Абулқосим МАМАРАСУЛОВ: МЕН ҚАНДАЙ ЁЗУВЧИ БЎЛГАН ЭДИМ (12)
МЕН ҚАНДАЙ ЁЗУВЧИ БЎЛГАН ЭДИМ (12)
Ёки Одил Ёқубов ҳақида ҳотиралар
Б а д и а
Айтишларича, биринчи китобчам чиққандан сўнг “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасига китобчамни қаттиқ танқид остига олган хатлар қуюлиб кела бошлаган. Ўша пайтлари Аҳмад Аъзам газетанинг адабий танқид бўлими муҳаррири эди. Ҳикояларимни маъқуллаган биронта ҳам хат бўлмаган. Шундан сўнг Аҳмад ака бош муҳаррир таклифи билан барча мактубларни жамлаб, улар ичидан Мансур Аҳмедовникини танлаб, унинг тимсолида барча хат эгаларига жавоб эълон қилди. Ушбу нарса газетанинг 1982 йил 15 октябрида “Бир китоб ҳақида икки фикр” рукни ости босилди:
“ҲИКОЯ ШУНДАЙ ЁЗИЛАДИМИ?”
Яқинда ёш ёзувчи Абулқосим Мамарасуловнинг “Суюнчи” деган илк ҳикоялар тўпламини ўқиб қолдим.
Ҳикояларни ўқиганимизда ёш ёзувчи, тўплам аннотациясида айтилганидек, асосан “оти нималигини билиб бўлмайдиган сирли туйғулардан боши айланадиган, юрагига игна санчиладиган” ўспиринларнинг нозик кечинмаларини қаламга олиши аён бўлади.
Лекин қай тарзда, қай даражада? Мана, “Ёр-ёр” деб аталувчи биринчи ҳикоя.
Ўрта мактабни яқиндагина битириб, совхозда ишлай бошлаган Абулхайр деган ўсмир йигит бир дўстининг тўйида куёвнавкар бўлиб жўралари билан келинникига келади ва у ерда “тўйгунча ичиб”, кайфи ошиб қолади. Шундан кейин унинг куёв дўстига ҳаваси келиб, бирданига (буни қаранг-а!) ўзининг ҳам уйлангиси келиб қолади. Ўша кечаси у маҳалласидаги ҳали муҳаббат изҳор қилиш у ёқда тугул тузук-қуруқ гаплашмаган ҳам бир қизнинг уйига бостириб киради. У ерда қизни авраб ётганида отаси хабар топади. Қаҳрамон “бўлажак қайнота”сини уриб, йиқитиб, қочади. Шу оқшом у Қарши чўлига “ишлаш учун” жўнаб қолади.
Бор гап шу.
Ахир бу гаплардан тузукроқ мантиқ тополмаймиз-ку!
Бу ўринда автор Абулхайрни шундай ўйлантириб қўяди: “…Ўн саккиз-ўн тўққизга кириб қолди. Отаси бўла туриб, нега уйлантирмайди? Ўзиям йигитмисан йигит, битта хотинни эплайди”. Бундай тутуруқсиз фикрлар тобора давом этади: “…Уйланиш маза-да. Айниқса, ҳозир… Мана, куёв йигит келиннинг ёнига киради. Биринчи кеча. Маишат… Қанийди, Абулхайрнинг отаси ҳам ,кел, ўғлим уйлантириб қўяй, деса. Демайди. Дейишни ўйламайди”. Шуниси таажжубланарлики, Абулхайр бу тутуруқсиз ўйлари билан чекланиб қолмай, сиртидан, ҳаммага эшиттириб ҳам айтади: “Биз ҳам келин-куёвга бахт тилаймиз. Биринчи кечаси муваффақиятли ўтсин” (?!). Наҳотки ўн саккиз-ўн тўққизга кирган йигит келиннинг уйида шу гапларни айтса? Ахир бу ерда катталар, ҳатто ўз отаси ҳам бор-ку! Бунинг устига “унинг гапини маъқулловчи, руҳлантирувчи қийқириқлар эшитилди. Кимдир отасига: “Ўғлингизнинг гапига қулоқ солинг, зўр гапларни айтяпти”, дейди”, тарзида баён қилади автор ва Абулхайрнинг тилига баттар эрк беради.
