Абулқосим МАМАРАСУЛОВ: МЕН ҚАНДАЙ ЁЗУВЧИ БЎЛГАН ЭДИМ (19)
МЕН ҚАНДАЙ ЁЗУВЧИ БЎЛГАН ЭДИМ (19)
Ёки Одил Ёқубов ҳақида ҳотиралар
Б а д и а
Хуллас, 53 нафар ёшга сўз тегмай, съезд ўтди. Биз уй-уйимизга тарқадик.
Кунлардан бир кун мени вилоят партия комитетига чақириб, тез Тошкентга, Ёзувчилар уюшмасига етиб боришим кераклигини буюришди. Мен тез етиб бордим. Йўл устида Одил Ёқубовга учрадим.
— Сизни нега чақиришганини биласизми?
— Йўқ.
— Хат ёзган 52 ёш ижодкорнинг биримисиз?
— Ҳа. Мен эллик учинчисиман. Съезд давом этаётганда имзо чекканман.
— Ҳозир уюшмага сизга ухшаб имзо чеккан ижодкорларни битта-битта чақириб суҳбатлашяптилар. Айримлар товба қилишяпти экан? Сиз нима қилмоқчисиз?
— Мен энди ўйинга қўшилиб бўлганман. Ўйин тугамасдан чиқиб кетаман десам, икки томонлама калтак ейман. Нима бўлса бўлар, яхшиси, охиригача туриб бермоқчиман.
— Маъқул. Шошиб қолманг. Шошсангиз сизни чалкаштиришга уринишлари мумкин. Саволларга ўйлаб, босиқлик билан жавоб беринг, — деди Одил ака.
Ўша пайтлари уюшма раиси Ўлмас Умарбеков, ўринбосарлари Абдулла Орипов ва Асқад Мухтор эди. Борсам, Абдулла Орипов йўқ экан, мени Асқад Мухторга дуч қилишди. Мен келишим сабабини айтган эдим, у киши бир зум ўйланиб қолди. Кейин деди:
— Туш вақти бўлиб қолди. Яхшиси тушдан кейин келинг, Ўлмас Умарбековнинг ўзи билан учрашасиз.
Туш пайти Мирзани топдим.
— Ўлмас Умарбековга бемалол бораверинг. Уям сиз билан бизга ўхшаган одам. Ҳайиқмасдан, ҳаяжонланмасдан, дадил жавоб беринг. Керак бўлса, гапини қайтариб ташланг. Ҳў-ў осмондаги одам у, деб ўтирманг. Сизни ҳеч нарса қилолмайди, биз бир эмас, икки эмас, эллик учтамиз, — деди Мирза.
Ўлмас Умарбеков билан суҳбатим ҳақиқатан осон кечди. Республика даражасидаги каттакон раҳбар ва кўчада юрган бир оддий ёзувчиинг эмас, балки тенгма-тенг икки кишининг баҳси бўлди.
— Сиз имзоингиздан воз кечмайсизми? – сўради Ўлмас ака дабдурустдан.
— Нега энди воз кечишим керак экан? Воз кечадиган бўлсам, нега имзо чекдим?
— Сизга ўзи нима керак? Хатга қўшилишдан мақсадингиз нима?
— Мақсадим хатда айтилган. Хатда қўйилган талаблар амалга ошиши керак. Менга керак нарса бор-йўғи шу.
Агар ҳижжалаб сўрайдиган бўлса, хатда нима талаблар борлигини бирма-бир айтиб беролмасдим. Тўғриси, съезд пайти, ур-тўполонда узуқ-юлуқ кўз югуртганим бўйича хатни ўзим ҳам бошқа кўрмаган, умумий мазмунни билардим, холос.
— Устозингизнинг янги романи ҳақида қандай фикрдасиз? – мавзуни ўзгартди Ўлмас ака.
Шу кунларда Одил Ёқубовнинг «Оқ қушлар, оппоқ қушлар» романи «Шарқ юлдузи»да эълон қилинган бўлиб, роман қизғин муҳокамада эди.
— Одил ака ёзгандан кейин зўр бўлади-да, — дедим мен тап тортмай. Зўр роман. ХУ1 Пленум руҳида. Замон талабларига тўлиқ жавоб беради.
— Кўпчилик ўқиганлар «роман анчайин бўш ёзилган. Одил Ёқубов қайтиб қопти», дейишяпти-ку.
— Ҳар ким ҳар нарса дейиши мумкин. Аммо мен учун Одил аканинг ҳар бир асари – мактаб. Ҳар бир асари зўр ёзилади.
