Исмат Хушев: Алексей Навальный — Путин салтанатининг таназзулини бошлаб берди!
ёки Россияда рўй берган бир сиёсий жараён қиссаси
журналист шарҳи
Россия президенти ва унинг гумашталари жиноий қилмишларини ошкор қилиб келаётган блогер, адвокат Алексей Навальный бир “жиноий иш” юзасидан икки марта судланиб оқланган эди.
Лекин учинчи марта айни жиноий иш билан уни 5 йил қамоқ жазосига ҳукм қилингани 18 июл жума куни эълон қилинди.
Нега?
Муаммолар иддалоси
Алексей Навальный — Путиннинг Сочига яқин Краснодар ўлкасининг энг кўркам қўриқхона (заповедник) ҳудудида жойлашган, қиймати $1 млрд. доллардан қимматроқ бўлган шоҳона қаср ва унинг атрофидаги бошқа кошоналар суратини, 2014 йил ёзида Сочида бўлажак Олимпия ўйинлари муносабати билан қурилаётган иншоотлар ҳисобидан олигарх дўстлари билан $4-5 млрд атрофидаги маблағни ўзлаштиргани исботланган ҳужжатларни интернетда қўрқмасдан ошкор қилиб келаётган мардонавор йигитдир.
Алексей Киров вилояти губернатори Никита Белыхнинг бошқарув тажрибасини ўрганиш мақсадида 2009 йилда 6-7 ой мобайнида губернаторнинг жамоатчи (бепул) маслаҳатчиси лавозимида ишлаган.
Ўша пайтда “Киров ўрмон давлат хўжалиги”ни инқироздан чиқариш йўлида шу ташкилотга бир харидорни тавсия этган.
Алал оқибат ташкилот харидор П. Офицеровга 10000 куб м дарахт кундасини 14 млн рублга сотади. Офицеров эса сотиб олган маҳсулотни 16 млн рублга сотади. Оддийгина олди сотди савдоси.
Лекин бу ишга иқтидордаги ҳукуматнинг ашаддий танқидчиси Навальный аралашгани сабаб, савдо порасиз битмайди деган шубҳа билан тижорат амалиёти устидан ҳар хил таркибда икки марта суд ўтади.
Олдинги ҳар иккала суд: бу тижорий келишувда “жиноят аломати йўқ. Жиноят содир этилмаган боис Навальный ва Офицеровлар айбсиз”, деган ҳукм билан мазкур жиноий ишни икки маротаба ёпишган эди.
Россияда сиёсий жараёнлар қизғин тус олиб тургани кўпчиликка маълум.
2012 йили Россия Федерал тергов қўмитаси раҳбари генерал полковник Бастрыкин ташаббуси билан Давлат Думаси депутати Геннадий Гудков танқидий чиқишлари боис, чет элда хусусий мулки бор деган сохта иддао билан депутатлик мақомидан маҳрум этилади.
Навальный командаси текширувлари натижасида ҳоким “Единая Россия” партиясининг 10 дан ортиқ депутати ўз мандатидан ажралади. Жумладан, Бастрыкиннинг ҳам чет элда мулки борлиги ва яна кўпгина ноқонуний ишлари очиқланади.
Шундан сўнг марказий телевидение орқали кўрсатилган мажлисларнинг бирида, аламзада генерал Бастрыкин: “нега Навальныйнинг жиноий иши икки марта кўрилиб, икки марта ёпилди» дея учинчи марта “жиноий иш” очишга буйруқ беради.
Маълумки, Бастрыкин ҳам Ленинграддан, Путин билан юрфакда бирга ўқишган. Ҳатто унинг курсида “староста” бўлган дейишади…
Россияда Бастрыкин амрини қўлловчилар ҳам етарли. Улардан бири интернетда Собянинга хушомад қилиб қуйидаги шарҳни қолдирди: “Какой там еще Навальный? Неужели он может быть вашим реальным конкурентом? Да вы этого молокососа порвете, как Тузик грелку! Да вы, с вашим опытом, с вашей харизмой на любых честных выборах победите”.http://echo.msk.ru/blog/eidman_n/1118652-echo/
Бу сафарги судда амалга оширилган тижорий келишувга боғлиқ барча ҳужжатлар мавжудлигига, тўрт марта аудит ва экспертизалар ўтганига қарамасдан Навальный ва Офицеровга 16 млн рубл ($510 минг) қийматга эга 10000 куб м дарахт “жиноий йўл билан ўзлаштиришди” деган тўҳматли айб қўйилди.
