Гулноза Абулқосим қизи: СУЮКЛИСИНИ КУТАЁТГАН ЙИГИТ (Ҳикоя)
Гулноза Абулқосим қизи,
Жиззах
СУЮКЛИСИНИ КУТАЁТГАН ЙИГИТ
Али тракторчининг қизи ўқишга кирди.
Бу хабар бутун қишлоққа тезда ёйилди ва турли хил гап-сўзлар ҳам болалади. Кимдир қизга ҳавас қилиб: “Эй яша, мана биздан ҳам чиқаркан-ку ўқийман деб ниятига етганлар. Қойил-е! Мана, кимсан Абдуманнопнинг ўғли Олим ҳам ўқишга топширганди, киролмади. Али трактирчининг қизи эса қиз бола бўп туриб ўқишга кириб кетди-я. Эй, отасига раҳмат шундай қизнинг! Ҳали Алининг ўзини кўрсам пешонасидан ўпиб, табриклаб қўяманку-я. Қизи инстутни битириб келса, ўзимизнинг мактабда дарс берармиди”, дея нималарнидир умид қилса, бошқа биров эса аксинча: “Қиз бола нарса, уйида ўтирса бўлмайдими?! Ана ўқийман деб, шаҳарга боргач ўзгариб, айниб кетаётган қизларнинг нечтасини эшитаяпмиз-ку. Шундан кейинам …. Э-эй, Али трактирчигаям қойил қолмадим. Кимга ишониб қизини шаҳарга жўнатаяпти, ҳайронман. Қишлоғимиздан ўқишга кетган иккита қизнинг биттасиям қайтиб келмади. Нимамиш? Қишлоқ ҳаёти ёқмай қолганмиш! Энди трактириснинг қизи гўр бўлармиди? Алининг ўзи билан бир гаплашиб қўймасам бўлмайди-ёв…”
Аввал Али тракторчи қизининг ўқишга кириш нияти хақида хабар топганида қаршилик кўрсатганди. Йў-ўқ, қизи қайсар чиқиб қолди-ку. Астойдил ҳаракат қилиб, ўқишга таёргарлигини тўхтатмади. Охири Али ҳам: “Ҳа, майли, ҳужжатларини топширса, топшириб кўрсин-чи. Киролмаса кейин ўзидан хафа бўлади. Қишлоқдаги манаман деган бойнинг ўғли ўқимаяпти-ку, трактирининг орқасидан зўрға кунини қўраётган камбағалнинг қизи ўқиб қопдими ҳеч замонда!” дея ўшанда қизини ниятидан қайтариш учун қаршилик кўрсатишни тўхтатган эди.
Мана энди не қиларини билмай боши гаранг. Нафиса ўз кучи билан талаба бўлди. Бу хабарни эшитган ота на хурсанд ва на хафа бўлолмайди. Нима бўлгандаям қизининг бахтини ўйлайди. Қизи отасининг юзини ерга қаратадиган ёмон иш қилгани йўқ. Али бемалол қизидан фахрланса арзийди.
Ниҳоят Али бир қарорга келди. Қишлоқдагилар нима дейишса, дейишаверсин. У бутун умрини қора мойнинг ичида ўтказди. Бошқа иш қилай деса, қўлидан тракторни тириллатишдан бошқа ҳеч нарса келмайди. Бунинг ҳаммаси саводсизликдан. Қўлида олий маълумотли эканлигини исботловчи ҳужжати йўқлигидан. Шуни кўриб-билиб туриб, қандай қизининг йўлига тўғаноқ бўлсин… Қайси қишлоқдоши Али қийналиб, бир бурда нонга зор бўлиб юрган пайтида ёрдам берганди. Ҳаммаси пана-паналаб қолмаганмиди? Улар фақат гапиришга , бировнинг устидан мағзава тўкишга ярайди, холос… Нима бўлганда ҳам қизини ўқитади. Қолаверса, Али тракторчи эшитганди, бу инстут деганларида ўқийман деб ният қилганлар кўпчилик бўлар экан. Лекин уларнинг ҳаммасиниям олавермайдикан-да. Танлаб-танлаб, энг зўрларинигина олиб қолишар экан. Мана масалан, катта фермер Абдуманнопнинг ўғли Олим ҳам ҳужжатларини кўтариб шаҳарга кетганди. Тарвузи қўлтиғидан тушиб қишлоққа қайтиб келди. Бечора бола энди уялганиданми кўча-кўйда кам кўринадиган бўлиб қолди. Яна қишлоқдаги энг ҳашаматли, қишлоқнинг қайси бир бирчагидан қараманг, савлат тўкиб турадиган уйнинг хўжайини Салимбой такасалтанг ўғлини фалон пул билан ўқишга киргизолмагани ҳаммага аён. Энди шунча гапдан кейин ҳам Али қизига оқ фотиҳа бермаса, турган-битгани ноинсофлик бўлиб кетар эди-да.
