Одил Ёқубов ва Марям Ёқубова: МАКТУБЛАРДА АКС ЭТГАН КЎНГИЛ… (3)
Тошкентдан Қарноққа ёзилган мактуб
Салом, Одил ака!
Сизнинг 28 июлда ёзган ва бу ерга 2 августдаёқ етиб келган хатингизни мен 11 августда олдим.
Одил ака, бунинг учун мендан аччиқланарсиз, балки, чунки ўзи аччиқланарли-ку. Мен 4, 7, 10 августда кириб хабар олсам, «ҳеч нарса йўқ», дейди, ниҳоят, 10 августда йўл-йўлакай кирсам (қўлимда паспорт йўқ эди), Ҳидоят[1]дан ва Сиздан «извещение»[2] олдим, хатингизни эса бугун паспорт билан бориб олдим.
Билмайман, нега бундай бўлди ёки мени «почтадан хабар олмаган», деб ўйларсиз, ахир 2 августда келган хатни 11 августда олганимдан кейин.
Менинг аҳволим жуда яхши. Имтиҳонлар бошланди. Ўзбек тили ва адабиётидан, рус тили ва адабиётидан топширдим. Натижа тузук, тўрталасидан ҳам «5» олдим.
Одил ака, бу муваффақиятлар келгуси имтиҳонлардан ҳам муваффақиятли ўтиш учун курашга куч бағишлайди-ку, албатта. Навбатдаги имтиҳонимиз 13 августда, тарихдан бўлади. Шундай холатлар жуда кўп учраяпти, Одил ака: дастлабки «5»дан мағрурланиш орқасида рус тилидан пастга тушиб кетдилар. Энди мен ҳам шундай бўлмайин, деган умиддаман, лекин тайёргарлигим (буни сезиб турибман) жуда яхши. Тарихдан кейин география ва инглиз тили бўлади.
Энди Сизнинг хатингиздаги материаллар изидан: Одил ака, хатимда менинг «ҳеч ким келмасин», деганимнинг боиси шуки, Қарноқда опам билан гапиришганимизда, Холдор акамнинг менинг олдимга келаман (имтиҳонлардан ўтиш вақтида), деганини айтган эди. Мен шуни ёзган эдим. Сиз бу гапдан хабарсиз бўлсангиз керак, майли.
Мендан имтиҳонни Лазиз Қаюмов[3] олди. Ёзма имтиҳонда мен «Совет адабиётида совет кишисининг маънавий қиёфаси» деган эркин темани ёздим. Эркин темани ёзишда менга маънавий озуқа бўлган нарса доцент Краснобаевнинг шу темадаги брошюрасидир. Бу брошюрани менда кўрмаган бўлсангиз, Сизга эслатишга ҳаракат қиламан:
…1953 йил баҳори. Биз биринчи марта кўришдик ва Сиз менинг қўлимдаги китобларни олиб кўра туриб: «Булар керакли адабиётларми?» – деб сўрадингиз… Қисқача эслатма шундан иборат.
Одил ака, ҳозир ана шу фонтанчада сув отилади, атрофи жуда чиройли. Имтиҳонга борган кунларим бир оз дам олиш учун бориб худди ана шу ерда ўтириб, … эслайман. Одам жуда роҳат қилади.
Одил ака, наҳотки, мен ваъдаларни унутсам ва ҳаётга қадам ташлаш олдидаги биринчи синовлардан муваффақиятли ўтганим ҳолда, менинг учун асосий бирдан-бир синов – ўзингиз айтгандек, бизнинг тоза муҳаббатимизгазарба берувчилар олдида бош эгсам?!
Одил ака, аминманки, биз тез кунларда муҳаббат қўшиғини куйлаяжакмиз!!
Одил ака, мен опамни ҳеч эсимдан чиқармайман. Ахир, у ерда 20 кун туриб, мен кимга ҳам юрак сиримни айта олдим? Фақат опамгина менинг ўртанган юрагимга далда беролди.
