Улуғ ёзувчи Одил Ёқубов умр йўлдошининг хотиралари (56-60)
Ёз кунларининг бирида Одил ака иш билан водийга отландилар. «Хоним, сизни бирга олиб кетайми? Сайр этиб, кўрмаганларингизни кўриб келасиз»,– дедилар.
Бироқ ёзнинг иссиқ кунида олис йўлга чиқишга хоҳишим йўқ эди. Уларга оқ йўл тиладим.
Эртаси куни эрталаб икки киши «Тико»да келиб, Одил акани олиб кетишди. Уч кун деганда сафардан қайтдилар.
Йўлдан келганларида дарров юз-қўлларини ювиб, чой ичар-ичмас ўринга чўзиладиган одам чарчоқ нималигини билмасдилар.
Иссиққина чой дамлашни буюрдилар. Чойни пиёлага қуйиб узатиб улгурмасимдан ҳикояларини бошлаб юбордилар:
– Эҳ, хоним, шундай сафардан қуруқ қолдингиз-а! Мен айтай, сиз жон қулоғингиз билан эшитинг. Йўл азоби – гўр азоби, деган гаплар эскириб қолган шекилли. Йўлда на зерикдик, на чарчадик. Довондаги қурилишнинг ҳайбатини кўриб, рости, ҳайратга тушдик. Одамзод – бамисоли чумоли! Лекин одамдан ҳам техника кўп. Моторлар гувуллаши осмону фалакка ўрлайди. Қулатилаётган қояларнинг тоғу тошга урилиб берган акс-садосидан қорли тоғлар ларзон-ларзон. Биз аввал тош ва цемент ташиётган «Камаз»лар, тоғу тошларни суриб, йўлни кенгайтираётган грейдер ва бульдозерларни битта-битта санай бошладик. Бироқ кўпга бормай чалғиб кетдик.
– Вой, шунча қурилиш кетаётган бўлса ҳам йўллар очиқ эканми? – сўрайман ҳайратимни яширолмай.
– Э, шошмай туринг, хоним. Лекин гап фақат бу қурилишда эмас. Биз чопқир тойчоғимизда қушдай учиб борар эканмиз, яна бир нарсадан ҳайратга тушдик. Ҳануз қурилиш кетаётган катта йўлнинг қалтис бурилишлари-ю пасту баландини писанд қилмай бир-бирини қувиб, ғизиллаб ўтаётган енгил машиналарнинг чамамда саксон фоизи Асаканинг «Нексия»си-ю «Тико»си, халқ эркалаб «Бўлка нон» деган «Дамас» машиналари эди. Уларнинг олдида «Жигули», «Москвич», ҳатто «Газ-31» ҳам қандайдир ҳориб-толиб қолган отларни эслатади.
– Янги машиналарнинг ичида «Нексия»ни яхши, дейишади-я. Ўзиям бирам чиройли…
– Тўғри, «Нексия»ни камситмоқчи эмасман, яхши машина, учқур машина. У илдамлаганда худди боболаримиз минган машҳур тулпорлардек «майин» чопади. Аммо «Тико!»… «Тико» роҳатижон бир улов экан. У учқур тойчоқ эмас, миттигина мўъжаз қушча экан. Бу қушчамиз «Газ-31» у ёқда турсин, ҳатто «Мерседес»ни ҳам қувиб ўтиб, бор-йўғи уч ярим соатда Қўқонга кириб борди. Мана чарчоқ нималигини билмай, уйга ҳам етиб келдим. Бу жажжи қушчанинг манглайидан ўпиб олгим келди. Насиб қилса, бу кўрганларимни батафсил ёзаман. Ўшанда бундан ҳам кўпроқ қойил қоласиз, хоним. Ҳафсаласизлигингиз учун мана шундай неъматларни кўришдан бебаҳра қолдингиз. Майли, хафа бўлманг, вақти келса, сизни ҳам олиб бораман ўша томонларга, – дедилар.
Одил аканинг ҳикояларини мириқиб тингладим. «Тико»даги саёҳатдан қолиб кетганимдан афсусландим.
