Абулқосим МАМАРАСУЛОВ: МЕН ҚАНДАЙ ЁЗУВЧИ БЎЛГАН ЭДИМ (13)
Абулқосим МАМАРАСУЛОВ
МЕН ҚАНДАЙ ЁЗУВЧИ БЎЛГАН ЭДИМ (13)
Ёки Одил Ёқубов ҳақида ҳотиралар
Б а д и а
Аҳмад аканинг айтишича, “…икки фикр”дан сўнг газетага янада кўпроқ хатлар ёғилади. Уларнинг салкам ҳаммаси “Суюнчи”ни тан олмайди. Ва газета бу борада яна бир бор чиқиш қилишга қарор қилади (Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси 1983 йил 14 январ №3 (2691):
“АФСУС, БУНДАЙ ЁЗИЛМАСЛИГИ КЕРАК
Мен севимли газетамизда Мансур Аҳмедов билан Аҳмад Аъзамнинг ёш носир А. Мамарасулов китобчаси ҳақидаги икки фикрини ўқиб чиқиб (“Ўзбекистон адабиёти ва санъати”, 1982 йил 15 октябр) ёшлар ижодига бўлган эътибордан қувондим. Лекин икки фикрни ўқиганда Мамарасуловнинг ҳикоялари билан ҳали таниш эмас эдим. Шу сабабли гарчи Мансур Аҳмедовнинг ажабланишию, келтирган далиллари кишини ўйлантириб қўядиган даражада бўлса-да, мен А.Аъзамнинг комил ишонч билан “Шундай ҳам ёзилади” деб чиқарган ҳукмини ўқиб, бўлса бордир, деб қўя қолган эдим. Бироқ яқинда Мамарасуловнинг китобчасини ўқиб чиқарканман, ўша икки мақолани эсладим.
Айрим танқидчилар адабиётнинг улкан ҳақиқатларини билганлари ҳолда конкрет асарларини таҳлил қилар эканлар, уларни унутгандек бўладилар, “кичик” асарларга кичик ўлчовлар билан ёндошадилар. Адабиётимизда китобхон ҳурматини топаётган яхши асарлар кўп. Лекин ғоявий-бадиий жиҳатдан савияси паст, бўш асарлар кўпайиб кетаётганлиги уларга қўйилаётган талабларнинг сустлигидан эмасмикан?
Абулқосим Мамарасулов илк ҳикоялари билан нима демоқчи? Ҳаёт муаммоларини у қай даражада ечиб бера олган?
Шахсан мен китобчани ўқиб чиқиб, бу саволлардан бирортасига қониқарли жавоб ололмадим. Китоб аннотациясида ёзилган “ўспиринларнинг нозик кечинмалари”ни, уларнинг “покиза туйғулари”ни қаламга олади, деганга ўхшаш гаплар мени ишонтирмади. Эҳтимол, муаллифда шундай эзгу ният бўлгандир. Лекин китобхон, менингча, унинг қаҳрамонларида “нозик кечинмалар”, “покиза туйғулар”га қодир қалб эгаларини кўрмайди. Аксинча, орамизда орзу-ўйлари бачкана, чегараланган, тўпори йигитчалар ўсиб келаётганлигига ачиниб кетади.
Аҳмад Аъзам ёш муаллифни одобсизликда айблашларидан ҳимоя қилиб, адабий персонажнинг одоб-ахлоқи билан ёзувчининг ахлоқий позициясини адаштирмасликни талаб этади ва ёзувчилар салбий образларни ошкора қораламай, балки уларни “ичдан туриб” кузатишлари, “қани, гапираверчи”, дегандай сиртдан “маъқуллаб” туришлари мумкин. Хуллас, бунинг йўллари кўп”, деб ёзади. “Автор ўзининг ҳукм-хулосаларини очиқ-ошкора билдирмайди, фақат баъзи тасвирий ўринлардагина уларнинг ҳатти –ҳаракатларига “аралашади”. Лекин танқидчи муаллифнинг “ҳукм-хулосалари” нималарда кўринишини китобхонга билдирмайди. Мамарасуловнинг ҳикоялари шундай ёзилганки, китобхон учун муаллифнинг ўз қаҳрамонларига муносабатини, «унинг бевосита қарашлари» қайси ўринларда акс этганини англаб олиш мушкул. Ҳолбуки, ёзувчининг ҳаётий позицияси, унинг идеали, эътиқоди асар руҳидан яққол сезилиб туриши, у чиқарган ҳар қандай ҳукм-хулосалар эса асарнинг мантиқий якунидан равшан англашилиб туриши керак.
А.Аъзам мақолада “Ёш ёзувчи ўзининг кечаги тенгқурларини “эй боласи тушмагурлар-эй, қачон сизларга эс киради?” деб тасвирлайди ва уларнинг “эти ўлмаган”кечинмаларини “кўнгил-да, нима дейсиз”, дея гўё оқлаб туради. Менингча, худди шундай вазиятда унинг самимияти ойдинлашади” деб ёзади. Ваҳоланки салбий деса ҳам бўлаверадиган ўспирин кўнглидаги “эти ўлмаган” кечинмалар самимияти кимга керак? Саволни бошқача тарзда берса ҳам бўлади. Модомики шу самимият зарур экан, у муаллифнинг қайси ғоясию, мақсадларига хизмат қилади? Мақолада бу саволга ҳам жавоб йўқ.