Одил ака, Сиз «менинг қишлоққа келганимни эшитатуриб ҳеч нарса айтмабсан», дегансиз, мен нимани айтардим, менинг ичимда ҳеч нарса қолгани йўқ-ку, ахир. Олдинги хатимда мен опамга, ойимга ва бошқаларга салом айтмаган эканман, аниқ эслолмайман. Агар шундай бўлса, мени эсимдан чиқарганим рост, чунки хатни шошиб ёздим. Мен ўйлайманки, Сиз буни ҳисобга олиб, опамга мендан хат олганингизни ва саломимни айтган бўлсангиз керак. Энди чиндан ҳам салом айтаман. Мен 2 августда адабиётдан ёзма имтиҳондан чиққанимда Маматхон акани кўрдим, лекин яна саломлашмади (мени уялмасин дегандир). Сизга айтиб бермадими?
Одил ака, юборадиган нарсаларингиз бўлса, ўзим олишим мумкин. Съездга телеграмма юбордингизми? Газетада съездга доир мақолалар йўқ. Съездни Ғафур Ғулом[4] очгани ва Уйғун[5] доклад қилгани ҳақида, Н.Тихонов[6] раҳбарлигида қардош халқлар ёзувчиларининг съездимизга меҳмон бўлиб келгани ҳақида газетада жуда кичик хабар босилди.
Сиз айтган журналлар тамом бўлганми, кўринмайди, чунки келганимдан бери суриштираман. Агар «Юрак сирлари» бошқа чиқса (босилса) ҳам юбораверайми?
Ҳидоят хатида Сизга салом айтган…
Азима[7] ҳам практикадан келиб, Туркистонга кетган. Мен Тошкентда ёлғиз. Янги картиналарни кўролмайман. Учта: «Етуклик аттестати», «Буни унутиш мумкин эмас», «Қувноқ юлдузлар» фильмлари ўтиб кетди. Эндиги ҳафтада ёки тез кунларда «Невеста героя» фильми келса керак, шуни кўраман, албатта.
Одил ака, Сиз кинога таклиф қилган вақтларингизда ўлгудай ноз қилардим, эсимга тушиб кетди…
Ҳозирча менинг хатим тамом. (Одил ака, бунда ҳам мен ҳеч қандай эркаловчи сўзлар ёзмадим, чунки…)
Бундан кейинги имтиҳонларимнинг ҳам натижасини ёзарман, албатта.
Хат ёзинг, кутаман.
Салом билан хат ёзгучи ўзингизнинг …Марямингиз.
11 август, 1954 йил.
Соат 15.20.
6
Тошкентдан Қарноққа ёзилган мактуб
Салом, Одил ака!
Биз 18 августда кечқурун Тошкентга етиб келдик[8]. Билет олиш жуда ҳам осон бўлди, қийналмадим. Лекин бу ерга келиб ҳаво алмаштирдим, жуда оғир ётиб қолдим (39–40 даражада иситма бўлиб турди). Кеча ўрнимдан турдим ва Тошкентни айлангани кўчага чиқдим. Шаҳарда деярли ўзгаришлар бўлмапти. «Узкнижторг»[9]га кирдим. Нашриётдан янги китоблар чиққан. Сиз айтган адабиётларни тополмадим. Бир оз кутишга тўғри келади, албатта, топаман.
Холам[10]га туфли қарадим, каттароқ размерлари бор. Холам 34-размер кийса керак, менимча. Эртага амакимнинг олдига бораман, шунда яна сўраб, билиб қўяман…
Мен бу ерда ҳозирча бекорчиликда юрибман… Э.Казакевичнинг «Одерда баҳор» романини ўқияпман. Бугун «Ёш гвардия» кинотеатрида «Ваҳшийлар» фильмини томоша қилдим. Фильм менга унча ёқмади, чунки салбий томон кўп экан. Бу билан одамдаги қувноқлик ҳис-туйғуларини анча йўқотади. Мени шуниси қизиқтирдики, артистлардан… бир қанчаси ўз ролларини яхши олиб чиқдилар.
Менинг шаҳарда ўтказган кейинги кунларим шулардан иборат…
Холам яхши бўлдими? Қийналмаяптими? Заҳро холамнинг ишлари яхшими, Сиз ёрдам бериб турибсизми? Ўзингизнинг ишингиз, аввало саломатлигингиз яхшими?
Қишлоқ зерикарли эмасдир?!.. Чунки…
Хўп, вақтинча.
Саломат бўлайлик.
Ҳурмат билан Марям.
23 август, 1954 йил.
