"Дунё ўзбеклари" сайтини энди телефонда, планшетда ва комьютерда ихчам мобиль версияда кўришингиз мумкин: [fdx-switch-link]
  • Асосий
  • Ассалому алайкум!
  • Муаллиф ҳақида
  • МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ

Улуғ ёзувчи Одил Ёқубов умр йўлдошининг хотиралари (51-55)

Адабиёт, Одил Ёқубов рафиқасининг хотиралари..., Ўтганлар ёди | 24/06/2013 19:51-     11266 марта ўқилди

Одил ака хотини биланАссамблея

 Атамашунослик қўмитасига раҳбарлик қилиш билан бирга Одил ака Юртбошимиз ташаббуси ва Марказий Осиё давлатлари Президентларининг «оқ фотиҳа»си билан ташкил бўлган Марказий Осиё халқлари маданияти Ассамблеясининг вице-прези­денти лавозимида ҳам фаолият юритдилар.

Мазкур Ассамблеянинг президенти жаҳон адабиётига ўзининг нодир асарлари билан каттагина улуш қўшган машҳур ёзувчи Чингиз Айтматов эди.

Ассамблеянинг ўз газетаси бўлиб, унга марҳум Анвар Жўрабоев муҳаррирлик қилган. Газета ўзбек, қозоқ, қирғиз, туркман ва тожик тилларида чиқарилар ва шу мамлакатларнинг газетхонларига етказиб бериларди.

Одил ака Ассамблея ишлари билан қўшни юртларга тез-тез борадиган бўлдилар. «Оллоҳга шукр, қардошларимиз юртига йўлимиз тушса, ковушимиз кўчада қолмайди. Алматига борсак, қозоқ халқининг ардоқли ёзувчилари Абдужамил Нурпеисов, Қолтой Муҳаммаджонов, Қаловбек Турсунқулов, Бишкекка борсак, Чингиз Айтматов, Мухтор Шаханов, Нодир Алимбоевдек машҳур адиблар даврасида бўламиз», – дердилар ҳар сафар йўлга чиқишларидан олдин.

Бир сафар уйга қайтганларида юзларида бир озгина хижолат аломати кўринди. Сафардан кўнгиллари тўлмадими ёки соғлиқлари панд бердими, деган ўй-хавотирда секингина кўнгил сўрадим:

– Яхши бориб келдингизми? У ердагилар кутиб олишдими? Йўл азоби толиқтирмадими?..

– Йўқ, ҳаммаси жойида. Фақатгина қардош­ларимизнинг таъна аралаш айтган бир гапи қулоғим остидан кетмаяпти. «Сиз, ўзбек зиёлилари, – дейишди улар, – ўз юртингизда бўлаётган улкан ишларнинг қадрига етмаяпсизлар. Ё билмайсизлар, ёки билсангиз ҳам кўникиб қолганингиз учун шу ўзгаришлар ҳақида кам ёзаяпсизлар. Бизларда сизлардаги ўзга­ришларнинг, сизлардаги қурилишларнинг ўндан бири ҳам йўқ! Тошкентга борганимизда, шаҳарни танимай қолаяпмиз. Ҳамма ёқда ўзгариш: янги ва кенг кўчалар, осмон билан тиллашиб турган кўркам кошоналар, замонавий бозор, музей ва меҳмонхоналар, хиёбон ва корхоналар… Ҳайратомуз ҳол: Тошкент Оврупадаги тараққий топган мамлакатларнинг пойтахтларига ўхшаб кетаяти! Ва, энг муҳими, у Шарқ ва Ғарб маданиятлари равнақига хизмат қилувчи йирик марказга айланиб бораётир!»

– Бу гаплари рост, – дедим мен. – Биз ёшлигимиздаги Тошкент билан бугунги пойтахтимиз орасида осмон билан ерча фарқ бор. Ва бу ҳолат кундан-кунга яхши томонга ўзгариб бораяпти…

– Улар ҳам шуни айтаяптилар-да, – дедилар Одил ака. – «Бу улуғ ўзгаришларнинг бош меъмори Ислом Каримов тўғрисида ҳам кўпроқ билгимиз келади. Биз бу кишини фақат «Манас», Жамбул ва Абай тўйларидагина кўрганмиз, холос. Бирда ҳуррият ҳақида жиддий, бирда эса тўйга йиғилганларни кулдириб, Абай ва Жамбул ўланларини эсга олиб тўлқинланиб айтган сўзларидан биламиз. У киши йирик давлат арбоби, буни ҳам биламиз. Лекин инсоний сифатлари, зиёлиларга муносабати, халқ билан киришиши қандай? Буни ҳам билгимиз келади. Ростини айтсак, бизда у кишининг шахсига қизиқиш катта, ҳурматимиз ҳам баланд», – дейишди улар. Бу фикрни Чингиз Айтматов билан Қолтой Муҳаммаджонов, айниқса, кўп такрорлашди…

– Ҳали, Худо хоҳласа, мамлакатимиздаги бу бунёд­­корлик ишлари ва уларнинг ташаббускори ҳақида ҳам яхши асарлар ёзасиз. Кейин уларга ҳам юборасиз,– дея у кишининг кўнглини тинчитган бўламан.

