19 aprel — Iste’dodli adabiyotshunos olim Bahodir Sodiqov (1959 — 1980) tavalludi kuni.
Баҳодир Содиқов 1959 йилнинг 18 апрелида Хоразм вилояти, Шовот туманида туғулган. Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ) журналистика факултетида ўқиб юрган кезларидаёқ ўзбек замонавий шеърияти хусусидаги адабий — танқидий мақолалари матбуотда эълон қилинган. 1980 йилда фожиали ҳалок бўлди.
Ҳаётлик чоғларида сўфий шоирлар ижодига доир тадқиқотларининг матбуотда ёритилишига ҳукмрон мафкура монелик қилди. Вафотида сўнг «Инсонни севмоқ керак» китоби ёруғлик юзини кўрди. Тадқиқотлари «Шарқ юлдузи». «Ёшлик» журналларида, «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» ҳафталигида, «Камалак», «Шовот мавжлари» алманахларида босилди. Шунингдек, шеърлари ҳам баёзда ёритилган.
Баҳодир Содиқов
ИККИ МАҚОЛА
КЎЗЛАРДАГИ ДУНЁ
Муҳаббатни ўрганиш билан яратиб бўлмайди, унинг ўзи келади. Муҳаббат насиб этган қалб эгасининг вазифаси эса уни сақлаб қолишдир. Муҳаббатнинг қонуний давоми ва доимий йўлдоши бўлган жасорат ҳар қандай жасорату қаҳрамонликлардан улуғвор ҳамда гўзалроқ. Негаки, жасорат жасорат илинжида қилинса муваффақиятли чиққан чиранишдан бошқа нарса бўлолмайди.
Муҳаббат жасорати ўзининг ғамгину шўх, ожизу қудратли, беқарору сокин, ҳорғин сифатларига соҳиблик қилади. Кундалик маъно доирасида жасоратнинг ожизлигига , ғамгинлигига ва сокинлиги-ю хорғинлигига кўникиш қийиндай туюлади. Ахир, гўзаллик нимаси биландир янги бўлиши керак-ку. Янгилик гўзалликда доя ва эгизак ҳам, у гўзалликни туғдирар экан, қўшилиб ўзида туғилади. Шунга кўра, жасорат янгими, демак, у гўзал ҳамдир.
Ана шу ҳолатни ўзбек шеъриятининг туйғулар рассоми Рауф Парфи ижодида кўрамиз ва ундаги овоз тасвирини тинглаймиз.
Санъатга таҳлил эмас, қанот керак деган гап бор. Шу гапга амал қилиб, таҳлилий ташналигимизни қондиришдан бироз тийилган ҳолда шоирнинг «Кўзлар»ига тикиламиз. Булар осмон билан ер, армон билан шеър ўртасида муаллиқ кўзлардирки, уларга шоирнинг ўзи ҳам сиға олади! Кўзлар — бир юракнинг икки мутаносиб осмонлари, уларда дунё қадар кенглик бор. Кўзлар — энг мўжаз дунё, дунё — энг улкан кўз…
Дунё тобора эгаси ташлаб кетган садоларга ўралиб боради, садо кенгликлари Нозим Ҳикмат кўзлари билан шоирга теран назар солади. Ватан садоларга ўралган, кўзлар эса садоларни ўз бағрига олади.
Шоир ўлими табиатнинг ўзи ҳис қила оладиган митти жанозасидир. Бу жанозада беғубор ҳасратлар, бегуноҳ армонлар бешикка солиб кўмилади. Шоирнинг сўнгги ижоди ҳам бешикка солинади.
Осмон тошиб кирар кўзга,
Сиғмас кўзга, Пабло.
Бу буюк ҳасратнинг
Мазмуни ўзга, Пабло.
Наҳотки шоирни ўлдирдилар, ўликлар-а?! Бунга жавоб ўрнида Пабло Неруданинг сўнгсиз тирик осмони ҳайқиради.