“Киров ўрмон давлат хўжалиги” бош мудири Опалевни Навальный жуда кўп камомат ва хизматдаги камчиликлар учун мансабидан озод этишга тавсия қилганидан сўнг, у тўрт беш йил мобайнида 350 млн. рублни ўзлаштиргани исботланиб, иши терговга тушади.
Тергов билан ҳамкорлик қилишга рози бўлиб Навальный ва Офицеровга тўҳмат қилиши эвазига ҳақиқий қамоқ эмас, бор йўғи 4,5 йилга шартли равишда кесилиб озодликда қолади, ўғирлаган мол мулки мусодара этилмайди.
Ҳукм ўқилишидан икки ҳафта бурун маҳкамада баён қилинган сўнгги “сўз”ида Навальний инсофсиз йирик порахўрларга қарата: “Мен бу феодал тизимни бутунлай йўқ қиламан. Тепадагиларнинг ҳаммасини қамайман! Энг биринчи бўлиб бу ишни Путиннинг ўзидан бошлайман!” деган оташин сўзлари эътиборсиз қолмади.
18 июлда ўқилган суд хулосасида “ўғирланган” маблағлар миқдори хусусида бирор рақам келтирилмади, оддий тижорат амалиётидан зарар кўрган жиҳат ё-да “товламачилик” қурбони – шикоятчи ким эканлиги аниқланмади.
Айбланувчи ва унинг ҳимоячилари томонидан “Амалга оширилган контракт юзасидан, агар олдингиларига ишонишмаса,қайтадан мустақил ҳуқуқий молиявий экспертиза (аудит) ўтказиш” талаби ҳам суд томонидан қондирилмади.
Кремлдан келган кўрсатмага биноан судья Блинов, айбланувчи ва ҳимоячиларнинг кўрсатмаларини бутунлай инкор этган ҳолда Навальныйга 5 йил ва Офицеровга 4 йил қамоқ жазоси ва яна ҳар бирига ярим млн. рубл жаримани белгилаб, уларни суд залидаёқ ҳибсга олишни буюради.
Соат эрталаб 10.00 ўқилган бу “ҳукм” 5 дақиқа ичида радио, Twitter, Facebook ва бошқа интернет ижтимоий тармоқлари орқали Навальный “иши” сиёсий мотивлар боис сохталаштирилгани бутун Россияга маълум бўлади.
Адолатсиз суд ҳукми — Путин ва Бастрыкиннинг ўз рақибларидан шафқатсиз сиёсий ўч олиб, уни тамомила мажақлаб ташламоқчи бўлганлари ойдинлашади.
Бу адолатсиз суд ҳукми кўпгина зиёлиларни, эрксевар россияликларни қаттиқ ларзага солиб, тамомила карахт қилиб қўяди. Улар мамлакатда инсон ҳақ ҳуқуқлари ва қонунлар поймол этилаётгани, уларнинг дахлсизлигини кафолатловчи давлатнинг ўзи қонунни оёқ ости қилаётганига норозилик сифатида давлатнинг ажралмас қисми бўлмиш халқ Кремл биқинидаги Манеж майдонига йиғилишга ҳамда Навальный ва Офицеровлар зудлик билан ҳибсдан озод этиш талабини қўйишга оддий блогерлар томонидан чорланади.
Фақат Москванинг ўзида сон саноқсиз одамларнинг рухсат берилмаган намойишга чиқиши Кремлдагиларни жиддий қўрқитиб қўйган.
Мен кеча ва бугун Москвага телефон қилиб, университетда бирга ўқиган курсдошларим билан гаплашдим.
Уларнинг гувоҳлик беришича, Киров вилоятидаги Ленин район маҳкамасининг Навальнийни ҳибсга олиш ҳақидаги адолатсиз ҳукми бутун Россияни сергак қилиб, ғазаблантириб қўйган.
Соат 11 га яқин Москванинг ўзида 50 000 дан зиёд, бутун Россия бўйлаб эса юз минглаб халойиқ ижтимоий тармоқлар орқали ҳозиржавоблик билан, намойишга рухсат сўрашдан бош тортиб, ўз шаҳарлари марказига норозилик билдириш туйғуси билан чиқишга тайёрлигини изҳор этган.
