"Дунё ўзбеклари" сайтини энди телефонда, планшетда ва комьютерда ихчам мобиль версияда кўришингиз мумкин: [fdx-switch-link]
  • Асосий
  • Ассалому алайкум!
  • Муаллиф ҳақида
  • МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ

Улуғ ёзувчи Одил Ёқубов умр йўлдошининг хотиралари (36-37)

Адабиёт, Муҳаррир танлови, Одил Ёқубов рафиқасининг хотиралари... | 26/05/2013 23:01-     11340 марта ўқилди

Одил ака хотини биланИжодхона

Одил аканинг ёзув столи ётоқхонада турар, лекин адиб ундан жуда кам ҳолатлардагина фойдаланардилар. «Карават, диван бор жойда ишлаб бўлмайди, одам ётгиси келаверади», – дердилар.

Ижодга шўн­ғиганларида эса жой танлаб ўтирмасдилар. Кўчада ёки транспортда кетаётганларида ҳам кафтдеккина ён дафтар тўлиб қоларди.

Атрофларида содир бўлаётган барча воқеа-ҳоди­саларни диққат билан кузатардилар.

Одамларнинг кийиниши, юриш-туриши, ўзаро муносабатларини синчковлик билан ўрганардилар. Ўйлашимча, ана шу диққат билан қилинган кузатишлар натижасида асарнинг 70–80 фоизи мияларида пишиб етиларди. Шу сабабли ёзиш жараёнида у қадар қийинчилик бўлмасди. Ҳар ҳолда Одил аканинг оқ қоғозга термулиб, ўйланиб, қаламни қўлларида ўйнаган ҳолат­ларини кўрмасдим. Қайси вақт қарасам, қалам қоғоз­-
нинг устида сувдаги балиқдек эркин сузаётган бўларди.

Ҳатто меҳмонга борганларида ҳам уй эгаларининг болалар билан бўлган муносабатларини, уларнинг ўзларини тутиши-ю гап-сўзларини ҳам кузатиб ўтирардилар.

Ҳеч ким ўзининг, ҳатто фарзандларининг ҳам ютуқ ва камчиликларини аниқ кўрмайди. Бошқа оилага борганида эса у ердаги муҳит барча ижобий ва салбий томонлари билан кўзга ташланади-қолади. Шунинг учун ҳам ёзувчилар одатда  янги ёзилажак асарларининг протипларини четдан топадилар. Одил аканинг ўзларини мезбон уйида тутишларига келсак, мезбонларнинг, масалан, ўз фарзандларига бўлган муносабатларидаги бирор ибратли жиҳатни кўриб қолгудек бўлсалар, шу жиҳатлардан ўз болаларимизнинг тарбиясида фойдаланишимиз мумкин, деган қарорга келардилар.

«Ажойиб хаёлпараст» кинокомедиясининг сценарийси шундай кузатувлар асосида ёзилган. Одил Ёқубов сценарийси асосида суратга олинган бу фильм ҳақида алоҳида тўхталиб ўтиришга ҳожат йўқ, деб ўйлайман. Чунки Ўзбекистон халқ артисти Бахтиёр Ихтиёров ўта маҳорат билан ижро этиб, томошабинларнинг қалбида сақланиб қолган «қуёнчи шифокор»нинг хаёли-ю ҳаётини бугунги кунда ҳам томошабин севиб томоша қилади.

Бир сўз билан айтганда, Одил ака учун бутун борлиқ ижодхона эди.

 

Таҳрир ва таржима 

Ижодий ишнинг ҳам энг қийин ва масъулиятли палласи таҳрир жараёнидир. Машинкадан ёки компьютердан чиққан китоб муҳаррир қўлига келиб тушганидан бошлаб, токи нашрга рухсат берилгунига қадар бир неча марта қайта-қайта ўқилади.

Аслида Одил Ёқубовнинг асарлари у қадар таҳ­рирга муҳтож бўлмаса-да, у киши нашриёт муҳарри­рининг асарни, албатта, ўқиб чиқишини зарур, деб ҳисоблардилар. Муҳаррирлар – нафақат асарни китобхонларга қандай етказиш сирларини билган, балки бугунги кун талабларидан ҳам хабардор кишилардир. Уларнинг қўли, кўзи таҳрирга мослашган. «Улар шу соҳанинг усталари, ҳар бир асар яхши муҳаррирларнинг таҳриридан ўтиши керак», деган фикрда эдилар.

Шу ўринда бир гапни таъкидлаб ўтишни жоиз, деб биламан. Одил ака тил ва имло қоидаларини жуда яхши билардилар. Шу сабабли Одил Ёқубовнинг асарларидан келтирилган мисоллар ўрта умумтаълим мактабларининг 5–9-синф ўқувчиларига мўл­жалланган «Ўзбек тили» дарсликларида ўқувчи­ларга ўзбек тилининг кенг имкониятларини ўргатиш учун киритилган.

