Кино: ҳикматлар ва иллатлар: Шоир Муҳаммад Исмоил билан суҳбат.
Шоир Муҳаммад Исмоил билан суҳбат.
─ Муҳаммад ака, сиз ёзувчисиз. Ўнлаб асарларингиз асосида кино ишланган. Бугунги киноларимиз борасида қандай фикр – мулоҳазаларни билдирасиз?
─ Кино кўраётиб, авваломбор бу кино миллатимизга нима беради деган фикр хаёлимдан ўтади. Ватан манфаати учун, эл – юртнинг маънавий тараққиёти учун нима беради, деган фикр хаёлимдан ўтади. Ва бутун филъмни кўриш жараёнида, мана шу саволга жавоб излайман. Агар ёмон филъм ишланган бўлса, томошабинларни бундай зараркунанда филъмдан асраш керак, одамларни эътиборини авайлаш, вақтини беҳуда ўтқазишдан асраш керак деб ўйлайман. Яхши филъм ишланган бўлса, халқимизнинг маънавий хазинасига дуру – жавоҳир қўшилгандай қувонаман. Ҳар бир киномиз авваломбор миллатимизни улуғлайдиган, Ватанимизни шарафлайдиган, ҳар бир ўзбекка тож кийдирадиган дурдона бўлиши керак. Айтайлик, “Терминатор”, “Рембо”, “Универсалъний солдат” сингари филъмлар америкаликнинг қудратини, “Бобби”, “Девдас”, “Вир ва Зара” ҳиндларнинг муҳаббатини, “Адмирал”, “Тарас Булъба” сингари филъмлар русларнинг ватанпарварлигини, “Сарой жавоҳири”, “Қалбим чечаги” корейсларнинг юксак маданиятини кўрсатиб турибди. Булар кино эмас, ўша халқнинг шаънига битилган достон. Ўша халқнинг халқ сифатида етуклиги шаҳодатномаси бўлиб қолди. Мен, ҳар бир ўзбек киносига, мана шу ўлчов билан ёндашаман. Қани, халқимизнинг қайси фазилати, қайси матонати, қайси буюклиги кўрсатилаяпти экан, дейман. Агар бу хусусиятлар бўлмаса, кинони халққа кўрсатишдан фойда йўқ. Вақтни беҳуда ўтқазиш, холос. Қувонарли ҳолат шундаки, кўпгина киноижодкорларимиз мана шу ақида асосида, яъни Ватанимизга, миллатимизга муҳаббат руҳида ижод қилаяптилар. Аммо тижорат учун, сохта обрў топиш учун ҳаракат қилаётганлар ҳам оз эмас.
─ Муҳаммад ака, чет эл филъмларини кўпроқ кўрасизми, ёки ўзимизнинг киноларни?
─ Кино яратиш қийин иш. Яхши кино яратиш янада қийин. Айтайлик, биринчи адабий асар бир неча минг йил олдин яратилган бўлса, биринчи кино асарнинг яратилганлигига бор – йўғи юз йилга яқин вақт бўлди. Лекин, киномотаграфия шу қадар шиддат билан ривожланаяпти-ки, адабиётда бундай тезлик ҳечқачон бўлган эмас. Ҳозир, дунё миқёсида ҳар йили ўнлаб, юзлаб шоҳ киноасарлар яратилаяпти, уларни томоша қилиб, инсон заковатига, ақл – идрокига тасанно айтмай илож йўқ. Мустақиллик йилларидагина бу катта оқим бутун бўйи басти билан юртимизга кириб келди. Ҳозир ўзбек томошабинида катта танлов бор: Хоҳласа Америка, хоҳласа Европа, хоҳласа Осиё, хоҳласа Лотин Америкаси киноижодкорлари асарларини кўради. Лекин, биз учун ўзбек тили янграйдиган, ўзбекнинг ҳаётини кўрсатадиган, ўзбек маданиятини намойиш этадиган – киноларни кўриш, ҳамиша ва ҳамма вақт биринчи ўринда туради – чунки, бу танимизга қон билан кирган бизнинг миллат ҳаёти. Ҳар бир одам ҳамиша ўз ҳаёти билан яшайди. Оёғингдаги этик кичкина бўлса, дунёнинг катталигидан нима фойда деганларидек, ҳар ким авваломбор ўз ҳаётидан роҳатланишни истайди, кейин узоққа қарайди. Ҳар бир инсон аввало ўзига яқин инсон. Мана шу хусусиятларни инобатга олсак, ҳар бир ўзбек, ўзбек киносининг доимий ва ашаддий мухлисидир. Шунинг учун, ҳар йили минглаб чет эл филъми яратилсада, авваламбор ўзбек киносини кўриш мен учун муҳим. Ҳар бир режиссёрга умид кўзи билан қарайман. Ахир битта режиссёрнинг ютуғи бутун киносаноатимизнинг, халқимизнинг ютуғи. Яхши кино яратиш келажакни бугунга олиб келиш, ёмон кино яратиш эса бугунги ҳаётдан орқада қолишдир.