Одил ака, ният қилганларидек, мустақил мамлакатимизнинг миллий матбуоти ривожига муносиб ҳисса қўшдилар. Бир муддат ўтиб, турли йилларда ёзилган ҳикоялар, қиссалар, драмалар, этюд ва мақолалар жамланган «Қайдасан, Морико?» деб номланган сайланма китобхонлар эътиборига ҳавола этилди. Китобдан мустақиллик йилларида ёзилган «Қашқадарё гурунглари», «Замонамиз қаҳрамонлари», «Посбон ҳамюртларим», «Истиқлол боғининг ширин мевалари» сингари ўткир публицистик мақолалар ҳам ўрин олди. Бу мақолаларда асосан мустақиллик йилларида бўлаётган ўзгаришлар, Президентимизнинг ташаббуси билан барча соҳаларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари фахр ва ифтихор туйғулари билан тасвир ва таъриф этилди. Бу китобни қўлимга олсам, Одил аканинг «Тико»даги саёҳатдан қайтган пайтларидаги ҳис-ҳаяжонлари менинг вужудимни ҳам қамраб олгандек бўлади.
Улуғ мукофот
Мустақиллик – ўзбек халқиннг азалий орзуси, эрк ва ҳуррият йўлида жабру жафо чеккан улуғ аждодларимизнинг армони эди. Одил ака мамлакатимизнинг мустақилликка эришганини кўриб, нафақат шу эрксевар аждодларимиз, балки ўзларининг ҳам орзу-армонлари ушалганидан ғоят хурсанд бўлдилар. Мустақиллик офтобининг улар ҳаёт пайтида порлаб юборганига минг бора шукроналар айтдилар. Не-не юртдошларимиз бундай улуғ неъматнинг таъмини тотмай ўтиб кетганларидан афсус ва надоматлар чекдилар. Юртимизда амалга оширилаётган маънавият ва маърифат, адабиёт ва санъат йўналишидаги улкан ишларни, ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган ва давлат сиёсати даражасига кўтарилган юмушларни, қўйинг-чи, барча соҳалардаги ютуқларни кўриб, беҳад қувондилар. «Мен каби ўсмирлик даври уруш йилларига тўғри келган инсон учун бундай
тарихий ўзгаришларни кўриш – улкан бахт. Фарзандларимизни, айниқса, набираларимиз, умуман, ўзбек халқини Худо ярлақаган экан. Бундай юрт қаерда ҳам бор, дейсиз, онаси», – деган гапларни тез-тез айтардилар.
Мустақиллик байрамларининг бири арафасида
бир шогирдлари қўнғироқ қилиб, Одил аканинг
меҳнатларини эътироф этилгани ва «Эл-юрт ҳурма-ти» орденига сазовор бўлганларини айтиб табриклади. Бу хабарни сокинлик билан қабул қилган Одил ака бир муддат хаёлга толдилар. Инсон одатда эъти-рофга, ҳурматга сазовор бўлиб, қутлов сўзларини эшитса, негадир хаёлига яхши кунлар эмас, кўп ҳолларда қийинчиликлар, камситилган вақтлари келади. Ўша онларда у кишининг ҳам кўз ўнгида минг бир қийинчилик билан ўтган ўсмирлик даврлари, Гоби чўлларидаги сарсон-саргардонликлари, «Пахта иши» ёки «Ўзбеклар иши» бўйича ноҳақ айбланган юртдошларимизнинг фожиали тақдири, мустақиллик арафасида Москвада ўтган серташвиш қурултой, Ўш, Ўзган, Фарғонада бўлиб ўтган қирғинбаротлар-у бошқа ташвишли кунлар гавдаланган бўлса ажаб эмас. Мен Одил аканинг бир нуқтага қараб тик туриб қолганларини кўриб, сиҳат-саломатликларидан хавотир ола бошладим.
– Табриклайман, отаси! – дедим Одил акани хаёлот денгизидан чиқариб олиш мақсадида. – Тузукмисиз?
