Бердиёр ЖУМАЕВ: АМИР ТЕМУР ВА ЧИНГИЗХОН АМАКИВАЧЧАЛАРМИ? (3)
Мозий сабоқлари: ўтмишни ўчириб бўлмас…
АМИР ТЕМУР ВА ЧИНГИЗХОН АМАКИВАЧЧАЛАРМИ?
Ёхуд туркий ва мўғулийларнинг наслий муносабатлари хусусида
— VIII —
Холислик нуқтаи назаридан, мазкур ўринда яна машҳур можор жаҳонгаштаси Арминий Вамберининг «Бухоро ёхуд Мовароуннаҳр тарихи» китобидаги қуйидаги парчаларни келтирсак: — Чингизхон «ваҳшиёна ҳарбга ҳавас изларини қилич ва ўт воситасида бутун Осиёда мангу қолдирди. Хусусан, Мовароуннаҳр учун (бундай босқин) сира ҳам унутилмас бўлди. Унинг аҳолисини қириб тамомлади, кўп асрлар мобайнида ўзининг маданияти ва турмуш тарзи билан шуҳрат қозонган ўлкани шундайин бир ваҳшийлик ҳолатига туширди-ки, бу ваҳшат унинг шонли ўтмишини ҳамда истиқболини йўққа чиқарди» деса, Амир Темур ҳақида тўхталиб: «У қайси мамлакатни эгалласа, унинг ноёб ўлжаси шу ўлканинг рассомлари, моҳир усталари ҳисобланган. У Бурса кутубхонасидаги китобларни юк ташийдиган ҳайвонларга ортиб, Самарқандга кўчиртирган. Энди шу кишини ваҳший, марҳаматсиз, деб аташ мумкинми? Бинобарин Темурни Чингиз ила бир сафга кўйиб, уни золим, ваҳший, қароқчи, деб атаган кишиларнинг фикрлари икки маротаба хатодир. У аввало Осиё саркардаси эди. Ўзининг ғолиб аскарлари ва қуролларидан ўз замонасининг таомилича фойдаланган. Унинг фаолияти, хусусан, душманлари тарафидан гуноҳ ҳисобланган ишлари ва урушлари, теранроқ қаралса, доимо бирор жиноятга жазо тарзида рўй берган. Тўғри, жазо қаттиқ, лекин, адолатли бўлган. Исфаҳон ва Шерозда у хиёнат туфайли қатл қилинган аскарлари учун қасос (интиқом) олган…» дея уқтиради у.
Тарихчи Ибн Арабшоҳнинг ушбу гаплари ҳам айни фикрларни тасдиқлайди: — Амир Темур (ўзи фатҳ айлаган мамлакатлардаги) олимларга меҳрибон бўлиб, саййид-у шарифларни ўзига яқин тутарди. Уламолар ва фузалоларга тўла-тўкис иззат кўрсатиб, уларни ҳар қандай кимсадан батамом муқаддам кўрарди. Уларнинг ҳар бирини ўз мартабасига қўйиб, ўз иззат-икромини изҳор этарди. Уларга нисбатан ўз муруввати бисотини ёйарди-ки, бу муруввати унинг ҳайбати билан аралаш эди. Улар билан мазмунли баҳслар ҳам юритарди-ки, бу баҳсларда инсоф-у ҳашамат бўларди.
— IX —
Муаррихлар — Шомий ҳамда Яздийнинг таъкидлашларича, Амир Темур салтанатининг энг олий идораси — даргоҳда арзбеги ҳамда адолат амири лавозимлари мавжуд бўлган. Арзбеги подшоҳга мурожаат ҳамда шикоят билан келганлар ва Соҳибқирон тасарруфидаги барча мамлакатларда юз бераётган воқеаларга ўз муносабатларини билдирувчиларнинг қабулини ташкил этиб, уларнинг мақсад — муддаоларини ҳукмдорга етказиб турган. Адолат амири эса, Амир Темурнинг қўл остидаги ўлкалардаги аҳволдан доимий воқиф бўлиб, ушбу хусусда шоҳга ҳисоботлар ҳамда маълумотлар етказиб турган. Тегишли жойларга ўз одамларини (аминларни) юбориб, муаммоларни ўша ернинг ўзида ҳал этганлар.