Ҳаммадан ҳам бахтиёр, ўзига сиғмай кетаётган Нафиса эди. У эплади. Институтга кириш қизнинг орзуси эди. Мана, ниятигаям етди. Ҳатто энг чўчигани − отасидан ҳам оқ фотиҳа олди. Бундан ортиғи бўлиши мумкин эмас. Қиз учун бу катта байрам. Бир умрга татигулик байрам. Бироқ бу байрамга етиш учун озмунча тер тўкилмади дейсизми?! Энг муҳими, ҳозир ҳаммаси унут бўлди. Яна бир неча ҳафтадан сўнг у интиқлик билан кутаётган дамлар етиб келади, яъни Нафиса ўзи орзу қилган даргоҳга билим эгаллаш учун равона бўлади. Қиз шуларни хаёл қилар экан, кўнглининг бир четини хижил қилиб турган кимса Олим эди. Иккалови бирга тайёрланишди, ҳужжатни бирга топшириб келишди. Олимнинг калласи қизникига қараганда анча кучлироқ эса-да, у имтиҳондан йиқилди.
Бугун Нафиса севинчдан ёрилай деса, Олим изтиробдан…
Олим билан Нафиса бир синфда ўқиб, катта бўлишганди. Аввалига бир-бирини кўришга кўзлари йўқ бўлса-да, ўқитувчисининг мажбурлови билан бир партада ўтиришга мажбур ҳам бўлишарди. Хуллас, улар анча улғайишди. Олимнинг бўйлари чўзилиб, йигитмисан-йигит бўлди. Нафиса эса пастаккина, тўлачадан келган, истарали буғдойранг юзидаги дона холи ўзига ярашган малоҳатли қиз бўлиб вояга етганди. Энди улар аввалгидек ит-мушук эмас, бир-бирини турткилашавермас эди. Айниқса Олим кўп гапиравермайдиган, жиддий, анча босиқ ва синфнинг энг аълочиси эди.
Олим севиб қолди. Ўша йили улар мактаб битирувчиси эдилар. Лекин йигитнинг бу сирини партадоши Нафиса сезиб қолмагунга қадар биров билгани йўқ. Ҳа, бу сирни биринчи бўлиб Нафиса илғаб қолди. Яъни Олимнинг кимга аталганлиги номаълум бўлган хатини топиб олди-ю, бутун синфга жар солиб юборди.
Йигитнинг муҳаббатга лиммо-лим севги мактубини Нафиса кула-кула баралла овози билан ўқиётган маҳали синфга Олим кириб келган эди, бутун синф қийқириб юборди.
− Ўртоқ, балосан! Сендан кутмагандим, − дея Ашур Олимнинг елкасидан туртди. − Шунча дардинг бор экан, билмай юрган эканмиз-ку, писмиқ. И-индамай ишингни битириб юрган экансанда-а? А лаббай? Ким экан у “хаёлимни тўзғитган малак”? − дея Ашур мазах қилиб кулганди, синфдагилар яна унинг гапларидан илҳомланиб қийқириб юборишди.
Олим бир муддат ҳеч нимага тушунмай анграйиб қолди. Синфдошларининг қийқириқлари, Ашурнинг турткилашлари нимага ишора? Бу гаплари билан Ашур нима демоқчи, нимани билиб олибди ўзича?
Кўнглига ёмон шубҳа оралаган йигит боягина яна бир бор кўздан кечириб чиққач, дафтарининг ичида қолдирган севги мактубини излай бошлади.
− Нимани қидираяпсан, ўртоқ? Айтсанг ёрдамлашиб юборармидим. Тўғрими, Нафис? – деди Ашур қизга қўзини қисиб қўйиб.
Олим қидираётган хатини Нафисанинг қўлида кўриб жон-пони чиқиб кетди. Гарчи мактубда кимга атаб ёзилгани кўрсатилмаган бўлса-да, буни Нафиса ҳали ўқимаслиги керак эди.