– Яхшиман, хоним. Жуда ҳам яхшиман. Биласиз-ку, бу бошим қанчадан-қанча қийинчиликлар, ташвишларни кўрган. Бу сочлар бекорга оқариб, тик қаддимиз бежиз дол бўлмаган. Худо берган неъматнинг энг бетакрори сен билан фарзандларим бўлса, энг улуғ мукофот ҳукумат томонидан мана шу эътироф этилишимдир. Хаёл суриб қолганимдан ваҳимага тушма. Бу, Юртбошимизнинг, ўзбек халқининг меҳнатимга, ижодий фаолиятимга берган баҳосидан туғилган ҳаяжондир. Мустақил Ватаннинг юксак мукофотига сазовор бўлиш бахти нима эканлигини шу ёшимда, эндигина чуқур ҳис қилаяпман. Бу мукофот аслида сизга берилиши керак эди, – дедилар-да, мен сари бир одим ташлаб юзимдан ўпиб қўйдилар.
Барака топкур Илмира
Мустақиллигимизнинг 20 йиллиги арафаси. Июль ойининг ўрталарида қўққисдан телефон жи-ринглаб қолди. Гўшакни кўтарсам, бир ёш йигит
одоб билан салом бериб, Искандарни сўради. Чақи-риб бердим. Кўнглим бир нарсани сезгандек ўша ерда тик туриб қолдим. Искандар ҳалиги йигит билан гаплашиб бўлиб, гўшакни жойига қўйгач, суҳбат мазмунини айтиб берди:
– Телевидениедан қўнғироқ қилишди. Эшқобил экан. Одил ака ҳақида кўрсатув қилмоқчимиз, деди. Мустақиликка бағишланаркан. Машҳур халқ артисти уйимизга келиб, отамнинг монологларини ўқиб бераркан. «Тасвирлар уйингизда, отангизнинг ижодхонасида олиниши керак», деяпти.
Ўғлим гапираяпти-ю, менинг хаёлим қаерлардадир учиб юрипти. Ҳа, Мустақиллик… Не-не адибларимиз бу кунларни кўрмай, мустабид тузумнинг қурбонлари бўлиб кетишди. Оллоҳ уларни ўз раҳматига олган бўлсин! Буни қарангки, Одил акага мустақиллигимизнинг ўн саккиз йилини кўриш насиб қилди. Истиқлол самараларини баралла куйладилар. Юртбошимиз билан бир неча бор сафарларда бўлиш шарафига муяссар бўлдилар. Мустақил Ватанимизнинг олий мукофотлари билан тақдирландилар… Искандар:
– Ҳа, тинчликми, аҳволингиз яхшими, ойижон? – деб елкамдан қучоқламаганда, билмадим, хаёл мени қанча вақт ўзининг дашту саҳроларида сайру саёҳат қилдирган бўларди.
– Тинчлик! Тинчлик, болам. Ҳа… яхши… Раҳмат!.. Чарчамаган бўлсанг, телевизорчиларга ёрдам бериб турарсан, – дедим.
Очиғини айтсам, шунга ўхшаш қўнғироқларнинг Одил ака вафотидан кейин учинчи ёки тўртинчи марта бўлиши эди. Эшқобилгача дона-дона гапирадиган, лекин мулойимгина журналист қиз келган. Ундан аввалроқ ана шундай товушда яна бир қиз… Мени гапиришга бермайди. Ҳаммаларида талаб битта: ижодхона. Тасвир фақат ўша ерда олиниши керак. Савол ҳам бир хил:
– Стол-стуллари, курсилари қандай бўлса, шундай турибдими? Қоғоз-қаламлари, қўзёмалари, девордаги суратлар ўз жойидами? Кийимлари, дўппилари-чи?
