«Ватанга қайтиш умидлари ёхуд Андишанинг оҳори тўкилгандаги аҳволи ҳақида …
Ассалому алайкум Исматбек!
Олдинги мақолани чоп қилганингиз учун миннатдорлигимни билдираман. Ишларингизга ютуқ ва омадлар тилаб қоламан.
Юсуф Расулев ўша мақола атрофида мен билан бир суҳбат қилди. Уни ҳам сизга юборишни лозим кўрдим.
Чунки бу суҳбат бир тарафдан ўша мақолани тушунтириш, кенгроқ изоҳлашга бўлди. Шунинг учун бу ҳам сизнинг саҳифангизда чоп қилинса дуруст бўлади деб ўйладим.
Ўрни келганида айтайин, менда бир таклиф ҳам бор. Сиз, саҳифангизда «Насиҳат ва ибратли сўзлар» номли бир бўлим очинг.
Унда ҳар икки ҳафтада бир марта материал қўйилиб турилишида мен ёрдамчи бўлишим мумкин.
Шундай қилсак, ўқувчиларингиз янада кўпайши мумкин.
Энди суҳбатнинг матнини келтираман:
Таниқли мухолифат намояндаси Алибой Йўляхшиев билан журналист Юсуф Расулевнинг суҳбати.
Юсуф Расулев: Айни пайтда Норвегияда яшаётган таниқли мухолифат намояндаси Алибой Йўляхшиев яқинда хориждаги миллатдошларимизга бир мурожаат билан чиқди. Бу мурожаатда Ўзбекистон ҳукумати билан ўзбек мухолифати муросага келиши учун барча сиёсий гуруҳлар биргалашиб ҳаракат қилишлари кераклиги, ҳукуматда ҳам , мухолифатда ҳам бунга хоҳиш -ирода бўлишлиги таъкидланган эди.
“Бирлашсак ўзажакмиз, манманлик-ла тўзажакмиз!” деб номланган бу мақолада мухолифат фаоли шундай ёзади: “Мен, сиз, биз каби сўзларнинг ҳаммаси бир оғиздан чиқади. Мен, мен дейиш кўпроқ манманликни ифодалайди. Манаманлик билан узоқ манзилни мўлжаллаш ва унга етиш мушкул. Аммо сиз дейиш кўнгилга яқинликни билдириб, кўпинча ечилмас жумбоқларни, чигалликларни ечишда восита бўлиши мумкин. Биз, бизлар десангиз эса, кўпларни, ҳатто тарқоқ ғалаённи ҳам бир йўлга чорлаш, омма-кўпнинг кучу қувватини бир муштга тугиб, бир жойга зарб билан уришга имкон туғдириш мумкин бўлади, деб ўйлайман».
Яқинда муборак 75 ёшни қаршилаган отахоннинг бу кўнгил изҳорлари ҳеч кимни бефарқ қолдирмаса керак:
“Дунё борки оламда қоч-қоч, ҳижрат, ғурбатдаги ҳаёт, ватандан жудо бўлишлик, қувғин, сургун бўлиш бўлиб турган ва бундан кейин ҳам бўлажак. Демак, инсон боласининг бир қисми доимо ватанига қайтиш умиди, орзу ҳаваси бирла яшаган, яшайди ва бизлардан кейин ҳам шунга ўхшаш ҳаёт давом қилаверади. Ватан сари толпиниш (ўзбеклар “киндик қони томган жой“га интилиш дейдилар), ватанга бўлган садоқат, муҳаббат, ватан дардидаги ғам-ғусса инсониятга меросдир» деб ёзади муаллиф ўз мақоласида.
Нақадар кўнгилга яқин, ҳақ гаплар …
Алибой Йўляхшиев бошчилигидаги бир гуруҳ мухолифатчилар 2008 йилда ҳам Ватанга қайтиш масаласида хориждаги мухолифатчиларга мурожаат билан чиқишган, бироқ жуда кам сонли кишилар уларнинг мурожаатини қўллаб — қувватлаган эди(!?). Шу пайтгача нуфузли халқаро ташкилотлар, жумладан АҚШ ҳукумати ҳам ўзбек мухолифати лидерлари билан ҳукумат вакилларини бир стол атрофида тўплаб, бу масалада келишувга келишга ундашган, лекин ўзаро келиша омласлиги боис бу урунишлар барбод бўлган эди.
Кекса мухолифатчининг қалб амри билан куюниб ёзган бу чақириғи ҳақиқатдан аламли, дардли:
“Азиз қондошларим, биродарларим, ака — укалар, опа — сингиллар, ҳамшаҳарлар, узоқ яқин дўсту душманларим… Биз қариялар ёшимизни яшадик, ошимизни ошадик, лекин биз ҳам ватан сари толпинамиз, она замин тупроғига бош қўймоқ истаги бизнинг қалбимизни ҳам тилка-пора этади. Ушбу нола-ю фиғонларимни ёзишимдан мақсадим сизларга шуларни айтишдир: МЕНдан БИЗга ўтингизлар, ватан тупроғига етмаганлар ҳақи ҳурмати, ватан иштиёқида юраклари қон бўлганлар ва бўлаётганлар ҳақи ҳурмати, БИРЛАШИНГЛАР, БИЗЛАШИНГЛАР, БИЗ БЎЛИНГ! ВАТАНИМИЗДА ЎЗ МОЗОРИМИЗГА, БОЗОРИМИЗГА ЭГА БЎЛАЙЛИК. ҚАРИЯЛАРИМИЗ АРМОНДА КЕТМАСИНЛАР, ЁШЛАРИМИЗ ВАТАН ГАДОЛИК ГИРДОБИДАН ҚУТУЛСИНЛАР!»