Энди мана бу кўчирмага эътибор берайлик: “Улбозор индамади. Демак, рози. (учрашувга – М.А.). Нима, қиз болалар ўпишишни, қучоқлашишни хоҳламайдими. Улар ҳам одам. Ёш бўлгандан кейин йигитлик гаштини суриб қолиш керак. Эртага уйланса, ким билади, қанақа хотин учрайди… Иложи борича ҳозир ўйнаб қолиш керак. Аввало қўлга тушмайди, мабодо қўлга тушса ҳам унчалик қўрқадиган жойи йўқ. Зўр келса уйланади-қўяди. Тайёр бепул хотин уйга келиб турипти. Ёқмаса, бир-икки ой хотин қиладию, кейин қўйиб юборади. Тамом”. Ахир бу автор нутқи-ку! Буни қандай баҳолаш мумкин?!
Шундан кейин қаҳрамон шўрлик шунақанги бачкана хаёлларга борадики, негадир беихтиёр авторга ачиниб кетасан, киши.
Абулқосимнинг “Суюнчи” деб номланган иккинчи ҳикояси ҳам шу каби “фазилатлари” билан “Ёр-ёр”дан қолишмайди. Ёзувчи ҳар қадамда фойда ундирадиган, илоннинг ёғини ялаган, айёр кишилар қиёфасини ҳайдовчи образи орқали, унинг ҳатти-ҳаракатлари, гап-сўзлари ёрдамида очиб беришни ният қилган. Бу яхши албатта. Лекин ҳикоя ўта қуруқ, баёний тилда ёзилганлиги, унга китобхонни ишонтирадиган, ўйга толдирадиган, мантиқлироқ хотима ясалмаганлиги оқибатида муаллифнинг бу нияти ҳам амалга ошмай қолган.
“Лапас ҳарбий хизматни ўтаб қайтди. Назарида худди кечагина чақириқ қоғозини олгандай, кўз очиб юмгунча икки йил ўтиб кетибди”, деб бошланади ҳикоя.
Борингки, бизнинг Лапасимизга шундай туюлди ҳам дейлик. У ҳолда, шу кайфиятдаги одам уйига бамайлихотир, гўё икки соат кўчани айланиб келгандек: “Қалай, яхши ўтирибсизларми, мен келдим”, деб киравериши керак эди-ку. Бироқ ҳикоя: “Лапаснинг қулоғига гап кирмасди. – Онажон, мен келдим, — деди пичирлаб, — мен келдим!” қабилида тугалланади.
Бундан ташқари ҳикояда персонаж нутқига хос бўлмаган “Шонли Совет Армиясининг солдатлари ҳар доим ҳушёр қўриқлайдилар” каби иборалар ва “бир ҳаяжонига ўн ҳаяжон қўшилди”.”ҳовлидан жавоб эшитилди” сингари бачки сатрлар учрайдики, китоб зеҳн билан таҳрир қилинганига ишонгимиз келмайди.
Абулқосим охирги ҳикоясида яна қишлоқ ўсмирлари ҳаётини, тўғрироғи биринчи муҳаббат масаласини қаламга олади. Менингча, шу ҳикоя тўпламга киритилмаганда балки нуқсонлар бироз камаярмиди? Чунки ҳурматли ёзувчиларимиз Носир Фозилов (“Саратон” қиссаси) ва Ўткир Ҳошимов (“Оқ булут оппоқ булут” ҳикояси) ҳамда бошқалар бу борада шу қадар эсдан чиқмас образлар яратиб қўйишдики, эндиликда бу мавзуга қўл урган одам масъулиятни ғоят чуқур сезмоғи даркор. “Алибек” (“Фаришта”) ҳикоясидан кўриниб турибдики, қош қўяман деб кўз чиқариш ҳеч гап эмас экан.
