"Дунё ўзбеклари" сайтини энди телефонда, планшетда ва комьютерда ихчам мобиль версияда кўришингиз мумкин: [fdx-switch-link]
  • Асосий
  • Ассалому алайкум!
  • Муаллиф ҳақида
  • МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ

Улуғ ёзувчи Одил Ёқубов умр йўлдошининг хотиралари (32-33)

Адабиёт, Маданият ва Санъат, Муҳаррир танлови, Одил Ёқубов рафиқасининг хотиралари..., Ўтганлар ёди, Хотин-қизлар олами | 14/05/2013 00:59-     11690 марта ўқилди

Одил ака хотини биланСарлавҳа машаққати

 Одил аканинг ўзларига хос бир одатлари ҳақида тўхталиб ўтсам. У киши ёзган асарларига муносиб ном танлашга алоҳида масъулият билан ёндашардилар.

Яна аниқроқ айтадиган бўлсам, Одил ака асарларига сарлавҳа қўйишда жуда қийналар эдилар.

Эсимда бор, «Қанот жуфт бўлади» деган қиссалари бошда «Давр табассуми» деб номланган, ҳатто ундан парчала­р ҳам эълон қилинган эди.

Худди шу каби, «Кўҳна дунё»нинг парчалари ҳам дастлаб «Қайтар дунё» номи билан эълон қилинган. «Излайман» қиссаси эса токи Одил ака бир қарорга келгунларича рус тилида «Гвардия капитани Даврон Ғозиев» номи билан чоп этилган.

Одил ака, айниқса, «Улуғбек хазинаси», «Диёнат», «Кўҳна дунё» романларини номлашда жуда кўп изланганлар. Баъзан кечалари ухламасдан юзлаб номларни ўйлаб чиқардилар. Кўп ҳолларда: «Маря­м, сиз ҳам ўйланг. Ахир, сиз қўлёзманинг сиёҳи қуримасидан бошлаб машинкадан чиққан сўнгги нусхасигача бир неча марта ўқигансиз-ку! Асарни ёзишдан асл мақсадим нималигини англаб етгансиз. Ана шу мақсадни ифода этадиган бир ном топишга сизнинг ҳам ёрдамингиз керак бўлаяпти», дердилар. «Диёнат» романини дастлаб «Пулсирот кўприги», кейинчалик «Боқий умр» деб номлаганлар. Лекин
бу номлардан кўнгиллари тўлмаган. «Бу номлар
асарнинг мазмун-моҳиятига торлик қилаяпти-а, сиз нима дейсиз?» деган саволларни юз марталаб бердилар.

Бир куни кечқурун асарнинг чоп этишга  тайёр нусхасни ўқиб ўтириб: «Топдим, хоним, топдим!» – деб қичқириб юбордилар.

Ёнгиналарида китоб варақлаб ўтиргандим, ҳайрат билан қарадим:

– Ҳа, тинчликми, нимани йўқотувдингиз? – деб сўрадим.

– Йўқотмагандим, йўқ, топа олмаётгандим, холос. Ҳозир «диёнат» сўзи хаёлимга ярқ этиб келиб қолди. Назаримда, ана шу гўзал сўз асар мазмунига ишора бўладигандек туюлаяпти. Асарни «Диёнат» деб номлайман. «Диёнат» – жуда кенг тушунча. Шу биргина сўз виждон, уят, ор-номус, тўғрилик, ростгўйлик, одамгарчилик, хуллас, жуда кўп маънони англатади. Мана шу ном асарда мен улуғламоқчи бўлган инсоний фазилатлар ва қораламоқчи бўлган нуқсонларга жуда мос келади. Мана энди излаганимни топдим, – дедилар.

– Жуда ажойибсиз-да! Тайёр асарга ном қўйиш ҳам қийин иш эканми? – дедим.