Инсоннинг вазифаси фақатгина бахтиёр бўлишдан иборат эмас. Баъзан шодмонлик ҳам вазифа ўрнида келади. Бахтнинг парчаси — шодлик ранг танламайди. Унинг қиёфаси фақат шодликда. Ҳар бир рангнинг ўз шодлиги бор. Шу қувончларни ўйлаб ғамга ботиш шарафли хаёлкашлик. Шодлик миллион ҳодисаларнинг хусусийси, ёлғизининг эса умумийсидир («Шодлик»).
Севгилининг сўзларини энтикиб-энтикиб тинглаётган ошиқ улардан таралаётган синиқ бир нола ёки қафас ичра уйғонган думалоқ наво симиради. Ана шу «ҳавоси сўриб олинган ҳаво» мисоли кўзларда чўкмоқ, ёниб битмоқ ёқимли бир нарса. Лаззатда ёниш ва ёниш лаззати уйғунлашган кўзлар осмонидан беомон бир куни юлдузлар учсалар қайга йиқиладилар. Юлдузларга қабр қаерда…
Кўзингнинг қаърида
юкинар излар…
Бу кўзлар мангуликнинг жисмоний дунёси, соҳилларига гуллар сочилган мангулик осмони («Дилоромниннг кўзлари»).
Севгига, севгилисига ишониш одамзотга бўлган ишончнинг энг содиқ ибтидоси. Сегига хиёнат бўладими, унинг етими бўлиб алданган ишонч қолади. Етим ишончнинг номи кўп. Севгимиз кимдандир сирғалиб ўтади, кимнингдир қалбига бизни етаклаб боради. Ахир, севги табиатнинг мангулик неъмати («Муҳаббат»).
Буюк севгига ранг изловчи , мовийликка рангин қасида ёзувчи руҳтасвир шоирнинг юраги яхшилик билан ёмонлик чегарасида ҳайратлардан қалқийди. У мангуликнинг сирли буёғини ахтаради. Унинг шу ахтаришида топиш бор эди. Уни тушунмадилар, юрагини англамадилар. Тушунилмаган юрагининг ўзи учун ҳам қандайдир нотанишроқ рангли сирини кўрмоқчи шекилли , лекин қулоқ юрак эмас эди. Ҳар ким тушунганинигина кўради(«Ван Гог»).
Сўзимиз аввалида Рауф Парфини поэтик туйғулар рассоми деган эдик. Унда ҳар бир фикрнинг ўз ранги бор, оҳанг, бўёғи бор. Фикр пластикаси ранг ва ҳаракат пластикаси билан қўшилиб кетади.
Омон Азизнинг «Кандакорлар» картинаси шеърий нусхаси гўзал чиққан. Бу ерда картинани эшитиш мумкин! Лаҳзалик оловнинг мангу ёниши, музлаган оташнинг келажакка савол ёғдириши сўзлар руҳтасвирининг муваффақияти.
Рауф Парфи шеърияти ўз шаклларини сезилмас даражада кўтарган. Айниқса, унинг сонетлари маҳзун ва гўзал сифатга эга.
Қандайдир қудратли сокинлик улардаги формани яширган, шеъриятнинг ўзигина бор. Бу шеърият шаклларни қанотларга алмаштирган!
ТУШЛАРГА СИҒМАГАН ВАТАН
Туш орзулар рўёби-ю армонлар муҳри босилган гўзаллик,оламнинг тортишиш кучига ҳам бўйсунмайдиган ҳурлик ва илоҳий беҳудудлик ўлкасидир.Ана шу фазилатлари билан бирга туш эркин мантиқсизлик ўлкаси ҳамдир.Мантиқсизланганида қайтага кўпроқ ёқаверадиган,«қонуну расмга телба тескари»лашганида яна ҳам хуш келаверадиган ҳамма нарсани туш кўриш мумкин. Улар эса тушларимиздек жуда-жуда кўп. Лекин, фақатгина Ватанни туш кўриб бўлмайди!.. Ватан тушнинг ҳеч қайси вазн ва шаклларига сиғмайди. У шу қадар муқаддаски, шу қадар азиз-ки, салгина мантиқсизлик заминидан сал бўлсин узилиш бўлган жойда уни йўқотиб қўямиз.
