлларингиз бутун парвоз давомида фаромуш бўлиб туради…
Абдулла Ориповнинг қайсидир бир шеъри: “Ажаб ҳикмат одам ўларкан, узилганда ердан оёғи…” деган сатрлар билан тугарди.
Албатта, бу билан шоир кўкка парвоз этган одамни эмас, балки, “оёғи ердан узилиб”, босар тусарини билмай қолганларни назарда тутган бўлса ажаб эмас.
Лекин барибир бу бетакрор сатрлар самолётда учаётган одамни ҳам бехавотир қолдирмайди…
Мен ҳар гал кўкка парвоз этарканман, суюкли шоиримизнинг яна бир машҳур шеърини ҳам қайта ва қайта ёдга оламан:
Чарх урар эрдим фазода юлдузим йўлдош эди,
Юлдузимга термулиб юлдуз кўзимда ёш эди.
Дер эдим: Жон юлдузим васлингга бир етказ мани,
Ул деди: Кўк севмагай сандай гуноҳкор бандани…
Шоир бу шеър билан нима демоқчи эканини тушунгандирсиз.
Ҳар қалай бундай фалсафий ўйлар Абдулла аканинг хаёлига гуноҳкорлар маскани бўлмиш – ерда эмас, балки фаришталар гулшани – кўкда парвоз этаётган – Оллоҳга яқин бўлган улуғ ва муборак пайтларида келган бўлса ажаб эмас…
3.
Самолётимиз Атлантика океани узра 12 000 метр баландликда, соатига 1000 километр тезлик билан парвоз этарди.
Ташқарида 87 даража совуқ. Ичкарида худди уйдагидай мўътадил иқлим, 359 йўловчи ва 12 эпипаж аъзоси ўзларининг беҳудуд фикрў хаёллари билан банд эди.
Мен олдин ҳам Туркияга келганман. Лекин у келишларнинг бу галги келишимдан фарқи бор эди.
Олдин мен бу давлатга расмий Тошкент мулозими сифатида, расмий сафар билан келардим.
Биринчи маротаба 1992 йилда Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари Муҳаммаджон Қорабоев бошчилигидаги расмий делегация таркибида келган эдим.
Унда Ислом Каримов бизнинг олдимизга Туркиядаги тест синовларини ўрганиш ва уни Ўзбекистонда тадбиқ этиш вазифасини қўйганди.
Йигирмадан зиёд институт ректорлари, олий ва ўрта таълим вазирлари, Ўзбекистон Олий раҳбарияти вакиллари Содиқ Сафоев ва Омон Матжон, Бош вазир аппарати ходимлари орасида янги ҳукуматнинг икки нафар таниқли ва истиқболли журналисти – Исмат Хушев билан Карим Баҳриев ҳам бор эди…
Сафар давомида бизни Туркиянинг ўша пайтдаги Бош бақони (Бош вазири) Сулаймон Демираль қабул қилиб, расмий зиёфат берган эди…
Кейинги гал Миракбар Раҳмонқулов, Алишер Шайхов билан биргаликда Ўзбекистон ва Туркия ҳукумати орасидаги муносабатларни мустаҳкамлаш учун келгандик.
Бу галги сафар ҳам расмий эди ва биз бу гал Туркия Президенти Тургут Озал билан учрашиб, у билан беш юлдузли меҳмонхонанинг энг юқори қаватида бир пиёла чой ичиш шарафига муяссар бўлган эдик…
Орадан бир бирини қувиб қатор йиллар ўтди. Бу орада не не тақдирлар ва қисматлар бошдан оёқ тамомила янгича мазмун ва моҳият касб этди…
Ажаб, бу гал Исмат Хушев Туркияга ўзбекистонлик мулозим сифатида эмас, балки хорижлик муҳожир сифатида ташриф буюрмоқда.
Уни энди бу давлатда олдингидай Президент ва ҳукумат раҳбарлари эмас, балки ўзбек мухолифати лидери Муҳаммад Солиҳ кутаётган эди.
Якшанбада тушдан кейинги 3.50 да Торонтодан кўкка парвоз қилган “пўлат қуш” душанба куни эрталаб 10.15 да Истанбул заминига оҳиста келиб қўнди…
4.