Ассамблеянинг салкам ўн йиллик фаолияти давомида Одил ака қозоқ, қирғиз, тожик, туркман ёзувчилари, шоирлари, маданият арбобларини бир-бирларига яқинлаштириш учун жуда катта ишларни амалга оширдилар. Ўша сафардан бир муддат ўтар-ўтмас, Одил ака кўнгилларига туккан мавзуда ҳам қалам тебратдилар.

 

Ҳамроҳлик

 

Одил ака ўз фаолиятлари давомида Юртбошимиз Ислом Каримов билан бир неча марта сафарда бирга бўлганлар. Улар ҳар доим сафардан қайтганларида таассуротларини тўлқинланиб сўзлаб берардилар.

Собиқ Иттифоқ давридаги халқ депутатларининг серғалва, сержанжал сессиясидан қайтганларида бир воқеани ҳикоя қилиб берган эдилар:

– Ит эгасини танимайдиган йиғилиш бўлди. Не машаққатлар билан сўз олиб, минбарга чиққан депутат у ёқда турсин, сессияни бошқараётган раиснинг гапига ҳам қулоқ соладиган одам йўқ. Мажлисни бошқариш навбати Ислом Абдуғаниевичга етиб келганда ҳам зал одатдагидай беписанд шовқин-сурон кўтара бошлади. Шунда Ислом Абдуғаниевич бир ғижиндилар-у, соф рус тилида фавқулодда бир қатъият билан залга мурожаат қилдилар. – Шу бугунгача, – дедилар Ислом Абдуғаниевич, – мен депутат деганида бир-бирини ҳурмат қиладиган, бир-бирини тинглай оладиган юксак маданиятли кишиларни кўз олдимга келтирар эдим… Бу – нима деган гап? Биз киммиз ўзи? Халқ ишонч билдирган унинг вакилларимизми ё кўчадан келган оломонмизми? Раис сифатида қатъий талаб қиламан: кимда-ким сўз олган нотиқнинг гапини эшитишни истамаса, марҳамат, залдан чиқиб кетсин!

– Ўзбекларнинг бир сўзли, қатъиятли эканлигини намойиш қилибдилар-да, барака топсинлар.

– Ҳақиқатдан ҳам фавқулодда шиддат ва қатъият билан айтилган бу гапдан кейин ҳайратга тушган зал бирдан жимиб қолди. Ва бу сукут токи Ислом Абдуғаниевич раислик ваколатини топширгунича давом этди. Танаффус пайтида рўпарамдан Чингиз Айтматов чиқиб қолди. У менинг қўлтиғимдан олиб бир четга бошлади.

– Москваликлар илгариги раҳбарларинг: «Фарғона фожиасига бир тақсимча қулупнай сабаб бўлган», деган гапи учун уни мазах қилиб юришган эди… Улар бугун ҳайратга тушишди. – деди кулиб. – Москва матбуоти ўзбек халқининг бошига ҳануз мағзава тўкаётган бир пайтда бугун бу кишининг ўзини тутиши, шиддати, дадил нутқи ҳаммани ҳушёрликка тортди. Сизлар раҳбарга ёлчиганга ўхшайсизлар! Мен жуда-жуда хурсандман!

Одил аканинг ҳикоялари мени ҳам қаттиқ ҳаяжонга солган эди. Ўша йилларда бундай хатти-ҳаракат ҳамманинг ҳам қўлидан келавермаслигини яхши тушунардим. Замон қалқиб турган даврда ўзбекларнинг бахтига шундай улкан шахснинг бош-қош бўлаётганидан она сифатида хурсанд бўлгандим.

 

Туртки

Ижодкорлар яхши билишади: бадиий асарнинг туғилишига нафақат бирор оламшумул ҳаётий воқеа, гоҳо арзимаган бир нарса ҳам туртки бўлади.