[1] Ҳидоят – Қарноқдаги қариндош қиз.
[2] Извещение – даракнома.
[3] Лазиз Қаюмов – адабиётшунос олим.
[4] Ғафур Ғулом – Ўзбекистон халқ шоири.
[5] Уйғун – Ўзбекистон халқ шоири.
[6] Николай Тихонов – рус шоири.
[7] Азима – М.Ёқубованинг қариндош дугонаси.
[8] Ўша йиллари Туркистондан Тошкентга Москва ёки Россиянинг бошқа шаҳарларига қатнайдиган поезд билан бориларди. Автомобиль йўли ҳали яхши эмасди.
[9] «Узкнижторг» (Узбекистанская книжная торговля) – Ўзбекистон китоб савдоси ташкилотига қарашли китоб дўкони. Ҳозирги «Зарафшон» ресторанининг рўбарўсида бўлган.
[10] Хола (Заҳро хола) – Одил аканинг опаси.
Туркистондан Тошкентга ёзилган мактуб
Ақллим Марямга!
Мен 17 август куни эрталаб Туркистонга келиб тушдим. Бир оз станцияда бўлгач, …шаҳарга тушдим. У ердан тушдан кейин қишлоққа чиқдим. Ҳаммаси соғ, сенга кўплаб салом айтишди, сенинг соғлигингни, имтиҳонлардан муваффақият билан ўтганингни эшитиб, севинишди. Опай хатингни олиб яшириб қўйган экан, дарров қўлимга тутқазди. Уни ўқиб, жуда севиндим, чунки бу хатинг кўп илиқ, яхши, меҳрибонлик билан ёзилган бир хат экан. Унинг кўп жойидан сенинг самимий, чиройли ва пок қалбинг гўё кўриниб тургандек бўлди, эркам.
Мар, оппоқ қиз, бу сафар мен сендан бениҳоят хурсанд бўлдим, аввало сен мени жуда яхши кутиб олдинг, мени эркаладинг ва менинг эркаликларимни самимий қабул қилдинг. Тошкентда ўтган тўрт кун менинг хотирамдан кўпгача кўтарилмаса керак, деб ўйлайман. Дарҳақиқат, сенинг кўксимга бошингни қўйиб, кулиб ва эркалаб ўтирган вақтларингни унутиш қийин, гўзалим… Ишонасанми, Мар, сенга хат ёзар эканман, фақат илиқ ва ширин сўзлар айтиб, руҳингни эркалагим келади, бутун хатни фақат муҳаббат сувлари билан тўлдиргим келади.
Пьесанинг биринчи вариантини бугун тугатаман, кейин қайтадан ишлаш процессига ўтаман. Бироқ яна бир чатоғи шундаки, сенга ҳикоя қилиб берганим сюжет озгина ўзгарадиган бўлди. Пьесага яна бир кўриниш қўшиладиган бўлди, бу кўриниш эса, ўз навбатида, биринчи пардага ҳам ўзгариш киритади. Бу ўзгаришларнинг ҳаммасини пьеса қўлингга тегиб ишлай бошлаганингда кўрасан, шунинг учун айтиб ўтирмайман. Ҳар ҳолда қандай бўлмасин, пьесани 5– 6 сентябргача қўлингга топширадиган бўламан.
Мар., адабиёт тарихида 1,5–2 ойда катта пьеса ёзиш каби ҳодиса оз учрайди. Бу пьесанинг ҳозирги вариантида, ҳеч шубҳасиз, катта камчиликлар мавжуд. Аммо шунинг билан бирга яна бир нарса аёнки, унда соғлом, кучли асос ҳам мавжуд. Агар шу асос ҳақиқатан мавжуд бўлса (уни рецензия кўрсатиб беради), яна 5–6 ойда пьесани ҳақиқий, яхши пьеса қилиб юбориш қийин эмас. Бу, бир томондан. Иккинчи томондан, адабий ишда ҳовлиқиш, «ёзган нарсам, албатта, яхши», деб олдиндан ўзини ишонтириб қўйиш – аҳмоқлик! Фақат «манманлик» касалига гирифтор бўлган, меҳнатдан қўрққан одамларгина шундай деб ўйлайди. Адабиёт ҳам, фан ҳам манманликни севмайди, у меҳнат талаб қилади. Фақат меҳнатдан қўрқмаган кишиларгина фан ва адабиёт соҳасида муваффақият қозонишлари мумкин. Мен буни шунинг учун айтаётибманки, ақллим, сен ҳам ўзингни шу нарсага олдиндан ўргатиб қўйгин. Ҳали бизга: «Пьесангизда катта камчиликлар мавжуд экан, бу ери бундай экан, у ери ундай экан», деб айтадилар, ана шундай вақтда бурнинг тушиб кетмасин, балки «Одил ака, ишлаш керак, ишланг, қандай ёрдам керак– мен ҳам ёрдамлашай», деб туришинг лозим бўлиб қолади.
