Улуғ ёзувчи Одил Ёқубов умр йўлдоши Марям ая хотираларидан (24-25)
Зилзила
1966 йил баҳори. Ҳамма ободонлаштириш ишлари билан машғул. Биз ҳам кўчага мева дарахтларини ўтқаздик. Аммо шу куннинг эртасига эрталаб кўчага чиқиб қарасак, кўчатларни кечаси ўғирлаб кетишган экан. Бу ҳол бир неча марта такрорланса ҳам биз қайта-қайта экавердик. Охири кўчат ўғрилари қилган ишларидан уялишдими ёки энди уларга кўчатлар керак бўлмай қолдими, ҳар тугул охирги кўчатларимиз томир отиб, барг ёза бошлади. Апрель ойининг охирларида эса ҳамма хонадонларнинг соҳиблари уйларини, кўча деворларни оқлаб, байрамга тайёргарлик кўра бошлашди.
26 апрель тонги. Ҳали ширин уйқуда эканмиз, бирдан яқин орада бир нарса портлагандай бўлди. Ўғлим Малик ётган караватни қучоқлаб ўрнимдан базўр турдим. Хаёлимда бутун дунё остин-устин бўлгандек туюлди. Қайта жойимга ўтириб қолдим. Ер тинмай силкинарди. Девор ўпирилиб, сувоқларнинг тўкилиши кишини янада ваҳимага соларди. Аллақачон уйғониб кетган болаларни олиб, кўчага чиқдим.
Кўча тўла одам. Ҳамма ёқ қий-чув. Болаларимни қучоқлаб олганман, юрагимда ваҳима, аксига ёнимда Одил ака ҳам йўқ. Шунда ёлғиз аёлга қанчалик қийин бўлишини илк бор ҳис қилганман. Яхшиямки, бахтимга суянган тоғим бор, дея шукрона келтирганман. Одил акасиз яшай олмаслигимни тушуниб етганман.
Ўша куни Одил ака қайсидир москвалик ёзувчига ҳамроҳ бўлиб Самарқандга кетган эдилар. Улар ҳам Тошкентдаги ваҳимали воқеадан хабар топишиб, кечгача етиб келишди.
Ер силкиниши ҳамон такрорланиб турипти. Лекин тонгдаги қўрқувларимдан асар йўқ. Чунки болаларнинг ёнида отаси бор. Аёлнинг бахти унинг ёнида суянган тоғи бўлишида эканлигига иймон келтирдим. Мен йўлдан ҳориб келган меҳмон билан Одил ака учун овқат тайёрлашга киришиб кетдим. Кечқурун Тошкентда ўқиётган фарзандларидан хавотир олган жуда кўп қариндошларимиз етиб келишди. Уй, айвон, ҳовли – ҳамма ёққа шолчами, кўрпачами ёзишиб, тун бўйи ёнбошлаб чиқишди. Ҳовлимиз гўё «қочоқлар лагери»га айланган эди. Хавотир-ҳадик аралаш тонг оттирдик. Қаттиқ силкинишлар ҳар 15–20 дақиқада такрорланади. Биз уйга киришга қўрқиб, ҳовлида ётамиз. Зилзила юрагимизни олиб қўйганидан бу ҳолат кеч кузгача давом этди.
Май ойи серёғин бўлиб, ёз иссиқ келди. Ўша йили Амударё охирги марта ўзанидан тошган. Бу воқеа Одил аканинг укалари Холдор ака (сув муаммолари мутахассиси) ўша жойда хизмат сафарида бўлгани учун яхши эсда қолган.
Ёзувчилар уюшмасида зилзиладан зарар кўрганлар учун ёрдам комиссияси тузилган бўлса керак, бир куни ҳовлида шоир Акмал Пўлат бошлиқ уч-тўртта одам пайдо бўлди. Ҳар бир хонага кириб, ҳовли атрофини айланиб чиқишди. Бизнинг бу ётиб-туришимиз қониқарли, деб топилди шекилли, зилзиладан зарар кўрмаган ва «ёрдамга муҳтож бўлмаганлар»нинг рўйхатига тушдик.
Музқаймоқ
Ота-она фарзандларини бир хил суюб, бир хил тергаб турса ҳам, улар улғайган сайин ўзига хос феъл-атворларини намоён этиб боришаркан. Бошқа фарзандларимиздан фарқли ўлароқ, ўғлимиз Искандар болалигидан адабиётга, ижод оламига яқинроқ эди. У кўпинча отасининг ёнларида куймаланиб юришни ёқтирарди.
1973 йил. Искандар ўн уч яшар бола. Ҳамма болаларга ўхшаб отасидан «баракалла», «молодец» каби мақтовларни эшитишга муштоқ бўлиб юрган кезлари. Отаси уни чақириб:
– Ғафур Ғулом нашриётига бориб кел! Романим чиқибди. Бир нусха бериб юборишади. Шуни олиб келгин! – дедилар.
Ўша кезларда Одил ака шу нашриётда ишлар ва бу даврни дўстларига «олтин даврим» дегувчи эдилар. Чамаси, салмоқли романларининг ёзилиши ана шу даврга тўғри келган. Нашриёт Навоий шоҳ кўчасидаги 30-сонли машҳур бинонинг тўртинчи қаватида жойлашган бўлиб, Искандар у ерга авваллари ҳам борар, отасининг қўлёзмаларини машинисткаларга элтарди.
Новомосковское кўчаси, ҳозирги Дархон маҳалласи марказида шўро империясининг амалдорларидан бири – Куйбишев номи билан аталган майдон бўлган. (Бу майдон ҳозир ҳам бор.). Шу майдонга Тошкент экскаватор заводи яқин бўлиб, ундан Эски Жўвадаги собиқ Калинин майдонига 4-троллейбус қатнайди. У Навоий кўчаси бўйлаб тўғри бино олдига бориб тўхтар ва худди шу йўл билан орқага қайтиб келинарди.
