Абулқосим МАМАРАСУЛОВ: МЕН ҚАНДАЙ ЁЗУВЧИ БЎЛГАН ЭДИМ (10)
МЕН ҚАНДАЙ ЁЗУВЧИ БЎЛГАН ЭДИМ
(10)
Ёки Одил Ёқубов ҳақида ҳотиралар
Б а д и а
У ерда мени янги журнал наср бўлими мудири Эркин Аъзамов билан бўлим муҳаррири Хайриддин Султоновлар катта қизиқиш билан кутиб олишди. Хайриддин “Сомончилар”имни таҳрирдан ўтказиб, биринчи сонга тайёрлапти.”Ёр-ёр” номли ҳикоям қолдирилипти. “Унда анча эзмаланипсиз”, — деди Эркин Аъзамов. Кейинги кунларда кўплар менга шу ҳақда айтаётган бўлса-да, дастлабки мислсиз ғалабалар оғушида мен бу тўғрида фикр юритишни мутлақо истамас, ёки ўз эзмалигимни кўра билмас эдим. Мени янги журналнинг бош муҳаррири Эркин Воҳидовга дуч қилишди. Эркин ака ҳам менинг “Сомончилар”им Одил Ёқубовнинг “сўз боши”си билан янги журналнинг биринчи сонида чиқишини айтди. Мана ўша “сўз боши”:
“Бундан бир йил муқаддам мен “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида ёш адиб Абулқосим Мамарасуловнинг ижодига оқ йўл тилаган эдим.
Ёш адибга оқ йўл тилаш савоб иш-ку, бироқ бу ишнинг хатарли томони ҳам йўқ эмас. Ёш ёзувчи сизнинг ишончингизни оқласа-ку, нур устига аъло нур, борди-ю, оқлай олмаса-чи?
Мана, бугун мен Абулқосим Мамарасуловнинг “Ёшлик” журналида эълон қилинаётган “Ёр-ёр” ва “Сомончилар” деган ҳикояларини ўқиб, бир йил аввал унга оқ йўл тилаганимдан мамнун бўлдим.Бу ҳикоялар адабиётимизга истеъдодли бир ёш ёзувчи кириб келаётганидан далолат беради. Ҳикояларнинг бош ғояси – инсон масъулиятидир.
Биз одатда инсон тарбияси тўғрисида кўп ёзиб, инсон м асъулияти ҳақида кам ёзардик. Ҳолбуки жамият аъзосининг бахти фақат тарбияга эмас, унинг ўз ҳаётига масъулият билан ёндошишига, яъни босган қадамига ҳам боғлиқдир. Абулқосим Мамарасулов бизнинг эътиборимизни шу муҳим масалага қаратган.
Ҳар иккала ҳикоя чуқур психологик таҳлил, инсон руҳининг нозик тебранишларини нозик ифода этиш, инсоний меҳр, илиқ юмор ва бошқа яхши фазилатлари билан кишини мафтун қилади. Ўйлайманки, менинг бу фикримга “Ёшлик” журналининг ёш китобхонлари ҳам қўшилажак”. М ен қайтиб келиб, Одил акага бўлган воқеаларни айтиб, “Ёр-ёр” қолиб кетаётганига урғу бердим.
— “Сомончилар”ни чиқариб олаверинг-чи, — деди Одил ака мийиғида кулимсираб, — кейин Абулқосим Мамарасулов бўлиб кетсангиз, ўзлари илтимос қилиб чиқаришади. Ўшанда бу ҳикояни уларга чиқаришга берасизми, йўқми, ўйлаб кўрасиз.
Кейин 1982 йил январида бирин-кетин “Гулистон” ва “Шарқ юлдузи”нинг янги йил сонларида ҳикояларим эълон қилинди. Янги “Ёшлик” журналининг биринчи сони эса Абулқосим Мамарасуловсиз чиқди. Ҳайрон бўлиб, Тошкентга бориб, Одил акага учрадим. Одил ака мени вазиятни аниқлаш учун журналга жўнатди. У ерда мени Хайриддин кутиб олди.
— Мен ҳикоянгизни тайёрлаган эдим. Чиқмай қолиш сабабини бош муҳаррир сизга тушунтиради, — деди.
Мен бош муҳаррирга дуч бўлдим.
— Ҳикоянгизда сомон ўғирлаётган қишлоқ кишиси милиционернинг қўлига тушиб, жазоланипти, — деди бош муҳаррир. – Сомон ҳар ерда қолиб кетадиган хашак-ку, шуниям муаммо қилиб кўтариб юришга арзирмикан, ҳеч бўлмаса бир қоп буғдой ўғирлаб қўлга тушсаям бошқа гап эди. Шунинг учун ҳам ҳикоянгизни қолдирдик. Биз янги журнал ташкил қилдик. Биз ҳар бир асарга энг юқори талаблар даражасидан қараймиз…
Мен Одил акага қайтиб келиб, суҳбатлар мазмунини айтдим. Тўрт йиллик азобдан кейин, салкам бир йил осмону-фалакда учдим. Ҳикояларим бетўхтов республиканинг энг обрўли газета-журналларида нашр этилди ва… ниҳоят осмону-фалакдан яна ерга қайтиб тушдим. Қоқилдим. Ва мен ҳамма нарсага қодир деб ҳисоблаган Одил аканинг ҳам янги журналга тиши ўтмай қолди.