Ҳикоя ачинарли даражада қуруқ, жўн, ишонарсиз воқеалардан, тўғрироғи лофлардан иборат. Мен муболаға демай, атайин лоф деяпман. Чунки 40-бетда таърифланганидек, бўлмағур хаёлларга ўралашиб юрган йигитнинг бирданига бир кунда севиб қолишига ишонолмайман.
Совхоз бригадири Алибекни (бош, ижобий қаҳрамон!) ўзига ҳисобчиликка таклиф этганда жон-жон деб рози бўлади ва диққат қилинг, нималарни хаёл қилади у: “Бахт кулиб боққанини кўр. Ҳисобчи бўлиш ёмон эмас. Бир мавсумда қанчадан-қанча пул ишлаб олиш мумкин. Бўлди энди, Нурали ака (бригадир) билан келишиб, ўзигаям, отасигаям (омборда мудир), онасигаям (уй бекаси), акасигаям (студент), опасигаям (икки йил бурун тоғ тарафга эрга тегиб кетган), синглисию (беш яшар), укасигаям (икки ёшли) иш ҳақи ёзаверади. Ана пул, мана пул. Қолган ука-сингиллари ўзлари ишлашади. Уларга ҳам кўп-кўп ёзиб туриш мумкин. Пулга ботиб қолади”. Ахир мактабни эндигина тугатиб, мураккаб ҳаёт қўйнига шўнғиш арафасида турган ҳалол ўсмирнинг беғубор қалби қаёқда қолди?!!
Севимли адибимиз Ўткир Ҳошимов “Тасвир самимияти” деган мақоласида: “Ёзувчи ўзича янги услублар кашф этиши мумкин, янги образлар ўйлаб топиши мумкин, лекин унинг асарида биргина нарса – самимият бўлмаса, унинг китобини ўқувчи қабул қилмайди”, деган эди. “Суюнчи”ни ўқиб, бу гапларнинг нақадар тўғри эканлигига яна бир карра ишонамиз.
Мансур АҲМЕДОВ
ШУНДАЙ ҲАМ ЁЗИЛАДИ
Мухлис киши ўз табиати, ҳаётга муносабатига қараб китоб танлайди. Кўп ўқиган сайин ўз навбатида унинг китобга, адабиётга муносабати, яъни эстетик кечинмалари шакллана боради. Бизнинг у ёки бу асар тўғрисидаги мустақил туюлган фикримиз замирида ўзимизга сезилмаган ҳолда шу чоққача ўқиган асарлардан олган, китоблар таъсирида туғилган таассуротларимиз ётади. Таассуротларимиздаги торлик эса кўпинча туйғуларимизда ҳам сунъий чегаралар – китобийликни пайдо қилади. Бу эса оригинал, ўзгача адабий ҳодисани тўғри тушуниб баҳолашимизга халал беради: янги асарни беихтиёр олдин ўқиган нарсаларимиз қаричи билан ўлчаймиз, ундаги қаҳрамонларни ўзимизга яхши таниш бўлган адабий персонажларга таққослаймиз-да, тафовутга кўникмаймиз, ажабланамиз, ёзғирамиз.
Абулқосимнинг ҳикоялари кишида шунақа мураккаб таассурот уйғотади. Ёш ёзувчининг турмушга, айниқса қаҳрамонларининг ўй-кечинмаларига нисбатан дали-ғули бир тантилик билан ёндашиши, уларнинг ҳатти-ҳаракатларини ҳали тажриба сўраб турган тетапоя маҳорат билан тасвирлаши ҳаммада бир текис хайрихоҳ туйғулар уйғотавермаслиги турган гап. Буни М.Аҳмедов мисолида ҳам кўриб турибмиз. “Ёр-ёр”даги Абулхайр, бошқа ҳикоянинг қаҳрамони Алибекнинг ҳатти-ҳаракатлари ва хусусан муҳаббат, оила ҳақидаги ўй-хаёлларидан аллақандай андишасизлик, ҳатто айтиш мумкинки, беадаблик туйиш, менингча, фақат М.Аҳмедовга хос бўлмаса керак.
