Нусрат Раҳмат: ЎТМИШДАН ЭРТАКЛАР (5)
-
Етиб борганимда, идора олдидаги кенг йўлакнинг икки томонида гул тутган ўқувчилар, ўқитувчилар, янги либосларини кийиб олган турли тоифадаги амалдорлар саф тортиб туришарди.
Ундан кейин эса янги яктаклар кийган муйсафидлар муҳтарам меҳмонга пешвоз қилиб қўйилганди. Ноябр ойининг сўнгги кунлари бўлганлиги боис ҳаво андак совуқ, булутли эди.
Мен, ноилож муйсафидларнинг ортларига бориб турдим. Ҳасратларидан дуд чиқарди уларнинг. “Агар ҳозир ёмғир ёғса, бу болаларнинг кийими ивиб бари касал бўлади”, деди улардан бири. “Шунча қараб ўтирарканмиз-а, бригадир сигирни оғилга киритиб боғлашимга ҳам кўнмади. Энди бузоғи эмиб қўяди, кампир тағин жаврайди” “Бизнинг участкада пахтанинг бир чигити ҳам қолмаган, аммо терасан, дейди. Пахта сотиб олиш учун бир марта солиқ солган эди, энди тағин тўлайсан дейди, эноғорлар….
Амир замонида ҳам бунақа зулм бўлмаган…”
Бир маҳал йўл бошига бир неча қора рангдаги енгил машиналар келиб тўхтади. Одамлар ҳушёр тортиб, кийим бошларини тартибга солган бўлдилар. Шароф Рашидов қўлини кўксига қўйганича, табассум ила, одамларга салом бериб секин одимларди. Халойиқ руҳиятида ўзгариш содир бўлди, ҳамма қувончдан қарсак чалабошлади. Тасодифни қарангки, бизга яқинлашганда, ногаҳонда муйсафидлар билан кўришгиси келиб қолди у кишининг. Ҳаммалари билан бирма-бир қўл бериб саломлашди. ( Камина ҳам у кишининг уч бармоғини ушлаб қолишга улгурганман ўшанда) “Хуш, ҳаёт қалай, турмуш қалай”деб сўради муҳтарам меҳмон. Отахонлар бир- бирларига гал бермай ҳаёт билан турмушни мақтаб кетишди. Бунақа фаровон, тўкин ҳаёт ер юзида йўқлигини, ҳали далада пахта мўллигини, Ўзбекистоннинг келажаги буюклигини қаторлаштиришди. Баландқадр меҳмон бу ҳамду санолар тугамаслигини ҳис этди, шекилли уларнинг сўзини кесди: “Биздан нима талаблар бор?” “Соғ-саломат бўлсангиз бас!” Сизга, Ўзбекистонга кўз тегмасин”, алқаб кетишди, дуолар қилишди улар.
Арбоб хайрлашиб кетгач, чоллар ўз ролини қотириб бажарган актёрлардек дафъатан енгил тортишди. Улардан бири, негадир мендан ҳижолат тортди шекилли: “Ҳа, энди замонасозлик қилмаса бўлмайди” деб қўйди.
Кейин йиғилиш бўлди. Сўзга чиққанлар замонга беадад шукроналар айтиб, тағин фалон тонна пахта топширишга сўз бердилар.
Мен муйсафидларнинг бояги ҳолатларини айблаш фикридан узоқдаман, албатта. Ўша дамда Шароф Рашидов менга мурожаат қилганда ҳам, ҳаёт билан турмушни кифтини келтириб мақтаган бўлардим. Биз асрлар давомида амирлар, шоҳларга таъзим бажо келтириб яшаган халқмиз ва бу ҳол суяк-суягимизга сингиб кетган.
Лекин тан олмоқ керакки, подшолар, давлат арбобларининг ўзига хос салобатлари ҳам бўлади.
Лев Толстойнинг “Уруш ва тинчлик” асарида шундай эпизод бор. Катта дарёдан кечув жойини мулжаллаб бораётган Наполен бир жойга келиб тўхтайди ва чамалайбошлайди. Шу пайт гвардиячилар отларига қамчи босиб, сувга сапчийдилар ва нобуд бўладилар. Подшога садоқатларини намоён қилиш, унинг салобатидан эсанкираш туйғулари уларни ҳалокатга олиб келади. Ана шу жараённи маҳорат билан тасвирлаган буюк ёзувчи бир ўринда: “Подшолар наздида тиз чўкиб турганимиз учун ҳам улар биздан баланд бўлиб туюладилар. Агар ўрнимиздан турсак, улар ҳам ўзимиз қатори банда эканлигига ишонч ҳосил қилган бўламиз”, дейди. Зеро, оташнафас Машраб таъбири билан айтганда: “…агар аслингни билсанг, қатраи оби ҳаромдурсан”…
Майли, подшолар ўз йўли билан. Сўнгги пайтларда айрим ҳокиму ҳокимчалар ҳам одамларни руйи-рост дўппослайдиган, тепадиган ғайриинсоний одат чиқариб қолишди. Одамлар орасида таёқ еб, хўрланган банданинг муте бўлиб туришини эшитсам, қон босимим муқарар ошади менинг. Ахир нега у ҳам жавоб қайтармайди, бажарасига туширмайди ярамас амалдорнинг?
Нахот биз тамаддуд тараққиётининг шунчалик ибтидоий босқичида бўлсак, нахотки то ҳануз миллат сифатида шаклланмаган бўлсак, деган саволлар каминани ўйга чўмдиради гоҳида.https://www.facebook.com/nusrat.rahmat.
Бу холат асрлар оша шундай такрорланаётган экан, нимага энди хукмдорлар кетгач, ёмонлаб гурдан олиб гурга тикамиз. Золим эди, ундок эди бундок эди деб. Халкингга яраша, рахбарингни бераман деган экан, яратган эгам. Худди шунингдек хулкимизга, мутелигимизга яраша узга юртлар кучаларини супурамиз. Яна Президент дангасалар деса, хафа булиб минглаб шарх ёзиб ташладик. Шароф Рашидовни хам канчалик ёмонлашган эди, зеро тирик пайти узлари алдашган, бундай яхши замон булмаган деб. БУГУНГИ КУНДАГИДЕК ЗАМОН ХАМ БУЛМАГАН…