Ушбу мурожаатнома эълон қилингач, камина Алибой домла билан интернет орқали боғланиб, айни масалада ўз фикрларимни билдиришга ва шу баҳонада бу борадаги муаммоларни очиқлаштириб олишга жазм этди.
Юсуф Расул (Ю.Р.): Домла, Сизни бу талаб ва истакларингиз Каримов кетгандан кейин амалга ошса керак деган фикрдаман. Каримов унгача мухолифатни қайтишига рози бўлмаса керак деб қўрқаман…
Алибой Йўляхшиев (А.Й.): Юсуфжон, ука, биз нуқул Каримов кетса, кетгандан кейин ва бошқа шунга ўхшаш сўзлар билан ўзимиз — ўзимизни овунтириб, балким алдаб келаяпмиз! Ваҳоланки Каримов нону насибаси дунёдан узилибми, ёки бошқа важлар ила ўз лавозимидан кетди ҳам дейлик. Лекин ундан кейин-чи? Бизлар нималарга қодирмиз ва нималар бизларнинг қўлимиздан келар экан, деган савол ҳамишагидек бугун ҳам ўринли деб биламан. Негаким бир ватандошмиз айтганидек, «ҳамма бало ўзимизда;бизнинг ҳар биримизда Каримовда бор иллатлар мавжуд ва ундан ҳам дахшатлироқ қусурлар чуқур илдиз отганлигидадир». Биз Ватан, халқ манфаатини ўзимизнинг МЕНимиздан, тарафкашлигимиздан устун қуя оламизми? МЕНЛАРИМИЗ БИЗЛАША ОЛАР-БИРЛАША ОЛАР ЭКАНМИ? Юсуфжон, биз авваломбор фитратимизни гўзал қилиб тиклашимиз керак. Агарда иллатларимиз — менимиздан, Ватан, халқ манфаатини устун қуя олсак, «Ватан, эзгу мақсад йўлида бошлар эгилса, унда БИЗ мағлубиятга эмас, ғалабага эрашажакмиз»! Демоқчиманки, муроса деганда»Кулларимиз кулларимизга бирлашишини», ҳамжиҳaтликни, бирлашишни назарда тутишимиз, шунга интилишимиз керак. Муроса — Мадора ва Мунофиқликнинг фарқига бора олишимиз керак.
Иллатларимизнинг илдизларини қуритишимиз ҳам қарз, ҳам суннат. Яъни ҳар биримиз ўз хатоларимизни, айбларимизни ҳеч бўлмаганда виждонимиз олдида тан олишимиз керак. Ватанимиздаги ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий аҳволнинг ижобий томонларини кўра билишимиз, тўғри баҳолашга қодир бўлишимиз лозим. Қарс бир қўлдан чиқмайди, дейди доно ҳалқимиз. Давлат арбоблари, мухолиф гуруҳлар, ҳар биримиз Ислом Каримовнинг ўлимини ёки бошига кулфат тушишини кутмасдан ўз кулфатларимиздан озод бўлиш йўлларни бирга излашимиз керак. Муроса этиш учун ирода ва интилиш, имконият, бизлашишимиз, ақл идрок, меҳр-мурувват зарур. Ким билан қачон муроса йўлларида учрашамиз, бу иккинчи бир ташкилий масала.
Ю.Р.: Жаҳонгир Муҳаммад фикрларига қарши «Умид»чи ёшлар (“Умид” жамғармаси кўмагида хорижда ўқиб, ўз ватанларида иш тополмагач, чэт элларда қолиб, ишлаб юрган бир гуруҳ ёшлар) ўз эътирозларини билдириб чиқишганди. Улар ҳам Ўзбекистонга қайтиб бориб, хорижда олган билимларини ватанда қўллашни орзу қилиб юришибди. Ватанга қайтиш амалларига мухолифатдаги демократик қарашдаги кишилар билан бирга хорижда юрган оддий мутахассислар, олдин келиб қолган пулдор кишилар қўшилса бирор мақсадга эришиш мумкиндир балки. Лекин ҳукумат буни истамаслиги аён. Ҳукуматга демократия билан суғорилган кишилар ёқмайди. Улар Ўзбекистонга қайтиб боришса, диктатурага қарши асосий кучга айланишлари мумкин …
А.Й.: Саволингизга жавоб ўрнида таъбир жоиз бўлса, 2008 йилда эълон қилинган бир мақоладан мисол келтирмоқчиман. Айбга буюрмагайсиз, муаллифнинг исм шарифларини ўзининг илтимосига биноан қайд этмадим. Уйлайманки қуйидаги жонсиз сатрларда жон ҳам, туз ҳам бор: «Муроса йўлларини қидириш керак, муроса йўлларига мустаҳкам замин туғдириш керак. Лекин ватанга бўлган муҳаббатни биз фақатгина қайтиш таклифи, йўли билан уйғота олмаймиз.
