"Дунё ўзбеклари" сайтини энди телефонда, планшетда ва комьютерда ихчам мобиль версияда кўришингиз мумкин: [fdx-switch-link]
  • Асосий
  • Ассалому алайкум!
  • Муаллиф ҳақида
  • МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ

Улуғ ёзувчи Одил Ёқубов умр йўлдошининг хотиралари (61-64)

Адабиёт, Одил Ёқубов рафиқасининг хотиралари..., Ўтганлар ёди | 17/07/2013 18:06-     11164 марта ўқилди

Одил ака хотини биланОйижоним

Биз онамнинг онасини «буви» эмас, «ойи» дердик.  Тошкентда ёш оналарни «опа» дейишарди.

Мен ойижонимнинг ёнидан кетмасдим. Тикув машинасига ўтиришлари билан мато қийқимларини териб олиб, қўғирчоғимга «сеп» қилардим.

Катталарга мослаштирилган андозанинг жажжи нусхасини ўзим қирқиб, қўғирчоғимга мослаштириб тикардим-да, қилган ишимни ойимга кўрсатиб мақтанардим.

Ойижоним нозиккина, хушбичим аёл эдилар. У киши пазанда, қўли гул чевар, чаққон, тежамкор ва меҳмондўст аёл бўлиб, шу фазилатлари билан қўни-қўшниларнинг «холаси»га айлангандилар. Улар уйига меҳмон келди дегунча, албатта, ойижонимни чойга чақиришар, мабодо биронта қариндошларининг тўй-маъракасига борадиган бўлишса, ҳар доим ойимни судрашарди.

Ойижоним саводхон эдилар. Абдулла Қодирий қаттиқ тазйиққа учраган кезларда бувижонимнинг уйида «Ўткан кунлар»нинг араб алифбосида чоп этилган (Қозон босмаси дейишарди) илк нусхаси бор эди. Ойижоним бизга  бу асарни бетакрор маҳорат, шоирона завқ билан ўқиб берар, китобнинг ҳар бир саҳифасини гул баргидай авайлаб варақлар эдилар. Мен ҳали ёш қизалоқ эканман, асар ниҳоясида Кумуш­нинг ўлганини эшитиб, худди ўзимнинг энг яхши кўрган келинойимдан ажраб қолгандай таъсирланганман.

Ўша оғир кунларда бу ноёб асарни кўз қора­чиғидай асраб, биз, ёшларга маърифат улашган ойижонимнинг охирати обод бўлсин.

Ойижоним сабр-бардошли аёл бўлган. Оғир дардга чалиниб, томоғидан бир қултум сув ўтмай, қийналиб, тўшакка михланиб ётган вақтида ҳам кўргани келган қўни-қўшнилар, қариндош-уруғларни дуои фотиҳа, панду насиҳат билан кузатиб қўярдилар.

Боя айтганимдек, ойим ҳамма ишга эпчил, уқувли бўлган. Сочим жуда қалин бўлганлиги боис ўзим эплаб таролмай йиғлаб юрардим. Шунда яна ойижоним жонимга ора кирарди. Олдин сочларимни 5–6га бўлиб, кейин оз-оздан чигалини туширардилар-да, сип-силлиқ қилиб ўриб қўярдилар.

Ўтган асрнинг 60-йилларида қиз-жувонлар орасида соч қирқиш урфга кирди. Бирор ёққа бирга бормоқчи бўлсак, қалин ва узун сочларимни турмаклашга анча вақт кетиши замонавий ёзувчи – Одил акага малол кела бошлади шекилли, шундай вақтларда:

–  Сизнинг ўрнингизда бошқа аёл бўлса, аллақачон бу ташвишлардан халос бўлган бўларди, – дердилар.

Шундай пайтларда сочларимни кесаман деган фикр туғилса ҳам, ойижонимнинг: «Соч – қизнинг ҳусни», дея кунда сочларимни меҳр билан ўриб қўйишлари, меҳнатлари кўз олдимга келар ва худди ойижонимни хафа қилиб қўядигандек сочимни кесишга журъат қилолмасдим. Хуллас, Одил ака айтганларидай, «бошқа аёл» бўлолмадим. Лекин кейинчалик Одил аканинг ўзлари ҳам менинг бу қароримдан мамнун бўлганлар.

