НОДИР ШАМС: РОЗА ОТУНБАЕВАНИНГ ИҚРОРЛАРИ
Муаллиф: | 13 Апрел 2013
(Матбуот шарҳи ўрнида)
Апрель инқилобидан сўнг муваққат ҳукуматни яна ҳам муваққат тарзда бошқарган, сўнгра эса ўтиш даври президенти сифатида танилган Роза Отунбаеванинг Қирғизистон собиқ раҳбари Курманбек Бакиев тақдирига оид иқрори қирғиз жамияти ва матбуотида қизғин мунозараларга сабаб бўлган яна бир мавзуга айланди.
«Новый регион» нашрининг хабар қилишича, Роза Отунбаева ўша долғали кунларда мамлакатда издан чиқиб бораётган вазиятни бир қадар юмшатишни кўзлаб, Бакиевнинг аввал Қозоғистонга, ундан сўнгра эса Белоруссияга эмин-эркин чиқиб кетишига шароит яратиб берган. Бу ҳақида Отунбаеванинг ўзи жамоатчиликка маълум қилган.
Унинг айтишича, АҚШ, Россия ва Қозоғистон раҳбарларининг ўзаро келишган ҳолдаги сўровларидан сўнг ва Жанубда тобора куч олиб бораётган бакиевчилар шаштини қайтаришни ҳам кўзлаган ҳолда айни қарорга келган. Қизиғи шундаки, муваққат ҳукуматнинг ўша вақтдаги барча аъзолари, бугунги президент А. Атамбаевни ҳам қўшиб ҳисоблаганда барча аъзолари Бакиевнинг тақдирини эсон-омон ҳал қилган айни қарордан тўла-тўкис хабардор бўлишган эди. Аммо шу вақтга қадар ўзларини мутлақо бехабар тарзда тутиб келишган, қавмдошлари кўзларини муваффақиятли шамғалат қилиб келишган эди. «Олабўжи»ни ўзлари озодликка чиқариб, энди эса ора-сирада экстрадиция қилиш талабларини қўйишлари қулайгина сиёсий лўттибозликдан бошқа нарса эмас. Сихни ҳам, кабобни ҳам куйдирмаслик санъати шунчалик бўлади-да!
Отунбаева хонимнинг ушбу иқрорларида эътиборни тортган яна бир қизиқ ҳолат. Унинг айтишича, Бакиевни мамлакатдан қочириб юборишни илтимос қилар экан, Медведев, Обама ва Назарбоев бунинг эвазига Отунбаевани халқаро майдонда самарали қўллаб-қувватлашни ваъда қилишган. Шу ўринда Ўш ва Жалолободда бегуноҳ инсонлар қирғинбаротга дучор қилинаётган бир вақтда нима учун халқаро жамоатчиликнинг бу тўғрида «харом туки» ҳам қимирлаб қўймагани, не сабабдан халқаро миқёсда хавфсизликни таъминлашга масъул бўлган ОХҲТга раислик қилаётган Қозоғистон ўз бурни остидаги хунрезликларга томошабин бўлиб тургани, ва ниҳоят, қатлиомдан сўнг ойлар ўтиб, Роза Отунбаева қай бир хизмати учун АҚШ Давлат департаментининг «Жасоратли аёл» мукофотига лойиқ кўрилгани аста-секин ойдинлашиб бораётгандек.
Сўнгги ўн йилликларда бир неча бор бу каби қонли зарбаларга дучор қилинган Қирғизистон ўзбекларининг Катта Ватанидан кутган умидлари ҳам барбод бўлгани ҳақида сўз юритиш эса буларнинг барчасидан-да оғирдир.
Ваҳоланки, қирғиз тўдалари томонидан Ўшда ўзбек маҳаллаларининг кули кўкка совурилаётган, қиз-жувонларнинг номуслари топталаётган, ваҳший оломон қуршовида қолган бечораларнинг вужудлари оловга ем қилинаётган айнан ўша кунлари Тошкентда ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарларининг машварати бўлиб ўтаётган эди. Ваҳоланки, қаттол тўдалар таъқибида қолган кимдир бояқиш жонини омон сақлаш илинжида қочиб бораётган бир вақтда олис Африканинг жанубий ўлкасида футбол биринчилиги бошланган ва бутун дунё учун копток ортидан қувалашиб чопаётганлар жазавасидан кўра долзарброқ ва мароқлироқ томоша йўқ эди бу маҳал.
Нодир Шамс