Ватаннинг сарҳадлари-соқчилар турган чегарагина эмас. Ватаннинг руҳий сарҳадлари вужудимиз, танимиздадир. Кўзларимиз, тилимиз, қулоқларимиз, юрагимиз ва нафасимиз билан бу чегарани “бузиб” ўтамиз. Ва шу “бузиб ўтиш” баробарида у ҳам бизни «забт эта боради». Бу “бузиб ўтиш” Ватанни англаш ва севишнинг сўзбошисидир. Лекин ушбу мулоҳазаларни тўхтатишга ижозат берадиган яна бир фикр бор: ким шу пайтгача ўз отасининг киндигини кесибди, ким қайси замонда ўз онасини ўзи туғибди?! Бу ўша фикр.
Ушбу ўйлар яхши шоиримиз, бизга доимо шеърларидан кейин яхши хаёллар суриш ҳолатини берадиган Хуршид Давроннинг “Олтин беланчак” сериясида чоп этилган “Шаҳардаги олма дарахти” тўпламини ўқиш давомида ва ундан кейин пайдо бўлди. Шоир ўз шеърларига олтита мезон қўяди. Булар: ҳақиқат, журъат-жасорат, масъулият, она юрт дардларини севиш, она-доя қотиллик, замонага шукрона мезонлардир. Она-доя қотиллик деганимиз “Шоир шеърнинг олдида тирик, шеър сўнгида ўлмоғи даркор” мисраларида ўзини баён қилади. Бу — янгилик туғувчи, қонидан шеър унувчи ва ҳар ўлганидан сўнг янги юксак босқичларда туғулувчи қотилликдир, шахсий-хусусий қотилликдир.
Мезонлардан яна бири — она-юрт дардларини туйиш ва суйиш
Тўмарисдек аёл қўлларин
қадоқлари гиларкан кеч куз,
Қоғоздаги шеърим йўллари
Юрагимда қон қолдирган из —
бандида бир-бирини тўлдиради, ана шу қон қолдирган изларда лолалар ундиради.
Умуман, Хуршид Давронда мисралардан жамалаклар тақиб, сатрлардан кўйлак кийган қизу аёллар қувонарли даражада кўп. Улар кўпроқ тасаввурдаги, олдин хаёлимизда туғилиб, кейин шеърларда акс этган вазмин ва гўзал аёллардир. Улар бизга ягона имконият – ўзларини севиш имкониятини беришади. Шоир биринчи “Қадрдон қуёш” тўпламида аёлнинг ботиний гўзаллигини тасвирлашга уринган. “У аёлнинг қўллари дағал…” шеъри бор. Унда нафосат ожиз, мададсиз — ҳимоясиз тушунилмаган ва киши кўнглини ғашлик қафасига соладиган, ҳеч бўлмаса унга ачиниш ҳам уйғота олмайдиган даражада ёқимсиз, шафқатдан ҳам паст бўлиб қолган эди. Ундаги гўзаллик фақат баён ҳолатда ҳаракатсиз, бинобарин самара бериш ўрнига ўзи қандайдир шубҳали ғайри натижа сифатида кўринган эди.
Ушбу тўпламдаги “Тунда силкитаркан дарахтни шамол…” шеърида эса гўзаллик ҳаракатга кўчади, бошқа ҳаракатларга туртки беради: натижада нафис – гўзалликдаги ҳаракат ва ҳаракатдаги гўзаллик мувозанати ҳосил бўлади. Бу нафосат бевосита қудратга, тараққиётга асосланган. У яратади ва шу бунёдкорлик асосида ўзига, ўзининг мангулигига изоҳ беради, моддийлашади. Ушбу шеърни, китобдаги энг гўзал шеърни тўлиқ келтирамиз:
Тунда силктаркан дарахтни шамол,
Дарахтлар титраркам маҳзун букчайиб,
Дарахтзор қошига келар бир аёл
Нозик оёқларин шабнамга чайиб.
У гуллар сочгди ҳовуч-ҳовучлаб,
Ҳайратга тўлади армонли боғлар.