Одил ака бирон жойга борсалар, қайтишда менга, албатта, совға олиб келардилар. Айниқса, водий томонга борганларида, атлассиз қайтмасдилар ва: «Сочларингизни битта қилиб ўриб, атлас кийиб «лов-лов» ёниб юринг, хоним», деб қўярдилар. Мен «менинг қўлим эмас, чевар ойижонимнинг қўли», дея матони ўзимга мослаб бичиб, тикиб олардим.

Одил акам ойижонимни ўз оналаридан кам кўрмасдилар. Оғир дардга чалиниб, хаста ётганларида ўз касбининг фидойиси бўлган шифокорларни уйга таклиф қилиб, ойижонимни кўриб қўйишларини сўрардилар. Ойим ҳам: «Меҳрибон куёвимдан айланай, илоё, сизни Худонинг ўзи ёрлақасин», дея дуо қилардилар. Бувим вафот этганларида ҳам Одил акам ёлғиз ўғил бўлган тоғам билан ўғил ўрнида ёнма-ён турганлар.

 

Ҳаёт қувончлари

Янги турмуш қурганимизда оилавий шароитимиз ҳаминқадар эди. Инсон борига шукр қилиб, яхши ният билан олға интилса, ҳамма орзуларнинг ўз рўёбини топиши аниқ экан. «Шукр қилсанг етарсан муродга», деган гап бежиз айтилмаган. Мен бу гапнинг ҳақлигига ўзимнинг ҳаётим давомида амин бўлдим.

Юқорида қайта-қайта айтганимдек, ижара уйда бошланган оилавий ҳаётимиз аста-секинлик билан, қийинчилик билан изга тушди. Мен ҳар жиҳатдан Одил акани қўллаб-қувватлашга ҳаракат қилдим. Айрим аёлларга ўхшаб кунда яхши ейман, янги кияман, тўйга бораман, дея хархаша қилмасликка ҳаракат қилдим. Чунки ижодкор аҳлининг кўнгли жуда нозик бўлиши, арзимаган гинахонлик каттагина келишмовчиликка айланиб кетиши, кўнгиллари оғриши мумкинлиги ҳеч кимга сир эмас. Мен жуда ёш турмуш қурганим ёки Одил акани севиб ардоқлаганим са-
баблими уларнинг фикр-ўйларини жуда тез илғаб олардим. Бизнинг ширингина оиламиз учун камтаргина рўзғорнинг ўзи кифоя қиларди.

Рўзғор учун чойнак-пиёла, гилам, радио, ке­йинчалик телевизор… каби ҳар бир буюмнинг сотиб олиниши бизнинг бир неча кун мобайнида  шод-хуррамлик иқлимида яшашимизга сабаб бўларди. Ўша кунларда бу дунёда биздан бой-бадавлат, биздан бахтли оила йўқдек туюларди. Телевизор кўриш учун қўшниларникига чиқмаслик, энди хоҳлаган вақтимизда қулоғини бурасак, «ойнаи жаҳон»да хоҳлаган кўрсатувни томоша қилишимиз мумкинлигининг ўзиёқ кўнглимизга ҳузур ва ором бағишларди.

Ҳар бир буюм ўз тарихига эга: бири «Муқад­дас»нинг, яна бири «Эр бошига иш тушса»нинг, бошқаси эса «Кўҳна дунё»нинг қалам ҳақига келганлигини айтиб, суюниб ўтирардик.

Ҳозирги ёшларимизнинг тўкин-сочинликда яшаш­­ларини кўриб кишининг ҳаваси келади. Турмуш қурган чоғларидаёқ ҳамма нарсалари бадастир. Ота-оналар фарзандларининг барча орзу-ҳавас­лари­ни муҳайё қилишади. Айниқса, 2012 йилнинг «Мустаҳкам оила йили» деб эълон қилиниши ва ёш оилаларни қўллаб-қувватлашга қаратилган тадбирларнинг амалга оширилаётганини кўрган киши қувонади. Ёш оилалар учун уй-жой қуриш, тадбиркорлик ишлари бошлаш учун эса давлатимиз томони­да­­н ажратилаётган имтиёзли кредитларни айтмайсиз­ми? Тинч ва осойишта Ватан қўйнида, замонавий андозада қурилган, барча қулайликларга эга уй-жойларда бахтли ҳаёт кечираётган ёшларимиз Яратганга шукроналар айтишса арзийди. «Эгаси бор юртни­нг эртаси бор»,– деб бежизга айтишмаган экан.