Хуллас, ёзувчининг нафаси уриб туриши керак! Бу нарсалар кўрсатувнинг таъсирли чиқишини таъминлайди…
– Энди мениям тингланг, Эшқобил ўғлим ва мен исмларини сўраб олмаган ширинтой қизларим. Сизларнинг ниятларингизни ниҳоятда қадрлайман. Раҳ-мат сизларга! Сезиб турибман, «ёзувчи» деганда, унинг ижодхонаси, аввало бирор-бир ёнғоқ дарахтидан ишланган, қирралари ялтироқ, ўртаси яшил мато билан қопланган стол, шунга мос уч-тўртта курси кўз олдингизга келади. Стол устида бир томонда лагани тескари ўгирилган шишали симчироқ, яна бир томонда қаламдон, кулдон-у сиёҳдон, қуш патидан ясалган қалам. Деворда мўйқаламда ишланган қайси бир классикнинг суратидан тортиб дуторгача осиғлиқ. Стол устида қораланган қоғозлар-у, шинамгина ойнабанд қопламада суюкли рафиқасининг оқ-қора сурати, бошқаларида невара-эвараларнинг рангли суратлари…
Тўғрисини айтсам, Одил аканинг махсус ижодхоналари бўлмаган. Телевидениедан суратга олишга келишармиш, дейишса, шошиб қолардик. Уйимизда бир неча бор кўрсатув тайёрлаган тележурналист Илмира Раҳматуллаева бу оддийликни кўриб, ҳайратга тушган. Кўрсатувни барибир тайёрлаш керак эмасми, ўта фаросатли Илмирахоннинг ўзлари чаққонлик билан енг шимариб, бирор-бир хонада ёки ҳовлининг ўзида бир лаҳзалик бўлса ҳам ижодхона руҳи уфуриб турадиган саҳна уюштириб, операторларни ишга тушириб юборарди. Барака топсин ўша қиз…
Қарноқ таассуротлари
Олис Туркистоннинг Қарноқ қишлоғи. Қишлоқнинг кунботар томонидаги Сой Бойсун, Зомин, Бахмал тоғлари-ю, яйловларини эслатади. Сой маҳалласининг марказида эски уйимиз бўларди. Катта боғнинг ўртасидаги шинамгина бу уй 1940-йилларнинг охирида қурилган. Уй лой пахсадан қурилган бўлиб, уни иккаласининг ҳам исми Марям бўлган аммаларимиз кўтаришган. Одил аканинг тўққиз-ўн яшар суюкли жиянлари Марат ака лойнинг сув-сомонини ташиб турган. Ойимиз бу ишларга бош-қош бўлиб, сўнгра уйнинг чироғини ёқиб ўтирганлар. Эшикдан кирганда даҳлиз, унинг чап томонида бир хона, ўнгда эса ошхона бўлган. Бу даҳлиз бўйига бор-йўғи тўрт метр бўлиб, қарама-қарши иккита эшиги бор. Уларни очиб қўйган одам бемалол катта боғнинг олди ва орқа томонларини кўриб ўтирарди. Уйнинг атрофига дид билан райҳону картишкагуллар экилган. Улардан майин хид уфуриб турарди. Шомдан аввал ҳовлига сув сепиб супуриларди. Ҳовлига иккита кийгиз тўшалади. Кийгизнинг афзаллиги шундаки, унга ҳашорат яқинлашмайди. Шу ерда чой ичилиб, овқат ейилади. Шомда қирдан пода қайтади. Болалар боғимизнинг сойга туташган этагига югуриб қолишади. Атрофда чанг ва тезак ҳиди бурқсиб кетади. Сон-саноқсиз сигир-бузоқларнинг мўърашлари-ю, қўраларга ҳайдалган қўй-эчкиларнинг маърашларини завқ билан томоша қилишади. Шу вақтда қаердадир тандирдан эндигина узилган ноннинг хушбўй ҳиди димоққа урилади.
Қандай ажойиб манзара-я! Тўғрими? Болажонлар шатак[1] отмай кўришсин-чи? Момоларимиз гардиши пиёланикидан ҳам кичикроқ кулча нонларни «катта» нонларга қўшиб тандирга ёпиб қўйишган. Ундан узиш вақтини билган болалар чопқиллаб тандир бошига келишади. Энг кичик кулча – биринчи бўлиб етиб келганга! Болалар кулчаларнинг энг кичигини олиш учун роса талашишади. Қўлни куйдирадиган бу кулчаларни ариқларда оқизиб ейишади. Бундан ортиқ лаззат борми бу дунёда? Болаларнинг кулча талашганларини кузатиб туриб завқланиб кетасан киши. Шундай бўлса ҳам ҳашаки пўписа қиламан:
– Ҳой! Талашманглар. Йиқиласизлар, эҳтиёт бўлинглар!