— Бўпти, сиз бораверинг-чи, — деди Одил ака хаёл суриб қолиб. – Нимаям қилардик. Мингта пайғамбардан битта худо яхши дейишади-ку. Мен ҳам худо эмасман… Фақат сиз кайфиятингизни туширманг. Янги-янги асарлар ёзаверинг. Сиз ёзсангиз бўлди. Ёзилган нарса яхши бўлса, ўзи йўл топиб, бари бир чиқиб кетади.
1981 йил ёзида Тошкентга борганимда Одил ака Жиззахда Нормурод Холмуродов деган совхоз директори борлигини, у киши ҳақида кўп нарсалар ёзиш мумкинлигини айтган, кейин мен Нормурод Холмуродовни топган, у киши билан бир кун бирга юрган, Нормурод ака фахр билан Одил Ёқубов “Диёнат”да исмидан ҳам, фамилиясидан ҳам фойдаланганини айтган, кейин мен шу киши ҳақда очерк ёзиб, Одил акага етказган эдим. Ва бундан ташқари неча йиллар ижод дунёсида заҳмат чекканларим тўғрисида хат ҳам ёзган эдим. Шунга жавобан Одил аканинг мактуби:
“Дўстим Абулқосим!
Очеркингизни ўқиб чиқдим. Жуда шошиб ёзибсиз. Мен “бир кечада ёздим”, деганингиздаёқ чўчиган эдим. Фикр йўқ, бошдан оёқ ҳамду-санолардан иборатким, бунга на Нормурод ака муҳтож, на китобхон.
Бундан кейин жиддий бўлинг, масъулият туйғуси ҳамиша қаламингиз устида ҳоким бўлсин!
Ҳикояларингиз вақтида босилмаганидан кўп ўкинманг. Ҳаммаси босилади, махталади, пул деган “сен же, мен же”, бўлиб, шон-шуҳрат тагида қолиб кетасиз ҳали!
1-нчи январдан (борингки февралдан дейлик) ёшлар журнали чиқадиган бўлди. Эҳтимол бир қатор ҳикояларингизни ўша журналга тавсия қилармиз.
Очеркни танқид қилганимга ранжиманг. Ака деган қаттиққўл бўлмаса ука деган талтайиб кетиши мумкин.
Салом билан Одил Ёқубов
1981 йил 6 сентябр.
Айрим ижодий давраларда мен “Одил Ёқубов устозим” дея гапирганимда ҳатто менинг ўзимга, юзимга ҳам “Одил Ёқубов устозинг эмас, у киши шунчаки сенга йўл очиб бераётган одам. Ҳолбуки, бу йўлни сал қийинчилик билан бўлса-да, ўзинг ҳам очиб олишинг мумкин эди” деганлар бўлган, улар билан неча бор бахслашган эдим. Улар балким ҳақдир, балким ноҳақдир, лекин нима бўлганда ҳам мен ҳамиша – ўша, “Ота изидан”ни ўқиб таъсирланган 4-5 синф ўқувчиси эканлигимдан бошлаб — Одил акани устозим деб билганман ва ҳамиша шундай бўлиб қолади.
Қуйидаги хат Одил аканинг менга биринчи жавоб хати:
“Дўстим Абулқосим!
Хатларингизни олдим. Раҳмат. Мен съезддан сўнг бир оз Москвада, тўғрироғи Москва яқинидаги бир жойда ётиб ишладим. Тошкентга кеча келдим, бугун ишга чиқиб, хатларингизни олдим.
Албатта, яхши сўзларингиз учун раҳмат. Биринчи мактубингизда қийинчиликлар ҳақида анча гапирипсиз. Шуни билиб қўйингки, ёзувчи қийинчиликлар воситасида одам бўлади. Яъни кишини ёзувчи қиладиган омиллардан бири ўзи қийинчиликлардир. Ҳаётда бошига ташвиш тушмаган, таралло-ялло қилиб юрган оамдан ёзувчи чиқиши мумкин эмас. Нега? Чунки ёзувчи деган сўз биринчи навбатда дард ва ҳамдардлик деган сўздир.
Сизнинг ижодингиз, ишларингиз яхши. Журналларга берилган нарсалар чиқсин, яна ҳам яхши бўлиб кетади.
Биз 82 йилга кичик бир китобчангизни чиқариш ниятидамиз. Кейин 83-84 йиллари каттароқ тўпламларингизни чиқаришга ҳаракат қиламиз. Сиз фақат шошманг. Шукшин, Вампилов (ҳам драматург, ҳам ҳикоянавис), В.Белов, Б.Можаев каби истеъдодларни кўпроқ ўқинг. Дунёда ғалат одамлар кўп (чудаклар), шулар ҳаёти билан кўпроқ қизиқинг. Чунки чудаклар – ҳамиша яхши одамлардан чиқади. Бизнинг ёзувчиларимиз (Ғафур Ғуломдан бошқа) бу ҳақиқатни ҳали яхши тушунишгани йўқ.
Ойингиз саломат бўлсинлар. Салом айтинг.
Энг яхши тилаклар билан Одил Ёқубов
1981 йил 30 июл”
Ана шунақа гаплар.
(давоми бор)
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