Бизнинг ёшлик хотираларимиз, оиламизнинг тинч-тотувлиги, фаровонлигини таъминлаш йўлида чеккан заҳматларимиз фарзандларимиз ва набираларимиз ва, умуман, ёш авлод учун сабоқ бўлишини,  уларнинг бугунги тинч, осойишта, тўкин-сочин ҳаётнинг қадрига етишларини жуда-жуда истайман. Ўз нав­батида, улар ҳам кўрсатилаётган меҳр-муҳаббатга муносиб жавоб берсалар, оила аталмиш муқаддас қўрғонларини асраб-авайласалар, ота-оналарини, ёши улуғ қўни-қўшнилари, қариндош-уруғлари ва барча юртдошларини қадрласалар, миллий қадриятларимиз ва урф-одатларимизни асраб-авайласалар, турли номаъқул ишларга қўшилмай, эл-юртнинг обод ва фаровон бўлишига муносиб улуш қўшсалар, айни муддао бўларди.

 

Келинлар

Яхши кунларнинг бирида тўнғич ўғлимиз Муроджонни уйлантириш тараддудини кўра бошладик. Ўғлимиз ихтиёрни бизга берди. Келинликка ўзимиз билан бир маҳаллада истқомат қилувчи олижаноб бир инсоннинг қизини танладик. Бўлажак қудамиз маҳаллада обрў-эътиборли, 6 нафар фарзандни тарбиялаб, уларнинг тўйларини ҳам биздан олдин бошлаб юборган эди. Қуда-андаликни жуда зўр қувонч билан бошладик.

Тўй ҳовлимизда ўтди. Барча ёзувчи ва шоирлар, ижодкорлар ва кўпгина дўст-ёрлар ташриф буюрдилар. Одил аканинг ҳурмати учун тўйимизга меҳмон бўлган Ҳалима Носирова дилтортар қўшиқлар куйлаб, ёш қизларни рақсга тортдилар. (У даврлардаги тўйларда ҳозиргидек ҳамма ёш-яланг, қиз-жувонлар пала-партиш рақсга тушаверишмасди. Овоз кучайтиргичлар ҳам қулоқни қоматга келтирмасди).

Мен доим қизимиз бўлишини орзу қилардим. Ҳатто тўртинчи ўғлим туғилганида, унинг қиз бўлиб туғилмагани учун қўлимга олмай, бир соатдан зиёд йиғлаб ўтирганман. Уйимизга келин келиши билан ўша орзуим ушалгандек бўлди. Келинларим менга келин эмас, қиз бўлдилар.

Биронта тўйимиз ёзувчи ва шоирлар, адабиёт намояндаларининг иштирокисиз ўтмаган. Четдан қараганда, фарзандларимизнинг тўйлари катта адабий мушоирага ўхшаб кетарди. Бу мушоиралар тўйга ўзгача файз бағишларди.

Бошқа келинларимизни ҳам ўзимиз биладиган, борди-келди қиладиган, синалган кишиларнинг оилаларидан танладик. Худога шукр, барча келинларимиз солиҳа, меҳрибон, одамижон. Бугун ҳар бири ўз
оиласининг бекасига айланган. Илоё, қўшганлари
билан қўша қарисинлар.

