"Дунё ўзбеклари" сайтини энди телефонда, планшетда ва комьютерда ихчам мобиль версияда кўришингиз мумкин: [fdx-switch-link]
  • Асосий
  • Ассалому алайкум!
  • Муаллиф ҳақида
  • МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ

Одил Ёқубов ва Марям Ёқубова: МАКТУБЛАРДА АКС ЭТГАН КЎНГИЛ (6)

Одил Ёқубов рафиқасининг хотиралари..., Ўтганлар ёди, Хотин-қизлар олами | 25/08/2013 22:41-     11701 марта ўқилди

Одил ака хотини биланҚарноқдан Тошкентга ёзилган мактуб

Ақллим!

12-нчида ёзган гўзал хатингни олдим. Катта раҳмат. Унинг бир жойида: «Бу оғир йўлга кирганим учун афсусланмайман», дебсан. Бунинг учун севиндим, чунки сенга яхши кўринган «пьеса»[1]нинг ҳали сен кўрмаган ўнларча камчилиги чиқади.

Агар бу камчиликларни мен тузатишдан зерикмасам, сен эсанг унинг грамматик хатоларини текширишдан чарчамасанг, ҳатто бу иш ўнларча марта такрорланганида ҳам кўнглим ундан қайтмаса, ана ўшандагина пьеса бунёдга келади, ўшандагина кишилар ўқиса ҳузур олиб, авторга ва унинг дўстига раҳмат айтадилар.

Шунга чидаганларгина ёзувчи бўладилар, чидамасдан ташлаб кетганлар эса, на раҳмат ва на ҳурматга сазовор бўладилар!

Одатда, кишилар қўлига китоб олганида, шундай туюладики, гўё автор бир ўтиришдаёқ шундай силлиқ ва гўзал ёзган, ҳолбуки, бечора автор у китобни кўчиравериб, қўллари қавариб кетади.

Биринчи вариант устида қаттиқ ишлабсан, раҳмат, эркам. Энди иккинчи вариант устида ҳам қаттиқ ишлаб берасан. Ўзгаришлар, албатта, катта эмас, асосан 5-кўриниш ўзгарди.

Масала шундаки, 5-кўринишда драмага хос бўлган драматизм йўқолиб қолган. Комсомол­лар мажлиси суст чиққан, шуни ўзгартирдим. (Иложи борича, албатта, чунки бир-икки ўртоққа 30-куни топшириш керак бўлиб қолди.) Шу кунга, албатта, тўғрилаб бер.

Машинисткага Маматхон ўзи ёки бирга топширинглар. Бунақа катта нарсани бир машинисткага топширмайди, чунки у шошиб, кўп хато қилади. Шуни­нг учун ҳар кўринишни бир машинисткага бериш керак, шунда бир кунда қайтариб берадилар. (Машинистка «Қизил Ўзбекистон»да, «Ёш ленинчи»[2]да, ҳамма ерда бир, ҳаммаси ўзи учун жон деб олади.) Айтмоқчи «Кўз ёришни»ни шунчалик ёмон босибдики, агар редакцияга шу ҳолда берса, у ердагилар ҳеч нарсага тушунмайдилар! Умид қиламанки, сен дурустлаб тузатиб бергандирсан.

Хўш, ўз аҳволинг қандай? Ўқишларинг қандай? Адабиётчи бўлдингми, йўқми? Бу нарсани тезлат! Ва ҳеч кимга қулоқ солма! (Т.Собировга ўхшаганлар қолавер, деб айтар?)

Бу хатни олган ҳамон, гарчи олдин хат ёзган бўлсанг ҳам, ҳамма гапларни айтиб дарров жавоб ёзгин! Балки, у хатинг охирги бўлар, чунки 12–13-ларида бориб қолсам керак. Кутасанми?..

Айтмоқчи «заказное» қилма, чунки «заказное» қилганинг учундир, 12-да ёзган хатингни 23-да олдим! Ҳолбуки, Ремирнинг «простой» хати 3 кунда келди.

Хўп, эркам, ақлли бўл, яхши бўл. Агар мабодо пахтага кетадиган бўлсанг, телеграмма бер. («Выехали на работу, целую, Марям», деб.)

Юзингдан ўпиб, Одилинг.

27 сентябрь, 1954 йил

 

 

14

Тошкентдан Қарноққа ёзилган мактуб 

Салом, Одил ака!