У куйлай бошласа гулларнп тишлаб
Уйғона бошлайди қуриган шохлар.
Биз кўпинча нарсалар ёки воқеа-вазиятларни уларнинг аксига қиёслаб баҳолаймиз.Юқоридаги шеърда эса гўзалликни қиёслайдиган,унинг акси бўлган бирдан-бир нарса борки,у ҳам бўлса фақат гўзалликдир.Бунда нафосат ўзини нафосат орқалигина ҳис қилади.Ана шу хислатларни ўзида жамлаган бу шеър беҳудуд оламни ҳисларда янада чексизлантиради,уфқни яна бир бор уфқ қадар нарига суради, коинотнинг марказини юрагимизга кўчириб келгандай бўлади.
Хуршид Давроннинг “Севдим гулу аёлларни мен” демаслиги самимиятдан бўлмас эди. Гўзаллик билан мангулик оралиғида — юлдузлар остида, гуллар устидаги севиш соатларини мангулик парчаси, нафосат бўлаги деб билиш масъум эътирофдир.
Шоирнинг доимо эслаб юрадиган қишлоқ қизлари бор. Ўтган тўпламида “Тушларини қуёшга кўмиб ухлаб ётган теримчи қизлар” бевосита таъкид эди. Ушбу китобдаги “Эшиклар тўсатдан бир қучоқ нурни…” шеърида изидан тунни тентириб боғларда адаштириб қолдираётган шоирнинг, мушукдай ювош “чойшабларга ўралган гуллар” — шаҳар аёллари ҳақида ўйлаётган шоирнинг хаёлларида изоҳ — қиёс тарзида яна шу қизлар ётади:
Фақат узоқларда, тунги қирларда
Кўзлари қора қиз, қоши қора қиз
Йигитнинг кўксига эмас,
далада
Уватга бош қўйиб ухлайди ёлғиз.
Айтилмоқчи гап аслида шу. Лекин бу фикр бевосита, таъкид учунгина ишлатилган эмас. Шоир ўз хаёлларини ўқувчига ҳадя этади ва сабаб-хулоса бўлмиш юқоридаги бандни яратади.
Шеърдаги муваффақият шундаки, “Узоқлардаги қоши қора қиз”га қаршироқ қўйилган “мушукдай ювош” шаҳар аёлларини кўз ўнгимизда хунук ва ёқимсиз қилиб қўйилмайди, улар ҳам нозик меҳр билан тасвирланади. Уларга кўрсатилган меҳр-илтифот “қоши қора қиз”га бўлган муҳаббат – қизғонишдан кам эмас.Теримчи қизларнинг фақат тушларида айтган қў-шиғини эшитишни гражданлик деб аташни шоир ўз ижтимоий — лирик вазифаси ҳисоблайди. Бу шундай қўшиқ: уни юракнинг қулоқлари билан эшитиш, юракнинг кўзлари билан кўриш лозим. Ана шундагина унинг қандай қўшиқ эканлигини бошқаларга айта оламиз:
Бу қўшиқ бахт каби айлайди сархуш,
Бу қўшиқ куйлари самови,маҳзун.
Бу қўшиқ туш каби жуда қисқа-ю,
Бу қўшиқ инисоннинг умридан узун…
Шоир — севимли ва гўзал аёллар, теримчи қизларни ана шундай сокин самимият билан тасвирлайди. Унинг бевалар ҳақидаги шеърлари ҳам ажойиб хусусиятларга эга. Ҳозирги кунда энг ёш классик беваларнинг ёши 50 дан ошиб қолди. Эллигидан ошган аёлдан, ёшлигига меҳнату ҳасрат, ҳуснига жасорат: севги-ю вафосига маломат тенг шерик бўлган аёлдан нималар изламасликни, нималар истамасликни яхши биламиз. Лекин Хуршид Давроннинг бевалари шундай самимият ва маҳорат билан тасвирланадики, унда кампир эмас, қоши-кўзи сурмали бир гўзал кўринади. Ва шоир Сизга бирор дақиқа беваларни кампир деб ўйлаш имконини бермайди. Бунга шоирнинг ҳаққи бор, ҳаққидан кўра кўпроқ истеъдоди бор! У классик беваларни гўё беваликнинг илк дақиқаларидан бошлабоқ вақтнннг қўлидан узоқроққа олиб қўйилган ҳолатга киритади. Вақт уларнинг юзлари,сочлари ва хаёллари билан ҳазиллашмаган. Вақт уларга келганида вазминлашиб, инсон шаклига — файласуф сувратига киргану: “Йўқ! Гапирмасликка менинг ҳам ҳаққим им бор!” дегандек туюлади.
