"Дунё ўзбеклари" сайтини энди телефонда, планшетда ва комьютерда ихчам мобиль версияда кўришингиз мумкин: [fdx-switch-link]
  • Асосий
  • Ассалому алайкум!
  • Муаллиф ҳақида
  • МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ

Улуғ ёзувчи Одил Ёқубов умр йўлдоши Марям ая хотираларидан (26-27)

Адабиёт, Маданият ва Санъат, Одил Ёқубов рафиқасининг хотиралари..., Ўтганлар ёди, Хотин-қизлар олами | 23/04/2013 19:21-     11593 марта ўқилди

Одил ака хотини билан«Улуғбек хазинаси»

«Улуғбек хазинаси»нинг дунёга келишига турт­ки бўлган воқеа-ҳодисалар ҳақида ўқигансиз, деб ўйлайман.

Мен бу китобнинг ёзилиш жараёни, унинг қийинчиликлари ҳақида ўйласам, қаламим қоғоз устида тўхтаб, хаёлот оламида сузиб кетаман.

Ҳовлида ўзимизнинг ва қариндош-уруғлари­миз­нинг фарзандлари – жами 7 нафар ўғил боланинг қий-чуви.

Каттаси ўн ёш, кичиги икки ёшда бўлган болакайларнинг югуриб-чопишлари, бир-бирлари билан кураш тушиб қилган тўполонларини кўз олдингизга бир келтириб кўринг-а.

«Жим бўлинглар», деган гап уларнинг қулоғига кирармиди. Хуллас, ҳовлида тарақ-туруқ, бақир-чақир авжида.

Уйда эса асарнинг дастлабки қўлёзмаси ёзил­моқда, ўчирилмоқда, яна тузатиб ёзилмоқда. Тарихий асар эмасми, жуда зийраклик ва эътиборни талаб этади. Ўша даврнинг руҳини сингдириш, қаҳрамонларнинг кийим-бошларини тўғри тасвирлаш лозим. Тил масаласига ҳам алоҳида урғу берилиши шарт. Кўчиришга топширгунча бу ҳол неча марта такрорланарди. Машинкадан чиққан 3 нусха сараланиб, яна тузатиш ишлари бошланади. Хуллас, асарнинг туғилиши бир инсон боласининг туғилиши билан тенг.

«Улуғбек хазинаси» – тарихий асар, тарихни ёритишда эса аниқ ва мўътабар маълумотларга таяниш лозимлиги, бирор воқеа ёки ҳодисани хато кўрсатиш мумкин эмаслигини чуқур англаб етган Одил ака жуда эҳтиёткорлик ва масъулият билан ишларди. Машинкадан чиққан вариантларни кўриб чиқиш зиммамга тушгани сабаб мендан ҳам шуни талаб қилардилар. Асар устида сабр-бардош билан биргалашиб тер тўкканмиз.

Шунинг учун «Улуғбек хазинаси» фақат Одил аканинг эмас, балки бутун оиламизнинг «фарзанди» (агар китобни шундай аташ жоиз бўлса) десам янг­лишмайман. Бу асарнинг яратилишига болалар ҳам ўз шовқинлари билан каттагина улуш қўшганлар.

Буюк шахс – Мирзо Улуғбек ҳаётининг энг ақл ва заковатга тўлган, айни маҳалда, фожиали қисмини қамраб олган тарихий асар жуда машҳур бўлиб кетди. Дунёнинг 47 тилига таржима қилинди.

Ўзбекистон Телерадиокомпаниясининг «Олтин фонди»га кирган «Улуғбек хазинаси» ва «Диёнат» романлари асосида олинган беш қисмли телевизион театрлар узоқ муддат экранлардан тушмай намойиш қилинган.

Москва шаҳрида «Диёнат» романи асосида икки серияли тўла метражли бадиий фильм ишланган. Бундан ташқари, адибнинг 14 та асари асосида киноповестлар, теленовеллалар, видеофильм­лар суратга олинган.

Ўзбекистон ва бошқа қўшни ҳамдўстлик мамлакатларида барча асарлари радиопостановка қилинган.

 

Саёҳат

«Улуғбек хазинаси»дек йирик асарни ёзиш ёзувчидан нафақат катта ижодий, балки жисмоний меҳнатни ҳам талаб этади. Романга сарфланган меҳнатнинг оғирлигидан ҳориб-чарчаб чиққан Одил аканинг кўнгли матбуотда кетма-кет чоп этилган ижобий тақризлар, қаламкаш дўстларнинг самимий сўзлари ва китобхонлардан келган кўплаб хатлардан таскин топди. Бу эътирофлардан енгил нафас олиб, дунёни ўз кўзимиз билан кўришни ихтиёр қилдик.