Муроса таклифининг энг асосий мақсади (вазифаси), ватанга истаган кишининг кириб чиқиш (қонуний) имкониятни амалга ошириш, ҳамда ушбу мақсад йўлидаги хизматдир. Шу билан бирга ҳижратдагилар орасида имконияти борига қадар муросани тарғиб қилиш (тушунтириш) деб биламан. Демак, авваломбор ҳукумат билан бўладиган муросадан олдин озми — кўпми ўзаро муросага келиш керак. Бунинг учун эса ҳеч бир ватандошимиздан воз кечиш ўринсиздир. Ҳаттоки ораларида ўринсиз ва ўринли зиддиятлар бўлишига қарамасдан, ҳар бир юртдошни муросага таклиф қилиш керак. Бу ўринда «мен бош эгсам иззат нафсимга зил кетар экан», деган мулоҳаза ўринсиздир. Ватан учун, эзгу мақсад йўлида эгилган бошлар мағлуб эмаслар, бу инсонлар ғолиблардир. Дарҳақиқат, тарих ҳар кимнинг ҳатти ҳаракатини ўзи баҳолайди. Келажак наслларимиз, яқинларимиз кимнинг кимлигини ўзлари билиб етадилар. Бугунги шароитда биз ҳиссиётлардан устун бўлишимиз керак. Биз авваломбор ўзимизнинг қусурларимиздан ғолиб келишимиз керак. Акс ҳолда, бир замон келиб тирсакларимизни тишламоқга интилиб қолишимиз мумкин. Аммо бу натижа бермайди, ҳаёт сабоқларидан ўрнак олишимиз керак.
Муроса ижроқўми ҳар турли фикрлардан ва ҳар турли кишилардан ташкил топиши керак. Ҳар бир ватандошимизнинг ҳаётий ва сиёсий тажрибаларини ҳисобга олиш ҳам қарз, ҳам фарздир. Оқсоқолларимизсиз ҳам бу ҳаракат илгари сурилмайди. «Қари билганини пари билмас,» деган халқимиз. Энг муҳими шундаким бизлар тарих, дунё чархпалагини ортга айлантира олмаслигимизни яққол англаб етишимиз керак. Демоқчиманки, ватанимиз тарихида жуда кўплаб юртдошларимизнинг тарихий ўринлари бор. Биз тарихий сабоқларни ўрганишимиз керак. Ҳатто салбий сабоқлардан ҳам ижобий натижаларга йўл, замин туғдириш лозим. Бу ҳақиқатдан юз ўгирмаслигимиз зарур.
Яна бир муҳим масала, ёш авлодга йўл берилиши керак, у ёмон, бу ёмон деб саралаш керак эмас. Ҳар бирининг ўз ўрни, ўз вазифаси бор, муҳтарам ватандошлар».
Ю.Р.: Ҳозирги шароитда ҳукумат билан келишиб, уларни шартига рози бўлган кишиларгина ватанга қўйилиши мумкин холос. АҚШдан қайтиб борган «Акромийлар» шундай йўл тутишганди. Ёки журналист Исмат Хушев … Жаҳонгир Муҳаммад ва Муҳаммад Солиҳларнинг амалга ошираётган ишлари ватанга қайтиш истакларини йўққа чиқаради. Улар Каримов кетгандан кейин ҳам Ўзбекистонга қайтиб боришолмаса керак деган фикрдаман. Яна ҳам бўлса, ҳамма нарсани билгувчи Оллоҳдир.
А.Й.: Ҳа, ҳақиқатан ҳам Оллоҳ билади. Майли, кўп кўрдик, кўпни кўрдик, буёғини ҳам кўраверамиз энди, насиб! Аммо қандай бўлмасин, муроса йўлини топиш керак. Узоқ йиллар уруш қилиб, орада миллионлаб инсонларини йўқотган халқлар, давлатлар ярашиш, сулҳ йўлларини топишади. Бизга нима бўлган? Орада ҳеч нарса йўқ. Ҳа, бир-иккита олди-қочди гапу сўзлар. Икки тарафда ҳам озгина инсоф пайдо бўлса, ҳамма нарса изга тушиб кетади, иншооллоҳ .
Ю.Р.: Илоҳим айтганингиз келсин Домла! Тожикистонда бўлган фуқаролик урушида 100 мингга яқин инсон нобуд бўлганди. Эмомали Раҳмонов мардлик қилиб қочиб кетган, қўли қонга ботган мухолифатини ватанга қайтариб олиб келди. Бизнинг мухолифатчилар бировнинг бурнини қонатмаган бўлса ҳам, И.Каримов уларни ватанга даъват қилишни ўйлаб ҳам кўрмаяпти.
Президент Каримов бир интервюсида «Қўли қонга ботмаган мухолифатчилар бўлса келсин» деганди. «Қўли қонга ботган» кимлар экан, деб сўрашганда «Бирликчи»лар дегани эсимда.
А.Й.: Юсуфжон, бу саволга жавоб бериш мен учун ноқулай, ҳаттоки ўринсиздир.Сабаб, оға- иниларимиз яшаб турган Тожикистондаги 5 йиллик қирғин баротдан мен эшитма қулоқ хабардорман. Аммо баҳоли қудрат ҳаракат қилиб кўрaман: Аввалом бор Худованди Карим ушбу қирғин баротда қурбон бўлганларнинг охиратларини обод, руҳларини шод қилсин. Омин, Аллоҳу Акбар.