Истанбулнинг “Отатурк” номли халқаро аэропортида бизни Муҳаммад Солиҳнинг икки тан қўриқчиси кутиб олишди.
Ойналари қорайтирилган, ўзи ҳам қоп қора, ваҳимали “Volvo” машинасига чиқарканмиз, бизга эшик очиб мулозамат кўрсатаётган қўриқчиларнинг ён камаридаги тўппончага кўзим тушиб, беихтиёр сергак тортдим.
Ва шу дақиқадан бошлаб, мен шу пайтга қадар билган ва таниган Муҳаммад Солиҳ энди менинг назаримда тамомила бошқача – мен шу пайтга қадар билмаган ва тасаввур ҳам қилмаган янгича бир қиёфа касб этган эди…
Ўзимизга ажратилган шинам ва озода меҳмонхонага бориб жойлашарканмиз, хаёлимда негадир аэропортда каттакон қилиб ёзиб қўйилган Мустафо Камол Ота Туркнинг қуйидаги сўзлари чарх уриб айланар эди:
“Истиқбол кўклардадир…”
Албатта, Мустақил Туркия давлати асосчиси бу сўзни истиқбол – келажак, у юксакда бўлади, келажагимиз порлоқ маъносида айтган эди.
Аэропортдан меҳмонага қадар гўзал Истанбулни томошо қилиб борарканмиз, Ота Туркнинг бу сўзлари бугун Туркияда қай даражада амалга ошганини яққол кўриш мумкин эди…
5.
Эртаси куни эрталаб кечаги ҳамроҳларимиз келиб бизни отелдан Муҳаммад Солиҳнинг дала ҳовли (ранчо) сига олиб кетишди.
Истанбулдан 25-30 километр узоқликдаги гўзал ва хушманзара гўшада жойлашган бу сирли масканга кириб борарканмиз, худди тарихга кириб бораётгандай ҳаяжонланардим.
Каттакон икки табақали темир дарвоза автоматик тарзда очилиб, ичкарига кирарканмиз, дала ҳовли овчарка итлар ва қуролли кишилар билан қўриқланишига гувоҳ бўлдик.
Бизни машинадан тушириб, аввал махсус лазер ранги туширилган махсус ускуна билан текшириб, сўнг ичкарига таклиф қилишди.
Айни “процедура”ни биз куни кеча аэропортда ҳам бошимиздан ўтказган эдик.
Дала ҳовли ён бошидаги мевалари шиғил пишган анорзор беихтиёр диққатимни ўзига жалб этди. Муҳаммад Солиҳ набираси Осиё билан анорзорда тушган расмини биз биринчи бўлиб “Дунё ўзбеклари”да эълон қилган эдик.
Муҳаммад Солиҳнинг уйига кираверишдаги ўқ отилган эшик ойнаси ҳануз қўйилмаганига эътибор қилдим. (Сурат берилади)
Ниҳоят ичкарида бизни Муҳаммад Солиҳ кутиб олди. Туркча ва ўзбекча урф одатга кўра қучоқлашиб кўришдик.
Янгам – Наргизни қаршилади.
Муҳаммад Солиҳ билан биз ўтган йили Прага Қурултойида кўришган эдик.
У деярли ўзгармаган. Ўша самимият, ўша очиқлик, руҳи тетик, кайфияти кўтаринки, фақат нигоҳлари ўйчан эди…
6.
Муҳаммад Солиҳнинг дала ҳовлисидаги уйига ўқ узилиши бўйича очилган жиноий ишни Истанбулнинг Тузла тумани аминият (ички ишлар бўлими) мудирлиги олиб бораётганини ўргандим.
Полиция маъмури комиссар Эргуннинг айтишича, кимнингдир қасддан ўқ узгани аниқ, аммо бу ўқ отганларнинг кимлигини аниқлаш жараёни ҳали ниҳоясига етмаган.
Умуман, полициячининг бу мавзуда очиқ гапиришни истамаётгани кўриниб турарди.