Сталин вафотидан кейин, 60-йилларнинг бошларида хорижий мамлакатларга сайёҳ сифатида бориш имкониятлари туғилди. Европа бўйлаб, Дунай мамлакатларига ва бошқа йўналишлар бўйича саёҳатлар уюштирила бошланди.

Аммо «темир парда» кўтарилган бўлса-да, партия нафақат оддий фуқаролар, ҳатто зиёлиларга ҳам ишончсизлик билан қарарди. Шунинг натижаси бўлса керак, чет эл сафарлари осонлик билан амалга ошмасди. Ўртада турли-туман ҳужжатларни тўлдиришлар, расмиятчиликлар, «суҳбатлар»дан ўтган кишиларгина хорижий саёҳатларга бора олардилар.

Европа мамлакатларига борувчилар ўзбек зиёлиларининг юксак диди ва маданиятини намойиш қилишлари лозим эди. Бунинг учун яхши кийиниш, Европада расм бўлган модага риоя қилиш тала­б этиларди.

Маълум бўлишича, Европада болонье ёмғирпўши модадан қолган…

Қора костюм, қора галстук эса таъзияга борувчилар учун…

Хуллас, талаб даражасидаги кийим-кечакни ҳо­зирлаш ишлари анча чўзилиб, куз ҳам келиб қолди. Ниҳоят, биз ҳақимизда текширилган барча маълумотномалар «тоза» чиққан бўлса керак, Дунайбўйи мамлакатларига саёҳатимиз бошланди. Самолёту поезд­да юра-юра Украинанинг чегара порти – Измаил шаҳрида «Дунай» теплоходига жойлашдик.

«Дунай» теплоходи унча катта эмас, саёҳатчилар учун мўлжалланган бўлиб, ёз давомида бир неча қатновдан кейин куз ва қиш ойларида «дам оларкан».

Теплоходда бир кеча ором олиб, тонгни дарёда қаршиладик. Нонуштага чақиришганда гуруҳимиздан бир киши йўқлигини эшитдик. У одам Тошкентда шунча огоҳлантиришларига қарамай, ортиқча пул олиб ўтмоқчи бўлган экан. Билиб қолишипти-ю, шу заҳоти орқага қайтаришипти.

Теплоход оқимга қарши сузиб, Ғарбга қараб йўл олди. Саёҳатни Руминия билан танишишдан бошладик. Бизларни автобусда Бухарестга олиб бориб, олиб келиб қўйишди. Автобусда кетар эканмиз, дераза­дан румин деҳқонининг аравачада газ баллонини ортиб кетаётганини кўрамиз. Афтидан, табиий газ йўққа ўхшайди. Йўл бўйлари гулзор. Уйлар баланд девор билан ўралмаган. Бир ҳовлининг орқасига бошқа ҳовли жойлашган. Уйлар кўчага эмас, ҳовлига қаратиб қурилган. Деразалар ҳовли томонга очилади. Нимаси биландир ўзимизнинг уй-жойларга ўхшаб кетад­и. Балки туркларнинг уйидир, лекин аниғини билолмадим.

Қаерга бормайлик, черков, бутхона, қабристон зиёрати. Қабристонда Иккинчи жаҳон урушида қаҳрамонона ҳалок бўлган ватандошларимизнинг исми-шарифлари туғилган йили билан кўрсатилган. Ўзга юртларда хоки қолган юртдошларимиз қабрига гулдасталар қўямиз.

Шундай қилиб, дарёнинг икки қирғоғида жойлашган олтита давлатни – Руминия, Венгрия, Чехословакия, Австрия, Югославия, Болгарияни томоша қилдик. Бу билан қўшни давлатлар ҳаёти ҳақида озми-кўпми тасаввурга эга бўлдик.

Ҳамма жойда меҳнаткаш халқ бир хил: оддий кийинган, қимматбаҳо нарсаларга ўч эмас. Айниқса, миллий либосларга алоҳида эътибор беришади. Каштали блузка-юбка, қўлларида оддий матодан тикилган халта-сумка. Кўпчилик биттадан кучукча етак­лаган. Улар саноқни бош бармоқдан эмас, аксинча, жимжилоқдан бошлаб санашаркан.