Яна нималарнидир валдираб, мазхарабозлик қилаётган Ашурнинг гаплари ортиқчалик қилди. Синфдошларнинг, айниқса Нафисанинг бошқача қарашлари, кулишларидан Олимнинг миясида ўт чақнади.
− Ҳали мен сенларга бир эрмак бўлиб қолдимми? Мазза қилиб кулаётган эдиларинг-ку, мен халақит бериб қўйдим шекилли? – дея Олим овозини баландлатган эди, бутун синф жим бўлиб қолди. – Балки мени ҳам ўз сафларингга қўшарсизлар-а? Нафиса, нега тўхтаб қолдинг, ўқи охиригача… Шунчалик кулгили эканми-а, ўкийвер, мен ҳам бир маза қилиб кулай…
Синф сув қуйгандек жим-жит… Нафиса қизарганча, ер чизарди. Ашур ҳам бояги ишларидан уялиб қолди. У шунчаки дўсти билан ҳазиллашмоқчи эди, холос. Ҳазилининг таги зил бўлиб кетишини ўйламаган экан.
Олим хатни партадошининг қўлидан юлқиб олди.
− Бу хатни эрмак қилишинг учун ёзмаган эдим. Сени бошқача қиз деб юрардим. Афсус… Ашур, хат ким учун ёзилганлигига қизиқаётганмидинг? Бу хатни кимнинг оғзидан эшитаётган бўлсанг, ўша қиз учун ёзилган… – деди-ю, Олим шахдам қадамлар билан хонадан чиқиб кетди.
Бундай гапни кутмаган Нафиса бўшашганча жойига ўтириб қолди ва бошини чангаллади.
− Нима қилиб қўйдим?
Олимнинг охирги гаплари қизнинг хаёлида қайта-қайта жаранглайверди. Ҳар гал қайтарилганида Нафиса худди биринчи маротаба эшитаётгандек ҳайрат домида қолар эди.
− Наҳотки хат мен учун ёзилган эди? Ўзимни ўзим шарманда қилдим-ку. Олим мени кечирмайди энди!
Йигит ғурури керак бўлса тошни ёради. Пасткашликларга ҳеч қачон таслим бўлмайди. Лекин Олим муҳаббати учун барчасини унутди.
У Нафисани кечирди.
Мактабни битиришгунча ҳар-ҳар замон Олимнинг ўзи парваришлайдиган қишлоқ четидаги боғда сирлашиб туришди.
Нафиса неча кундан бери Олимдан хабар кутаяпти. Йўқ, йигит ўзини олиб қочаётганга ўхшайди. Акс ҳолда, Нафиса билан одатдагидай бир йўлини топиб, доимги учрашув жойи − қишлоқ четидаги боғда учрашар эди..
Яқинда Нафиса ўқишга жўнайди. Олимни эса анча бўлди кўрмаганига. Уни роса соғинган, лекин йигитдан дарак йўқ. Тўғри, Олимни ҳам тушуниб турибди. Лекин, нима, бу йил бўлмаса келаси йил ўқишга кирар, шунга шунча тарки дунё қилиши шарт эдими?
“Нима бўлса бўлди, бугун ёнига ўзим бостириб бораман. Ахир уни кейин яна қачон кўраман?!” деди қиз боғга боришни кўнглига тугиб.
* * *
Қуёш уфққа ёнбошлаган маҳал Олим боғдаги ўрик дарахти тагидаги супачада ёстиққа суянганча китоб варақлар эди. Унинг кўзлари китобда бўлса-да, хаёли тўзғиб ётарди. У барча алам-ташвишларини унутиш учун мутолаага берилганди.
Айни дамда йигит суюклисини жуда кўргиси келаётганди. Нафиса яқинда ўқишга кетади, у эса сўппайганича ўша юриш-туриш билан қишлоқда ўз ишларига кўмилганча қолаверади.
Негадир бугун Олимнинг кўнгли бесаранжом. Балки Нафиса келаётгандир… Йўқ, у ўз ташвишлари билан бўлиб, йигитни бутунлай унутиб юборганга ўхшайди. Энди у Олимдек қишлоқ йигитини назарига илармиди… Шуларни ўйлаб, кўнгли алланечук ғаш бўлган Олим китобга яна кўз югуртира бошлади.
Ўзининг ғамгин хаёлларига ғарқ бўлган Олим супанинг бир четидан қўним топган Нафисани сезмай қолди. Қиз ҳам ўзининг шу ерда эканлигини ошкор қилмай , йигитга турмулиб ўтиришни жоиз топди.