— Мана, сиз устозингизни ҳимоя қиляпсиз, бунга имкон топяпсиз, аммо нега менга устозимни ҳимоя қилишга имкон бермайсизлар? Ахир мен ҳам шогирд сифатида устозимни ҳимоя қилишим керак-ку, тўғрими?
Хатдаги асосий нишон Лазиз Қаюмовга тўғриланган бўлиб, Ўлмас ака у кишини назарда тутаётган эди.
— Ҳимоя қиляпсиз-ку, — дедим мен. – Мана, мени обком орқали чақиртириб олдингиз. Жиззахда қанча ваҳима. Не бир ҳамкасбларим ярим ҳазил ярим чин: «боравер, мабодо қамаб қўйишса, қотган нон билан сув олиб бориб турамиз», деб жўнатишган.
Ўлмас аканинг ҳузуридан чиқиб, Одил акага учрадим. Бўлган гапларни айтиб бердим. Одил ака мийиғида кулиб, ҳангомамни тинглади. Ғаффор Ҳотамов айтиб беришича, Одил ака бир-икки кундан сўнг уюшмага бориб, Ўлмас Умарбеков хонасига кириб, қандайдир масалани ҳал қилипти. Кейин бехосдан эсига келиб қолгандай, сўрапти: «Ўлмасжон, менинг янги рўманимни ўқидингизми?»
— Ўқидим, Одил ака, ўқидим.
— Қандай экан?
— Сиз ёзгандан кейин зўр бўлади-да. Замонавий руҳда.
— Бу,.. ҳар хил фикрлар бўлаётган эмиш. Сизнинг фикрингиз қандай? Ё…
— Э, Одил ака, мен сизнинг романингизни зўр ҳаяжон билан ўқидим. Керак бўлса, расмий мажлисда ҳам айтаман шу гапимни.
Шунақа гаплар.
Яна бир муддат ўтиб, 53 нафар аризачи ёш ижодкорни уюшманинг мажлислар залида тўплашди.Бизни инсофга чақириш учун оқсоқол адибларни чақиришипти. Юқоридан ҳам кимлардир бор эди. Биринчилардан бўлиб Усмон Азим сўз олди:
— 53 имзо орасида меники йўқ, — дея гап бошлади у, — аммо мен қалбан улар орасидаман. Шу сабабли мен бугунги йиғинда қатнашиб, ўз сўзимни айтишни лозим топдим, — дея бизнинг номимиздан раҳбарият олдига ўз талабларини қўйди.
Хуллас, бизларнинг вакилларимиз гапиришди. Бизга панд-насиҳат қилиб, оқсоқол адиблар: «қўйинглар энди, нима керак шунақа гина-кудурат» қабилида сўзлашди.Оқсоқол адиблар сафида Одил Ёқубов ҳам бор эди.
— Мен бу ёшларга ҳавас қиламан, — деди Одил ака, сўз беришганда. – Вақтида менга ўхшаганларда ўз сўзини айтиш учун, оқимга қарши туриш учун журъат етишмаган. Бу ёшларнинг келажаги порлоқ.
Хуллас, мажлис яраш-яраш руҳида ўтди. Орамиздан кимдир сўз олиб, агар талабларимиз амалга ошмайдиган бўлса, биздан даъвойимиздан воз кечиш илтимос (талаб) қилинадиган бўлса, унда 53 нафар ёш ижодкорга нисбатан ҳам ҳеч қандай репрессия қўлланмаслигига кафолат беришларини талаб қилди. Охир-оқибат шундай бўлди ҳам.
Нима бўлганда ҳам мазкур арзбозлик, унинг натижалари ёш, келажаги порлоқ , аммо йўлларига банд солинган ижодкорлар номидан иш кўрувчи бир гуруҳнинг дастлабки бет очиши, муваффақиятли дебочаси эди. Ёшлар энди бундан бу ёғига бемалол арз ёзиш, истаган нарсангни талаб қилишинг мумкинлигини, бунинг учун сенга нисбатан ҳеч қандай жисмоний ва бошқа жазолар қўлланмаслигига амин бўлдилар. Ва ана шу 53 ижодкор арзбозлигини ташкил этишда бош-қош бўлганлар 1988-1991 йиллари бу соҳадаги безбетлик қобилиятларини бор бўй-басти билан намоён этдилар
Мазкур гуруҳнинг навбатдаги ташкилий фаолиятининг ёрқин кўринишларидан бири:
«Совет Ўзбекистони» газетасининг 1990 йил 18 январ №15(20.582) сонида эълон қилинган:
ЎзССР Ёзувчилар уюшмаси правлениеси секретариатига
Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетига
«Совет Ўзбекистони» газетаси редакциясига
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси фаолиятида ҳам ижодий, ҳам ташкилий жиҳатдан ечилмаган кўпгина муаммолар тўпланиб қолдики, улар амалда ижодий ташкилотимизни ажралишга олиб келмоқда. Ушбу муаммоларни ҳал этиш учун ошкоралик ва демократиялаш руҳида очиқ-ойдин, ҳалол ва принципиал гаплашиб олишимиз керак.