Тарихчи олим Азамат Зиё: «…ҳар қандай жамият ва давлат тараққиёти ва келажагини фан ва маданият равнақисиз тасаввур қилиб бўлмаслигини Амир Темур яхши тушунган. Шунингдек, истеъдод эгалари махсус ва доимий эътиборга муҳтож ва лойиқ бўлишлари, ноёб қобилият эгаларини муҳофаза қилиш, ижодлари учун шароит яратиш, турмушларини таъминлаш зарурлигини ҳам у тўғри англаган. У олимлар-у фозиллар ўз маслаклари ва дунёқарашлари юзасидан жамият ва давлат тараққиёти, замонавий аҳволи хусусида бошқа ижтимоий табақаларга нисбатан кўпроқ бош қотиришларини ёдда тутган. Шу сабаб ҳам, дунёнинг қайси бир мамлакати ва шаҳарига бормасин, олимлар-у фозилларни бир ерга йиғиб, улар билан узоқ суҳбатлашиш, уларнинг фикрини тинглаш, баҳслашиш ишини канда қилмаган. Фикримизча, Амир Темурнинг фан ва маданият соҳасида юритган сиёсатини худди мана шу омиллар орқали баҳолаш даркор” деган гапларидаям жон бор.
Шундай экан, демак, Испания элчиси Рюи Гонсалес де Клавихо Соҳибқирон бобомизнинг юқоридаги сингари улкан яратувчилик фаолиятига, буюк бунёдкорлик шижоатига қойил қолиб: «Амир Темур бутун Ер юзидаги туркларнинг энг улуғи, энг шавкатлиси» дея, муносиб баҳо берганлиги-да мутлақо адолатлидир.
— X —
Энди, Амир Темур ҳазратларининг ўзларига ҳам қисқагина сўз берсак. У киши «Темур тузуклари»да: «Амр қилдим-ки, фатҳ этилган ҳар бир мамлакатдаги сипоҳийлар (ўз ихтиёрлари билан) паноҳимга келсалар, уларни навкар қилиб, (аскарларим орасидан) жой берсинлар. У диёрнинг раъиятини ёмон ҳодисалардан, қатл этдиришдан, асир-у банди этилишдан ва таланишдан муҳофаза қилсинлар. Уларнинг мол-мулкини ва буюмларини талон-торождан сақласинлар. Ўша мамлакатдан тушган ўлжа молларни ҳисоб-китоб қилсинлар. Саййидлар, уламо, машойих, фузало, акобир ва ашрофларни азиз тутсинлар. Кадхудолар, калонтарлар, деҳқонлар (ер эгалари) ва экин майдонларига ишлов берувчиларнинг (мўзорион) кўнглини хушнуд этиб, ўзларига қаратсинлар. Раъиятни умид ва қўрқинч орасида сақласинлар. Гуноҳлари ва қилмишларига яраша жарима солсинлар. Менга бўйсунган мамлакатларнинг саййидлари, олимлари, шайхлари, фозил кишилари, дарвишлари, хилватда ўлтирувчилари (зоҳидлари)ни суюрғол, вазифа ва маош (нафақа) билан сийласинлар. Фақир-у мискин, бирон касб қилишга ожиз, шол-кўрларга нафақа белгиласинлар. Мударрислар ва шайхларга бирон вазифа берсинлар. Авлиёлар, дин пешволарининг мозорлари ва мақбараларига вақфдан маблағ ажратсинлар» дея ёзадилар.
Ушбу эътирофлар ҳамда юқорида келтириб ўтганимиз алломалар-у мозийшуносларнинг гувоҳликлари-ю шоҳидликлари Амир Темур ҳазратларига нисбат берилувчи: «Қаерда-ки, битта уйни буздирган эсам, ўнта иморат қурдирдим, қаерда-ки, битта дарахтни кестирган бўлсам, ўнта дарахт эктирдим» мазмунидаги сўзлари нақадар ҳаққоният эканлигини далилламайдими — исботламайдими?!
Муаллифдан сўнг сўз ўрнида:
Муҳтарам муштарийлар! Юқоридаги барча фикрлардан — ҳамма мулоҳазалардан ўзларингиз холисона ҳамда одилона хулоса чиқарган ҳолда, туркий ва мўғулий қавмларнинг наслдошлиги ва темурийлар ҳамда чингизийларнинг қон-қариндошлик алоқаларига ўзларингизнинг муносабатларингизни билдирасизлар, деган умиддамиз.
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ
Berdiyor akaga rahmat. Qiziqib o`qidik. Tarihimizni yazshi bilmas ekanmiz.
Arminiy Vamberi qanaqa qilib ham Chingizhon va Amir Temur haqida holisyozishi mumkin. Ahir Chingizhon va Amir Temir boshqa boshqa asrlarda yashagan-ku!
Berdiyor Jumaev,
Chingizhon haqida salbiy fikr bildirishingiz yaxshi bo’lmapti. Har qanaqa urushda qurbonlar bo’ladi. Oddiy Rossiya va Gruziya urushini oling. Qancha odamlar o’ldi. Afg’onistonda qancha qancha tinch aholi tinchliksevar kuchlar tomonidan o’lib ketaypti.
Chingizhon birinch marotoba tashkillashtirilgan davlatni armiyani namoyish qildi. Dunyo rivojlanishiga turtki berdi. Chingizhondan o’rganib hozirgi davlatchilikka keldik.