Улуғ ёзувчи Одил Ёқубов умр йўлдошининг хотиралари (43-45)
Бир куни Одил аканинг ҳамқишлоқларини магазинда кўриб қолдим. Улар билан саломлашгач, Одил ака: «Ҳамқишлоқларим бир Тошкентга келиб қолибди-ю, сен уйга таклиф қилмабсан», деб койишлари мумкин, деган хаёлга бордим. Уларни қўярда-қўймай уйга бошлаб келдим.
Бор масаллиқни қозонга солиб, «бешбармоқ»ни тайёрладим. Меҳмонларнинг қорни жуда очган эканми, овқатни мақтаб-мақтаб шоша-пиша ейишди. Қоринлари тўйгандан кейин уйдаги жиҳозларга разм сола бошлашди. Хонада кўпга ўхшаб кўринсин деган мақсадда жиҳозларни бурчакка қўярдик. Шкафнинг устида 7 литрлик самовар турарди. Шунда меҳмонлардан бири:
– Ҳозир замонавий, зиёли оилаларда меҳмонхона самовар билан ясатилмайди. Айниқса, сиздай машҳур адибнинг хонадонида шаҳарликлар учун кераксизга айланган буюмнинг сақланиши тўғри эмас. Ахир, у модадан қолган-ку. Мана биздақа қишлоқиларга бу самовар жуда асқотади. Одил ака, янга, шу самоварни менга беринглар. Сизларни алқаб чой қайнатиб, ичиб юраман. Бу ерда бекорга жой олиб, чанг босиб турибди, – деб самоварга ёпишиб олди.
Одил ака менга қарайдилар, мен у кишига. Бир калима сўз дея олмайсиз. Аслида иккаламизнинг ҳам самоварни бергимиз йўқ, лекин меҳмоннинг кўнглига оғир ботишидан ҳам қўрқамиз.
Хуллас, меҳмон «сукут – аломати ризо», деб ўйлади шекилли самоварни жойидан силжитиб, қўлтиқлаб олди. Одил ака «ажаб бўпти» дегандай менга қараб қўйдилар-да, меҳмонларни кузатиб қўйдилар.
Бундай меҳмонлар тез-тез зиёратга келиб турар ва кўзларига чиройли кўринган нарсаларни олиб кетаверардилар. Мен ҳар сафар: «Энди ҳеч кимга ҳеч нарсамни бермайман», – дердим-у Одил акадан ўтиб, бир нарса дея олмасдим. Одил ака учун эса ҳар қандай буюмнинг қадри меҳмоннинг хоҳишидан устун турмасди.
Дўстнинг эътирофи
Одил ака Чингиз Айтматовнинг бир неча ҳикоялари ва, айниқса, «Жамила» қиссасини ўқиганларидан кейин унинг санъаткорлигига ўзгача ҳурмат билан қарардилар. Фақат Чингиз аканинг рус тилида ижод қилиши бир оз эриш туюларди уларга.
Чингиз Айтматов Москвадаги Олий адабиёт курсларини битириб, ўша жойда ишлаётганлиги боис Пиримқул ака билан таниш бўлган. (Ўша даврда Пиримқул Қодиров Москвада СССР Ёзувчилар уюшмасининг ўзбек адабиёти бўйича маслаҳатчиси лавозимида ишлаган.)
Чингиз Айтматов Тошкентга қандайдир бир тадбирда иштирок этиш учун келганида Пиримқул ака уни уйига таклиф қилган. Одил ака Пиримқул аканинг уйида Чингиз Айтматов билан танишиб, у билан бир умрга дўст бўлиб қолганлар. Самимий ва дўстона вазиятда ўтган илк учрашувни Одил ака жуда кўп
гапириб юрардилар.
Чингиз Айтматов бизнинг хонадонда ҳам бир неча марта меҳмон бўлган. Биринчи марта 1974 йили Қирғизистоннинг ўзи туғилиб ўсган Талас водийсига Тошкент орқали бораётганида уйимизга келган.
Чингиз Айтматов ҳовлимизга кириб келиши билан мевалари етилиб, тагига тўкилиб турган ёнғоқ дарахтига разм солган ва дарахт остига энгашиб, беш-олтита ёнғоқни териб, шундай деган эди:
– Адил, бу дейман, ёнғоқларинг жуда кўп ҳосил берибди-ку! Бир оғайничилик қилиб бир-икки қоп ёнғоқ юбораркансан-да-а?
Кейин териб олган ёнғоқларини ёрдамчисига узатиб: «Чақиб, менга берасан, яна ўзинг еб қўйма», – деган ҳазиллашиб.
Ҳовлимиздаги бу улкан ёнғоқ дарахти эллик йилдан зиёдроқ вақтдан бери бизни ўз мевалари билан сийлаб келаяпти. Дарахт тагидаги сўрида Одил акани йўқлаб келган ёзувчи ва шоирлар, мухлислару меҳмонларнинг энг қизғин суҳбатлари кечган.
Ўша куни Одил ака меҳмоннинг ҳурмати, деб кўпгина қаламкаш биродарларни уйга таклиф қилган эдилар. Дўстона ширин суҳбат, адабий мунозара тонггача давом қилган.