Бунинг сабаби бадиий асарларимизда урчиб кетган, нуқул юлдузларга қараб оҳ тортадиган, сарвқомат, бодомқовоқ, қалдирғочқош дилрабо севгилисини сўлим мажнунтол соясида устма-уст сигарет тутатганча энтикиб кутаётган сип-силлиқ сохта йигитларнинг сентиментал изтиробларини ўқиганимизда, уларга кўникиб қолганимизда. Ана шундай лирик ошиқларнинг висол арафасида, келармикан, дея нигорон интиқлигига таққослаганда Абулхайрнинг “Биринчи учрашувдан дарров тармашаверса, яхши эмас-да”, сингари ўйлари, Алибекнинг: “Айниқса фигураси! Ажойиб!” деб севганининг ортидан “ишшайганча” қараб қолиши, қизни бир дақиқа ўз оғушида тасаввур қилиб “юраги ўйнаб кетиши” ғоятда шармсизлик бўлиб туюлади. М.Аҳмедов кўчирма олган парчалардан эса қаҳрамонларимизнинг беодоб туйғулари фош бўлиб қолгандек кўриниши, севгига бундай нияти бузуқ ўспиринлар эмас, балки покиза, тарбияли, тоза қалбли ёшлар муносиб эмасми, деган фикрга олиб келиши мумкин.
Лекин биз адабий персонажнинг одоб-ахлоқи билан ёзувчининг ахлоқий позициясини аралаштириб юбормаслигимиз, қаҳрамоннинг оғзидан чиққан тутуруқсиз гапни авторнинг ёқасига ёпиштиравермаслигимиз керак. Баъзан ёзувчилар қаҳрамони орқали ўзининг ҳаётга, одамларга муносабатини бадиий талқин қилади, баъзан эса салбий персонажини ошкора қораламайди-да, уни “ичдан туриб” кузатади. “Қани, гапираверчи”, дегандай сиртдан “маъқуллаб” туради… Хуллас, бунинг йўллари кўп.
Гап одоб-ахлоқ мавзуининг талқини ҳақида кетар экан, баъзан ҳатто тажрибали адибларимизнинг гоҳо хилват табиат гўшаларида , гоҳо эса никоҳ тўшагида қаҳрамонларининг яланғоч тани, ҳаяжонли эҳтирослари орқали содда ёш китобхоннинг ибтидоий туйғуларини қитиқлаб, шу йўл билан асарларини ўқишли қилишга уринишларидан ҳам кўз юмиб бўлмайди. Бадиий асарнинг туйғулар тарбиясидаги масъулиятини инобатга олсак, бундай ҳоллар Абулқосимнинг қаҳрамонлари ўйларидаги андишасизликдан зарарлироқдир.
Йўқ, мен ёш ёзувчи Абулхайр ва Алибекни салбий персонажлар сифатида фош қилади, уларнинг одобсизлигини қоралаб ёзади, демоқчи эмасман. Аксинча, у Абулхайрга ҳам, Алибеккка ҳам илиқ бир меҳр билан ёндошади, шунинг учун ҳам автор гўё улар томонда тургандек кўринади. Лекин бу фақат сиртқи муносабат. Аслида ҳар иккала ҳикояда ҳам қаҳрамонларга нисбатан меҳрга теран юмор омихталаниб кетган. Ёш ёзувчи ўспирин йигитларнинг турмуш, оила, муҳаббат ҳақидаги кечинмаларини гўдак юришини кузатгандек завқли кулги билан тасвирлашга интилади ва бунга эришади ҳам.
