Абулқосим МАМАРАСУЛОВ: МЕН ҚАНДАЙ ЁЗУВЧИ БЎЛГАН ЭДИМ (23)
МЕН ҚАНДАЙ ЁЗУВЧИ БЎЛГАН ЭДИМ (23)
Ёки Одил Ёқубов ҳақида ҳотиралар
Б а д и а
— Умуман, кейинги пайтларда тушуниш қийин ишлар амалга ошириляпти, — дея давом этди Гулчеҳра Нуруллаева, — масалан, «Ёш ленинчи» 1989 йилнинг энг машҳур одамлари деб Одил Ёқубов, Дадахон Ҳасанов, Эркин Воҳидовларни эътироф этгани учун газетанинг бош муҳаррир ўринбосари Қулман Очиловни ишдан бўшатдилар. Халқнинг дардини ёзиб чиқишларига йўл бергани учун «Муштум»нинг бош муҳаррири Жўра Саъдулла ишдан бўшатилди. «Ленин учқуни» газетасининг 1989 йил 30 декабр сонида менинг «1920 йили Қўқонда тузилган мусулмон ҳукумати ҳақида»ги мақолам учун газета бош муҳаррири Абдусаид Кўчимовни ишдан бўшатишга уриниш бўлди. Бу ҳол давом этяпти…
…
…
— Агар бугун Пленумда Одил Ёқубовни ишдан бўшатиш масаласи кўриладиган бўлса, биз – бир гуруҳ пленум аъзолари мажлис залидан чиқиб кетамиз, — деди Гулчеҳра Нуруллаева.
Пленум якуни: Одил Ёқубовни ишдан бўшатиш масаласини қайтадан кун тартибига қўя олмади.
Мен Пленумда сўз ололмадим. Лекин сўз тайёрлаган эдим. Мана у:
«Тўққиз йил муқаддам, 1981 йил ноябр ойида мен Одил Ёқубовдан телеграмма олдим: «Тез етиб кел. Ҳикояларинг нашр этиляпти». Мен тез етиб келдим. Билсам, янги «Ёшлик» журналининг биринчи сони нашрга тайёрланаётган, янги нашрнинг бош муҳаррири Эркин Воҳидовнинг «яхши шогирдларингиздан бирининг асарларини тавсия қилинг», деган илтимосига биноан Ёзувчилар уюшмаси наср кенгашининг раиси сифатида Одил ака менинг иккита ҳикоямни, уларга сўзбоши ёзиб, жўнатган экан. Одил ака мени янги журналга юборди, қандай боришим кераклигини обдон тушунтирди, чунки у вақтлари мен, бир қишлоқи йигит, Жиззах музофотидаги қишлоқ газетаси ходими, Самарқандда ўқиганман, яъни Тошкентни мутлақо билмайман. Бир амаллаб Ёзувчилар уюшмаси биносини топиб келдим. Одил Ёқубовнинг шогирди деб мени Эркин Аъзамов билан Хайриддин Султонов қучоқ очиб кутиб олишди, чой қуйиб беришди, ҳол-аҳвол сўрашди ва иккита ҳикоядан бирини Одил Ёқубов сўзи билан журналнинг биринчи сонида эълон қилажакларини билдиришди. Мен жуда хурсанд бўлдим. Лекин менинг ҳикоям биринчи сонда чиқмади. Ва умуман, менинг ҳикояларим 1986 йилгача «Ёшлик»да чиқмай кетди. Мен ҳозир бунинг сабаблари устида тўхталмоқчи эмасман. Бунинг ўзи катта тарих.
Мен демоқчиманки, агар 1981 йили ўзбекнинг ишонган ёзувчиси Одил Ёқубов ҳар қанча саъй-ҳаракат қилмасин, битта номни юзага чиқаришга қурби етмаган экан, ана ўша давр билан кейинги уч йил орасида ер билан осмонча фарқ бор.
