"Дунё ўзбеклари" сайтини энди телефонда, планшетда ва комьютерда ихчам мобиль версияда кўришингиз мумкин: [fdx-switch-link]
  • Асосий
  • Ассалому алайкум!
  • Муаллиф ҳақида
  • МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ

Улуғ ёзувчи Одил Ёқубов умр йўлдоши Марям ая хотираларидан (30-31)

Адабиёт, Маданият ва Санъат, Одил Ёқубов рафиқасининг хотиралари..., Ўтганлар ёди, Хотин-қизлар олами | 04/05/2013 22:36-     11450 марта ўқилди

Одил ака хотини билан«Фирменний» чучвара

Ҳар бир янги асар дунё юзини кўриши билан мухлислар сони ортиб боравераркан.

Одил ака ижодининг мухлислари Ўзбекистоннинг барча вилоятларидан, қўшни мамлакатлардан, ҳатто чет эллардан ҳам тинмай келиб туришарди. Эшигимиз доимо очиқ, меҳмон келмаган кун деярли бўлмасди.

Мухлисларнинг кўпчилиги кирар-кирмас, Одил акани алқаб, мақтаб кетишарди. Буюк адиблигини бот-бот такрорлашарди. Лекин бундай ҳамду саноларга Одил аканинг ҳеч ҳуши йўқ эди. Мухлисларнинг ҳурмати учун уларнинг гапларини эшитарди, ҳатто айрим ҳолларда: «Э, бунақа гапларни қўйинг, дўстим, энди қўлдан келганча нимадир қораладим. Агар шу ишларим сизларга маъқул келган бўлса хурсандман», дея гапни қисқа қилардилар.

Одил ака меҳмонни у қадар хушламасди, дея олмайман. Лекин турнақатор келган мухлислар билан бирга ўтириб, беҳуда кетказган вақтларига ачиниб туришлари юзларидан сезилиб турарди. Лекин шунга қарамай: «Меҳмонларга тузукроқ овқат қилинг», деган гапни кўп таъкидлардилар.

Мен ҳам Одил аканинг вақтларини аяганимдан шошиб-пишиб овқатга уринардим. Ҳар сафар чой олиб кирганимда: «Овқатингни тезлат» дегандай имо қилардилар. Бироқ биронта меҳмонни уйдан қуруқ оғиз чиқартирмасдилар.

У даврларда ҳозирги каби ярим тайёр ва тайёр маҳсулотлар умуман бўлмасди. Шунинг учун то овқатим пишгунча бир-бир ярим соат вақт ўтиб кетарди. Бир неча йиллик мезбонлик тажрибасини орттирганимдан кейин энг қулай йўлини топиб олдим. Бўш вақтимда бозорга чиқиб, бир кило лаҳм гўшт, оппоқ ун олиб келиб, чиройли, майда-майда чучвара тугиб, нориннинг хамирини кесиб, музлатгичга солиб қўярдим. Меҳмонлар келиб, бир пиёла-ярим пиёла чой ичиб-ичмаслариданоқ тайёр чучвараларни пишириб, косаларга солиб олиб кирардим. Орқасидан тўғралган хамирга тайёрлаб қўйилган гўштни аралаштириб, дастурхонга норинни тортардим.

Одил акани йўқлаб келган дўст-биродарлари, таниқли ижодкорлар ҳам улардан баҳраманд бўлиш­ган. Айниқса, Шукрулло, Пиримқул Қодиров, Саид Аҳмад, Асқад Мухтор, Рамз Бобожон, Иброҳим Ра­ҳим, Абдулла Орипов, Саъдулла Кароматов, Носи­р Фозилов, Миразиз Аъзам, Ўткир Ҳошимов, Омон Мухтор, Турсунбой Адашбоев, Шукур Холмирзаев, Саъдулла Сиёев, кейинги авлоддан Эркин Аъзам, Тоғай Мурод, Эркин Усмон, Усмон Азим, Абдусаид Кўчимов, Шойим Бутаев, Мирзапўлат Тошпўлатов, Собир Ўнар каби ўзбек адабиётининг кўзга кўринган намояндалари ҳам уйимизга тез-тез келиб туришарди.

– Аслида сизни кўргани келганимиз йўқ, Одилжон, – деб ҳазилашарди Саид Аҳмад шундай пайтларда. – Марямхоннинг «фирменний» чучвараларини соғинганимиздан эшик қоқиб келдик.