Адолатсизликка тоқат қилишдан чарчаган одамлар сони соат сайин ошаверган.
Катта ғалаён юз беришидан чўчиган Кремл даҳшатга тушган кўринади.
Шунинг учун у соат 16га яқин Навальный ва Офицеровларни ҳибсга олиш ҳақидаги ҳукм зудлик билан вилоят судида қайта кўрилажаги ҳақидаги хабарни, ажабки, айбланувчиларни ҳибсга олишни талаб қилган айнан прокурор Богдановнинг ўзи оммавий ахборот воситаларига маълум қилади.
Лекин халқ ҳаракатга келиб қолган ва унинг бир қисми барибир майдонга чиқиш ниятидан қайтмади.
Пайшанба куни кечгача кўпчилик иш ва хизматда бўлади. Улар соат 19 дан олдин йиғила олмасди.
Шу пайтгача, яъни беш олти соат ичида Кремл вилоятлардан қўшимча равишда полиция ва ОМОН кучларини Москвага жалб қилиб, уларни автобус ва машиналари билан чорраҳаларда навбатчилик қилишга ва қатновларни чеклашга буюради.
Кремл атрофи, Манеж майдонида зудлик билан таъмирлаш ишлари бошланиб, унинг ҳудуди ҳарбий автомашина ва полициячилар билан ўраб ташланади.
Шунга қарамасдан борди-ю қандайдир кимсалар майдонга яқинлашса, уларни аёвсиз уриш ва ҳибсга олиш хусусида полицияга очиқ ойдин фармон берилади.
Бундай кескин чора тадбирларга қарамасдан 10-15 мингча Москваликлар ҳар хил йўллар билан Манеж майдонига яқин Тверской ва ён кўчаларда йиғилиб, Навальный ва Офицеровлар зудлик билан ҳибсдан озод этилишини талаб қилишади.
Шаҳарнинг бошқа минтақаларида ҳам кўп одамлар йиғилиб тинч намойиш ўтқазган.
Бир хил полициячилар фармонни бажариб, қўлига тушган одамларни аёвсиз уришади ва турма автобусларига тиқишади. Кўпчилик полициячилар эса халққа қонуний муносабатда бўлишади.
Кечаси тарқалмасликка қарор қилганлар сони борган сайин камаяверади.
Камчиликни кўрган муштумзўр полициячилар жасоратга тўлиб камчилик қолганларни дўппослашади. 200 га яқин одам ҳибсга олинади ва халқнинг ғазабини қайта қўзғамаслик учун Кремл топшириғи боис уларнинг кўпчилиги озод этилади.
19 июл эрталаб соат 10.00 да Киров вилоят судида ўша прокурор Богдановнинг кассацион талаби зудлик билан кўриб чиқилиб, Навальный ва Офицеровларни ҳибсдан озод этиш ҳақида ҳукм чиқаради.
Яъни, тупук (опловеха) уларнинг юзидан — тупурганлар томонидан қайта ялаб олинади…
Ҳодисанинг давомини “Озодлик” радиоси келиштириб баён қилган:
“Бир кунлик қамоқ
Энг қизиғи¸ Навальнийни озод қилишни суддан уни жиноятчига чиқарган прокурор Сергей Богдановнинг ўзи талаб қилди:
— Мен суддан 18 июл куни Ленин туман суди чиқарган эҳтиëт чорасини саëҳат қилишни чеклаш чорасига алмаштиришни сўрайман¸ деди давлат прокурори.
Киров туман суди қарори билан суд залидан қўлига кишан солиб олиб кетилган Алексей Навальний ва Петр Офицеровлар¸ бир кечалик ҳибсдан сўнг¸ вилоят суди ҳукми билан суд залида озод қилинди.
Судда қилган чиқишида Навальний прокурор сўровининг пайшанбадан жумага келиб ўзгариб қолганини масхара қилди:
— Ҳурматли суд. Биринчидан мен прокурор Богданов шахсиятини аниқлаб олиш заруратига диққатингизни қаратмоқчиман. Бугунги прокурор асл Богдановнинг мухолифатчилар томонидан юборилган қиëфадошига ўхшаяпти. Чунки кечагина айни прокурор менинг суд залида қамоққа олинишимни талаб қилган эди¸ деди Навальний 19 июл кунги ҳайратомуз суд йиғинида.