Энди «Эмомали Раҳмонов мардлик қилиб қочиб кетган, қўли қонга ботган мухолифатини ватанга қайтариб олиб келди,» деганингизга келсак; менинг фикрим сиз билан ҳамоҳанг эмас, дейишга тўғри келади.
Тожикистондаги Муроса воқеаларига келсак, бизнинг Муросамиз унга ўхшаш бўлмаслигини дуо ила Оллоҳдан илтижо қиламан. «Қўли қонга ботган» Тожикистон мухолифатининг тақдири жуда аянчли ва даҳшатли десам хато бўлмайди. Айтмоқчиманки, Тожикистондаги буюк мунофиқликнинг бошланиши 1993 йил 29-дан 30-мартга ўтар кечасидаги хоинлик, хунрезлик, яъни Сангак Сафаров ва Файзали Саидовнинг махфий ўлдирилиши билан боғлиқ дея оламан. Натижада менга маълум бўлишига кўра, Тожикистонда Муроса ниқоби остида янада фожиали ва сирли, қонли жиноятлар содир бўлган. Кимларнинг, қўлларини, қаерда нақадар қонга ботирилганлиги фақатгина айрим давлатларнинг (?!) ҳарбий ва сиёсий истихборат ташкилотлари ва Эмомали Рахмонов жанобларига маълумлигига аминман. Иншооллоҳ, вақти соати келиб ҳамма сиру асрорлар ошкора бўлажак. Ана шундагина кимнинг кимлигини ва кимларнинг қўллари нақадар қонга ботганлигини, ким марду, ким номардлигини билсак ажаб эмас.
Ю.Р.: Сиз мухолифатчиларни ватанга қайтариш учун икки томонга ҳам маъқул келадиган қандай муроса йўлини таклиф қилган бўлардингиз? Олдин ёзилган даъватнома негадир эътиборсиз қолиб кетди …
А.Й.: Йўқ, аслида ундай эмас, “эътиборсиз қолиб кетди …” дейишни ўринли деб бўлмайди, Юсуфжон. Ўша бизнинг таклифимиз бир буюк туртки бўлди, ҳатто бўлмоқда ва бўндан кейин ҳам бўлажак! «Мақсадларимиз муроса таклифлари, мурожаатларимиз ила келажак авлод учун ватан йўлларини сақлаш,»эди дейишга ҳақлимиз. Биз афсусланишдан узоқмиз, баҳоли қудрат ўз мақсадларимизга эришдик, режаларимизни амалга оширдик ва ошираяпмиз. Биз ғояга муаллиф эмасмиз, биз дарғалик вазифамизни ўтадик холос.Ўз мақсадларимизга эришдик десак ҳам бўлади. Масалан, ўша ватанга қайтиш, муроса мавзусининг бугунги кўтарилиши ҳам сўзларимиз(фикримиз)нинг исботидир. Унутмайликки, дарғанинг ҳаракати айрим «қарғаларнинг» қилвирлигидан мураккаброқдир. Дарғаларнинг кўрсатган йўлларидан бориш-келиш ҳамиша хатарсиз ва осон. Аммо вақтлар оша дарғаларнинг номлари кўпчилик йўловчилар хотирасидан учиб кетади. Бахтимизга Оллоҳ шоҳид ва ҳамманинг хотираси бирдек қисқа эмас.
Ю.Р.: Мухолифатни ватанга қайтариш бўйича мурожаатлар ёзилган. Лекин шу пайтгача хориждаги, масалан АҚШ ёки Европадаги Ўзбекистон элчихоналари вакиллари билан бу масалада учрашиб суҳбатлашилганини эслай олмайман. Натижада мурожаатлар шунчаки чақириқ бўлиб қоғозда қолиб кетгандек мени назаримда…
А.Й.: Юсуфжон,ука, нега энди “сиз эслашингиз керак” ва сизга ҳамма фаолият маълум бўлиши керакми? Биласиз, одатда ҳамма фаолият ҳақида ҳам интернетда ёки мабуотда жар солинаверилмайди. Бу савол керакли маълумотга эга бўлмаганлигингиздан пайдо бўлди, шекилли. Аммо саволингизга юқорида қисман жавоб бердим. Элимизда, “Aйлана қарс, товони тарс этиб,” деганларидек, такрорлашлар кўп бўлавермаслиги учун айтилганлар билан чекланаман.Узр ука, айбга буюрмайсиз.
Ю.Р.: Бу мурожаат халқаро ташкилотлар томонидан қандай қабул қилинганди ўшанда? Улар томонидан бирор жавоб олиндими?
А.Й.: Ҳа, балки сиз ҳам эсларсиз, бир қулбола жавоб «Ўзбекистон Ташқи Ишлар Вазирлиги» номидан интернет саҳифаларида чоп этилган эди. Аммо бу қилвирлик корчалонларининг найранглари эканлигини биз билар эдик. Ҳатто ўша найрангнинг ким тарафидан, қачон, қандай мақсадда ташкил этганлигини ҳам биз билиб олгандик ва керакли чора тадбирларни ҳам кўрган эдик.
Бошқа расмий жавоблар Муроса Ижроқумининг протокол бўлимига келган ва ҳозир архив шаклида сақланмоқда.