Тунлари кийгиз устига етти-саккизта болага қаторлаштириб кўрпа ёямиз. Каттароқлари бир оз пичир-пичир қилишади, кичиклари бир пасда «пиш-пиш» қилиб хаёл оғушида ухлаб қолишади.
Юқори боғимизнинг ўқариқдан келадиган сув ўзанининг ярми пастаккина уйимиз пешида тўсилган бўлиб, унинг учта гардишини айланади-да, пастки боғимизнинг катта ариғига қўшилиб кетади. Болалар ухлаб қолгач, секингина сувнинг бўйига чиқамиз. Шаҳардаги югур-югурдан анча толиққанмасмизми, бу сокинликдан дилимиз ором олади. Агар мен гап бошламасам, Одил ака сувга термулганларича соатлаб хаёл суриб ўтиришлари мумкин. Секингина биқинларини туртиб, гап бошлайман:
– Нималарни ўйлаб қолдингиз?
– Болалик – энг беғубор, бетакрор дамлар-да. Яқиндагина бу ариқ кўзимизга жуда катта бўлиб кўринарди, унда чўмилиб мазза қилардик. Қара, аслида кичкинагина экан. Кун бўйи болаларни кузатдим, бирам яйрашди-ей… Кўриб, ўзимнинг беғубор дамларимни қўмсаб кетдим.
Одил ака қўлларига дарахтнинг кичкинагина новдасини синдириб олиб, уни қўлларида тутганча болалик хотираларини сўзлаб берганлар. Қарноқ мактабидаги биринчи адабиёт ўқитувчилари Маматамин Маҳмудов[2], Сулаймон Амиров[3] ҳақида завқланиб га-
пирдилар. Қишлоқдаги дўстлари Олимжон ака, Хай-рулла ака, Абдухалил ака, абдуҳошим ака, Одил ака Азизов, жиянлари Абдуманоп ака, Аҳмаджон, Абдужалил, Абдураҳим, Темур, Каримжонларни жуда қадрлар эдилар. Бу хотираларнинг кўпи «Эр бошига иш тушса» романи орқали ўқувчиларга таниш.
Ойимнинг уйларига қўшнилар, қариндош-уруғлар бетиним кириб-чиқиб туришар, дастурхон атрофига йиғилиб олиб, суҳбат қуришарди. Тошкентдан меҳмон келгани овоза бўлгач, эшикдан кирганлар сони янада ортарди. Дастурхон эртадан кечгача очиқ, патнисда доим қуртоб, туршак, майиз. Ошхоналаридаги эски абдрада (сандиқ)ларида тузланган гўштлар. Меҳмон келди дегунча дарров уни олиб, овқат пиширишарди. Биз борган кунимиз Ҳилват тоғамиз[4] келади. У киши шоп мўйлов, урушда олган жароҳат туфайли оқсоқланиб юрардилар. Жуда ювош одам. Кителларидаги биттаю-битта орденлари ҳеч ечилмаган. Тоғам одатда қишлоқнинг кунчиқар томонидаги қирлиқдан эшакда тушиб келарди. Болаларни қучоғига олиб, ўпиб, сўнг биттадан қурт бериб, эшагининг айилини бўшатарди-да, нўхтасидан тортиб толга бойлаб қўярди. Уларга қарата:
– Минманглар! Йиқилиб, майиб бўласизлар. Эшитдиларингми? – деганча уйга кирардилар.
Эшак боғланган тол билан уйимиз ораси фақат баланд овоз билан қичқирганда эшитиладиган ерда. Болалар томошасини энди кўринг! Бир этак болалар бизнинг «қўй-қўйимизга» қулоқ осишмайди.
Тоға қишлоқ шевасида койинади:
– Башларинг қурсин силаринг. Этдимғу, минманглар, деб.
Иккинчи томондан, бувим ҳам ўз шевасида норози бўлади:
– Ҳа-ай асасўқлар[5]. Қуласанглар Адилға ни дейма!
