Улуғ ёзувчи Одил Ёқубов умр йўлдоши Марям ая хотираларидан (21-23)
Одил ака 1954 йилнинг сўнгги кунларида нашр этилган илк китобчалари – «Дастлабки қадам»нинг бир нусхасини менга дастхат ёзиб берганлар.
Унда шундай сўзлар битилган эди: «Марям, узоқ йўлга тушган йўловчининг ишончли йўлдоши бўлиши керак, сенга мен ва менинг асарларимдан яхши йўлдош топилмаса керак».
1951–1959 йилларда Одил аканинг «Айтсам тилим куяди, айтмасам дилим», «Олма гуллаганда», «Чин муҳаббат», «Юрак ёнмоғи керак» каби пьесалари, «Тенгдошлар», «Ота изидан», «Аямажуз», «Икки муҳаббат», «Мирзатерак» қиссалари, еттита ҳикояни ўз ичига олган тўпламлари чоп этилди.
Бу мўъжаз китобчаларнинг илк нусхалари менга аталган эди. Мен уларнинг ҳар бирига ёзилган асарнинг мазмун-моҳияти ва ўша даврдаги оилавий шароитимизни акс эттирган самимий сўзларни кўнглим равшан тортиб ўқиганман.
Бу анъана кейин ҳам давом этиб, Одил аканинг ҳар сафар янги асари чиққанда унинг бир нусхаси менга аталган ва унга самимий дил сўзлари ёзилган бўларди.
Афсуски, уйма-уй кўчиб юришлар сабабли китобларнинг айни ўша нусхаларининг ҳаммасини ҳам сақлаб қолдим, дея олмайман. Бунинг устига «китобсевар» меҳмонларнинг баъзилари менга аталган ва Одил аканинг дастхати битилган китобларни бемалол қўлтиқлаб кетишарди.
Ана шу китоблар мен учун барча совғалардан азиз бўлган. Одил ака янги чиққан китобларини қўлимга тутқазар эканлар: «Айрим сабабларга кўра бўлиб ўтган барча воқеаларни тўлиқ ёзишнинг имкони бўлмайди-да», деб қўярдилар.
Ўзларининг ўсмирлик даврлари акс эттирилган «Эр бошига иш тушса» романини ҳар сафар қўлларига олганларида, кўнгил изтироблари юзларида акс этарди. Шундай пайтларда китобга кирмай қолган хотираларини сўзлаб берардилар. Шундай хотиралардан бири уруш йилларига оид эди.
Одил аканинг ҳикоя қилишларича, ўша йили 17ёшга тўлган бўлсалар ҳам, дала ишларида ўзлари билан бирга ишлаган биродарларидан ортда қолмаслик учун ёшларини ошириб (18 ёшга тўлганман, деб) армияга кетганлар.
Гоби саҳросини пиёда кезиб ўтганлари, сувсизликка дош бериб, бир неча марта ўлим билан юзма-юз келганларини ипидан игнасигача ҳикоя қилганларида, кўзимдан тирқираб ёш оққан. «Мени ўша оғир кунларда, аввало, онамнинг дуолари омон сақлаб қолган бўлса, иккинчидан, Худо сендай қизга бахтли кунлар ато этишим учун асраган бўлса ажаб эмас. Тузу насибамиз бегона юртларда қирқилмаган экан, мана, она ватанимизда умргузаронлик қилиш насиб этди. Тақдир менга шундай бахтни муносиб кўрганига шукур», деганлар.
«Кўп хаёл сурманг…»
Йиллар ўтиши билан Одил аканинг ижод булоқлари қайнаб, ҳикоя ва қиссалари кетма-кет босила бошлади.
Ўқувчилар оммаси ҳам, адабиёт аҳли ҳам уларнинг ҳар бир янги асарларини яхши кутиб олар, танқидчилар ва адиб ижоди мухлисларининг бу асарлар ҳақидаги фикрлари ҳам газеталарда тинмай босилар, пьесалари эса академик драма театрида устма-уст қўйиларди.
Ҳатто бир вақтнинг ўзида тўртта асарларининг афишалари театрнинг эълонлар тахтасидан ўрин олган бўларди.
Одил аканинг сценарийлари асосида ишланган фильмлар ҳам томошабинлар томонидан илиқ қабул қилиниб, узоқ муддат экрандан тушмасди. «Матлуба» қиссаси асосида ишланган «Баҳор ёмғирлари», шунингдек, «Дилбарим», «Ажойиб хаёлпараст» каби сценарийлар асосида суратга олинган фильмлар ўзбек кино санъати тарихидан муносиб ўрин эгаллади.
Бу ижодий ютуқлар туфайли рўзғоримизга қут-барака кирди. Одил ака тинимсиз ижод маҳсулларидан қўлга илингудек қалам ҳақи олдилар. Бир муддат рўзғордан иқтисод қилган пуллар ва ана шу қалам ҳақларини қўшиб, 1966 йилда «Волга» машинасини ҳам сотиб олдик.
Одил ака ёзилажак асар қаҳрамонларининг ташқи ва ички дунёсини тасаввурларида яратиб, мудом хаёл оғушида юрмайдиларми, машина рулини бошқараётганларида ҳам ижод денгизига шўнғиб кетардилар.