Хуршид Давронда ҳар бир образга такрор-такрор қайтиш — асосий хусусиятлардан бири. Ўтган китобида дарахтлар билан ухлашга имкон сўраган, эвазига уларнинг тушларини сўзлаб беришни орзу қилган шоир “Табиатдир менинг давомим” шеърида “Дарахт кулгусини кўрганман, кўрганман кўз ёшларини ҳам” дейди. Бу давом — инъикосдир. Табиатни ўзининг давоми билган қалб, вужуди ва маънавий мулкини бўлакларга бўлиб, улардан ҳар бирисининг давомини табиатдан топган қалб қувончию алами дарахтларга кулгу бўлиб, кўз ёши бўлиб ўтади, давом этади.
Хотиротдан “ярим кўк,ярим оқ в а қора битта барг” юборган дарахт унинг ялпизлар,яъни ўз болалиги,онаси кирган тушини қўриқлайди.Қисқаси, дарахт — шоирнинг асосий шеър рамзларидан бири.У УМР,ХОТИРОТ,ЮРТнинг табиатдаги тирик ҳайкалидир. У улғаядиган, кексая оладиган бағри кенг, хотиротдан кўйлаклар киядиган, пойига гулдасталар қўйилмайднган ҳайкалдир.
Ана шунинг учун ҳам шоир “Бизлар минг йил кутишга розимиз ахир, Дарахт шохларида баргдек ўсгани…” дея олади. Бу истак дунёдаги барча ғаму қувончлардан, висолу ҳижронлардан таскин топади, овунади.Тўпламдаги “Қиз ва шамол ҳақидаги эртак” ниҳоятда покиза, шеър руҳ тасвирининг ажойиб намунаси бўлмиш шеърдир. Унда шамолнинг суратини, бўсанинг рангини, севинчнинг ҳасратини кўрамиз:
Парча-парча бўлиб синади,
У кўтариб югурган севинч.
Ва яабдаги бўса ҳидидан
Маст бўлганча чайқалиб беҳол,
Қайрағочга кўксини босиб,
Тўлиб-тўлиб йиғлайди шамол.
Бу манзара биринчи бўсадек беғуборлиги билан хотирамизда ёрқин из қолдиради. Бу ёрқин из бизни “Улуғ исёнларнинг узвий парчаси Қўшоқ акаларнинг тунги инграши!” мисраларига ҳам олиб боради.
Тўпламдан “Кўзлар” достони айрим лавҳаларининг ўрин олганлиги ва уларни ўқигач, достон ҳақидаги таассуротлар ниҳоятда ёқимли эканлигини айтиш мароқлидир. Маълумки, ҳар бир тушунчанинг хусусий ва умумий маъноси бор. Дейлик, кўз — инсоннинг кўриш аъзоси. Тарихнинг кўзи, халқнинг кўзи деганда эса қандай кўзни тушуниш керак? “Шоир эса халқнинг кўзидир, хира тортиб қолмасин бу кўз. Нурга чўмсин, нурга йўғрилсин юракларда яшаётган сўз”. Саволга шоир ана шундай жавоб билан давом этади:
Шоир мисли ўтли чегара,
Даврларнинг буюк ораси..
Инглиз романтикларидан бири “Шоирлар дунёнинг тан олинмаган қонунчиларидир» деганида қанчалар янглишмаган бўлса, Хуршид Даврон ҳам юқоридаги фикрлари билан шунчалар ҳақдир.