1987 йилдан бу ёғига жумҳурият матбуотида потирлаб, лолақизғалдоқлардай янги номлар чиқди. Биргина бизнинг Жиззахдан кейинги уч йилда «Ёшлик»: Абдураҳмон Каримов, Исҳоқ Исмоил, Зулфия Қурбонова, Абдулла Қўшбоқ, Хўжабек Турсуновларни, «Гулистон»: Шарофат Ботирова, Сайёра Тўйчиевани, «Ўзбекистон адабиёти ва санъати»: Хўжабек Турсунов, Венера Иброҳимовани,
«Шарқ юлдузи»: Саттор Қорабоев, Шарофат Ботирова, Венера Иброҳимова каби ёш номларни кашф этди. Худди шундай фикрларни бошқа вилоятлар вакиллари хусусида хам айтиш мумкин. Яъни янги номлар юз очиши бизнинг матбуотимиз учун одатий, табиий ҳолга айланди. Шунингдек, «Ёш гвардия» нашриёти: Иброҳим Дониш, Саттор Қорабоев, Венера Иброҳимова, Абдураҳмон Каримов, Ғафур Ғулом номли адабиёт ва санъат нашриёти: Абдулла Қўшбоқ, Шарофат Ботирова, Бахтиёр Ризо каби жиззахлик ёшларнинг китобларини нашр этди ёки нашр этиш арафасидаки, буни табрикламаслик ва мазкур нашр органларига миннатдорчилик билдирмаслик мумкин эмас.
Кейинги даврда кўзга ташланган адабиётимиздаги ана шу сифат ўзгаришлари, албатта, Ёзувчилар уюшмаси тўғри йўлдан бориб, қайта қуришни жиддий амалга ошираётганини, ижодкорнинг биринчи даражали иши – асар битишига етарли имкон яратилаётганидан далолатдир.
Эсингизда бўлса, 1984 йилги Ўзкомпартия ХУ1 пленумидан кейин биз аёвсиз равишда пахта ўғриларини фош этишни бошладик. Айнан ўша даврда адабиёт ўғрилари ҳам юзага чиқиб қолди. Мана шу залдаги йиғинларнинг бирида Усмон Азимов Лола Тожиевани «адабиёт ўғриси», деди. Биз пахта ўғриларини қамаяпмиз, отаяпмиз, осаяпмиз, ваҳоланки, адабиёт ўғриларига ҳеч қандай чора кўрилмаяпти, деган маънода гап-сўз қилди. Оқибати ҳаммангизга маълум. Кўп ўтмай, Лола Тожиева вафот этди. Саъдулла Кароматов, Йўлдош Шамшаровлар ҳақида ҳам шунга ўхшаш фикрлар билдириш мумкин. Ана ўша даврда «Ёшлик» Усмон Азимов ва Иброҳим Ҳаққулнинг суҳбатини эълон қилди. Унда Темур Норбекка ўхшаган шоирлар шеър ёзмасин, қабилида гап бор эди. Эшитишимга қараганда, ўшандан сўнг Темур Норбек «адабиёт сизларга торлик қилаётган бўлса, сиғмаётган бўлсаларинг, олинглар», деб аразлаб кетиб қолган эмиш. Ўша йиллари адабий давраларда: ифлос талантсизлар ҳамма ёқни эгаллаб олишган, биздек талантларга йўл беришмаяти», деган гапларни Мирза Кенжабоев ва унга яқин одамлардан кўп бор эшитганман. Энди давр ўзгарди. Ҳамма талантларга, ҳар хил саъвиядаги талантларга кенг йўл очилди. Энди «талантларга йўл йўқ» деган гаплар тўхтади, чунки бу гапни айтиб юрганлар ўзларига ажабтовур йўл очиб олишди, масъул лавозимларни эгаллаб олишди. Энди улар: «адабиётга мушт билан кириб келаётганлар» деган иборани тез-тез айтишмоқда. Чунки адабиётга мирзалардан кейин кириб келганлар мирзаларнинг гирибонидан олмоқдалар: «фақат ўзларингни асарларингни, ўзларингни китобларингни чиқараверасанларми? Адабиётда бизнинг ҳам ҳаққимиз бор. Чиқар бизнинг ҳам китобни», дейишмоқда. Ахир ҳамма ҳам Темур Норбек эмас.