Бироқ Ёзувчилар уюшмасининг секретариати зўр бериб бундан ўзини олиб қочмоқда, Ёзувчилар уюшмасининг коллектив органи бўлмиш пленумларини белгиланган муддатларда чақирмаяпти. Бу СССР Ёзувчилар уюшмаси Уставини бузишдир.
Биз, қуйида имзо чекувчи Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси правлениесининг аъзолари, «Ёзувчилар уюшмасидаги ижодий, маънавий-психологик муҳит ва уларни соғломлаштириш йўллари» деган кун тартиби билан Ёзувчилар уюшмаси правлениесининг навбатдаги пленумини 1990 йил январ охиридан кечиктирмай чақиришларини талаб қиламиз.
Ж.АБДУЛЛАХОНОВ Шавкат РАҲМОН
Ҳ. АБДУСАМАТОВ Ҳабиб САЪДУЛЛА
Ч. АМЕТОВ Ҳ.СУЛТОНОВ
Н.АМИНОВ С. ТАТУР
Э. АЪЗАМОВ Н.ХОЛБЎТАЕВ
М.БОБОЕВ Ў. ҲОШИМОВ
М.ГРЕБЕНЮК А.ФАЙНБЕРГ
Мурод Муҳаммад ДЎСТ Н.ФОЗИЛОВ
С.МАМАЖОНОВ О.ШАРОФУДДИНОВ
С.МИРВАЛИЕВ Абдулла ШЕР
О.МУХТОРОВ Н.ЭГАМНАЗАРОВ
А. ОСМОНОВ Комил ЯШИН
М.ҚОРИЕВ»
1990 йил 22 январ, душанба
«Совет Ўзбекистони»даги 25 нафар ёзувчининг мурожаатномасини ўқиб, ташвишга тушиб юрган эдим. Мурожаат тўғридан тўғри Одил Ёқубовга отилган ўқ эди.
Бугун эрталаб уйғонгандан сўнг Зулайҳо кўрган тушини айтиб берди: Одил ака ҳовлимизда турган эмиш,хўмрайган, гаплашгиси келмайди. Аччиғи зўр. Ҳарчанд иккимиз ялинсак ҳам ичкарига кирмапти. Ҳовлидаги каравотга ўтириб олипти. Ичкарига кирмайман, депти. Юрагимга ғулғула тушиб, шу заҳоти Тошкентга жўнадим.
«Ёшлик»да Ғаффор Ҳотамов йўқ экан. Омон Матжон билан гаплашдим. Айтишича, Одил Ёқубов ўрнига Ёзувчилар уюшмаси раислигига ҳозир Одил акага ўринбосар бўлиб ишлаётган Тоҳир Маликни қўйишмоқчи экан. 1989 йил декабрида Одил ака СССР халқ депутатларининг 11 съездида юрганда Тоҳир Малик раислигида Ўзбекистон халқ депутатлигига Ёзувчилар уюшмасидан номзод кўрсатишга бағишланган мажлис бўлиб, биронта ҳам номзод кўрсатилмаган. Яъни Тоҳир Малик раисликни уддалай олмаган, мажлисни бошқаролмаган. 26 январ куни Пленум ўтказиладиган бўлди. Пленумда шуни кимдир айтиши керак. Яъни Тоҳир Малик раисликка муносиб эмас, ҳали тажрибаси йўқ, иш ўргансин, дейиш керак.
Тушдан кейин Ғаффор ака келди. «Совет Ўзбекистони»даги мактубнинг иғволигини фош этувчи жавоб мактуби тайёрлаб, унга Шукруллога имзо қўйдириб келибди. Бу хатга мен ҳам имзо чекдим. Шу пайт Абдуқаҳҳор Иброҳимов сим қоқиб, келажагини билдирди. Келиб, бир соат ўтирди. 26 январ куни Пленумда Одил акани ҳимоя қилиб гапирмоқчи. Союзда ҳеч қандай ажралиш йўқлигини, бу бир тўда – яъни уюшган жиноятчилик фаолияти эканини айтди.
(давоми бор)
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