Саксон тўққизинчи йил. Бир куни кечқурун Москва­да аспирантурада ўқийдиган кенжа ўғлимиз Абдумалик:

– Дада, – деди нимадандир ранжигандек. – Илгари жуда қаттиқ ишлар эдингиз. Энди… кўп бўлди, қўлингизга қалам олмаяпсиз. Ё ёзадиган гапингиз қолмадими? Ахир, биз фарзандларингиз, айниқса, невараларингиз боболаримиз ким бўлган, қандай яшаган, қандай одам бўлган, булардан батамом бехабармиз-ку? Агар ёзадиган бошқа гапингиз қолмаган бўлса, жилла қурса, бувамлар ва бувимлар тўғрисида ёзинг, биз уларнинг қандай одамлар бўлганини билайлик-да, дада!

Ўғилнинг отага айтган бу сўзларини эшитиб ўтириб, мен ҳам унинг фикрини қувватладим.

Ўғлимизнинг гапи бир туртки бўлди-ю, Одил ака болалик чоғлари, машъум ўттиз еттинчи йилнинг жабр-жафосини тортган ота-оналари, бува-бувилари, бир-бирига ўхшамаган ҳамқишлоқларининг тақдири ва улар ҳаётига боғлиқ бири ғамгин, бири кулгили, бири аччиқ сабоқ бўлғули бир олам эсдаликларни қоғозга туширдилар. «Музқаймоқ», кейин «Онаизор» деган ҳикояларини ёздилар.

Сўнгги ҳикоя илк марта «Саодат» журналининг 80 йиллигига бағишланган юбилей сонида чоп этилган. Ундан кейин «Қарноқ» ва «Осий банда»ни ёздилар.

Юқоридаги иккита асарнинг бирида оталари Эгамберди ака, бошқасида воли­даи муҳтарамалари Гулшан ойи, яна бирида бобола­ри Ёқуб шайхни хотирлаганлар.

Назаримда, бу асарлар ўзбек насридаги «кўрган-кечирганларим» туркумининг юксак намуналаридан бўлди. Уларда, бир томондан, оналар улуғланган бўлса, иккинчи томон­дан, ота дийдорига тўймаган мурғак қалбларда сақланиб қолган изтиробли ва армонли фарёднинг юракни ўртовчи саси эшитилиб туради.

Одил ака ижодининг сўнгги намуналаридан бўлган бу асарларни ҳар сафар ўқиганимда, кўз­ларим­дан тирқираб ёш оқади. Чунки бадиий асарнинг қиммати биринчи навбатда унинг ҳаққонийлиги билан белгиланади.

Бу асарларда эса биронта тўқима гап, ортиқча бадиий бўёқ ёки муболағанинг ўзи йўқ. Улар адиб юрагининг туб-тубидан чиққанлиги сабабл­и ўқувчи қалбига қийналмай йўл топди.

 

Тинчликни қадрлайлик

Ҳали  «Ўзбек иши» баҳонасида йўл қўйилган адолатсизликларга чек қўйилмаган, ҳали кўплаб оналарнинг кўз ёшлари қуримаган вақт. Ҳали, ўша даврдаги раҳбаримиз ибораси билан айтганда, бир тоғора қулупнай туфайли Фарғонада бошланган ёнғиннинг тутуни тарқаб битмаган пайт. Бу ҳам етмагандек, Ўш фожиалари бошланган, халқимиз ўта фожиий аҳволга тушган машъум бир давр.

Бир куни субҳидамда Москвадан Чингиз Айтматов қўнғироқ қилиб қолди. Гўшакни жойига қўйган Одил ака менга ҳорғин бир овозда дедилар:

– Чингиз бугун эрталаб Тошкентга келаркан. «Пиримқул учовимиз Ўшга бориб келайлик. Икки ўзбек, бир қирғиз икки халқ вакиллари билан учрашиб, улар билан суҳбатлашиб, фожиага учраган одамлардан кўнгил сўрайлик», – деяпти. Мен, албатта, розилик билдирдим.

– Вой, шундай ўт-оловнинг ичига боришингиз шартми? Тинч ўтирсангиз бўлмайдими? – дедим Одил аканинг соғлиғидан қаттиқ хавотирга тушиб.

– Марям, ўзинг ақлли, фаросатли бўлсанг ҳам ба­рибир ожизалигингга борасан-да. Биз, ёзувчилар, шундай пайтда халққа, ҳукуматга камарбаста бўлмасак, ким деган одам бўламиз? Мен, албатта, бораман, фақат бу ҳақда Юртбошимизни огоҳ қилишимиз керак, – дедилар.

Шу куни ишга боришлари билан, худди кўн­гилларидаги гапни билгандек, раҳбаримиз Одил акани сўраган эканлар.