Иймоним комилки, асосий мағлубиятимизнинг сабаблари айримларнинг Иймон ва Андишасининг оҳори тўкилганлиги бўлди!! «Муҳожиратдагиларнинг бир қисми ватан келажагини эмас, таъминотни, тамоқни, ўз қоринларининг ташвишларидагина ҳаракат этганлигида» эканликлари ҳам ўша сабаблардан эди. Яна бошқа сабаблардан бири эса, ватандошларимизнинг кўпчилиги ўзларини ислоҳ эта олмаганлигида бўлганди. Айрим юртдошларимиз айни муддаони тамомила кўра олмадилар.»Айримлари бу таклифни мен биринчи қилган эдим, ташаббус, фикр меники эди-ю лекин сенлар мендан олдин ёзиб қўйдингларда, дея орқаворатдан ўпка — гина ҳам қилдилар. Айримлари «қани нима қила олар экансанлар менсиз,» деб ҳам пайт пойлаб ўтирдилар десам хато бўлмайди».
Шу ўринда бир ватандошимизнинг қалб сўзларини яна эслатмоқчиман: «Ўзбекистон бизсиз яшай олиши мумкин, биз Ўзбекистонсиз яшай олмаймиз!» «Кимларнингдир тарафкашлик ва қайсарлик ва ҳасад иллатига мубтало бўлиб, ўринсиз кин сақлаб келаётганлигига ачинаман. Кимлардир гўёки мен уларнинг сариқ чақага арзимайдиган “амал – обрўсига” шерик бўлаётгандек нуқул тош отиш билан оворалигидан ғазабим ошади-ю, тавба дейман. Ўз қусурларини миллий ва умуминсоний қадриятларимиздан устун кўриб бузғунчиликни давом эттирганлигидан афсусланаман.»
Мен ҳам афсусланаман, тавба дейман, ҳаммамизнинг ИЙМОНИМИЗНИНГ, АНДИШАМИЗНИНГ ОҲОРИ ТЎКИЛМАСЛИГИНИ ТИЛАБ ДУОЛАРДА БЎЛА МАН!
Ю.Р: Айни пайтда хорижда яшаётган мухолифатчиларнинг кўпчилиги ўзлари яшаб турган мамлакатларда доимий яшаш ҳуқуқига эга. Кўплари фуқаролик ҳам олишган. Мухолифатчиларни ёки қайтиш истагида бўлган кишиларнинг ижтимоий мавқеълари бундан кейин Ўзбекистонга махсус рухсатнома (виза) билан боришларини тақозо қилиши мумкин. Айни ҳолатда муҳожирларга икки фуқаролик бериш масаласи ўртага чиқади. Бу борада қандай фикрдасиз?
А.Й.: Бу масалалар ҳукумат билан учрашувларда бирма — бир қараб чиқилади. Масала фақат Ўзбекистоннинг икки фуқароликка розилигида ҳам эмас. Чунки Ўзбекистон 1991-дан кейин чиқиб кетганларга визаларни бекор қилиши мумкин. Бироқ масаланинг бошқа тарафи бор; айрим мамлакатларда икки фуқаролик йўқ ва ҳ.к. Шунинг учун қайтариб айтаманки, бу муаммолар учрашувлар ва мунозара, муҳoкaмаларда ҳал этилади. Ана шу ерда халқаро ташкилотларнинг аралашиши шарт бўлади.
Ю.Р: Олдин ҳам икки марта ҳукумат ва мухолифат вакиллари халқаро ташкилотлар иштирокчида АҚШда учрашувлар ўтказишган, лекин улар натижасиз тугаган эди. Демак ўша пайтда ҳукуматда мухолифатни ватанга қайтариш истаги бўлган. Йиллар ўтиб ҳукуматдаги бу истак сўниб бўлдими? Ўзбек мухолифати лидерлари табиатидан келиб чиқадиган бўлсак, ҳукумат билан муросага келиш ҳаракатлари бу гал ҳам ҳеч қандай натижасиз тугаши мумкинку!
А.Й.: Узоқда қолган учрашувларнинг биринчисида мен ҳам қатнашганман. Ўшанда учрашувнинг самарасиз бўлишида тўласинча мухолифатга лидер бўлишмишлар айбдордирлар. Ҳатто фақат асосан биттаси деса ҳам бўлади. Иккинчиси эса, бошидан ҳукумат истамаган бир учрашув эди, менимча. Шуниси ҳам борки, бир тарафдан Ўзбекистонга қайтсак, ким мухолифатнинг лидери бўлади деган масалада ўша икки шахс ҳеч замон бир хулосага кела олганлари йўқ. Бошқа тарафдан ҳукумат ҳам уларнинг муроса қилишлари ва бизнинг Ватанга қайтишимизни ҳақиқатан ҳам истаган эмас. Масала мана шундадир. Бугунга келсак, дунё, жумладан Ўзбекистон ҳукумати ҳам ўша бундан 10-15 йил орқадаги муҳит ва вазиятда эмас. Ўзгаришлар жуда очиқ кўриниб турибди. 2015 йилда Ўзбекистон президентлигига ўтказиладиган сайловлардан сўнгра вазият янада ўзгаради. Ўша вақтда мухолифатнинг Ватанга қайтиши ҳатто заруриатга айланиши ҳам мумкин.
Ю.Р.: Сиз миллий муроса гуруҳига мухолифат лидерларидан кимларни таклиф этиш лозим деб ҳисоблайсиз? Кимларни бу гуруҳга киритмаслик керак ва нима учун?
