"Дунё ўзбеклари" сайтини энди телефонда, планшетда ва комьютерда ихчам мобиль версияда кўришингиз мумкин: [fdx-switch-link]
  • Асосий
  • Ассалому алайкум!
  • Муаллиф ҳақида
  • МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ

«Дунё ўзбеклари» тақдим этади: Таниқли ўзбек шоири Абдулла Шер!

Адабиёт | 13/09/2013 01:00-     10777 марта ўқилди

Абдулла Шер (1943)

  

Абдулла ШерАбдулла Шер 1943 йилда туғилган.

1965-70 йилларда Тошкент Давлат университетининг журналистика факультетида таҳсил олган.

Ижодкорнинг биринчи “Кўклам табассуми”дан бошлаб, “Гул йиллар, булбул йиллар”гача ўн бешга яқин шеърий тўпламлари, “Асрларнинг асраганлари” номли насрий китоби ҳамда “Ахлоқшунослик”, “Эстетика” қўлланма ва дарсликлари нашр этилган.

* * *

Ниманидир доимо кутиб,
Қаергадир доим шошамиз.
Кимни эслаб, кимни унутиб,
Йиллар деган ғовдан ошамиз.

Умр ўтар, шундай сезилмай:
Гоҳо Шарққа, гоҳ Ғарбга чопиб.
Йўқотганни бир пиёла май
Тубидан гоҳ оламиз топиб.

Жуфтимизга боқамиз комрон,
Атроф баҳор, иқбол ёр бизга.
Ва тун бўйи юлдузли осмон
Қўниб яшар тўшагимизга.

Сўнг, кўрпани тортқилару тонг,
Уйғотади яланғоч ҳаёт:
Яна чорлар бизни бефарқ тонг –
Турмуш деган қадим сирсирот.

* * *

Менсиз бўшаб қолмайди, шаксиз,
Мен билан тўлмаган бу олам.
Лекин мен одамман, мен одам,
Мен яшай олмайман эртаксиз.

Эртакнамо хаёлларимда
Бошимга қўндириб Ҳумони –
Билсам ҳам – ҳаммаси яримта,
Бут қилиб юраман дунёни.

Ёш булбулдек ҳис этиб ўзни,
Тунларни қўшиққа кўмаман.
Гоҳида юмганча мен кўзни,
Ботинда ёғдуга чўмаман.

Менсиз бўшаб қолмайди, шаксиз,
Мен билан тўлмаган бу олам.
Лекин мен одамман, мен одам,
Мен яшай олмайман эртаксиз.

* * *

Икки қайиқ чайқалар тинмай,
Атрофимиз ложувард олам.
Умримизни, сира ачинмай,
Дарё билан кўрамиз баҳам.

Дарё гўзал, дарё мовийдир,
Ранг бағишлар умидимизга.
Қадим ўзан кекса ровийдир –
Ривоятлар сўйлайди бизга.

Лекин, мавжлар ўжардан-ўжар,
Бўй бермайди бизларга, асло.
Икки вужуд бўлиб чайқалар
Омонат бахт қайиқлар аро.

Чайқалади бир ширин ғусса,
Чайқалади ҳатто титроқлар.
Ёрти қолар лабларда бўса,
Олиб кетар бизни қирғоқлар.

Дарё гўё қисматдаги йўл,
Бизни бошлар энди йироққа.
У ерларда энди ҳижрон мўл,
Биз яшаймиз тўйиб фироққа.

Энди сира учрашмаймиз, биз,
Икки қирғоқ риштани узар.
Ва чайқалган қайиқларимиз
Энди фақат тушларда сузар.

* * *

Мен кўпларга ачиндим,
Менга ачинган борми?
Мен сўз бўлиб сочилдим,
Мендек сочилган борми?

Саволларим  кўпдир, мен,
Кимга берай уларни?
Балки ўзим  чўпдирман –
Шарафлайман гулларни.

* * *

Синфдош дўстим Мухтор
Қўчқоров хотирасига

Марҳумликка ўрганолмасдан
Тушларимга кирасан, дўстим.
Ўйчангина, шовқин солмасдан
Бирга-бирга юрасан, дўстим.

Бақатерак остида гоҳо
Майсазорда ётиб чалқанча,
Ўй сурамиз: иккимиз даҳо,
Биз яшаймиз довруқ солганча.