Хуллас, болалар ҳар томонга тум-тарақай қочишгач, биз, катталар, дастурхон атрофидан жой оламиз.
«Маъқул» деган сўзни кўп ишлатадиган Ҳилват тоғам билан қайнонам ўртасидаги суҳбат мавзуси ўта жиддий ва сирли туюларди. Ҳар сафар суҳбат мавзуси Эгамберди ота[6]нинг тақдири ва Одил акани «эҳтиёт»лаш лозимлиги ҳақида бўларди. Нима бўлгандаям, мавзу шунга яқин бўлиб, бу суҳбатдаям, бошқасидаям роса «сан-ман»дан кейин қайнонамнинг гаплари «маъқулланиб», ютиб чиқардилар. Барча суҳбатлардаям қайнонамнинг гапларини ҳамма маъқулларди. Барча итоат қиларди у кишига.
Тақдиримиз мана шу қишлоқ, мана шу Сой билан боғланган. Одил аканинг илк асарларидан бошлаб сўнггисигача қайси бирини варақламанг, уларда ана шу табиат манзаралари – қир-адирлар, яйловлар, баъзан сокин, баъзан ҳайқириб оқадиган сувлар, тоғ-тошлар, болаликдан бир умр кўзларига муҳрланиб қолган Сой манзаралари маҳорат билан тасвирланган.
Эҳтимол, Одил ака Қарноқ қишлоғининг шу алдамчи ариқчалари олдида кечирган чуқур ўй-хаёллари келажакда уларнинг улкан адиб бўлишларида бир туртки бўлгандир!..
Қаттиққўл ва меҳрибон
Одил ака Абдулла Қаҳҳорнинг рус тилида нашр қилинган «Танланган асарлари»га ёзган сўзбошиларини «Строгая доброта» деб номлаган эдилар. Жуда ўринли топилган бу сарлавҳани ўзбекчага ўгиришга роса қийналдим. Аввал «Қаттиққўл меҳрибонлик», кейин «Талабчан яхшилик»… деган ифодалар билан ўгирмоқчи бўлдим. «Строгая доброта» маъносини англата оладиган турли сўзларни топдим. Лекин бирортаси Одил ака айтмоқчи бўлган маънони аниқ ифодалай олмаётгандек бўлди. Агар Абдулла Қаҳҳорнинг ёзувчи сифатидаги моҳиятини ифодалаган шу икки сўзни ўзбек тилига «Талабчан меҳрибонлик» деб ўгирсак, шундай талабчанлик ва меҳрибонлик Одил аканинг ўзларигаям, Холдор укаларигаям, волидалари бўлмиш Гулшан ойимизгаям ғоятда хос фазилатлар эди.
Одил ака оналари ҳақида кўп ва хўп ёзганлар. Мен ҳам келин сифатида ойижонимни жуда ҳурмат қилардим. Университетнинг биринчи курсини тугатибоқ турмуш қурган эмасмизми, онажоним ёш оиламизни йўлга қўйиш учун беқиёс даражада катта меҳнат қилганлар. Тўнғич ўғлимиз Муроджон бувисининг қучоғида катта бўлган. То мактабга чиққунча бувиси билан Қарноққа кетишар, қишда қайтиб келишарди. Бошқа фарзандларим ҳам ёзги таътил бошланиши биланоқ Қарноққа – суюкли бувижонисининг қучоғига отилишарди.
Меҳрибон ва қаттиққўл ойимизнинг турмушлари Қарноқ қишлоғида ўтган бўлиб, бир этак невара-чеваралар уларнинг тарбияларини олишган. Қишлоқда тонгдан шомгача меҳнат: болалар ўт ўради, ўтин ёради, сув ташийди, мол боқади. Вазифа тенг бўлинган. Ер ҳайдаб, картошка, карам, пиёз экишади. Ҳосилни йиғиштириб, қишлоқнинг Сой маҳалласидан юк йиғиб юрадиган машинага ортишади-да, Қарноқдан ўн уч чақирим наридаги Кентов шаҳрининг Деҳқон бозорида сотиб келишади. Даромад бувижонларига топширилади. Ўзига хос оилавий бизнес.