Эътибор беринг: Абулхайрнинг севгилиси Улбозор ҳақидаги ўйларининг бузуқлиги, қизни оғир аҳволда ташлаб, ўзи Қарши чўлига жуфтакни ростлаб қолишига қарамай, ҳикоя кишида нохуш кайфият туғдирмайди; ҳисобчи бўлиб пулга ботиб қолишни, талаба қизларнинг “биттасини илинтириб олса, ҳар куни учрашувлар, ўпишишлар, кўксига бош қўйиб ётишни” орзу қилган Алибекнинг Зулфияга муҳаббати эриш туюлмайди, аксинча, кишининг кўнглини ёриштириб юборади. Ёш ёзувчи ўзининг кечаги тенгқурларини гўё “Эй боласи тушмагурлар-эй, қачон сизларга эс киради?” деб тасвирлайди ва уларнинг “эти ўлмаган” кечинмаларини “Кўнгил-да, нима дейсиз”, дея гўё оқлаб туради. Менингча, худди шундай вазиятда унинг самимияти ойдинлашади. Бу самимият айниқса, “Алибек” ҳикоясида янада равшанроқ кўринади.
Билмадим, бошқаларга қандай, аммо мазкур ҳикоя муҳаббат мавзуида ёшлар прозасида яратилган сара асарлар сирасига киради, деб ўйлайман.
“Ёр-ёр” ва “Алибек” ҳикояси тўлиғича қаҳрамонларнинг таассуротларига асосланган, барча воқеалар, борлиқ, кишилар, уларнинг ички оламида акс этиши бўйича ёритилади. Автор ўзининг ҳукм-хулосаларини очиқ-ошкора билдирмайди. Фақат баъзи тасвирий ўринлардагина уларнинг ҳатти-ҳаракатларига “аралашади”. М.Аҳмедов автор нутқи, бевосита унинг қарашлари деб “ачинган” ўринлар ҳам қаҳрамонларнинг турмуш, муҳаббат тўғрисида ҳали шаклланмаган, болалик билан катта ҳаёт оралиғида адашиб юрган олақуроқ тушунчаларидан иборат. Шу маънода Абулхайр ва Алибекнинг тутуруқсиз ўй-хаёлларида ўзгача бадиий мантиқ, ёш ёзувчининг ўзига яраша поэтик жасорати – бошқаларникига ўхшамайдиган усуллардан фойдаланишга, нотекис бўлса ҳам ўз йўлидан юришга қатъияти бор.
Албатта, тўпламдаги ҳикояларда ёш ёзувчининг ўзи топган янгиликларни тўла очолмай, уларнинг кабариқ томонларини пайпаслаб кўраётган ўринлари ҳам йўқ эмас. Хусусан, адабий тил ва ҳикояларнинг ички композицион тартиботи борасида Абулқосим ҳали кўп ишлаши керак. Масалан, “Суюнчи” ҳикоясида автор ўз изланишларига бегона материал танлаган, нишонни нотўғри белгилаган. Оқибатда асардан ҳозирги ҳажвиётимизда кўп такрорланадиган сийқа сюжет ривожига мойиллик сезилиб қолади, ҳикоянинг ҳиссий мароми уйғунлашмайди: ҳажвий йўналиш меъёрдан ортгани ҳолда асар кутилмаган мутлақо тескари – сентиментал-романтик оҳангда якунланиши ҳам муваффақиятсизликка сабаб бўлган.
Лекин ҳар ҳолда “Суюнчи” тўплами ижодига меҳр ва эҳтиёткорлик билан ёндошишни тақозо қиладиган ёш қаламкаш адабиётимизга кириб келаётганидан гувоҳлик беради.
Аҳмад АЪЗАМ”
(давоми бор)
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ
Baribir bu odam yaxshi yozadi. Huddi Ismat Hushevday sodda va samimiy.