 

Шукроналик

Мен тақдирим Одил акадай бағри дарё, диёнатли инсон билан  боғланганидан жуда бахтиёрман. Ижодкор одам билан яшашнинг ўз қийинчиликлари, машаққатлари ҳам бисёр бўлса-да, Одил акам жўмард, ғурурли, ориятли, бир сўзли, ўз ўрнида қаттиққўл, талабчан, шунинг билан бирга меҳрибон инсон бўлганликлари учун бу машаққатларни енгиб ўтишда асло қийналмаганман. Энг асосийси, у киши ҳамиша кўнглимга қарар, фарзандларимизни жуда яхши кўрар эдилар. Ҳар бир фарзандимиз туғилганда териларига сиғмай қувонар, уларнинг бурро тили билан айтган сўзларини такрор-такрор қайтарардилар. Шунча иш, ижоддан ортиб фарзандларнинг таълим-тарбиясига ҳам алоҳида эътибор берардилар. «Ҳар бир бола ўзгача бир хулқ-атворга эга шахс. Уларга ўз табиатларидан келиб чиқиб муносабатда бўлиш лозим. Шундагина қилган меҳнатларимиз зое кетмайди. Ортимизда эл-юрт хизматига камарбаста, муносиб фарзандлар қолади. Бундай фарзандлар меҳр-муҳаббат, самимият, ўзаро ишонч бўлган мустаҳкам оилада камол топадилар. Бунинг учун биз, ота-оналар, уларга ўрнак бўлишимиз керак. Инсон ўзидан муносиб мерос, ғурурли, ориятли авлод қолдирсагина ўтган умри бекор бўлмайди», дер эдилар.

Ярим асрдан зиёд давом этган елкадошлигимизда бир-биримизга суянч, мадад бўлиб, жуда ширин ҳаёт кечирдик. Уларнинг хизмат сафарларидан юборган хатларини қайта-қайта ўқиб оттирган тонгларимдан, фарзандларимни бағримга босиб йўлларига қараб ўтказган кунларимдан мингдан минг розиман.

Бағрим отасининг келбатини, савлатини, ақл-идрокини кўз ўнгимда намоён этиб турган тўрт азамат ўғлим, қў­ша-қўша невара-чеваралар билан тўла.

Илоҳим, Одил акамнинг жойлари жаннатда, охиратлари обод бўлгай.



[1]Шаталоқ маъносида.

 

[2] Маматамин Маҳмудов – шоир Миртемирнинг яқин дўсти.

 

[3] Сулаймон Амиров – Абдулҳамид Чўлпон, Мақсуд Шайхзода, Миртемирларнинг яқин дўсти.

 

[4] Ҳилват тоға – Одил аканинг тоғаси.

 

[5] Асасўқлар – эси йўқлар дегани.

 

[6] Эгамберди ота – Одил аканинг отаси.

 

Ўхшаш мақолалар:

  1. Одил Ёқубов рафиқасининг хотиралари: Танишув ёки магазинчи йигит (1)
  2. Одил Ёқубов рафиқасининг хотиралари (5)
  3. Улуғ ёзувчи Одил Ёқубов умр йўлдоши Марям ая хотираларидан (15-18)
  4. Улуғ ёзувчи Одил Ёқубов умр йўлдоши Марям ая хотираларидан (21-23)
  5. Улуғ ёзувчи Одил Ёқубов умр йўлдоши Марям ая хотираларидан (24-25)
  6. Улуғ ёзувчи Одил Ёқубов умр йўлдошининг хотиралари (32-33)
  7. Улуғ ёзувчи Одил Ёқубов умр йўлдошининг хотиралари (38-42)
  8. Улуғ ёзувчи Одил Ёқубов умр йўлдошининг хотиралари (43-45)
  9. Улуғ ёзувчи Одил Ёқубов умр йўлдошининг хотиралари (46-50)
  10. Одил Ёқубов ва Марям Ёқубова: МАКТУБЛАРДА АКС ЭТГАН КЎНГИЛ (5)
  11. Одил Ёқубов ва Марям Ёқубова: МАКТУБЛАРДА АКС ЭТГАН КЎНГИЛ (7)
  12. Одил Ёқубов ва Марям Ёқубова: МАКТУБЛАРДА АКС ЭТГАН КЎНГИЛ (14)
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ

Leave a Comment

Фақат 500 белгигача рухсат этилади. Мақола ёки хабарларни МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ ёки Биз билан алоқа шакли орқали жўнатинг.

Нажмите, чтобы отменить ответ.