Нафис эсаётган шамол китоб варақларини тўзғитиб кетгачгина, диққати бузилган йигит китобдан бош кўтарди-ю, ҳайратдан бир сўз деёлмай қолди. Наҳотки рўпарасида хаёлини ўғирлаган малак…
Олим туш кўрмаётганлигига ишониш учун ўзини чимчилаб кўрди. Йўқ , бу туш эмас.
− Мендан яширинмоқчи эдингизми? – деди Нафиса хиёл жилмайиб қўйиб. − Нега бундай қиляпсиз?
Йигит яна ҳайратдан донг қотганди. Ахир қаршисидагии қиз уни илк бора “сиз”лаб гапираяпти. Мактабдалигида ҳам, битирганидан кейин ҳам бундай гапирмас эди. Олим нима дейишга ҳам ҳайрон, тилини ютиб юборгандек қизга тикилиб қолганди.
− Сендан яшириниб нима қилдим? Ўзим билан ўзим овора бўлиб юрибман-да… − деди ниҳоят йигит тилга кириб.
− Бу китобни мен ҳам ўқиганман. Маза қиласан киши бундай асарларни ўқиганда. Сиз энди бошладингизми? − деди қиз самимий тарзда.
− Ҳаммадан ортда юрадиган боламиз-да ўзи, − дея Олим негадир бирдан ўзгарди. Нафисанинг гаплари унга бошқача таъсир қилганди. Ҳали битишга улгурмаган ярасинии яна қайтадан янгилаб юборди. – Сен ҳозир ҳам мендан олдинда кетаяпсан. Ўқишгаям отланаётгандирсан.
Олим шундай дея китобини ёпиб қўйди.
Нафиса ўзининг шунчаки айтилган оддий гапи йигитнинг кўнглига тегиб кетишини билмаганди.
− Ҳали янаги йил топширсангиз… − дея қиз эндигина гап бошлаган эди ҳамки, Олим бу мавзуни давом эттиришни истамади шекилли, шартта қизнинг гапини бўлди.
Зеро бу каби таскинларни эшитавериб тўйганди.
− Биласанми, ҳозир китоб бош қаҳрамонининг қай аҳволга тушганлигини?
− У ҳалокатга учраб, саҳронинг қоқ ўртасида ёлғиз, очликдан, сувсизликдан қийналади. Дарёни излайди. Оёқлари яраланиб, умуман юролмай қолган бўлса-да, судралса ҳам фақат олға интилаверади. Ҳаётга муҳаббати сўнмайди. У яшашни истайди, – дея Нафиса ҳикояни тамомлаб жимиб қолди.
− Охири нима билан тугашини билмайман. Ҳозир саҳродаман, ёлғиз…
− Нега ёлғизман деяпсиз, мен-чи? Мен борман-ку.
Иккиси ҳам бир муддат сўзсиз, ўйга толиб қолишди.
− Шаҳарда қийналишинг мумкин. Лекин сен бардошлисан, ҳаммасига чидашингга ишонаман.
− Асарнинг охири қандай тугашини айтмадим-ку, − дея Нафиса ҳикояни давом эттира бошлади: − Унинг умуман мадори қолмаган, оёқларида жон йўқ бўлса-да судрала-судрала ниятига етади. У дарёни, одамларни топади.
− Мени унутмайсан-а ? – деди Олим недандир чўчиб. − Чунки шаҳарга бориб, ўзгариб кетаётган қизларни кўп эшитганман-да.
− Менга ишонасизми? – деди Нафиса уялганидан кўзларини олиб қочиб. − Агар ишонсангиз, сиздан бошқасини демайман!
Атрофга аллақачон қоронғулик пардаси ёйилиб бўлганди. Икки дил ой нурида мисоли оққушлардек узоқ сирлашишди.
* * *
Нафиса ўқишга жўнаб кетди.
У ойда бир марта қишлоққа келиб-кетиб юрган бўлса-да, ҳар сафар Олим хабарсиз қолар эди.
Иккаласининг боғдаги учрашувига ҳам бир йил бўлди. Энди Нафиса қишлоққа кўпам келавермас, шаҳар ҳаётига кўникиб қолганди. Олимнинг эшитишича қандайдир ишга жойлашиб олиб, ҳам ўқиб, ҳам ишлаётганмиш. Шунинг учун таътил вақтида ҳам у шаҳардан қайтмади. Шундай қилганиям маъқул. Отаси ўз номи билан Али тракторчи бўлса, қизига баъзан пул топиб бера олади, баъзан йўқ.