Мен уни тушунаман. Ҳали тергов тугамай туриб, Канададан бу мавзуни ўрганиш учун келган журналистга у шундоқ ҳам кўп гапларни айтиб қўйди.
Бунинг устига худди Ўзбекистондагидай Туркияда ҳам тергов давомида ҳеч кимга маълумот берилмаскан. Истанбулда ҳам худди Тошкентдагидай “Тергов сири” деган гаплар бор экан…
Ҳар ҳолда, бунинг асос сабаби – воқеа содир қилинган макон ғира-шира бўлиб, ўқ узганлар (икки киши) видеокамералардаги тасвири у қадар аниқ эмаслиги тергов ишларини бир оз тўхтатиб турганини сездим.
Шунингдек, Ўзбекистон учун исталмаган шахс – Муҳаммад Солиҳга Туркияда уюштирилган бу суиқасд факторининг матбуотда кенг ёритилишини ҳукуматдагилар у қадар истамаётгани ҳам маҳаллий маъмурлар ҳатти-харакатидан сезилиб турарди…
Суиқасдга ташаббусдан кейин Муҳаммад Солиҳнинг уйини қўриқлаш икки баравар кучайтирилган.
Ҳовлига кираверишда қўриқчилар учун махсус кузатув пункти (будкача) ўрнатилган. (Сурат берилади).
Икки қаватли уй ва унинг атрофи – боғу боқчаси билан кечаю кундуз қўриқланаётганига гувоҳ бўлдим…
(Суратлар берилади)
(давоми бор)
Суратда: Исмат Хушев Муҳаммад Солиҳнинг тан қўриқчилари билан.
Суратда: Исмат Хушев Муҳаммад Солиҳ ҳовлисини кузатиб турадиган видео мослама тагида.
Суратда: Исмат Хушев Муҳаммад Солиҳнинг қўриқчилар билан…
Суратда: Исмат Хушев Муҳаммад Солиҳга отилган ўқ чил – парчин қилган дераза ойнаси ёнида…
Суратда: Исмат Хушев Муҳаммад Солиҳнинг қўриқчилар билан…
Суратда: Исмат Хушев Муҳаммад Солиҳнинг анорзорида…
Суратда: Муҳаммад Солиҳнинг қўриқчилари Исмат Хушевга жиноятчилар қайси томондан ўқ узишганини ҳикоя қилиб бераётган пайт…
Суратда: Ёмғир ва қор ёққанида қўриқчилар ўтирадиган будка…
Суратда: Будканинг ичидаги уй ва ҳовлини кузатувчи мониторинг…
Суратда: Исмат Хушев Муҳаммад Солиҳ хонадонида…
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ
ISMATJON SIZ YANA BIR BOR MARDLARCHA PREZIDENT KARIMOV TOMONIDANLIGINGIZNI TAN OLIB, OCHIK YOZIBSIZ ? SIZGA OFARIN ISMATJON. SOHTA MUHOLIFATCHILAR “MARDLIKNI” ISMATJONDAN, URNAK OLINGLAR.
Himm, Solih janoblariga pul-boylik osmondan tushgan ko’rinadiya!? Bu dabdabalar evaziga O’zbekistondan nimani va’da qilgan ekan-a ho’jainlariga? Sizdan ugina bizdan bugina tariqasida.
Dedektiv asar o`qigandaybo`ldim, tasanno, Ismat aka. Davomini uhlamay intizorlik bilan kutamiz.
Men Muhammad Solihning haqiqiy lider ekaniga bugun ishondim! Ismat Hushev tufayli paydo bo`ldi menda bu ishonch!
HAQIQIY JURNALIST DEB ISMAT HUSHEVNI AYTSA BO`LADI. QOLGANLARI BIR TIYINGA QIMMAT. KARIMOVNING ENG KATTA HATOSI HAM ISMAT HUSHEVNING QADRIGA ETMAGANIDIR. AFSUS… AFSUS…
Ха, қаерда камера бор, қаерда қўриқчи… қўриқчилар қандай кўринишда…М.С. қайси уйда нонушта қилиши мумкин…. яхши ахборот. Албатта, бу мени биринчи хаёлимга келган фикрлар. Лекин, нима бўлса хам рахмат. Давомини кутяпман