Бу икковимизнинг ишимиз ҳақда.
Энди сенинг имтиҳонларингга ўтайлик. Хўш, қизча, инглиз тили нима бўлди? Албатта, яхши ўтгандирсан, бу хат боргунча чинакам студентка ҳам бўлиб оларсан? Демак, шу хатимдаёқ табриклашим мумкин. Кўз олдингга келтир: қўлингни шундай оғритиб сиқдимки, сен қичқириб юбординг, кейин лабингдан қаттиқ, узоқ ўпдим.
Эркам, Марям, бу ерда Маматхон сендан хафа бўлиб юрган экан, сен опай икковинг уни универмагда кўриб саломлашмабсан. У: «Наҳотки, Марям Ҳалима опанинг ғийбатли сўзларига ишонган бўлса?» деб ўзидан хафа экан. Мен унга ҳали айтганим йўқ, кетар вақтида айтиб қўяман. Шундан кейин у ҳам, Ремир[1] билан Холдор ҳам олдингга тез-тез бориб хабар олиб туришади. Уларнинг ҳаммаси, ҳали кўрарсан, бениҳоят содда, уятчан йигитлар. Улар ҳатто, агар сен самимий бўлмасанг, олдингга бориб саломлашишдан ҳам уяладилар.
Мар., гўзалим, сен улардан ёшсан, кичиксан, лекин сен ҳаётдаги кўп масалаларда, хусусан дўстлик масалаларида улардан ақллисан, биласан, сенинг йўлинг ва ҳурматинг ҳам катта. Шунинг учун улар билан самимий бўлгин, шаҳарлик савдогар йигит ва қизларнинг ҳайрон бўлишига қарши, балки қасддан уларга кўрсатиб, бу йигитларни доимо яхши қарши олиб, яхши кўришиб, гаплашиб юргин. Ремир ёки Маматхон билан Холдор кинога таклиф қилгудек бўлса ҳам, «йўқ» деб уларни уялтириб қўймагин. Умуман, Азима, Рема, Маматхон ва Холдор бир-бирингга яқин туринглар.
Бу бир масала. Иккинчи масала шундаки, Мар, сен ҳамвақт Қарноқ болалари билан самимий муносабатда бўлгин, ўзингни ҳамма вақт камтар тутишга тиришгин, ҳатто шундай самимий ва содда бўлгин. Фақат шундагина ҳурмат қозонасан. Инсон характеридаги энг яхши хусусиятнинг бирови – камтарлик, Марям. Фақат аҳмоқлар, нодонлар, ниҳоят, маданият ва адабиётдан хабарсиз одамларгина димоғи баланд, халқ тили билан айтганда, «кенг кўкрак» бўладилар. Оддий халқ ундай одамларни севмайди. Сен Қарноқ қизисан, демак, ҳеч вақт шаҳарликдай бўлолмайсан ва бўлишни ҳам (мен аминманки) истамайсан. Ундан кейин Қарноқ болалари – яхши болалар. (Албатта, Исога ўхшаганлар ҳам учрайди-ю, бироқ оз.) Сен учун эса ҳаммадан олдин сен ҳақда Қарноқда туғиладиган фикр муҳим. Ҳозирча бу фикр ёмон эмас, балки сен тўғрингда мени билган ва ҳурмат қилган ёшлар ўртасида кўп яхши фикр бор. Менингча, биз дўст бўлиб қолар эканмиз, бу фикр ўзгармайди.
Шундай қилиб, яшасин камтарлик, самимийлик, оқилам!..
Айтмоқчи бўлганларим асосан – шу.