(Ўрни келганда бир гапни айтишим жоиз: ҳозирги кунда Тошкентнинг эски гузарлари, маҳалла ва даҳаларининг қадимий номлари қайтарилмоқда. Бу, хайрли иш. Энди ана шу гузар ва маҳаллаларнинг тарихини ёритувчи китоблар ёзилса, айни муддао бўлар эди.)
Нашриётда Одил аканинг ёзувини яхши тушунадиган Саломатхон Азимова, Зарифахон, Олия опа, Собирахон, Муҳтарама, Фаридахон деган машинисткалар ишлашар эди. Улардан қайтиб келган асарларда йўл қўйилган имло хатоларини қалам билан тўғрилаб чиқиш менинг вазифамга кирарди. Искандар эса қўлёзма солинган папкаларни яна машинисткаларга элтиб берарди. У ҳар сафар қўлёзмаларни машинисткаларга ташлаб ёки олиб қайтганида, отаси: «балли», деб уни бир-иккита музқаймоққа етадиган пул билан сийлардилар. У эса музқаймоқни қўшни болалар билан баҳам кўриш учун кўчага отиларди. Баъзан қўшни болаларининг унга:
– Дадангни қўлёзмасини олиб бордингми? Бугун музқаймоқ еймизми? – деб ҳазиллашганлари қулоғимга чалиниб қоларди.
Болалигидан зиммасига тушмаганми, Искандар отасининг сўнгги кунларигача ёзган асарларини машинисткаларга етказиб турди. Уларнинг айримлари ҳали ҳам ҳаёт, умрлари узоқ бўлсин! Кейинроқ бошқа нашриётларга ўтиб кетган бўлишларига қарамасдан, Одил ака улар билан алоқани узмадилар. Бирор-бир байрам арафасида уларга мен ёки болалар орқали совға-салом бериб юборишни унутмадилар.
Одил ака ўз асарлари устида қайта-қайта ишлашдан сира эринмасдилар. Керак бўлса 20, 30 ва ҳатто 60–70 саҳифали қўлёзмаларни бошдан-оёқ ўчириб ташлар ёки устидан қайта ишлар эдилар. Қўлёзмани машинкага беришларидан олдин папканинг устига интервал ва терилиши керак бўлган нусхалар сонини қайд қилардилар. Биринчи марта машинка қилинаётган асар матни 2 интервал, кейингиси 1,5интервал ва сўнггиси 1 интервалда тердирилар эди.
Юқоридаги гапга қайтсак. Отасининг топшириғи билан нашриётга бориб келган Искандар у ерда бўлиб ўтган гап-сўзларни барча тафсилотлари билан менга сўзлаб берарди:
– …Шундай қилиб, муҳташам бинонинг тўртинчи қаватидаги «Ғафур Ғулом» нашриётига кўтарилдим-да, пештоғига «Проза бўлими» деб ёзилган баланд эшик олдига келиб тўхтадим. Ҳаммаёқ жим-жит. Секингина эшикни очдим. Хонада Омон Матжон, Иброҳим Ғафуров, Ҳасан Тўрабековлар ўтиришган экан. Уларга отам юборганини айтдим.
– Э, э, Одил акамнинг ўғли-ку, кир бу ёққа, – деб келишимнинг сабабини яхши билганликлариданми, дарров қалин сариқ қоғозли бандерол ўрамини қўлимга тутқазиб:
– Одил акамизга салом айтгин! – деб кузатишди.
Уни қўлимга олибоқ орқага қайтдим.
Бола эмасми, уйга тезроқ етиб келиш ўрнига, чамаси, кўчадаги пастқам расталарни бир-икки соат обдон айланибди. Одил аканинг чамаларида бола аллақачон қайтиши керак, лекин ундан ҳали ҳам дарак йўқлигидан тоқатлари тоқ бўлиб, уйда ўтиролмай, уни кўча эшиги олдида кутдилар. Мен ошхона эшигидан секингина мўралаб қарайман. Одил ака, бир томондан, ўғлимнинг ҳаяллаганидан турли хаёлларга бориб, китобни тезроқ кўриш иштиёқида ёниб ўртанардилар.
– Қаёқларда юрибсан, ўзи?.. Хавотир олиб ўтирибман, китобни олиб келдингми? – дедилар Искандар эшикдан кирар-кирмас сабрсизланиб.
Кечикиб келгани учун отасининг жаҳли чиққанини билган Искандар бошини эгиб китобни отасига узатди. Одил аканинг бир зумда кайфиятлари кўтарилиб, раҳмат айтиб ўғлимни сийладилар, музқаймоққа озроқ пул тутқаздилар.
Китобни қўлларига олган Одил ака дарров телефонда рақам тердилар-да, назаримда, нашриётдагиларга сим қоқиб:
– Раҳмат! Буни қаранг! Китобнинг формати кичикроқ бўлганда яхши бўлар экан… Бетлари кўпайиб «семизроқ» бўларди, – деганлари эшитилди.
(«Улуғбек хазинаси»нинг биринчи нашрини кўрган ўқувчи унинг формати одатдаги китоблардан каттароқ бўлганлигини яхши эсласа керак.)
Одил аканинг ўз асарини китоб ҳолида қўлларига олиб, кўзлари бу қадар қувончга тўлиб кетганини илк бор кўришим эди.
Бирдан:
– Хоним, овқат тайёрми? Бир-иккита меҳмон келмоқчи. Ошни болалар еяверсин. Озроқ норин беринг, – дедилар жуда кўтаринки кайфиятда.
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