20 — апрел таниқли ўзбек журналисти Дадахон Ёқубов туғилган кун!
ДАДА ЗАФАР
Суратда: Дадахон Ёқубов мухлислари даврасида…
ТЎРТЛИКЛАР
Таваллуд кунимда ўйларга толдим,
Тақдирда неки бор барчасин олдим.
Эллик тўққиз ёшимда мехрдан бўлак,
Инъомга хеч нарса тополмай қолдим.
***
Кўк эди пишибди, узим бўлибди,
Товушлар қўшилиб, сўзим бўлибди.
Ашъорга айлангач, даъват олдидан,
Шуаро тақдири мазлум бўлибди.
* * *
Баҳор кечикса гар, шошмоғи аниқ,
Иссиқдан қор эриб, тошмоғи аниқ.
Жиловсиз от чопган чавандоз каби,
Фойдадан зиёни ошмоғи аниқ.
* * *
Лабзи бор одамлар сўзида турар,
Ёлғончи ҳар зўрни сўзида урар.
Мақтанчоқ дарахтнинг шоҳини кўзлар,
Ушбу дам шогирди баргида юрар.
* * *
Мевали дарахтга доим тош тегар,
Юки оғир унинг, доим бош эгар,
Мирзатерак бастидан мағрур эди шод,
Ногоҳ танасига арра тиш тегар.
* * *
Олхўри меваси эди кўп чунон,
Пишган сари шоҳи синди ҳўп ёмон.
Сероб энди ўтин,меваси қоқи,
Бундан кимга фойда, кимгадир зиён.
* * *
Пар учади баланд сал шамол турса,
Енгилтак берар панд қайга югурса.
Оғир тошни сел ҳам ололмас,
Парвоига келмас, ҳам чақин урса.
* * *
Оққан дарё барибир қайта оқар,
Ўзанин кўмганлар қучоғин очар.
Барчанинг чанқоғин қондирар аммо,
Унинг ўзи яна чанқоқдан қахшар.
* * *
От тепкисин албат, кўтаради от,
Дардинг бўлса фақат кўтар ўзинг, тот.
Одамнинг тафтини одам олади,
Вале яқинлармас, у бўлади ёт.
* * *
Тинч эди рўзғорим, тўним ямоқ,
Оғримаган бошимга олин таёқ,
Иштиҳор илинжи яна баландроқ,
Мени итлоф этди, бу қандай жумбоқ.
* * *
Бахт хар кимсанинг тилагида бўлар,
Ғайратли одамнинг билагида бўлар.
Лек бугун бахт қуши қафасда сайрар,
Одамларнинг у тулагида бўлар.
* * *
Дунёнинг ишлари жуда ҳам қизиқ,
Бир томони кенг, бир томони зиқ,
Сара гуллар доим қўлма қўл ўтар,
Сўлса гар ҳайвонга бўлолмас озиқ..
* * *
Бир малак кўзимга жонон кўринди,
Мени куйдирганда ҳандон кўринди.
Аслида ялмовғиз кампир экан у,
Ишқим иморати зиндон кўринди.
* * *
Ишонч яхши хислат, ишонмоқ зарур,
Шубҳа ҳам аслида ҳушёрлик эрур.
Кулиб жоним олди мунофиқ, айёр,
Азобларим унга берармиш ҳузур.
* * *
Чидадим ғанимлар тарқатса ғийбат,
Чидадим азойим этса дувобат,
Ҳар эзгу ишимга жаззои бўлдим,
Ишонган одамлар қилганда туҳмат.
* * *
Омадинг келганда меҳрибонинг кўп,
Қоқилсанг тепарлар гўё чарим тўп,
Содиқликдан кимки сўзласа бисёр,
У кўзда ҳиёнат чақнаб турар ҳўп.
* * *
Дўстман деб аталмиш сирингга ошна,
Душман деб аталмиш қонингга ташна.
Ҳар иккисига ҳам қилмайин парво,
Яхшилик боғида гулла ҳам яшна.
* * *
Етса тўлай молим, етмаса жоним,
Бир чақага олмас у хону моним.
Одамдан ҳайвоннинг нарҳин билар у,
Ким ўз ирқиндан айлабди тоним.
* * *
Сув эса тилсиз ёв,тил ёв суяксиз,
Сувни тараб бўлмас асло жуяксиз.
Ортиқча сўзлар тил, гўёки жола,
Бошинг ҳам қилади, тошиб тилаксиз.
* * *
Тилаб олган найсон бошимга бало,
Энди бефойдадир касрат-тавалло.
Гул деб сепганимдан унди тинканак,
Хирмонда топилмас зарра тасалло.
* * *
Томимдан тушса бошимга тараша,
Демак хато қилдим шунга яраша.
Кўплар ўз айбини ўзгадан кўрар,
Шу боис турмуши доим хархаша.
* * *
Асалари гулларнинг болини талар,
Кимда не йўқ бўлса ўшани олар,
Тўртликка жамладим кўрган, билганим,
Бисотим кимгадир асқатиб қолар.
«Дунё ўзбеклари» Бош муҳарриридан:
Ўзбекистон парламентининг собиқ депутати, «Ҳаёт қувончлари ва ташвишлари» телекўрсатуви муаллифи ва бошловчиси, Ўзбекистон Президентининг ёрдамчиси бўлиб ишлаган таниқли журналист Дадахон акани таваллуд кунлари билан кўп минг сонли ўқувчиларимиз номидан табриклаймиз.
Қаерда бўлишларидан қатьий назар у кишига сиҳат саломатлик ва бахт саодат тилаб қоламиз.
Оила аъзоларингиз, мухлисларингиз ва дўстларингиз бахтига доим омон бўлинг, Дадахон ака!
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