– Ҳа-да. Биласизми, – дедилар, – Михаил Шолоховнинг машҳур «Очилган қўриқ» романи аввалига «Қон ва тер билан» деб номланган экан, – дедилар у киши. – Эрнест Хеменгуэй юзлаб ҳикоялар ёзаркан-да, сарлавҳаларни кейин қўяркан. Борис Полевой бўлса, асар ёзишни унга сарлавҳа топишдан бошларкан. Баъзан   ёзувчи ёзадиган асарининг сарлавҳасини олдиндан ўйлаб, ўша сарлавҳага қараб бутун асарнинг мазмунини бўйсундиради. Классикларнинг тажрибаси бу гапларда  асос йўқлигини кўрсатади. Масалан,  «Уруш ва тинчлик»нинг номини  Толстой асар корректурасини  ўқиётган пайтида топган. У улкан романини ёзиб тугатгунча ўнлаб сарлавҳалар қўйган. Лекин бу сарлавҳалар муаллифни қониқтирмаган, улар романга ёпишиб тушмаган. Бизга  оддий кўринаётган «Уруш ва тинчлик» деган ном шу роман ёзиб бўлинганидан кейин, анча вақт ўтгач қўйилган. Хуллас, ҳаммада ҳар хил кечади бу жараён…

Асарга мавзу ва сарлавҳа танлашда айрим ҳолларда оиладаги муҳит ҳам аҳамият касб этади. Одил акани таниганлар, уйимизга келиб турганлар у кишининг ортиқча ҳашаматга, кибр-ҳавога тоқатлари йўқлигини яхши билишади. Уй жиҳозларининг оддий ва камтарона бўлишини яхши кўрардилар. Бироқ фарзандларимиз балоғат ёшига етиб, уйимизга қуда-андалар, нозик дидли меҳмонлар ташриф буюра бошлашгач, Одил акага: «Меҳмонлар учун ажратилган хонага қандил олишимиз керак», – дея хархаша қила бошладим. Аёл киши эмасманми, уйи­мизни замонга мослаб жиҳозлашни истардим. Биламан, уйда мен орзу қилган қандилга етадиган пул бор. Аммо у кишин­инг розилигини ололмай, ҳалак бўлиб юрган кунларимда уйимизга Одил аканинг узоқ қишлоқдоши келиб қолди. Ҳарбий хизматдан қайтаётган йигит: «Қишлоққа қуп-қуруқ қўл билан бора олмайман, уч-тўрт сўм берсангиз. Кейин, албатта, қайтараман»,– деди. Менинг қошларим чимирилса ҳам, овозим чиқмайди. Шунда Одил ака ҳеч ҳам иккиланиб ўтирмай, қандилга аталган пулни бериб юбордилар. Йигит кетгач: «Барибир пулни қайтариб бермаса керак. Агар мабодо олиб келса, кейин қандил оламиз», дедилар. Тилимни тишлаганча қолдим.

Ниятим холис экан, бирор муддат ўтиб, қайси бир асарлари учун каттагина қалам ҳақи келди-ю, дардимга даво топилди…

Ана шу оилавий вазиятлар таъсирида «Биллур қандиллар» қиссаси ёзилган.

 

Театр билан ҳамкорлик

Юқорида бир неча бор қайд этганимдек, Одил аканинг кўпгина асарлари асосида спектакллар яратилган. Саҳна юзини кўрган биринчи пьесалари – «Чин муҳаббат»га ҳам ярим асрдан ортиқ вақт ўтди. «Айтсам тилим куяди, айтмасам дилим», «Юрак ёнмоғи керак», «Олма гуллаганда», кейинчалик «Одам фаришта эмас», «Авлодларга васиятим»,
«Музаффар Темур», «Бир кошона сирлари» каби
драмалари театр саҳналаридан бирин-кетин жой эгаллади.