Достонда вужуднинг шоири – кўзлар ва халқнинг кўзи — шоирлар ниҳоятда яқинлашиб қолади. Тескари нисбат сиқиқлиги юракка жо бўладиган даражада.
…Бадавий югуриб хонага кирар экан, бирданига тиззалари букилиб кетади — унга девордан саноқсиз кўзлар қараб турган эди.У қўлидан келадиган ишни қилди: сувратдан тик қараётган кўзларга шамшир урди:
Девордан қон каби, қон каби шу пайт
Тўкила бошлайди Сўғднинг кўзлари…
Бу кўзлар сира юмилмас, фақатгина ёшдек тўкилар: девордаги тасвирлар на чекина олар, на ҳужумга ўта олар эди. Бир вақти келиб “Улуғбек кўзидаги ёш” (А. Орипов) – бўлган юлдузлар — «юлдуз эмас, Афросиёбнинг деворидан ўйиб ташланган кўзлар!” Кўзлари ўйилган оналар гўдакларга нафас қилиб, ўйилган кўзларини юмдилар! Гўдакнинг ўйилган кўзларидан бир томчи Ёш томди. Бу ҳали онадан айрилганини тушунгандан эмас, қорайган деворларда чайқалаётган саслар нафасидан тўлқинланиб тушган бир томчи ёш эди. Ана шу томчида бутун бир тарихлар, бутун тақдирларни акс эттирди, ғарқ қилди ва ютиб ҳам юборди. Ва ҳозирги замона фонида, Ватаннинг л суврати фонида туриб ўша бир томчи ёшда нималар акс этаётганига назар соламиз:
Энди кўз ўювчи одамлар йўқ деб,
Ким айтар кўзимга типпа-тик боқиб,
Жавоб беришга улгурмасдан томчида акс этаётган музаффар қуёшни кўрамиз: ахир у ҳам ўйилган кўзга, дилдаги қутлуғ СЎЗга ўхшайди. ҳамма нарсада ўйилган кўзга ўхшашлик кўраверар экансиз, юракдаги дардлар ҳам ўйилган кўзга айланади:
Ўйилган кўзимнинг қорачиқлари
Дард каби тўкилиб тушар қоғозга.
Уйилган кўзларим ҳайқира бошлар,
Уйилган кўзларим – қоғоздаги шеър!..
Булар шеърга берилган таъриф эмас, балки дарднинг таърифидир.Шеър эса — дарднинг ўйилган кўзи бўлмоғи керак! Достонда ниҳоятда оғир, ҳар қандай шошқалоқ хулоса босиб турадиган оғир руҳ ҳукмрон. Бунда сокин ғазаб, ҳорғин нафрат, улуғвор хаёлкашлик бор. Достонда ўйилган кўз, Сўз, Қуёш ва Ватан образларига кўп-кўп қайтилишининг боиси, улар вақти-вақти билан бир-бирларининг ўрнини босиб туришларидадир. Масалан, Қуёш кўпгина ўринларда Ватан тимсолида келган ва яхши келган.
Хуршид Давронннг бу ажойиб муваффақияти ёшлар шеъриятининг ноёб ютуғидир. Чиқиш даврлари ниҳоятда яқин бўлган китоблардаги латиф фарқланиши кишини ҳайратга солади. Биринчи китобдаги кўп учраган жўнлилик, ортиқча сўз «едириш», мисралардаги ва фикрлардаги сунъийлик иккинчи тўпламга келиб қувончли миқдорда озайган. У ўзининг тор «яратиш» устахонасидан кенг кашфиёт коинотига чиқиб бораяпти.
Эшиклар тўсатдан бир қучоқ, нурни
Сочиб юборади туннинг кўксига —
байти «Боғчага очилган дераза, Таратар навони – ёғдуни» мисраларидан атиги бир йил кейин яратилган. Лекин буларнинг ҳар иккаласи бир китоб муқоваси остида. Ҳурматли ўқувчи булардан қай бири “бир у-чоқ нур”лигини яхши билади ва шоирнинг йилдан-йилга қучоқ-қучоқ нурлар билан ошно бўлаётганини ҳис этади.
1980
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