А.Й.: Юсуфбек, сизнинг бу саволингизга исмлар атаб жавоб қилсам, иззат нафисга тегиб қўйишим мумкин, мени афв этaсиз ва бу саволингизга тўла жваоб қайтармайман. Бироқ шуни ҳам таъкидлашни истайман, муроса гуруҳи лидер аталмишларнинг янги бир курсига айланмаслиги шарт. Аксинча улардан бошқалар бу гуруҳда фаол бўлишилари лозим. Ана шунга ҳаракат қилишимиз керак. Энг аҳамиятлиси, бирон кишига «бу гуруҳга сиз лойиқсиз, сиз эса йўқ» дейиш мен учун одобсизлик бўлади деб биламан. Масалани биз ўртага қўйганмиз ва яна қўяверамиз, жасоратли, ватанпарвар, оқибатли инсонлар истаса ўзлари келиб қўшилаверадилар.
Ю.Р: Туркманистон мисоли мухолифатга яхши сабоқ бўлиши керак эмасми? Ниёзов вафот этгач Европа Иттифоқи туркман мухолифатини тўплаб, алоҳида самолёт буюртма бериб уларни ватанга қайтишларига кўмак бермоқчи бўлганди. Туркманистон ҳукумати эса, бу самолётни мамлакат ҳудудидига киритмаслигини эълон қилди. Шундан сўнг туркман мухолифатчиларининг мамлакатга қайтиш умидлари умуман йўқолди. Келажакда ўзбек мухолифатчилари бошига ҳам шу кун тушмаслиги учун ҳеч бўлмаса ҳукумат билан мулоқот қилишга тайёр маълум бир гуруҳни ватанга қайтиб бориши ҳақида ўйлаш менимча ҳозирги шароитда энг тўғри йўл бўлса керак …
А.Й.: Туркманистон мухолифати Ўзбекистон мухолифат вакилларидан сезиларли фарқ қилади.Туркманистонликлар(яъни Туркманистон мухолифати), раҳматлик С.Ниёзовнинг ишонган сафдошлари, ҳамтовоқлари эдилар, десам хато бўлмайди.Деярли ҳаммаси ҳалқ манфатидан кўпроқ, ўз манфаати йўлида овора, ихтиёрий қочқинлардир. Шунинг учун бу саволга жавобим шу айтилганлардан иборат бўлади.
Саволингизнинг иккинчи қисмига келсак, мен ва менинг фикримга қўшиладиганлар ана ўша 2008 йилдаёқ бу масала устида бош қотиргандилар. Менимча, ҳукуматни тортиб олиш ҳақида ўйлаш ёки «Араб баҳори»га ўхшаш вазиятларни кутиш калтафаҳмликдир. Менинг ҳаётимда ҳамиша муроса кун тартибида турган. Аммо ҳамиша ҳам бу масалада ҳамфикрлар кўп бўлмаган. 1994 йилда «Озодлик» радиосининг ўзбек шубаси эшиттиришларида эфирга узатилган менинг “Ўзбекистон нимага суянади» номли чиқишларимда, «Шунинг учун Ўзбекистонда бугун оз бўлса ҳам, агар зиёлилар қолган бўлсалар, улар зудлик билан кўзларини дурустроқ очиб, Ўзбекистонни чинакам мустақил мамлакатга айлантирадиган асосий ва энг муҳим куч ўзлари эканлигини тушунмоқлари жуда зарур. Улар ўз ақл-заковатини, билимини Ватан мустақиллиги учун ва оқилона демократик ўзгаришлар учун ишлатишини буюк ватанпарварлик, деб билишлари шарт. Бунда ҳатто Ўзбекистонда мавжуд ҳокимият ходимлари ҳам мустасно эмас, албатта» каби жумлалар қўллаган эдим. Ўша замонларда ҳам мен, Ўзбекистон ҳукумати ва биз (ҳукуматга мухолифат аталмишлар)ни алоҳида гуруҳлар шаклида қарамагандим. Ҳақиқати ҳам шундайдир. Биз барчамиз Ўзбекистондек буюк заминнинг фаразандларимиз. Бизнинг орамизда фикрлар фарқ қилиши мумкин, аммо биз бир-биримизга душман эмасмиз. Чунки бир ватаннинг фарзандлари бир-бирига душман бўлиши мутлақо мумкин эмас, душман бўла олмайдилар.
Ю.Р: Ўзларини Ислом йўлида ҳисоблашадиган баъзи мухолифатчилар ҳозирдан ўзларига президент ва турли вазирликларга раҳбарлар сайлаб олишаётганлари кўпчилик каби мени ҳам кулгумни келтиради. Улар тиш — тирноқлари билан Каримовни ҳокимиятдан кетишини исташади. Хўш, Каримов кетгандан кейин Ўзбекистондаги сиёсий вазият юмшайдими? Умуман ўша Ислом «қўриқчилари»нинг ватанга қайтиб боришлари ва халқ қўлловига эга бўлишларига ишонч борми? Бу борада улар ўйлаб ҳам кўраётганлари йўқ, менимча. Шундай бир аҳволда мухолифатнинг ҳамма қанотини, диний ва демократларини бир платформада уюшиштиришга уриниш ва уларни ватанга қайтишга тарғиб қилиш ҳеч қандай натижани бермаслиги кундай равшан. Уларсиз бир иш қилсангиз сизни МХХга сотилганликда айблай бошлашади. Олдин сиз ташкил қилган муроса гуруҳи қўлловга эга бўлмагани сабаби ҳам шунда эмасмикан? Бу гал ҳам ўша ҳолат такрорланмаслигига ишончингиз борми?