Киров Вилоят суди ҳукмига кўра¸ қамоқдан озод қилинган Навальний ва Офицеров хорижга чиқмаслик ҳақидаги тилхатга қўл қўйгач¸ 19 июл куни қўйиб юборилди”.
http://www.ozodlik.org/content/article/25050906.html
Навальныйнинг қамалиши ҳақидаги суд ҳукми ортидан Москвадан ташқари Санкт Петербург, Екатеринбург ва Россиянинг бошқа шаҳарларида ҳам тинч норозилик акциялари бўлиб ўтди.
Навальный ва Офицеровлар Москвага поездда 20 июл шанба куни эрталаб етиб келиши кутилмоқда. Уларни минглаб Москвалилар кутиб олиш ниятида. Кремл чўчиб, даҳшатга тушганини бекита олмаётир.
Манеж майдонида навбатдаги «Народный сход” (халқ маслаҳати йиғини)га чек қўйиш мақсадида 20 июл соат 11-13 да Москванинг қоқ марказида “велосипедчилар пойгаси” уюштириладиган бўлди.
Шу муносабат боис,(эҳтимолий норозилик митинги ва намойишона юришнинг олдини олиш мақсадида эмас!),Кремл атрофида маълум муддат автоҳаракат тўхтатилиб, фуқаролар тўпланиши чекланади, Москва маркази полиция ва ОМОН назоратига олинади.
Энди баён қилинган сиёсий можаронинг бошқа томонига эътиборни жалб қилмоқчимиз.
Қурбон қилинган “қаҳрамонлар”
Кремлнинг шармандали топшириғини бажариб, Навальный ва Офицеровларни ҳибсга олишни талаб қилганган прокурор Богданов ва шу ҳукмни амалга оширган судъя Блиновлар кечагина “қаҳрамон” бўлгандилар.
Бир кун ўтмасдан “Кремлнинг обрўйини тўккан”га чиқарилиб, ўша “қаҳрамонлар” бир зумда ифлос сиёсат қурбонига айланишди.
Уларнинг бу шармандали ҳолатига баҳо бериб мақолани “Қурбон қилинган “қаҳрамон”лар деб номламоқчи ҳам бўлдик, лекин уни кичик сарлавҳага ўринли деб топдик.
Бу ёғи нима бўлади?
Хўш, жараёнлар шу тарзда давом этадиган бўлса, Навальный ва Офицеровлар вилоят судига йўллаган аппеляцияси ва уларнинг тақдири не кечади, деган савол туғилиши мумкин.
Бизнинг назаримизда, иккита эҳтимолий сценарий бор.
Бири, Путин орқага чекинадиган ёки тисланадиган давлат арбоби эмас. Чекиниш унинг тутуриқсиз назарида ҳукуматнинг ва шахсан ўзининг заифлиги намунаси. У Навальнийга 5 йил қамоқ жазосини қолдиришга ҳаракат қилади.
Агар жиноий жазонинг моддаси тазйиқлар остида ўзгарадиган бўлса, Москва шаҳри мэри (ҳокими)га номзод Навальный сентябрда ўтқазилажак сайловда 20-30% овоз ололса (бизнингча у энди бундан ҳам кўп овоз олиши мумкин), дахлсизлик иммунитетига эришади ва шундан сўнг Путин ва атрофидаги гумашталарнинг боплаб адабини беради.
Навальныйнинг озодликка чиқиши эса — Путин қудратининг таназзулидан, ўн икки йилдан бўён порлаб келаётган қуёшининг бота бошлаганидан дарак беради.
Иккинчиси, рус халқи ўз ҳуқуқини авторитар ҳокимга бутунлай бериб қўйиб, азият чекадиган қора оламон эмас. Зиёлилар раҳбарлигида у энди таслим бўлмасликка ҳаракат қилади.
Бугун маълум бўлишича, Россия президенти қошидаги фуқаролар ҳуқуқини ҳимоя қилиш кенгаши раиси Михаил Федотов 33 аъзодан 20 тасининг талаби ва жуда кўп Россиялик зиёлиларнинг қатъий истаги билан Навальный ва Офицеровлар “жиноий иши”ни мустақил экспертизадан ўтказишни эълон қилди.
