Забардаст тарихчи олим Ҳамид Зиёев 90 ёшда!
Ҳамид Зиёев 1923 йил Тошкент шаҳрида туғилди. Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси ва ногирони бўлишига қарамай, Тошкент давлат педагогика институтини битиргач, Ўзбекистон фанлар академияси Тарих институтининг аспирантурасида ўқиди. 1950-1954 йилларда ушбу институтда кичик илмий ходим бўлиб ишлади. 1953 йили Россия фанлар академияси Шарқшунослик институтида «Шарқий Туркистонда (Синцзянда) 1826 йилги халқ қўзғалони» мавзусида номзодлик, 1964 йили «XVI-XIX асрларда Ўрта Осиё ва Сибирь» мавзуси бўйича докторлик диссертацияларини ёқлаб, юксак илмий даражаларга сазовор бўлди.
Ҳамид Зиёев 1964-1996 йилларда Тарих институтининг «XIX аср иккинчи ярми — XX аср бошларида Ўзбекистон тарихи» бўлимига бош бўлган ҳамда 1965-1985 йиллар давомида мазкур институт директорининг илмий ишлар бўйича ўринбосари лавозимида хизмат қилган.
Олимнинг илмий фаолиятида Ўзбекистоннинг ўтмиш ва ҳозирги замон тарихи салмоқли ўринни эгаллайди. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, ноёб ва хилма-хил архив манбаларини қидириб топиш ва илмий муомалага киритишда олимнинг хизматлари беқиёс бўлди. Ҳамид Зиёев кўп йиллар мобайнида Россиянинг турли чеккаларида жойлашган 20 дан ортиқ архивда ишлаб тўплаган ҳужжатларнинг деярли ҳаммаси илмий ишларга ҳалигача жалб этилмаган ноёб тарихий маълумотлар эди. Шу асосда у ўзининг бутун фаолияти мобайнида ўзбек халқи, умумий минтақамиз тарихи бўйича йирик асарларни тайёрлаш ва нашр эттириш ишига муносиб ҳисса қўшган. Ўзбекистон ва Шарқий Туркистон (Қошғар) тарихига бағишлаб кўплаб ишларни нашр этишга муваффақ бўлди. Ўнлаб илмий асарларга муҳаррирлик қилди ва ҳайъат аъзоси сифатида ҳам муаллифларга ёрдам берди.
Ҳамид Зиёевнинг фаолияти бир-бирига зид бўлган икки давр- собиқ совет давлати ҳукмронлик қилган ва Мустақиллик йилларида кечди. Советлар замонида яратилган асарларда ҳукмрон коммунистик мафкура тазйиқи ва таъсири яққол намоён бўлганлиги сабабли уларни танқидий кўз билан ўқиш зарурлиги табиийдир. Аммо бу мазкур даврда яратилган илмий меросда қимматли маълумотлар ва тўғри фикр-мулоҳазалар йўқ дегани эмас.
Ҳамид Зиёевнинг «Тошкентдаги Қуръони каримнинг асл нусхасини ким келтирган?», «Жадидлар фаолиятининг сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий йўналишлари», «Иккинчи жаҳон уруши фожиаси ва сабаблари», «Ўзбекистон мустақиллигини тиклаш учун курашлар(1989-1991)», «Озодлик курашларининг хусусиятлари», «Совет иттифоқи нима учун ағдарилди?» каби мақолалари кенг китобхон учун салмоқли аҳамиятга эга.