А.Й.: Юсуфжон, яна бир доно ҳикмат «Сен менга кулмагин, сенингда устингдан кулгувчилар бор». Кулманг, тавба денг, замоннинг зайли бу, ука, айримларнинг «донолиги» баъзан телбаликдан ҳам даҳшатлироқдир. Шу ўринда бир ватандошимиз, шоир Алишер Алиқуловнинг қуйидаги мисраларни мисол келтирмоқчиман:
Ўзи билан яшади ўзи,
Ҳайрон боқар эди халойиқ.
Бир-бир қўйиб кўрди ўзини
Кўп буюклар ўрнига лойиқ.
Юз ўгирди ундан андиша,
Юролмасди бу саёқ билан.
Тақдир уни сийлади кейин
Тўйганича пуч ёнғоқ билан.
Ўша-ўша кўзи олдидан
Ҳеч кетмайди ғурур пардаси.
Ачиниброқ айтди баъзилар:
«Бу ҳам худонинг бир бандаси».
Ҳақиқат-ку алдамайди ҳеч
Сўнг қарғаймиз аччиқ зулмини.
Тақлид учун бағишлаб қўйди,
Ёшлигини, ярим умрини.
Паналардан пичир-пичирлар,
Гоҳ ошкора, гоҳ пинҳон хоминг.
Бир амаллаб сен ўтгандан сўнг
Тошбўронсиз яшолсин номинг.
Алишер Алиқулов, 26.09.2007
Бизнинг одамларнинг кўпчилигидан ҳар қандай ғайрий табий ҳолатларни кутиш мумкин. Аммо ўтган сафарги уринишимизда тўсиқ бўлганлар диний гуруҳлар эмас эди. Биз бошлаган ижобий ишга тўсиқ бўлганлар эса, ўзларини демократ атаганлар эди.
Бугун Ватандан ташқарида ўзларини асли мусулмон деб иддао, даъво килаётганларни жуда иттифоқ дейишга менда асос йўқ.Уларнинг кўпчилиги, Оллоҳ мени ислоҳ этсин, йўлдан адашганлар десам хато бўлмас. Бу тоифадагилар қалбаки, хўжа кўрсинга Ислом динини ниқоб қилиб олиб бошқа мақсадларни тарғибот қилaётганларни, Ўзбекистонда оддий кишилар, мусулмонлар ҳам қабул қилишига ишона олмайман. Уларнинг ижтимоий-сиёсий ғоялари, мақсадлари Исломнинг асл моҳиятидан йироқдир ва диндан бузғунчилик мақсадларида фойдаланиш деб биламан.
Муроса, мулоқот масаласида Ўзбекистон ҳукумати бирла, халқоро ташкилотлар воситачилигида оқилона ҳаракат бошланган тақдирда, диний масалаларда ҳам жиддий, маслаҳатли ишларни амалга оширамиз, деган умидимиз бор.Умид қиламизки, Ўзбекистон ҳукуматининг салмоқли ва чуқур ўйлаб, ишлаб чиқилган диний, сиёсий йўналиши бўлади.
Биз мамлакатга бир-бирлари билан муроса қила олмайдиган гуруҳлар бўлиб қайтишга ҳақимиз йўқ. Ўзбекистон халқи, Ватанимиз биздан алоҳида — алоҳида диний гуруҳлар, демократ аталмиш гуруҳлар ёки яна қанақадир тоифалар бўлиб қайтишимизни кутаётганлари йўқ. Халқимизнинг эзгу ниятлари — тинчлик, осойишталик, фаровон ҳаётдир, орзу — умидлари эса ватанимизнинг тараққиёти,бахту соадатидир. Ҳеч кимнинг, халқимизнинг эзгу ниятларига таҳдид солишга ҳаққи йўқ.
Мухожириликдан Ватанга қайтганлар ҳам халқимизнинг тинчлиги, фаровон хаёти йўлида белни боғлаб хизмат қилишга тайёр бўлишлари керак. Акс ҳолда Ватанга қайтишдан воз кечиш маъқул деб ўйлайман.
Шунинг билан бирга Ватанимизда фаолият кўрсатар ва кўрсатишни ният қилар эканмиз, ҳукуматга душман кўзи билан қарашга ҳақли эмасмиз. Ҳукумат ҳам бизга душман деб қарамаслиги зарур. Бир — биримизни душман ҳисобламасакгина муросага эриша оламиз ва Ватанимиз, халқимиз келажаги учун баракали, унумли ишлар бажара оламиз, иншооллоҳ. Унутмаслигимиз керакки, Ўзбекистон шароитида ғарбнинг демократия аталмиш мунофиқлигини тўла жорий этишга ҳаракат қилмоқ — бу хунрезликни қўллашдир. Альфред Нобелнинг демократия — ярaмаслар диктатураси деган сўзларини унутмаслигимиз лозим. Биз Афғонистон, Ироқ, Ливия, Сурияда юз берган мудҳиш хунрезликлардан сабоқ олишимиз керак. Мен, оқилона, халқпарвар демократия тарaфдориман, аммо тартиб интизомсиз, хунрез, одамкуш, мунофиқлар демократиясига қаршиман!