Одатда нашриёт муҳаррири таҳрир қилган нусхани биринчи бўлиб мен, кейин ўзлари, албатта, ўқиб чиқардилар. Ҳар бир сўз, ҳар бир жумла устида ишлардилар. Агар таҳрирдан норози бўлсалар, уни ўзларича тузатиб қўймасдилар, балки муҳаррирга қўнғироқ қилар ва нима учун ўз фикрларида қолишни лозим топганларини эринмасдан тушунтирар эдилар. Ёзган ҳар бир жумлаларини, ифодаларини, ҳатто сўзларини қаттиқ ҳимоя қилардилар.

Одил аканинг асарлари 60 дан зиёд тилларга таржима қилингани азиз мухлисларга маълум бўлса кера­к. 20 дан ортиқ асарлари эса рус тилида чоп этилган. Одил аканинг асарларини машҳур рус ёзувчилари В.Тендряков, А.Дудинцев, В.Карпов, В.Оскоцкий, Ю.Суровцев ва бошқалар таржима қилишган. Уларнинг ижодий ёзишмаларини ҳанузгача асраб келаяпман. Одил ака рус тилининг қонун ва қоидаларини жуда яхши ўзлаштиргандилар, армияда руслар билан бирга хизмат қилганлари ва университетнинг рус филологиясини тугатганлари учун бу тилда ҳам ўз она тилларидек эркин ижод қилиш имкониятига эга бўлганлар. Шу сабабли асарларини таржима қилиш жараёнида бевосита иштирок этганлар. Айниқса, тарих­ий, миллий-этнографик аҳамиятга молик сўз ва жумлаларнинг таржима қилинишини қаттиқ назоратга олар, туркий тилга мансуб сўзлар таржимасининг мазмун-моҳиятига алоҳида эътибор қаратар эдилар. «Улуғбек хазинаси», «Кўҳна дунё» асарларидаги тарихий-этнографик сўзларнинг рус тилига таржима қилиниши жараёнида таржимон билан бақамти ишлаганлар. Зарур пайтларда воқеа ёки қаҳрамон талқини бузилмаслиги учун ўзлари айрим ўзбекча сўзларнинг рус тилидаги муқобиллари ва уларнинг синонимларини тавсия этардилар. Китобхонлар қалбидан жой олган «Кўҳна дунё» романлари ҳам қатор тилларга таржима қилинган ва турли мамлакатларда нашр этилди.

Рус тилида чоп этилаётган асарларини ҳам таҳрир­дан кейин, албатта, ўқиб чиқардилар. Асар таржимони билан бирга ишлаганларига қониқмасдан нашриёт муҳарририга ҳам фикр ва мулоҳазаларини айтардилар. Бундай узоқ мунозара ва муҳокама учун телефонда соатлаб суҳбатлашишларига тўғри ке­ларди.

Китобларнинг таҳрир ва нашр жараёнларида мени­нг кўпроқ вақтим почта ва телеграф  муассасаларида ўтар, шаҳарлараро телефон алоқа воситаларида соатлаб гаплашилгани учун тинмай пул тўлаб турардим. Баъзан ҳазиллашиб: «Асарингизга ажратилган қалам ҳақидан ҳам ортиб кетди бу тўлов-
лар», – десам у киши: «Оғринманг, хоним, оғринманг, агар ҳозир ана шундай талаб билан ишламасам, эртага кито­б чиққанидан кейин афсусланиб қолишим мумкин. Кейинги пушаймон душманимга айланмасин»,– деган жавобни олардим…

 (давоми бор)

 

 

Ўхшаш мақолалар:

  1. Одил Ёқубов рафиқасининг хотиралари: Танишув ёки магазинчи йигит (1)
  2. Улуғ ёзувчи Одил Ёқубов умр йўлдоши Марям ая хотираларидан (15-18)
  3. Улуғ ёзувчи Одил Ёқубов умр йўлдоши Марям ая хотираларидан (19-20)
  4. Улуғ ёзувчи Одил Ёқубов умр йўлдошининг хотиралари (32-33)
  5. Улуғ ёзувчи Одил Ёқубов умр йўлдошининг хотиралари (34-35)
  6. Улуғ ёзувчи Одил Ёқубов умр йўлдошининг хотиралари (38-42)
  7. Одил Ёқубов ва Марям Ёқубова: МАКТУБЛАРДА АКС ЭТГАН КЎНГИЛ… (4)
  8. Улуғ ва бетакрор ёзувчи Абдулла Қодирий: Адабиёт ҳақида…
  9. Танишинг: Ёш ва истеъдодли шоир Шуҳрат Шокир ижодидан намуналар
  10. «Дунё ўзбеклари» тақдим этади: Муқаддас аёл — Ҳалима Ҳудойбердиева!
  11. «Қазо дарслари»дан дарслар (Муғанний ижодига чизгилар)
  12. Ромиз Равшан: Сут тишининг оғриғи — Достон (Аслиятдан Карим Баҳриев таржимаси)
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ

Leave a Comment

Фақат 500 белгигача рухсат этилади. Мақола ёки хабарларни МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ ёки Биз билан алоқа шакли орқали жўнатинг.

Нажмите, чтобы отменить ответ.