Маматхон акамдан юборган хатингизни олдим. Раҳмат. Мен Сизга унча-мунча ёрдам берганим учун ўзимдан хурсандман. Лекин грамматик хатоларни текширишда жуда шошилибман, эндигина кўрдим.

Совмин[3]даги машинисткага берган эдим. Яхши босипти. Қоғози ҳам тоза, чиройли чиқди. Бугун, айтганингиздек, 30 сентябрда Маматхон акам билан Холдор акам олиб кетишди. Кечқурун мен уларни кўрмадим. Албатта, топширган бўлишса керак.

Менинг аҳволим яхши. Соғлигим жойида. Бу йилги кузни яхши қарши олдим. Дарсларга қатнаб турибман. Адабиётчи бўлиб қолдим. Ҳали у филология группасининг рўйхатига ёзишмади. Дарслар бирга бўлади. Мен учун қийин эмас. «Зарубежная литература»ни коллектив бўлиб тайёрлашга бошладик.

«Основы м.-л.»дан («Нима қилмоқ керак?»[4]дан) семинар машғулотлари бошланди. Семинарга актив қатнашиб турибман.

Шаҳарда ёлғиз қолиш зерикарли экан. Ремир билан кино («Мы с вами где-то встречались»)га тушдим. Қизиққина комедия экан, лекин «жуда» эмас. Анча-мунча сунъийлик киритилган. Умуман, бу картинага қарашим ана шундай. «Дядя Ваня»ни ўқиганим йўқ. Китоб йўқлиги баҳона эмас, вақтим бўлмади. Унчалик кўп ухламайман ҳам.

Бир четдан мажбурий адабиётларни ўқий бошлаган эдим, конспект тузганимча йўқ ҳали. Эрта ёки индин 1–2 октябрда пахтага жўнасак керак. Бизга ҳали айтишгани йўқ. Ҳамма институтларга айтилди. Бизга ҳам айтилади, балки эртага. 35 кунга олиб қолишса керак. Ундан кейингисини билмадим.

Сиз ҳам борасизми? Ҳозир нима қилаяпсиз? Уйдагилар тинчми, мендан салом айтинг.

Ҳикоянинг 1-экземпляри унча ёмон эмас, яъни анча аниқ босилган. Хатоларини тузатдим, бунда шошганим йўқ. Радиокомитетнинг машинисткаси деярли саводсиз экан. Маматхон акам, Холдор акам, Ремир менга катта ёрдам беришди.

Айтишингизча, шу хатдан кейин ўзимиз киришсак керак, шундайми?

      Салом билан Марям.

30 сентябрь, 1954 йил.

 



[1] Сўз «Чин муҳаббат» пьесаси ҳақида бормоқда.

 

[2] «Ёш ленинчи» – ҳозир «Туркистон» номи билан нашр этилаётган газета.

 

[3] Совмин (Совет Министров) – Ўзбекистон ССР Министрлар Совети.

 

[4] «Нима қилмоқ керак?» – В.И. Ленин асари.

 

Ўхшаш мақолалар:

  1. Одил Ёқубов рафиқасининг хотиралари: Танишув ёки магазинчи йигит (1)
  2. Одил Ёқубов рафиқасининг хотиралари (2)
  3. Одил Ёқубов рафиқасининг хотиралари (3)
  4. Одил Ёқубов рафиқасининг хотиралари (5)
  5. Улуғ ёзувчи Одил Ёқубов умр йўлдоши Марям ая хотираларидан (21-23)
  6. Улуғ ёзувчи Одил Ёқубов умр йўлдоши Марям ая хотираларидан (24-25)
  7. Улуғ ёзувчи Одил Ёқубов умр йўлдоши Марям ая хотираларидан (26-27)
  8. Улуғ ёзувчи Одил Ёқубов умр йўлдоши Марям ая хотираларидан (30-31)
  9. Улуғ ёзувчи Одил Ёқубов умр йўлдошининг хотиралари (32-33)
  10. Одил Ёқубов ва Марям Ёқубова: МАКТУБЛАРДА АКС ЭТГАН КЎНГИЛ (1)
  11. Одил Ёқубов ва Марям Ёқубова: МАКТУБЛАРДА АКС ЭТГАН КЎНГИЛ (7)
  12. «Дунё ўзбеклари» тақдим этади: Ойдин опа ҳақида ойдин хотира
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ

Leave a Comment

Фақат 500 белгигача рухсат этилади. Мақола ёки хабарларни МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ ёки Биз билан алоқа шакли орқали жўнатинг.

Нажмите, чтобы отменить ответ.