Чингиз Айтматов кейинчалик 1978 йилда турмуш ўртоғи Майрамхон билан меҳмонга келишганда, ёнғоғимиз эндигина гулини тўкаётган маҳал эди. Бу сафар ҳам Чингиз ака ёнғоқнинг тагига келиб, сўз қотди: «Эҳ Майрамхон, сен бу ёнғоқни емадинг– дунёга келмадинг. Жуда зўр ёнғоқ. Қара, гуллари ҳам йирик-йирик. Афсуски, сенга бу ёнғоқнинг таъмини кўриш насиб этмади. Лекин ҳосил пишса, Адил, албатта, бир қоп ёнғоқ юборади. Шундайми, Адил?» Одил ака кулиб бошларини силкитиб: «Бир қоп ёнғоқ сизлардан айлансин, ҳамма хосилини ҳам йиғиб-териб юбораман», – дедилар.
Шу ўринда яна бир нарсани таъкидлаб ўтишни хоҳлардим. Гарчи рус тилида гаплашиш иккала адиб учун ҳам қулай бўлса-да, Чингиз ака билан Одил ака ҳар доим қирғиз тилида гаплашишарди. (Одил ака қирғиз тилини ҳам яхши билардилар.)
Майрамхон жуда ширинсухан, гўзал ва дилбар аёл эди. Биз, аёллар, ижодкор билан яшашнинг машаққати-ю лаззати тўғрисида узоқ суҳбатлашганмиз.
1998 йилдаги ташрифида Чингиз Айтматов қўлига қадаҳ кўтариб, қуйидаги сўзларни айтгани ҳозиргача қулоғим остида жаранглаб турибди. Чингиз ака:
– Адил! Кечроқ бўлса ҳам «Муқаддас»ни ўқидим. Менинг «Жамилам» ва «Сарвқомат дилбарим» эртароқ рус тилида чиқди. Аслида сенинг «Муқаддас»инг аввалроқ чиққанда сен мендан ҳам машҳур бўлиб кетардинг. Лекин сенинг «Улуғбек»инг нафақат ўзбекнинг, балки барча туркий халқлар адабиёти, ҳатто жаҳон адабиётининг хазинасидан жой олди, – деганида меҳмонлар қарсак чалиб юборишган эди.
Уйимизда Мустай Карим, Довид Қуғултинов, Қайсин Қулиев, Чабуа Амираджиби, Азиз Несин, Абдужамил Нурпеисов, Мухтор Шаханов ва Қолдибек Сейданов каби ижодкорлар ҳам меҳмон бўлишган.
Асарларга туртки бўлган мактублар
Бугунги кунда ёзувчиларга хат келадими ё йўқми, билмайман. Балки ҳозирги техник ривожланиш даврида жуда кўп нарсалар телефон орқали ҳал қилинаётган бўлса керак. Лекин, юқорида айтиб ўтганимдек, Одил акага мухлислардан жуда кўп мактублар келарди.
Бу мактубларда нафақат Одил аканинг асарларидан олинган таассуротлар, қаҳрамонларнинг прототиплари ҳақидаги саволлар, ёзувчига миннатдорлик сўзлари ёзилган, балки маслаҳат ва ёрдам ҳам сўралган бўларди. Кимдир турмуш ўртоғининг ташлаб кетгани, кимдир ҳарбий хизматдаги адолатсизликлар, яна кимдир маиший муаммолари ҳақида ёзиб, ёрдам ва маслаҳат сўрарди. Одил ака ҳар бир мактубга алоҳида эътибор билан қарардилар. «Бу мактубнинг ортида инсон бор, у мендан нажот кутиб хат ёзаяпти ва, албатта, жавобимни кутади, бунга бефарқ бўлиш мумкин эмас», – дердилар.
Бир куни уйга кирсам, Одил ака мук тушганча бир хатга термулиб ўтирибдилар. Юзларидан бирон нохуш воқеа хабари келгандек туюлди. Секингина бориб ёнларига ўтирдим. Қоғозни қўлимга тутқаздилар.
Кўз ёшига беланган бу хат Бухородан ёзилган бўлиб, ҳар қандай тош юракни ҳам қон қиладиган ҳасратга тўла эди. Уни хўжалик раҳбарларидан бири ёзган бўлиб, ўзи «пахта иши» бўйича эрта-индин муқаррар қамалади, фарзандлари эса вояга етиб қолган, шуни ўйлаб…
Ўзингизга маълум, оила бошлиғи қамалгудай бўлса, қизларининг, ўғилларининг келажаги барбод бўлади. Шу сабаб оилам шаънига доғ тушмасин, деб ўша шўрлик бошини урмаган остона қолмаган. Аммо ҳеч қандай нажот топмагач, дардини, бор ҳақиқатни Одил акага ёзиб юборган. У хатида: «Ёруғ кунлар келганида фарзандларимга шуни етказинг, тушунтиринг, мен уларнинг келажагини сақлаб қолиш учун ўз жонимга қасд қилаяпман», деб ёзган…
«Бу хат, уни ёзган кишининг тақдири – бошқа бир масала. Аммо сир эмас, яқин ўтмишда ҳам шароит тақозосига кўра иш юритган бўлса-да, охир-оқибат айбдор бўлиб чиққан, аслида юраги шоирона туйғуларга бой не-не инсонлардан айрилиб қолмадик. Ёки бўлмаса, заҳри қотил умрини хазон этган, ситамларга чидаёлмай ўзига ўт қўйиб юборган келинчаклар, оилам, болам-чақам деб меҳнатнинг тагида қолиб кетганлар озмиди, ахир?!» – дедилар паст овозда…
Бундан хатлар «Оқ қушлар, оппоқ қушлар», «Адолат манзили» сингари романлари ёзилишига туртки бўлган бўлса ажаб эмас.
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ
Yanganing mana shu dardli hotiralari mana man degan ba`zi yozuvchilarning ‘RO`MON»LARIDAN HAM AZIZ VA MUQADDAS BIZ UCHUN.