Одил аканинг асарлари асосида экранлаштирилган ҳамма кино- ва видеофильмларнинг сценарийсини ўзлари тайёрлаб берар, шу сабабли уларни экранлаштириш жараёнида ҳам иштирок этар эдилар. Одил ака «Улуғбек хазинаси» ва «Диёнат» видеофильмларининг режиссёри Мақсуд Юнусов, Маҳкам Мухамедов (шунингдек, ҳозирги Ўзбек Миллий академик драма театрининг Тошхўжа Тўлахўжаев, Турғун Азизов каби етук режиссёрлари билан ҳам) яхши алоқада бўлганлар. Сценарийлар тайёр бўлгач, режиссёрлар актёрларни танлашда Одил аканинг фикрларига таянардилар. Ўзбекистон халқ артистлари  Зикир Муҳаммаджонов, Ёқуб Аҳмедов, Пўлат Саидқосимов, Рихси Ибрагимова, Гулчеҳра Жамилова каби етук саҳна дарғалари Одил аканинг асарларида бош қаҳрамонлар образини талқин этишган. Режиссёр ва актёрлар турли ижодий масалаларни ҳал қилиш, маслаҳатлашиш, диалогларни янада мукаммаллаштириш мақсадида уйимизга тез-тез ташриф буюриб турардилар.

«Музқаймоқ», «Адолат манзили» асарлари асосида кейинчалик яратилган теленовеллаларнинг сценар­ийлари ҳам Одил аканинг қаламларига мансуб. Одил аканинг деярли барча асарлари асосида радиопостанов­калар ҳам тайёрланган. Ҳар сафар янги асарлари саҳна юзини кўрганида қўни-қўшнилар, таниш-билишлар нафақат Одил акани, ҳатто мени ҳам таб­рик­­лашарди. Шундай вақтларда кўнглим ғурурга тўлиб кетарди. Одил аканинг меҳнати катта самара бераётгани, тинимсиз ижод туфайли эҳтиромга эга бўлаётганларидан ва бу улкан ишларга менинг ҳам озми-кўпми хизматим сингганидан хурсанд бўлардим.

Лекин Одил ака бу сценарийлар устидаги ижодий ишга катта иштиёқ билан киришганлар, дея олмайман. Улар ўзларидаги бу мураккаб руҳий ҳолатни тушунтирмоқчи бўлиб: «Ўзим ёзиб тугаллаган асарни қайта экранга мослаштириш жараёни жуда оғир кечади. Худди тикиб битирган кўйлакни бузиб, қайтадан бошқача қилиб тикишдек гап. Бу сценарийларга кетказган вақтимни янги асарлар ёзишга сарфласам яхши бўларди », – дер эдилар.

 

 

Ўхшаш мақолалар:

  1. Одил Ёқубов рафиқасининг хотиралари: Танишув ёки магазинчи йигит (1)
  2. Одил Ёқубов рафиқасининг хотиралари (2)
  3. Улуғ ёзувчи Одил Ёқубов умр йўлдоши Марям ая хотираларидан (15-18)
  4. Улуғ ёзувчи Одил Ёқубов умр йўлдоши Марям ая хотираларидан (19-20)
  5. Улуғ ёзувчи Одил Ёқубов умр йўлдоши Марям ая хотираларидан (21-23)
  6. Улуғ ёзувчи Одил Ёқубов умр йўлдоши Марям ая хотираларидан (26-27)
  7. Улуғ ёзувчи Одил Ёқубов умр йўлдоши Марям ая хотираларидан (30-31)
  8. Ҳалима Худойбердиева: Юрагимда ётар бир йўлбарс…
  9. Ҳоҳ ишонинг, ҳоҳ ишонманг: Илонга айланган йигит ёрининг тўйига қаршилик қилди…
  10. Улуғ ёзувчи Одил Ёқубов умр йўлдоши Марям ая хотираларидан (11-12)
  11. Хосият Рустамова: Кел, кўзимнинг очиқлигида — Сенга тўйиб олайин осмон…
  12. Ҳалима Худойбердиева: Ой деб ўйлаганим ёй бўлиб чиқиб, У отган ўқлардан кўксим ярадор…
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ

Leave a Comment

Фақат 500 белгигача рухсат этилади. Мақола ёки хабарларни МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ ёки Биз билан алоқа шакли орқали жўнатинг.

Нажмите, чтобы отменить ответ.