Саволингизнинг иккинчи қисмига келсак, ўйланиб қоласан киши, одамларга нима бўлаяпти, нега ғаразсиз билдирилган фикрлар тарафкашлик тупроғига қориштирилади ва иғво ахлатига булғаниб расво этилади? Ахир бир кун келиб бу қилвирлик корчалонлари ўзларининг ҳам ахлатхоналарда ўрни бўлишидан хайиқмайдиларми? Ёки бу чиқишлар, ҳаммаси кимларнингдир шахс моҳиятини, сиёсий тижоратини ҳимоя этиш учунми? Балким кимлардир ўз манфаатлари йўлида ҳаракат қилаётгандирлар? Балким биз кимларнингдир «ризқига» таҳдид солаётгандирмиз? Балким Ватанга қайтишга кўпларимизнинг қурбимиз, матонатимиз етмайдими? Ёким шу зайлда «чиллик ўйнаб» юраверадиларми мухожиратда, «тандиримдаги олов мухолифат аъзоси бўлганим учун ёнган эди деб»? Нахотки уят ўлимдан қаттиқ эмас? Нахотки шу қадар Иймонимизнинг, Андишамизнинг оҳорлари тўкилиб бўлди, одамийликга, қадриятимизга тузалмас дарз кетди??
Мени тўғри тушунинг биродарлар, масалан мен, сиёсатда обрўдан кўра, кўпроқ маломат ортирдим, моғоллардан бошим чиқмади, кўпчилигингиз қатори ватандан жудоман. Аммо, ўлимдан қўрққанимдан ватанга қайтиш тарддусига тушиб қолганим йўқ. Мен ватанимизни, она диёримизни нонга зор бўлганимдан севган эмасман ва нонга зор бўлганимдан уни тарк этмагандим. Ёки мен Ватанга қайтсам, менга тожу — тахт ато этилади, деб менинг йўлимни пойлаб ўтирганлар ҳам йўқ. Мақтанаяпти демайсилар, менда Ватанга бўлган меҳру муҳаббат, садоқат ота — боболаримдан, она-момоларимдан қутлуғ мерос бўлиб, йиллар оша оҳори тўкилмасдан, иймонимга қўшилиб мутлақ, ёдгорликка айланган.
Иншоoллоҳ, менинг ортимдан келаётган фарзандларим ва қовм- қондошларимга ҳам Иймоним, Андишам оҳорига дарз келтирмасдан ўша муҳаббатни васият қилиб қолдиргайман.
Азизларим, ватандошларим, Ўзбекистонга, Ватанга қайтиш, мендан ҳам кўпрок сизлар учун муҳимроқдир, деб биламан. Шуни ҳам унутмайликки -«Ўзбекистон бизсиз яшай олиши мумкин, биз Ўзбекистонсиз яшай олмаймиз»!
(aliyulyashi@hotmail.com) 18/04/13″
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ
Исмат ака, бу суҳбат қайта ишланиб, таҳрир қилиниб, http://www.uzmavzu.com саҳифасида эълон қилинган. Мен муаллиф сифатида ўша вариантини сайтга қўйишингизни илтимос қиламан.
Ҳурмат билан ЮР
Ассалому алайкум, аввалги чиқишларингизни уқиб хурсанд булган эдим.Энди тушунмай қолаяпмиз!Таклифингиздан хулоса қилаяпмиз:»Ўрни келганида айтайин, менда бир таклиф ҳам бор. Сиз, саҳифангизда “Насиҳат ва ибратли сўзлар” номли бир бўлим очинг.Унда ҳар икки ҳафтада бир марта материал қўйилиб турилишида мен ёрдамчи бўлишим мумкин.»Сиз Ўзбекистонга қайтишдан купроқ узингизни кун тартибида булиш билан овворага ухшаяпсиз!!Яна бир изоҳ, суҳбатингизнинг 90 фоизи бошқа одамнинг фикри, сузларидан ташкил топган. Нега муалифнинг номини курсатмадингиз? Андишанинг оҳоринику тукибсиз, лекин отини ҳам, эшак қуйбсизда домла?! Домла сизнинг бу қилаетган ишларингизни халқимиз «мулойим писмиқлик» дейди,узр!
Юсуф Расулнинг саҳифасидаги суҳбат ва сизнинг саҳифангиздаги суҳбат,ушбу саҳифадаги суҳбат бири-биридан фарқ қилади!?Бошка бир «бир ватандошимизнинг қалб сўзларини яна эслатибсизу», лекин Юсуф Расулнинг муалифлигини ҳам силлиққина айланиб утиб кўрстамагансиз! Сизга тушунмай қолаяпмиз, ҳурматли домла?Бу суҳбат ва суҳбатдаги фикрлар сизнинг қилаетган ҳаракатларингизга тамомила зид! Бизларни жуда таажубга солдингиз уртоқ Йуляшиев!!
Hurmatli Aliboy aka ! Siz mana endi ozingizga yarashgan ,va kop hamurtlarimizga savobi tegadigan , katta hayirli ishga kol urdingiz . Muborak bolsin . Albatta bu harakatingizdan yahshi natijalar boladi degan umidlar va duolardamiz . Hayajon bilanmi , bilmadim , bazi erlarda ogirrok fikr bildirgan erlaringiz bor — bularga hozircha tohtalmaymiz . Omadingizni bersin . InshaAlloh ozingiz bilan uchrashganda bularni gaplashib olarmiz . Avvalgi makolangizni kolladik buni ham …