Гулнора Равшан: Яна баҳор келди, Сиз келмадингиз…
Баланд бўйли, оқ юзли, кулиб турувчи, меҳрибон боқувчи кўзлар, пайваста қошлару, хайр саховатли, меҳнатдан қаварган қадоқ қўллар, бир сўзлаб ўн кулувчи, Аллоҳни севиб оятлар тиловат этувчи, ўғил кўрмадим, деб армон қилган, бироқ тўққиз қизининг алиф қоматига қараб шукрона айтган, кишиларнинг ғамига шерик бўлиб, шодлигида астойдил қувонган тўққиз неваранинг суюкли момаси ОНАЖОНИМ!
АЙРИЛИҚ, 1993 йил баҳорининг шум хабари.
16 апрел. Сиз туғилган кун…
Ҳар йил фарзандларингиз, набираларингиз дастурхон атрофида тўпланишиб, бир олам қувонч билан мавлудингизни нишонлайдиган тўйхона ҳовлимиз бугун — 16 апрел куни мотамсаро эди.
Оқ рўмол ёпинган аёллар тўпидан ҳар қачонгидек Сизни излайман, тополмайман.
Сўнг қўлларимдан тутган холаларим ичкарига, Сизнинг тобутингиз сари етаклашади. Жонсиз танингиз узра чўзилган матоҳни очиб юзингизни кўрсатишади….. назаримда бу дунё бир зум гардишдан тўхтади, атрофдаги ҳамма жонзот бир дам тош қотди гўё. Бўғзимдан аламли бир ҳайқириқ отилиб чиқди… йўқ бу ёғини ёзолмайман, ёзишга ўзимда мажол,қаламимда журъат тополмайман.
“Юрса ер озор чекмайдиган бу аёлни ким ва нима учун ўлдирди!?, деганлар, кўнгил кўтарувчилар кўп бўлди. Тўққиз қизнинг ноласидан осмон ҳам йиғлади. Бардошлари метин ҳарсанг тошлар тарс-тарс ёрилди гўё. Ўша куни тунгача ёмғир тинмади. Тўсатдан келган балодан шошиб қолган кишидек бир четда қўл қовуштириб юм-юм йиғлади отам, ўксиб-ўксиб, елкаси силкиниб-силкиниб.
Тобутингизни кўтарган қишлоқ аҳли жуда тез уйимиздан узоқлашдилар.
Оғир қадамлар зарбидан ер чайқалиб турди назаримда…
Билмайман, негадир мени “ўғлим” дер эдингиз. Опа-сингилларига таянчиқ, дер эдингиз. Шу фожиадан икки кун илгари “сен сингилларингга бош бўл, ўзинг ўқит”, деган эдингиз. Нега, нега бизни тарк этишингизни сеза туриб айтмадингиз?
Мана 20 йил ҳам йигирма кундек ўтиб кетди. Қаерга бормай Сизнинг чеҳрангизни, изингизни ахтардим, тополмадим. Фақат икки мактуб, студентлик чоғимда ўз қўлларингиз билан ёзган икки дона хат қолди холос. Сизни қаттиқ соғинганимда, бу тор дунё кўзларимга яна ҳам торроқ кўринганида уларни такрор-такрор ўқийман.
Тириклар учун яна БАҲОР келди. Ўз ҳаётлари давомида хайрли иш, ўз оиласи ва эл-юрт ободончилиги учун инсоний вазифаларни адо этмоқлари учун янги кун бошланди.
Ҳар йил баҳор келиши билан қир бағрида жойлашган қабристонга бориб, руҳингизга фотиҳа ўқирдим. Қабрингизнинг ён-атрофини тозалаб, Сиз билан суҳбатлашиб қайтардим. Ўша кеча албатта кулимсираган ҳолда тушимга кирар эдингиз.
Бу оқшом Сизни тушимда мунгли кўрдим. Айнан фаолияти боис юртидан бадарға бўлган юзлаб муҳожирлар қаторида мен ҳам бу йилги баҳорда, волидам қабринни зиёрат қила олмадим, бу не кўргулик!?.
Зиёратингиз насиб қилмаса ҳам олислардан туриб руҳингизга фотиҳа ўқидим. Зим-зиё хонамда Сиз билан хаёлан суҳбаташдим. Йиригма тўрт йил аввал ёзилган мактубларингизни қайта-қайта ўқидим…
…Тун юзидан аста-секин чимматини олди, тонг ёришди. Бугун яна янги кун бошланди. Деразамдан ташқарига, яшил Бурсо манзарасига боқаман, ғуж-ғуж гуллаган сирен дарахтига боқаркан, ҳар баҳорда ҳовлимиздаги бир туп сирен гуллашини сабрсизлик билан кутишингиз ёдимга тушди. Баҳор келди, борлик гулга бурканда,аммо Сиз келмадингиз.
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ
Biz Volidai mehribonimizni kabrini ham ziyorat kilolmay yashayapmiz . Kancha dost va tanish bilish yakinlarimiz otib ketdilar . Duo va buyuk sabrlar ila yashamokdamiz . Yana kancha hamurtlarimiz bunday hollarda , Alloh biladi .