– Хўш, ўртоқ ёзувчилар, аҳволни кўриб турибсизлар. Шу вазиятда бизга қандай ёрдам беришларингиз мумкин? – деб кутиб олибдилар мамлакат раҳбари Одил акани.

Одил ака Чингиз Айтматовнинг гапини айтиб­дила­р.

– Жуда яхши таклиф бўлибди! – дебдилар у киши.– Ўшга боринглар, бошларига мусибат тушган оилаларга киринглар, кўнгил сўранглар, тасалли беринглар. Мен чегарада бўламан. Ёрдам керак бўлса, айтинглар. Айтматов келишига аэропортга чиқишга ҳаракат қиламан. Чиқолмасам, оқ йўл тилайман сизларга!…

Бу оқ фотиҳа катта мадад бўлиб, Одил ака, Пиримқул ака ва Чингиз ака биргалашиб Ўшга бориб, Юртбошимиз айтган кўп ишларни амалга оширишди. Бошига мусибат тушган оилаларда бўлиб, Қуръон тиловат қилиб, кўнгил сўраб, кўп оилаларнинг оғирини енгил қилишга уринишди. Эртасига Ўш телевидениеси орқали ҳар иккала халққа мурожаат қилиб, уларни осойишталикка, кечиримли бўлишга, яхшиликка чақиришди.

Мен Одил ака сафардан қайтгунларича жуда хавотирда ўтирдим. Шукр, эсон-омон қайтиб келдилар. Қизиқиб кўрган-кечирганларини суриштирдим.

– Ўш ёнғинини ўчиришда асосий ишни Ўз­бекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов амалга оширди. Агар Ислом Каримов матонат кўрсатмаганида, Ўш фожиаси нима билан тугаши мумкинлигини тасаввур ҳам қилиш қийин. Ислом Абдуғаниевич энг нотинч паллада кечани – кеча, кундузни – кундуз демай, чегарада йиғилган халойиқ ичида юрди, уларни осойишталикка чақирди, тинч­ликка даъват этди. Беҳуда қон тўкилишининг олдини олди! – дегандилар Одил ака сафардан қайтганларидан кейин.

Юртдошларимиз, айниқса, ёшларимизга Ватанимиздаги тинчлик ва хотиржамликнинг қадрига етишимиз лозимлигини қайта-қайта таъкидлашни хоҳлардим. Ахир, мана шундай тинч ва осойишта юртга тўй-тантаналар ярашади, биз каби кексалар фарзандларимизнинг дуои жонини қилиб ўтирсак, ёшлар баркамоллик сари илдам одимлайдилар. Бун­дай ёруғ кунларнинг ҳар бир сониясига шукр қилишимиз керак.

Кўп ўтмай, Фарғона ва Ўш, Қўқон ва Пскент ёнғинлари ўчиб, осмонда офтоб чарақлади. Эл тинчиди.

 (давоми бор)

 

 

Ўхшаш мақолалар:

  1. «Дунё ўзбеклари»да биринчи маротаба — Искандар Ёқубов: Фарзандлик эҳтироми…
  2. Одил Ёқубов рафиқасининг хотиралари: Танишув ёки магазинчи йигит (1)
  3. Одил Ёқубов рафиқасининг хотиралари (2)
  4. Улуғ ёзувчи Одил Ёқубов умр йўлдоши Марям ая хотираларидан (21-23)
  5. Улуғ ёзувчи Одил Ёқубов умр йўлдоши Марям ая хотираларидан (30-31)
  6. Улуғ ёзувчи Одил Ёқубов умр йўлдошининг хотиралари (32-33)
  7. Улуғ ёзувчи Одил Ёқубов умр йўлдошининг хотиралари (38-42)
  8. Улуғ ёзувчи Одил Ёқубов умр йўлдошининг хотиралари (46-50)
  9. Улуғ ёзувчи Одил Ёқубов умр йўлдошининг хотиралари (61-64)
  10. Одил Ёқубов ва Марям Ёқубова: МАКТУБЛАРДА АКС ЭТГАН КЎНГИЛ (5)
  11. Одил Ёқубов ва Марям Ёқубова: МАКТУБЛАРДА АКС ЭТГАН КЎНГИЛ (7)
  12. Одил Ёқубов ва Марям Ёқубова: МАКТУБЛАРДА АКС ЭТГАН КЎНГИЛ (14)
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ

Leave a Comment

Фақат 500 белгигача рухсат этилади. Мақола ёки хабарларни МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ ёки Биз билан алоқа шакли орқали жўнатинг.

Нажмите, чтобы отменить ответ.