Албатта, невара-чевараларнинг озиқ-овқати, кир-
чири, тўс-тўполони чарчатар, лекин бувижонлари: «Олтмиш ёшдан кейин кўрган мағизларим», деб уларни суйгани-суйган эди. Баъзи қайноналарга ўхшаб: «Сенлар менга ташвишларингни юбориб, ўзларинг Тошкентда мазза қилиб келин-куёв бўлиб юрибсанлар», деб нолимасдилар.
Қишлоқдаги бир қариндошнинг ўғли урушдан рус аёлига уйланиб, боласи билан келган экан. Онаси рус келинни жуда ёмон қарши олган. Не ниятларда тўй қилишни орзулаган она «келгинди» келиндан нолигани-нолиган, келинни уришгани-уришган, ҳатто қўл кўтарар экан. Бу ҳолатни кўрган онажоним: «Агар ўғлим урушдан соғ-саломат келса, рус аёлга уйланса ҳам майли, боласи ҳовлимизда пилдираб юрса, жон дердим. Яратганга мингдан минг шукр қилардим», дер эканлар.
Онажоним уруш йилларида қўни-қўшни аёллар ёрдамида тиклаган ва бизнинг тўйимиз ўтган бошпана 1970-йилларга келиб чўкиб-нураб, яшаш учун хавфли бўлиб қолган эди. Одил ака: «Энди бу уйингизда яшаб бўлмайди, биратўла ҳамма кўч-кўронингизни олиб шаҳарга кетамиз», дея минг илтижо қилишларига қарамай, ойижон бутунлай шаҳарга келишни истамадилар. «Майли, шаҳарга ҳам бораман, лекин қишлоқдан узилиб кетгим йўқ. Менинг ўлик-тиригим шу қишлоқдошларим, тобуткашларим билан бирга», деб туриб олдилар. Уларнинг қистовлари ва саъй-ҳаракатлари билан эски уйнинг ўрнида олди айвонли, даҳлиз ва икки хонадан иборат шинам уй қурилди. Бу уй битганида ойижон жуда қувонган, ҳовлига тўшалган шолча устида ўтириб, Одил ака ва бошқа фарзандларини узоқ дуо қилгандилар. 1980 йилда онамизни ўша янги уйдан чин манзилларига кузатиб қўйдик. Ойижонимизнинг маъракаларига Тошкентдан жуда кўп ёзувчи дўст-ёрлар боришди.
Онамиз билан йигирма олти йил аҳил-иноқ яшадик. Муроджоннинг бош фарзанди ва чевараларини кўриш ҳам уларга насиб этди. «Ғишт хумдонда, келин қайнона қўлида пишади», деганларидек, мен ҳам ойижонимнинг панд-насиҳатларига амал қилиб дастлаб пазанда келинга, кейинчалик мулоҳазали қайнонага айландим.
Айниқса, хамирдан тайёрланган таомларини жуда мазали қилардилар. Ошхамирни қоришда кўпроқ ийласанг, қаттиқроқ қилсанг, эзилмасдан пишади, дердилар. Кўпинча: «Сенлар ёшсан, давлатнинг ишини қилавер, Одилга ёрдам бер, ошхонани менга қўй, кейинроқ ўзинг эплаштирарсан», дердилар.
Сал суви қочган нонларни ҳам увол қилмасдан жуда маззали нонқовурдоқ қилиб берардилар.
Уйда доимо самоварда чой қайнаб турарди. Ҳар куни тонгда қозонга иссиқ овқат осардилар. «Эшик қоққан одам сенинг овқатинг, нонинг учун эмас, меҳринг, эътиборинг, ҳурматинг учун келади. Қутлуғ уйдан уни қуруқ оғиз чиқариш яхши эмас. Дастурхонда нонинг, чойнакда чойинг тайёр турсин», дердилар.
Онамиз бағрикенг аёл эди. «Буғдой нонинг бўлмаса ҳам, буғдой сўзинг бўлсин», деб ўргатардилар бизни. Улар борлиги учун ҳам уйимиздан файз-барака, қутлуғ қадам меҳмонлар аримасди.
(давоми бор)
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