Шу мақсадда интернет орқали мустақил юрист экспертлар халқ томонидан танланадиган бўлди. Экспертчи таҳлилчиларнинг хулосаларини эса тахмин қилиш қийин эмас.
Энди Собяниннинг Москва ҳокими бўлиб қайта сайланиши жуда қийин бўлади. Путиннинг жиззаки феъли ва ўз рақибларидан ўч олиш хислати уларнинг қудратини жиддий савол остига қўйди.
Ўзга фикрларга ўта тоқатсизлиги ва рақибидан ўч олишга ниҳоятда иштиёқмандлиги Путинга қаттиқ панд бериши мумкин. Энди кўзи очилган москваликлар унинг лаганбардори Собянинга қайта ишонч билдирармикин?
Россиядаги биз тилга олган сиёсий ҳангомалар нима билан тугашини “Дунё ўзбеклари”да биз билан бирга кузатиб боринг.
Яқин келажакда Россияда бўлажак ҳар қандай сиёсий ўзгаришлар энди Алексей Навальний номи билан боғлиқ бўлади.
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ
Исмат ака ошириб юбордингиз,Навальный оркасида Немцов,Касянов сингари сиёсий «мурдалар» ва Гарб турипти,Сиз Собчакнинг «оташин» нуткларини эсланг,кейин хотини ва кизига миллионлаб доллар колдирди.Навальний хам шунака муттахам.Россияда якин 50 йилда гарбпарастларга нон йук.
Bizdan oldingi dostlarimizning izohlarida , bizning fikrlarimiz ham ifodalibdi . Shularni hisobga olib fakatgina bitta narsani koshimcha kilish mumkin , ozlari tan olmasalarda , bu dunyoda abadiy hukmronlik mumkin emasligini vakt isbotlab turibdi . Ha , ohirgi shabodalar jurnalist Ismatjonning sharhida jon borligini tasdiklab turibdi . Rossiyani buyuk ozgarishlar kutmokda inshaAlloh .
Mani komentim qani? I vaabshe nega DUNYOUZBEKLARIDA bosh maqola qanaqadir urislaru navalniylar haqida? Uzbda bundan ming battaru tugrimi? Lekin ularni yozish uchunam duh kerak.. Siz mani komentlarimni uchirib maninjuda hayron qoldirdiz..
Алексей Навалъный узинииг гайрат шижоатга тулган харакатлари билан Путин режимини энг огрикли нозик жойидан ушлади. Дунёдаги энг коррупциялашган давлатлардан бири Россияга айнан Навалъный каби иродали,жасур юраги отни калласидек мухолифатни уз оркасидан олиб борадиган лидерлар керак.
Жаноб Хушев, яхши таҳлилий ва тафсилотлар билан ёритилган мақола бўлибди. Аммо Ўзбекистонда Ислом Каримов Путиндан ўн, балки юз марта кучли диктатордир. Каримовнинг режимида ҳозир Русияда бўлаётган халқ намойишларини, у ердаги сўз эркинлигини тасаввур қилиш ҳам имконсиз эканлигини яхши биласиз. Бизда 30 миллонлик халқ оғзига пахта тиқилган, қўл оёғи кишанланган ҳолда зулм кўрмоқда. Бу ҳақда ким ҳаяжон билан ёзади, бу бечора халқни ким ҳимоя қилади? Шулар ҳақида ҳам фикр билдирсангиз яхши бўлади
Рус халкига одамнинг хаваси келади,хакикат учун хеч нарсадан кайтишмайди,фарзандлари келажаги учун улимга хам тайёр.Бизнинг халкимиз уз «Навальный»ларини шундай химоя кила олмаганлиги учун хам бугунги кунда «дангаса» номини олди ва бу 200фоиз хакикатдир.Мамлакат такдири УЧЛИК гурухи тасарруфида колиб келмокда.Рус халкининг келажаги бор!!! бизнинг халкимиз келажаги катта сурок остида.БУРИТОШ-БАХОДИР-РАШИДЖОН=КОНЦЛАГЕР эканлигини халкимиз билади-ю!!!Минг афсусларким Окамлар билишмас эмиш!Ишондим!