Қолганини хатингни олгандан кейин ёзаман.
Хўп, эркам, кўришгунча саломат бўлгин.
Салом билан Одилинг.
Август, 1954 йил.
Кўзларингни, лабингни, қулоғингни орқасидаги сочларингни иссиқ-иссиқ ўпиб қолдим…
Р.S. Фонтанни эслабсан, Мар! Қандай ақллисан! Тўғри, ақллим, бу гўзал фонтан[2] хотирамиздан ўчмайди, кейин, дўстлик ипини маҳкам боғлаб гўзал жажжи қизчалик бўлганимизда, ҳар йили баҳорда, балки ёзда ҳам уни етаклаб шу фонтан ёнига келамиз, мен сенинг қўлингни оламан ва иккимиз бирпас жим қолиб, биринчи учрашувимизни эслаймиз… Олдимизда эса жингалак сочли қизчамиз ўйнаб, эркаланиб юради…
8
Қарноқдан Тошкентга ёзилган мактуб
Марям.
Пьесани[3] юбормоқдаман. Агар қийналмасанг, қўлёзмани олган ҳамон машинисткаларга элтиб бер. 4 нусха, икки интервалда босишсин. 2 сўмдан бераман, десанг кўнадилар. Агар академиядагилар бир кунда битмайди, дейишса, ярмини радиокомитетдагиларга бер. Ярмини биринчи куни кечқурун бориб ол, қолганини эртага оласан, агар шундай қилсанг, 10 сентябрь куни эрталаб ҳаммасини ўқиб чиқиб, қайтариб берасан.
Икки нусхасини Холдор ёки Маматхонга, 2 нусхасини менга юборасан. Агар мумкин бўлса, бирор қарноқликдан юборинглар.
Марям, шундан бошқа нима дейишимни ҳам билмайман, чунки сен менинг ҳар бири бир қулоч келадиган 3 та хатимнинг биттасига ҳам жавоб бермадинг. Мен ҳатто сенинг университетга кирган-кирмаганингни ҳам билмайман. Мабодо касал-пасал бўлиб қолмадингми ёки ўқишга кириш масаласида лаънатилар бирор чатоқлик туғдирмадиларми?
Ҳар ҳолда мен жуда ҳайрон бўлиб қолдим. Ёки мендан бир нарса учун хафа бўлдингми? Бироқ шундай бўлган тақдирда ҳам хат ёзиб, ўпкангни айтишинг керак эди-ку? Ахир, биз бошдан шундай шарт қилган эдик-ку!
Ёки, ниҳоят, университетдаги қизиқ ҳаётга қадам қўйган ҳамон бизни эсдан чиқара бошладингизми, яхши қиз?
Биламан, бу сўз ортиқча, лекин ярим ой давомида хат ёзмаганингдан кейин киши ҳар турли фикрга борар экан, Марям.
Ҳар ҳолда, қандай бўлмасин, мен сенинг, нега шундай қилганингни билишни истар эдим, чунки мен ҳеч қачон ҳақиқатдан, ҳатто бу ҳақиқат аччиқ бўлса ҳам, қўрққан эмасман.
Хўп, Марям, қизиқ ҳаётинг яна қизиқроқ бўлсин, ўйнагин, кулгин. Биз бўлса, меҳнат кишиси, ишлаб турайлик. Ахир, бир киши бўлмаса бир киши балки раҳмат айтиб қолар.
Мени кечир.
Салом билан Одилинг.
7 сентябрь, 1954 йил.
Р.S. Пьесани ҳеч ким кўрмагани яхши.
Хат ёзадиган бўлсанг, «заказной» қилганинг дуруст.
[1] Ремир – Одил аканинг жияни.
[2] Фонтан – ҳозирги юридик институт ҳовлисидаги фаввора назарда тутилмоқда.
[3] «Чин муҳаббат» пьесаси.
Sizlarga kotta raxmat, Maryam ayaning berib borvotgan maktublarini xar galdagisini intiqlik bilan kutvomman, mazza qilib o’qivomman.chin dildan yozilgan, dil izxorlari.
O`qib juda galati bo`lib ketdim. Qanchalar sof va begubor muhabbat! Biz ulardan sadoqat va vafoni ham o`rganishimiz kerak!