Аслида, орамизда ким талантли, ким талантсиз, ким ифлос ёки ким тозалигини вақт кўрсатади.
Сен ёз, сен ёзма, дейишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ, Фалончи ёзмасин, деб ҳукм чиқаришга ҳам ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.. Ҳозирча халқ фақат Одил Ёқубовни, Абдулла Ориповни, Омон Матжонни, Эркин Воҳидовни тан олади. Усмон Азим, Мирза Кенжабоев десангиз, мактабларда елка қисишади. Бу бор ҳақиқат. Ҳар биримизнинг талантлилик даражамизни ана шу тахлит халқ ўзи аниқлаб беради.
Мен ҳозир Александр Солженициннинг «Архипелаг ГУЛАГ» асарини таржима қиляпман. Бу менинг биринчи таржима ишим. Солженицин бизлардек амал талашмаган, кимларнингдир устидан ҳукм-хатлар ташкиллаштириб, уни мунофиқона йўллар билан матбуотда ёритишга бош қўшмаган, мажлисларда: мен фалончидан талантлироқман, деб ўз афзалликлари рўйхатини тузмаган, кўча-кўйда, пана-пастқамда фисқу-фасод билан шуғулланмаган. Аксинча, Солженицин ҳаммасини фидойиларча ёзди ва уни бутун дунё тан олди.
Биз, қўлимиздаги паттага биноан расман ёзувчи деб ном олган бўлсак, буни оқлаш керак. Энди бақириқ-чақириқ билан иш битмайди. Нима, бизда Солженицин даражасида кўтаргулик соф миллий муаммолар йўқми? Масалан, босмачилик . (Бу сўзни Солженицин қўштирноқ ичида ишлатади). Аёлларимизнинг бугунги фожиаси паранжи ташлаш йилларига бориб тақалади. Катта Фарғона канали қурилиши. Ёки Қозоғистон КП МК биринчи котиби Назарбеков ибораси билан айтганда, Сталин даврида бизнинг Ўзбекистон ҳам миллатлар ва элатлар сургун қилинадиган ГУЛАГга айлантирилган эди. Ёки дейлик, Орол фожиаси асоси бугун, кеча ўйлаб топилмаган. Орол фожиасининг илдизи 1918 йилги Мирзачўлни ўзлаштириш ҳақидаги Декретга бориб тақалади. Илдизи қирқилмаган дарахт эса бот-бот кўкариб чиқаверади.
1989 йил 18 декабрда ҳарбий хизматдаги амаки-укамнинг ўлигини олиб келишди. Укам Барнаулда ҳарбий хизматда, тинч замонда ҳалок бўлди. Улар: «уканг поезд билан тўқнашиб ўлди», деб хулоса чиқаришипти. Ҳатто тузукроқ ёлғон тўқишни ҳам ўзларига эп кўрмаптилар. Биз бу гапга ишонмадик. Мажбуран, қанчадан-қанча жанжал-ғурбатлар эвазига эксперт чақиртирдик, мурдани, ундаги жароҳатларни суратга олдик. Бу фактлар билан укамни уриб ўлдиришганини исботладик. Аммо буни ҳамон маълум доиралар тан олишмаяпти. Мана, биқинимиздаги Тошкент ҳарбий гарнизони ҳарбий прокуратурасига боринг, менга ўхшаш кимидир ўлганларни истаганча топасиз.
Мана сизга миллий муаммолар. Ёзинглар. Бугун чиқмаса эртага чиқади, бир йилдан кейин чиқади, ўн йилдан кейин чиқади, бари бир чиқади. Илло, биз ўша кунларга етажакмиз».
(давоми бор)
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