Эҳтимол, “ҳамма нарсадан ҳам ғоя, мақсад қидиравериш шарт эмас” деб менга эътироз билдирувчилар топилиб қолар. Бошқа соҳада билмадиму, лекин адабиётда муросачиликка йўл қўйиш катта зиён келтириши мумкин. Зеро бадиий адабиётнинг хусусиятларидан бири унинг оммавийлигидир. Ўзида ҳеч қандай муҳим муаммолар, ғоялар ташимайдиган адабиёт оқибатда натурализмга олиб келиши ҳеч гап эмас. Шунинг учун ҳам ёш ёзувчида дастлабки натуралистик тасвир кўриндими, ҳаётнинг икир-чикирлари сараланмасдан, муайян мақсадга бўйсундирилмасдан “объектив” тасвирландими, уни огоҳлантирмоқ зарур.
Тақризда Мамарасуловнинг “Алибек” ҳикояси муҳаббат мавзуида ёшлар прозасида яратилган сара асарлар қаторига киради, дейилади. Наҳотки “муҳаббат” тушунчаси шунчалик жўнлашиб кетган бўлса! Хўп, муҳаббат “сип-силлиқ, сохта йигитларнинг сентиментал изтироблари” эмас, лекин шунингдек, Аҳмедов айтганидек, “бўлмағур хаёлларга ўралашиб юрган йигитнинг бирданига, бир кунда севиб қолиши” ҳам ҳақиқатга тўғри келмайди. Ўша йигитчада бирор ҳис-туйғу туғилган бўлиши мумкин, аммо бу севги эмас. Зеро ҳақиқий севги ҳаммага ҳам насиб бўлавермайди. Бу олижаноб гўзал туйғу соҳиби бўлиш учун инсон аввало, муносиб қалб эгаси бўлмоғи даркор. Алибек-чи? Алибек ўзи қандай йигит? Ҳар қалай яхши деб бўлмаса керак. “Ҳисобчи бўлиш ёмон иш эмас”, “бир мавсумда қанчадан-қанча пул ишлаб олиш мумкин”, деб ўйлайди у.
Тақризчи Абулхайр ва Алибекнинг тутуруқсиз ўй-хаёлларида ўзгача (қандай?) бадиий мантиқ, ёш ёзувчининг ўзига яраша поэтик (!) жасоратини кўради ва муаллиф қаҳрамонларини ҳимоя қилишда давом этиб, уларнинг дунёқарашларини “турмуш, муҳаббат тўғрисида ҳали шаклланмаган, болалик билан катта ҳаёт оралиғида адашиб юрган олақуроқ тушунчалардан иборат”, деб изоҳлайди. Агар иш, оила, муҳаббат ҳақида ўн саккиз-ўн тўққизга кириб қолган Алибек билан Абулхайрнинг “ҳали шаклланмаган” тушунчалари шундай бўлса, улар шаклланиб бўлгандан кейин бу тушунчалардан нима кутиш мумкин?
Минг қилганда ҳам “севгилиси” Улбозорни оғир аҳволда ташлаб, жуфтакни ростлаб қолган Абулхайр воқеаси балки тақризчида “нохуш кайфият уйғотмас”, аммо мен ҳикояни ранжиб ўқидим. Ёки: “авваламбор таниш керак, кейин унга берадиган пулинг бўлиши керак экан. Икковиям бўлмаса, ўқишдан умидингни узавер”, деб ҳисоблайдиган Алибекнинг Зулфияга бўлган муносабати ҳам, менингча, ҳали чин муҳаббат эмас.
Ҳозирда халқимиз олдида янги инсонни камол топтиришдек шарафли вазифа турган, бадиий адабиётимизда кучли, баркамол ва ибратли образларнинг яратилишига эҳтиёж тобора кучайиб бораётган бир пайтда ўқувчиларни чалғитадиган мақолалар адабиётимизга қанчалик фойда келтириши мумкин?
Аниса МАМАТОВА
РЕДАКЦИЯДАН: Аниса Маматованинг куюнчаклик билан ёзган луқмасини ўқиган газетхонлар бошловчи ёш ёзувчининг илк китобчасига шунчалар эътибор берилаётганидан ажабланишлари ҳам мумкин. Лекин бугунги адабиёт, хусусан, ёшлар ижоди ҳақида қизғин ҳамда самимий фикрлашга, ўртага муаммолар ташлашга майллар кучли экан, биз буни қўллаб-қувватлаймиз. Аниса Маматова худди Мансур Аҳмедов каби бадиий адабиётнинг, қаҳрамонларнинг аввало ибратли таъсир кучига эга бўлишини истайди ва адабий асарларга шу нуқтаи-назар билан ёндошади. Бу масалада ёзувчининг ҳаётий позицияси доимо равшан бўлиши керак, деган талабига қўшилмоқ лозим. Ёзувчи позициясидаги ноаниқлик, мубҳамлик асар тўқимасига ҳамда қаҳрамонлар дунёсига ҳам ўтишини айтади. Шу асосда бошловчи ёзувчининг ҳикояларидан қониқмаганлигини ёзади. Албатта, А. Маматованинг ҳамма фикрига қўшилиб бўлмайди. Унинг хулосаларида китобийлик сезилиб туради. Бошловчи ёзувчининг илк ҳикоялари шундай қизғин фикрлар уйғотган экан, демак, унинг изланишлари самарасиз эмас. У ҳаёт ичига тобора чуқурроқ кириб борар экан, халқ турмушининг катта ҳақиқатларини англаб етаркан, асарлари ҳам шунга кўра ҳаётийроқ, ишонарлироқ, таъсирчанроқ бўла боради. Баҳслар эса унда тўғри ижодий фикр камол топиши учун кўмакчи бўлади”.
(давоми бор)
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