─ Мувоффақиятлар ўзимизники. Уни биздан ҳеч ким тортиб олмайди. Ишимизнинг ривожи учун, келинг камчиликларимиз борасида сўз юритсак. Қандай, танқидий фикр – мулоҳазаларингиз бор?
─ Биринчидан, ҳозирги киноларнинг аксариятини умрида битта ҳикоя ёзмаган, ёзувчиликдан йироқ хаваскор қаламкашлар ёзиб бераяпти. Бунга чек қўйиш керак. Профессионал ёзувчилар билан кинорежиссёрлар ҳамкорлигини кучайтириш керак.
Иккинчидан, адабий тил қонун — қоидаларига риоя қилиниши шарт. У кўпгина киноларда бузилган: “Қувғин”, “Телба”, “Келгинди қайнона”, “Ошиқлар”, “Кўзларинг маъюс” ва б.қ. Бундай киноларни адабий тил қонун – қоидаларига бўйсундириб, қайтадан овозлаштириш – дубляжга тавсия этиш керак.
Учинчидан, киноларимизда жуда қўпол иборалар, қарғишлар, сўкинишлар кўп: “Нима мен бир қоп ахлатман-ми?” (Телба), “Қанжиқ” (Қувғин) сингари ҳатто эсласанг уят бўладиган, қоғозни ранжитадиган сўзлар кўп.
Тўртинчидан, бадиий жиҳатдан камолга этмай, ҳужжатли филъм даражасида қолиб кетган (“Лолақизғалдоқ”) сингари филъмлар кў- пайиб кетаяпти.
Бешинчидан, “Кўзларинг маъюс” (М. Ражабов Т. Содиқовдан қизлар билан таништиришни сўраши), “Ошиқлар” (У.Қодировни Ф. Соипов бир кечалик аёлнинг ёнига олиб бориши) сингари бемаза лавҳалар ёшлар тарбиясига салбий таъсир кўрсатади.
Олтинчидан, биргина сарлавҳанинг ўзида (Poyмa Рoy… тўртта хато: дефис қўйилиши, пой сўзи кичик ҳарфда ёзилиши, м ҳарфи лотинчада m шаклида ёзилиши, сўз сўнггида уч нуқта қўйилмаслиги керак.) шунча хато бўлгандан кейин, бу кино бирор Бадиий кенгашдан ўтганлигига шубҳаланади одам.
Еттинчидан, “Тақдир кўприги” филъмини олиб кўрайлик. Филъм номланиши рамзий маънода, яъни тақдирни ҳеч ким ҳеч қачон моддий шаклда кўрмаган, у ҳаёлий тушунча. Демак, тақдир йўллари ҳам кўзга кўринмас нарса. Лекин, “Тақдир кўприги” киносида режиссёр ҳадеб бетон кўприкни кўрсатаверади. Бу, режиссёр филъм моҳиятини тушунмаганидан далолат беради. Эгаси тушунмаган нарсани бошқалар қандай тушунсин?
Саккизинчидан, аксарият филъмларимизда бугунги кун замонавий бойлари кўрсатилади, ва улар аксарият ҳолларда салбий образ сифатида берилади(“Фериде”, “Фарёд”, “Пойма-пой”). Лекин уларнинг ҳеч бирининг қусурлари кўрсатилмайди. Уларнинг ягона айби – улар бой. Шунинг учун улар салбий одамлар. (Мустамлакачилик даврининг сиёсати шундай эди.)
Бой одамни ёмон одам деб, ўйлаш – бургага аччиқ қилиб кўрпа ёқишдай гап. Бой бўлиш ─ айб, камбағал бўлиш фазилат эмас. Айб, ким гуноҳ иш қилса, ким ўғирлик қилса, ким сотқин, ким хиёнаткор, ким жамиятга, миллатга душманлик қилса, ким – порахўр, юлғич, муттаҳам бўлса – бу айб. Аммо, ҳалол йўл билан, пешона тери билан бойлик орттирса, ўз фарзандларини камолини ўйласа, яхши яшашни орзу қилса, ва шу мақсад йўлида ҳаёт кечирса – бунинг нимаси ёмон. Ўзи камбағал бўлса-ю, дангаса, лоқайд бўлса, ўз ҳаёти, келажаги учун курашмаса, боқимандачиликка берилиб, эски замонни қайтиб келишини кутиб яшаса, бунинг нимаси яхши? Бундай камбағал одамларни оқлаб, ижобий қаҳрамон қилиб бўлмайди. Бойнинг ҳам яхши – ёмон томонлари бор, камбағалнинг ҳам, яхши – ёмон томонлари бор. Бойни бой бўлгани учун ёмон, камбағални камбағал бўлгани учун яхши, деб бўлмайди. Уларнинг бойлигини ёки камбағаллигини эмас, феъл – атворини, салбий ёки ижобий дунёқарашини саҳнага чиқариш керак.