Йигит ундан хабар кутиб юрди. Лекин шу орада ўзига ҳарбий хизматга чақирув қоғози келди. Бахтига ёзги таътил бошланиб, ўқишга кетганлар қайтаётганди.
Олим хизматга кетиш олдидан Нафиса билан учрашиш ниятида эди. Нафисанинг қишлоқда эканлигини эшитгани ҳамон уни ҳар доимги учрашув жойига чақирди.
…Бугун Олимнинг қишлоқдаги охирги туни, эртага эрталабдан хизматга жўнаб кетади. Шунинг учун у бугуноқ Нафиса билан учрашиши керак эди.
Боғни зулмат қоплаган. Хатто ой ҳам ўз ёғдуларини қизғонаётгандай боғни ёрита олмаяпти. Олим Нафисани узоқ кутди. Бироқ қиз келмади….
“Балки уйидан чиқолмаётгандир”, Олимнинг миясига келган фикр шу бўлди.
Йигит тонг саҳарда ҳарбий хизматга жўнаб кетди.
Орадан икки йил ўтди.
Ўзига ярашган ҳарбий кийимда қишлоққа кириб келган йигит барчанинг ҳавасини келтираётган эди. Олим анча ўзгариб, ҳаттоки бўйи чўзилиб, тўлишиб қолганди.
Ҳарбий хизматни ўтаб қайтганлиги муносабати билан дастурхон ёзган Олимнинг уйига барча собиқ синфдошлари жам бўлишди. Нафисанинг ўқишда бўлганлиги сабабли келолмаган деб тахмин қилган Олим уни суриштириб ўтирмади. Лекин уларнинг муносабатларидан хабардор Нафисанинг дугонаси Дилбарнинг ўзи у ҳақида гап бошлаб қолди. Бу айни муддао бўлди. Чунки Олим ҳам Нафиса тўғрисида билиб олгиси келаётганди. Хизматда юрган вақтлари бир неча маротаба унга хат ёзганди, лекин қиздан жавоб келмади.
− Эшитдингми, Олим, шаҳарлик дугонам ҳақидаги гапларни? – деди Дилбар “шаҳарлик” сўзига алоҳида урғу бериб. − Бир пайтлар “Мен барибир ўзгармайман, шаҳарга ўқиш учун кетаяпман-ку, ўзгариш учун эмас”, деганди Нафиса. Сен уни ҳозир бир кўргин, танимай қоласан, тўғриси. Роса ўзгарган, ҳар тамонлама. Бизни, қишлоқни унутиб юборган. Али аканинг ўзи қизини шаҳарга бориб кўриб келмаса, Нафиса келмайдиям. Лекин ишлаб, пул топиб уйигаям жўнатиб турибди экан. Ҳатто… − Дилбар яна нимадир демоқчи эди, лекин тилини тийди.
Олим унинг гапларига унчалик тушунмади. Чунки назарида Дилбар умуман бир бегона, Олим танимайдиган қиз ҳақида гапириб бергандай эди. Нафиса эса бошқача қиз. Ахир у ўз оғзи билан “сиздан бошқасини демайман” деб айтганди-ку. Нафиса Олимни унутиб юбориши мумкин эмас. Бечора қиз Олимнинг қайтишини интиқ бўлиб кутиб ўтиргандир, ҳойнаҳой. Ҳали у билмасаям керак Олимнинг қишлоқдалигини. Билганда-ку…
“Ҳа, майли, эртагаёқ ўзим бораман ёнига. Мени институтида кўриб, лол қолса керак”. Шуларни ўйлаб, Олим ширин хаёлларга берилганча тонг оттирди ва эрталабдан шаҳарга отланди.
Олим Нафиса таҳсил олаётган даргоҳни топишга топди-ю , бу ёғига не қиларини билмай қолди. Бу институт деганлари катта даргоҳ бўлса, минглаб йигит-қизлар ўқиса. Олим нима қилишни билмай атрофдан, қизлар орасидан Нафисани тинмай қидирар эди. Баъзи қизларнинг калта-култа кийимларига кўзи тушиб ажабланарди.
“Нафиса… умуман бошқача. Бу қизларга заррачаям ўхшамайди. На юриш-туриши ва на кийимлари. Ўшанда сочлари белидан келарди, ҳозир янаям узун бўлиб кетгандир. Қош-кўзларига ўсмалар бирам ярашар эдики, уни ҳаммадан қизғониб кетардим. Мени бу ерда кўрса севинчдан ёрилай деса керак-ов. Уям мени роса соғингандир…”
Хаёлга берилган Олим ёнига келган қизни пайқамай қолди.