Бундай ҳолат, айниқса, светофорнинг қизил чироғи ёниб, машиналарини бир муддат тўхтатганларида кўп содир бўларди. Токи орқадаги машина эгаси сигнал чалмагунча Одил ака руль чамбарагини ушлаганларича хаёл суриб қолардилар.
Шу сабаб ҳар доим ишга кузатаётганимда «Йўлда эҳтиёт бўлинг, кўп хаёл сурманг», деган гапни такрорлаш одат тусига кирганди.
Шундай кунларнинг бирида Одил ака «Вой-бў, мунча тергадингиз, хоним? Энди сизга машина ҳайдашни ўргатаман, кейин мен хаёлпарастни ўзингиз олиб юрасиз», – дедилар. «Жуда яхши бўларди-да, уйда «Тинчмиканлар, омонмиканлар, йўлда бирон кор-ҳол бўлмадими?» – дея ўйланиб ўтирганимдан кўра, ҳар доим ёнингизда бўлардим»,– десам, у киши: «Қўйсангиз-чи, ўзи ижодий ишларимнинг ярим юки елкангизда бўлса, энди сизга ҳайдовчилик хизматини ҳам юклайми? Ундан кейин латофатли аёлнинг иши машина рулини бошқариш эмас, аксинча, ширин таомлар пишириб, эрини уйда кутиб олиш», – дедилар.
Ҳозир машина бошқараётган қиз-жувонларни кўрсам, ҳавасим келади, бизнинг ёшлигимизда аёллар кўп ҳам машина ҳайдайвермасдилар.
Лекин Одил аканинг феъл-атворидан келиб чиқиб айтадиган бўлсам, аниқ биламанки, ўша замонда ҳам менга машина рулини ишониб топширмаган бўлардилар.
Маданий ҳордиқ
Худди бизникидек «Волга» автомобили Пиримқул Қодиров, Озод Шарафиддиновда ҳам бор эди. Ҳар йили эрта баҳорда, айни лолақизғалдоқлар очилиб, қирларга гилам каби тўшалган кезларда бу ижодкорлар оиласи биргалашиб сайрга чиқардик. Кетма-кет қир бағрига келиб тўхтаган «Волга»лардан фарзандларимиз бир-бирига гал бермай отилиб чиқишарди.
– Аёллар, болаларни олиб бир яйранглар! Бугун қозон ҳам, капкир ҳам бизнинг қўлимизда ўйнайди, – дерди машиналардан тушишимиз ҳамона Пиримқул Қодиров.
Шахмат доскасини қўлтиқлаб олган Озод Шарафиддинов:
– Бундай баҳаво табиати бор юрт яна қаерда бор экан-а?! Бугун бир яйрайлик, машаққатлар чекиниб, билакларимизга куч-ғайрат тўлиб кетсин, – дерди.
Одил ака бўлса бир-бир одимлаб, кўм-кўм гиламлар узра юлдузлардай порлаб турган лолақизғалдоқлар билан безанган қир сари йўл олардилар.
Шундай сайрларда ҳам уч дўст, уч ижодкор ўзбек адабиётининг ривожи, улуғ аждодларимизнинг улкан мероси, келажак авлоднинг таълим-тарбияси ҳақида мунозара қилишарди.
Биз, аёллар, болаларимиз билан қир-адирларда яйраб гул-лолалар терардик. Бир кунлик маданий ҳордиқ кейинги жамоат ишлари ва ижодий жараёнга ўзининг ижобий таъсирини кўрсатарди.
Шундай пайтларда биз, аёллар ҳам опа-сингилдек бир-биримиз билан дардлашиб, суҳбатлашиб кўнгилларимизни очардик. Болаларнинг яйраганини-ку гапирмаса ҳам бўлади.
Адиб ва публицист Дадахон Нурий Бўстонлиқда уюштирадиган ёзувчилар ўртасидаги шахмат мусо-бақасида Одил акам «мутлоқ чемпион» бўлганларини кўпчилик ҳамон эслаб юради.
Шуниси ҳам борки, Одил акам ижоддан қаттиқ толиққан кезларида оқ доналари, қора доналарида ҳам ўйнаб, ўз-ўзи билан беллашар эди. Шахмат комбинацияларига доир беш-олтита китоблари ҳамон хонадонимизда сақланади.
Баъзан эса газеталарда ёритилган жаҳон чемпионлари ўйинларини «анализ» қилиб чиқар эдилар. Ижодкорлар, фарзандлари, невараларига ҳам шахмат ўргатар, бу ишдан завқланарди.
Эркин Воҳидов, Раҳматилла Иноғомов, Иброҳим Ғафуров каби уста шахматчилар Одил акамнинг ўйин услуби ва маҳоратини алоҳида қадрлар ва эътироф этардилар.
Одил аканинг муносиб шахматчи рақиблари орасида Раҳим Аҳмедов, Чингиз Аҳмаров сингари мўйқалам усталари бўлган. Улар айни маҳалда Одил аканинг портретини келажак авлодларга ёдгор қолдиришди.
(давоми бор)
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