Аслида Саид Аҳмад ҳам, бошқа қаламкаш дўстлар ҳам бизникига аввало Одил акани кўргани, у билан суҳбат қургани келишарди. Аммо ким билади, балки  менинг «фирменний» овқатим ҳам уларга тансиқ бўлгандир…

 

Мухлисларнинг совғалари

Эшигимизни қоқиб келадиган мухлисларнинг

ташриф буюриш сабаблари, шубҳасиз, турлича бўлган. Кимдир Одил аканинг яқинда чоп этилган асари қаҳрамонларининг кейинги тақдири билан қизи­ққан бўлса, яна кимдир фалон қаҳрамон образида менинг ҳаётимни акс эттирибсиз, деб келарди. Учинчиси эса Одил аканинг асарларини битта қўймай ўқиши натижасида ўзи ҳам адабиётга қизиқиб қолган ва қоралаган машқларини кўриб беришларини илтимос қилиб келарди. Жуда кўп ҳолатларда шундай мухлислар совғасиз келишмасди. Кимдир зарбоф тўн, кимдир чуст дўппи олиб келарди. Меҳмонларни кузатиш вақтида Одил ака шошиб уйга кирардилар-да: «Мар, совғабоп нима бор, олиб чиқ», дердилар. Меҳмонларнинг ёнида хўжайинимнинг гапини синдирмаслик учун келинларимга атаб олиб қўйган чойнак-пиёла борми, кийимлик мато борми, қўлимга нима илинса, олиб чиқардим. Айрим ҳолларда бир озгина ҳаяллаб қолсам, Одил ака ёнларида турган биллур вазами, турли ҳайкалчаларми, хуллас, қўзларига кўринган нарсани совға қилиб юборардилар.

Мухлислар кетганидан кейин аёллигимга бориб норозилигимни билдирардим:

– Бирам қизиқсиз-а, отаси. Мухлисларингизнинг ҳаммасига совға беришингиз шартми?

– Ахир, улар ҳам қуруқ келишмаган-ку! – дердилар Одил ака.

– Нима, сиз уларга совға олиб келларинг, деб та­йинлаганмидингиз? Ўзлари совға-повғасиз келавермайдими? Бунақада фарзандларимизнинг тўйларига атаб йиққан-терганимнинг ҳаммасини мухлисларингизга совға қилиб юборасиз-ку!

– Майли, ичингизни кенг қилинг, хоним. Қутлуғ уйдан қуруқ чиқишмасин, дейман-да. Тўйларга ҳам насиб қилгани бордир…

Оиланинг тинч-тотувлигини таъминлаш учун аёл киши шундай пайтларда ҳамиша бир баҳя пастга тушиши лозимлигини яхши тушунганим учун тилимни тишлардим.

Одил аканинг ана шундай қўли очиқлиги туфайли ўзларининг суратлари туширилган катта кўзаларнинг иккитаси ҳам мухлисларнинг орқасидан «равона» бўлган.

(давоми бор)

Ўхшаш мақолалар:

  1. Одил Ёқубов рафиқасининг хотиралари (2)
  2. Улуғ ёзувчи Одил Ёқубов умр йўлдоши Марям ая хотираларидан (21-23)
  3. Улуғ ёзувчи Одил Ёқубов умр йўлдоши Марям ая хотираларидан (26-27)
  4. Улуғ ёзувчи Одил Ёқубов умр йўлдошининг хотиралари (32-33)
  5. Одил Ёқубов рафиқасининг хотиралари: Танишув ёки магазинчи йигит (1)
  6. Одил Ёқубов рафиқасининг хотиралари (3)
  7. Одил Ёқубов рафиқасининг хотиралари (5)
  8. Улуғ ёзувчи Одил Ёқубов умр йўлдоши Марям ая хотираларидан (11-12)
  9. Улуғ ёзувчи Одил Ёқубов умр йўлдоши Марям ая хотираларидан (15-18)
  10. Улуғ ёзувчи Одил Ёқубов умр йўлдоши Марям ая хотираларидан (19-20)
  11. Улуғ ёзувчи Одил Ёқубов умр йўлдоши Марям ая хотираларидан (24-25)
  12. Улуғ ёзувчи Одил Ёқубов умр йўлдоши Марям ая хотираларидан (28-29)
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ

Leave a Comment

Фақат 500 белгигача рухсат этилади. Мақола ёки хабарларни МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ ёки Биз билан алоқа шакли орқали жўнатинг.

Нажмите, чтобы отменить ответ.