Очилади икки юракнинг
Ҳеч ким билмас сирлар дафтари.
Қўллаб бизни бақатеракнинг
Қарсак чалар кумуш кафтлари.

Гоҳ ётамиз – дурдек тиш билан
Чирт-чирт узиб ўт поясини.
Гоҳ тинглаймиз қизиқиш билан
Шамолларнинг ҳикоясини.

Гоҳ ойдинда суҳбат қурамиз,
Сувга қараб қулоқбошида.
Гоҳ ўлтириб хаёл сурамиз
Тегирмоннинг эски тошида.

Ағанаймиз курашиб гоҳо
Майсаларнинг ҳидига тўйиб.
Яқинлашиб келади, аммо,
Йилдан-йилга ўлим от қўйиб.

Мингаштирар у сени ногоҳ,
Қувончимни олиб кетасан.
Уйғонаман ҳар гал тортиб оҳ:
Сен тушимда қолиб кетасан.

Қўшни қиз ҳақида баллада

Кели туяр қўшни қиз
Ҳовлига бериб чирой.
Юрагимда тошган ҳис
Тилимга чиқар: “Вой, вой!”

Нозик белга ярашиб,
Қўш ўрими чўлғанар.
Нимчадан жой талашиб,
Икки кўкрак тўлғанар.

Қошига берар ғурур
Тонгда қўйган ўсмаси:
(Эҳ, келисоп қурмағур
Мунча кўзни тўсмаса?)

Нураган пахса девор
Ўртамизда пардадир.
Ҳар бир зарбда маъно бор,
Эҳтимол, бу зардадир.

Бўса билмаган дудоқ
Ҳар зарбда ним очилар.
Сўрашга қўймас титроқ:
“Қачон борсин совчилар?” –

Нима қилай, тортинчоқ
Хаёлпараст боламан.
Қандай бўлмасин, бироқ,
Шу қизни мен оламан!..

Лекин бир кун у, ногоҳ,
Қанот қоқди қуш бўлиб.
Энди келади гоҳ-гоҳ
Тунда ширин туш бўлиб.

Энди ўша гулдек вақт
Хаёлимни тарк этмас:
Қочиб кетди мендан бахт,
Тутай десам, қўл етмас!..


Дераза

Шаҳримдаги бир деразада
То тонггача ўчмайди чироқ.
Унда нотинч ўйлардан зада
Уйқу билмас тўлмаган қучоқ.

То тонггача кўзимни, ҳайҳот,
Қамаштирар ўша дераза.
Ўз кўчамда ўзимни бот-бот
Адаштирар ўша дераза.
Пардасига унинг осилиб
Яшайман дер бу ўжар хаёл…
Қилма мени, қилма бенасиб,
Бир дераза нур бўлган аёл!

Совқотган  одам ҳақида баллада

Ташқарида қиш кезар мағрур,
Изғиринда кукунланар қор.
Деразадан тушиб турган нур
Бамисоли бир қучоқ баҳор.

Йўл четидан совқотган одам
Тикилади келиб ҳаваси:
Ичкарида иссиқ, ёш олам –
Эр-хотиннинг бахтли давраси.

Тикилару бир муддат, сўнгра,
Бирдан тиз чўкарди у қорга.
Ва боладек ўкиниб, ҳўнграб
Кўзёшини тўкарди қорга.

Дераза-чи, сочганича нур
Кўз-кўз қилар оила тафтин.
Ёлғиз одам эса беҳузур
Юзга босар иккала кафтин.

Сўнг, довдираб кетар у беҳол
Дала бўйлаб, унутиб йўлни.
Тортқилайди бешафқат шамол
Ҳўл юзларни беркитган қўлни.

Рубоий

Гул бўлиб силкинар, миллар бу кеча,
Гапирмас лаблару тиллар бу кеча.
Энг ширин сўзларни айтар шу сабаб,
Бармоқлар тилида қўллар бу кеча.

http://www.ziyouz.uz

320

Москва Давлат университети, журналистика факультети студенти Исмат Хушев (чапдан биринчи)  Москвадаги Адабиёт институти тингловчиси шоир Абдулла Шер (чапдан тўртинчи) билан, 1981 йил, Москва.

http://dunyouzbeklari.com/

Ўхшаш мақолалар йўқ.

МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ

Leave a Comment

Фақат 500 белгигача рухсат этилади. Мақола ёки хабарларни МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ ёки Биз билан алоқа шакли орқали жўнатинг.

Нажмите, чтобы отменить ответ.