Филъмларимизда ота – онага қараб тик гапиришлар, улардан воз кечиш, юз ўгириш, уйдан чиқиб кетиш ҳолатлари (Масалан, “Сизнинг оқ фотиҳангизсиз ҳам яшайвераман” (Телба), “Қалбим ўғриси”, “Ўзимдан – ўзимгача”) жуда кўпайиб кетганки, қуюшқонга сиғмайди, алҳазар бундай боладан, дегинг келади. Бундай болалар киномизда бош қаҳрамон бўлишга нолойиқ.
─ Ҳақиқатдан ҳам, бизда сценарий масаласи оқсаган. Қайси бадиий асарларни сценарийга тавсия этган бўлар эдингиз?
─ Ўзбек адабиёти − бой адабиёт. Унда юзлаб эл меҳру – муҳаббатини қозонган ва кино қилинса арзийдиган дурдоналар кўп. Жумладан, Чўлпоннинг “Кеча ва кундуз”, Шуҳратнинг “Бир кеча фожиаси”, М. Осимнинг “Тўмарис”, Х. Тўхтабоевнинг “Сариқ девни миниб”, Ч. Айтматовнинг “Тоғлар қулаётган замон”, Т. Муроднинг “Ойдинда юрган одамлар”, О. Ёқубовнинг “Қайдасан, Морико”, Н. Аминовнинг “Ёлғончи фаришталар”, Саид Аҳмаднинг “Менга етиб келмаган хат”, Хуршид Дўстмуҳаммаднинг “Бозор”, Ш. Холмирзаевнинг “Ёзувчи”, Ҳабибулло Қодирийнинг “Отам ҳақида”, З. Саидносированинг “Менинг Ойбегим”, К. Қаҳҳорованинг “Чорак аср чорраҳасида” сингари асарларини бемалол кино қилса бўлади.
Яна қайта — қайта таъкидлашимиз шарт бўлган эҳтиёж шуки, киночиларимизнинг олдидаги муҳим вазифалардан бири бу ─ ёзувчилар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш. Ишонаманки, режиссёрлар талаб қилган сценарийларни ёзиб беришга қодир, маҳоратли ёзувчилар кўп. Худди, хонандалар, ҳақиқий шоирларнинг шеърини қўшиқ қилганда, яхши қўшиқ яралганидай, кинорежиссёрлар, ҳақиқий ёзувчиларнинг асарларига мурожаат қилсаларгина, тўлақонли, етук киноасарлар вужудга келади. Қолаверса, киноларимизда ўзбек адабий тили қонун – қоидаларига амал қилишимиз шарт. Бу – Мустақиллигимизнинг етук тамойилларидандир.
Ўзбек тили минг йиллардан буён сайқалланиб, жилоланиб, энг тоза инжу каби, ярқираб келаяпти. У ─ ўзбек миллатининг ўзаги. Бўйнидаги шакар қон томири. Юрагидаги ─ жавҳар. Қалбидаги ─ жон. Кўзидаги ─ нур. Вужудидаги ─ руҳ. Шунинг учун, у бу тилни, асрлар давомида ўзидан ўн, юз баробар кучлироқ бўлган босқинчилардан, империалистлардан, диний оқимлардан, буддачилардан, зардуштийлардан, А. Македонский талонларидан, мўғул истилоларидан, рус мустамлакачиларидан жон ҳовучлаб эсон – омон сақлаб келди. У камол топаётган бугунги кунда эса уни пойҳон қилишга, бузишга, ҳурматсизлантиришга, камситишга, эътиборга олмасликка Ер юзида бирор инсоннинг ҳаққи йўқ. Шунингдек, ўзимизнинг киночиларнинг ҳам.
─ Тилакларингиз!
─ Ўзбек киноижодкорларидан, хусусан Ж. Қосимов, З. Мусоқов, Р. Саъдиев, М. Охунов, С. Мухторов, А. Шаҳобиддиновлардан умидим катта. Р. Капур, Б. Ли, А. Довженко, С. Бондарчук, Ж. Камерон, С. Спилъберг, Ф. Феллини ўз мамлакатлари довруғини дунёга олиб чиққани сингари бизнинг киноижодкорларимиз ҳам ўзбек киноси шуҳратини оламга ёйишига ишонаман. Бунинг пайти келди. Энди тижорат учун эмас, халқ учун, эл муҳаббати учун, санъат учун ишлайдиган пайт келди. Халқнинг муҳаббатидан қимматлироқ нарса йўқ эканлигини англайдиган пайт келди. Кинорежиссёрларимизга қарата яна шуни айтмоқчиманки, бугун халқнинг назари сизга қадалиб турган пайт. Бу лаҳзалар, бу кунлар чекингизга тушган экан, тинмай изланиш, фидокорона меҳнат қилиш, жасорат кўрсатиш, иқтидорни бор бўй – басти билан намойиш этиш шарт. Элнинг муҳаббатини қозонишдай буюк тожга эришишингизга муваффақиятлар тилайман. Бу тож бошингизда абадий ярқираб турсин!
Суҳбатдаш
Назокат Асқархўжаева
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