− Ҳой, − деди қиз йигитни туртиб , − бу ерларда нима қилиб юрибсиз, тинчликми?
Олим ўзига келди-ю, нотаниш қизнинг гапларидан ҳайрон бўлди. Ахир институтда у танийдиган битта қиз бор. Уям бўлса Нафиса. Ногаҳон Олим бу қизни… танигандай бўлди.
− Бунча оғзингиз очилмаса, тилингизни ютиб юбординми? – деди қиз совуққонлик билан.
Олимнинг устидан кимдир бир челак муздай сув қуйиб юборгандай, бошидан то оёғининг учигача музлаб кетди. Рўпарасидаги қиз… Наҳотки бу Нафиса…. Одам ҳам шунчалик тез ўзгариб кетиши мумкинми?! Жудаям ўзгарган… Эсиз узун сочлар, кесилган, ранг қолмаган. Бир қаричдан сал калтароқ юбкаси-ю эгнига ёпишиб қолган кофтасини гапирмасаям бўлаверади. Ўша ўсмалардан ранг олган қошлар ўрнида ёйсимон, ипдай чизиқ тортилган. Лабини қип-қизил қилиб бўяб олган бу қизнинг на суврати ва на сийрати Нафисага ўхшайди.
Олим бир сўз айтишга лол эди.
− Қишлоқ тинчми? Бизникилар яхшими? – деди қиз.
Нафиса йигитга боғдаги сўнги учрашувларидаги каби “сиз”лаб гапирарди. Аммо…
− Шукр, тинчлик, − дея олди ахийри Олим бир амаллаб. − Хизматдан қайтгандим, шунга сенинг олдингга…
Олим гапини тугатишга улгурмади ҳам. Нафиса унинг гапини шартта бўлди:
− Узр, шошиб тургандим. Мани кутишяпти. Салом деб қўярсиз кўрган-билганларга.
Қиз шундай деди-ю, шундоққина йўлнинг нариги тарафига ўтди ва дуч келган биринчи машинани тўхтатди ва ҳайдовчидан сўраб ҳам ўтирмай орқанги ўриндиққа ўтириб олди.
Нима қиларини билмай, бўлаётган ишлардан карахт ҳолда тушган Олим ўзига келиб, машинада узоқлашаётган қизнинг ортидан чопди. Йигит худди ёмон туш кўраётгандек эди, тезроқ уйғонишни истарди.
Машина эса елиб кетди.
Кутилмаган бу воқеадан Олим буткул эсанкираб қолганди. Шаҳарга келганига пушаймон бўлди.
Йўқ, у Нафисани тополмади. Ўзи билган Нафисани. Энг яхшиси − қизни боғда кутгани маъқул. Шаҳар катта…. барибир уни тополмайди. Албатта Нафиса боғга ўзи келади. Олим қизни чақирмаса ҳам ўзи билиб келади. Худди охирги учрашувларидагидек…
Нафиса роса ўзгаргандир, айниқса узун сочлари янада узун бўлгандир…
Олим шу куниёқ қишлоғига қайтди.
Йигит ҳар шанба қишлоқ четидаги боққа боради ва то қоронғу тушганча боғда ўралашиб юради, ўрик дарахти тагида супачада соатлаб ўтиради. Оқшом тушгач, шу ерда ётиб қолади.
Ҳар шанба шу аҳвол.
Олим Нафисани кутаётганди… Умид билан, ишонч билан…
——————
Суратда: Жиззахлик ёш ва истеъдодли ижодкор Гулноз Абулқосим қизи…
Хикоя бироз саёзрок,лекин булади.Аммо хаётий гаплар,айникса хозирги кунларда бундай вокеалар купрок булиб турганлиги учун хам,укиган одамларда унчалик вахима уйготмайди.Бундан 20-30йиллар олдин вахима булиб кетар эди.Масаланинг энг асосий томони,асли палаги тоза булмаган бу Нафисанинг,илондан илон-чаёндан чаён,олманинг тагига олма тушади дейишган.Олимбойни оллохнинг узи саклаб колибди,туйдан кейин билганида куринг эди томошони!Олимбой кутавермай,етти чузма килиб ис чикариворсину,яхшисини топсин.
My daughter has closed its awrah is not too late.