Сафарни Болгарияда тўхтаб, ниҳоясига етказдик. Бир колхоз клубидаги учрашувимиз росмана мажлисга айланиб кетди: «бунча гектар экин экдик», «бунча хосил олдик» каби ҳисоботлардан иборат гапла­р бир соатдан ортиқ давом этди. Охири мажлис тугаганидан хурсанд бўлиб, роса чапак чалдик. Бу қарсакларимизни кўрган мажлисбозлар: «Биз совет сайёҳларини қойил қолдирдик», деб ўйлашган бўлса ҳам ажаб эмас.

Олти соат автобусда чангга ботиб келган жойимиздаги зиёфатни кўринг: кўк олма, кўк узум, вино. Майли, зиёфат ўз йўлига, аммо мен айтмоқчи бўлганим бошқа манзара. Клуб эшиги, деразалари қаттиқ ёпилган. Ташқаридан қараб турган томошабинлар юпун кийинган, бири ғилай, бошқаси ма­йиб, бола-чақасининг уст-боши кир. Аёллар сочларини узун ўриб, учига пахтапилик улашган, оёқларида пайпоқ билан шиппак, бошларида эса рўмол. Эҳтимол, улар ўз элида эзилган мусулмонлардир. Уларнинг бизга мўлтираб қарашларида қандайдир аянч бор.

Софиядаги энг машҳур тарихий бинолардан бири– «Аё София» ибодатхонаси. Бу бир замонлар турклар қурган япасқи гумбазли масжид. Ҳозир турк сериалларида кўп кўрасиз. Энди унинг гумбазидаги ой билан ўроқни олиб ташлаб, хоч ўрнатганлар. Зиёратга келиб, шам ёқиб, қўрқа-писа чиқиб кетаётганлар мусулмон аёлларга ўхшайди. Мен бу гапларни сиёсатчи кўзи билан эмас, балки оддий аёл кўзи билан кўрганим учун ёзаяпман.

Бизга Тошкентдан чиқишимизда олти давлатнинг пулларидан номигагина беришган. Қаерда тўхтамайлик, ўша ерда ўзининг пули: лея, форинт, крона, шиллинг, динар, лев. Бу пулларни тежаб совға-саломлар оламиз.

Уч ҳафталик саёҳатимиз ниҳоясига етди. Кечаси учган самолёт тонгда Тошкентга – қадрдон шаҳримизга келиб қўнди. Тонгги мусаффо ҳаводан тўйиб-тўйиб нафас олдик. Бола-чақаларни бағримизга босиб, эсон-омонликларига шукроналар айтдик.

«Мусофир бўлмагунча мусулмон бўлмас», деганлари шу. Ўз қўлимиз билан эккан гуларимиз, ўстирган дарахтларимиз – ҳамма-ҳаммаси бизга таъзим қилаётгандай эди шу куни…

 

 (давоми бор)

Ўхшаш мақолалар:

  1. Одил Ёқубов рафиқасининг хотиралари (2)
  2. Улуғ ёзувчи Одил Ёқубов умр йўлдоши Марям ая хотираларидан (21-23)
  3. Улуғ ёзувчи Одил Ёқубов умр йўлдоши Марям ая хотираларидан (30-31)
  4. Улуғ ёзувчи Одил Ёқубов умр йўлдошининг хотиралари (32-33)
  5. Одил Ёқубов рафиқасининг хотиралари: Танишув ёки магазинчи йигит (1)
  6. Одил Ёқубов рафиқасининг хотиралари (3)
  7. Одил Ёқубов рафиқасининг хотиралари (5)
  8. Улуғ ёзувчи Одил Ёқубов умр йўлдоши Марям ая хотираларидан (11-12)
  9. Улуғ ёзувчи Одил Ёқубов умр йўлдоши Марям ая хотираларидан (15-18)
  10. Улуғ ёзувчи Одил Ёқубов умр йўлдоши Марям ая хотираларидан (19-20)
  11. Улуғ ёзувчи Одил Ёқубов умр йўлдоши Марям ая хотираларидан (24-25)
  12. Улуғ ёзувчи Одил Ёқубов умр йўлдоши Марям ая хотираларидан (28-29)
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ

Leave a Comment

Фақат 500 белгигача рухсат этилади. Мақола ёки хабарларни МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ ёки Биз билан алоқа шакли орқали жўнатинг.

Нажмите, чтобы отменить ответ.