"Дунё ўзбеклари" сайтини энди телефонда, планшетда ва комьютерда ихчам мобиль версияда кўришингиз мумкин: [fdx-switch-link]
  • Асосий
  • Ассалому алайкум!
  • Муаллиф ҳақида
  • МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ

Абулқосим МАМАРАСУЛОВ: МЕН ҚАНДАЙ ЁЗУВЧИ БЎЛГАН ЭДИМ (4)

Абулқосим Мамарасулов: Мен қандай ёзувчи бўлган эдим, Адабиёт, Маданият ва Санъат | 10/04/2013 16:19-     11265 марта ўқилди

Абул ҚосимМЕН ҚАНДАЙ ЁЗУВЧИ БЎЛГАН ЭДИМ(5)

 

Ёки Одил Ёқубов ҳақида ҳотиралар

 

 

Б а д и а

 

 

 

 

Бирон “танқидчим” шу вақтгача: “шу асаринг тайёр бўлипти, энди уни бемалол нашрга тавсия қилаверса бўлади”, деган эмас. Нуқул  у ерини ундоқ қилиш керак, бу ерини бундоқ ўзгартиш керак, дейишган. Агар Одил ака ҳам шунақа дейдиган бўлса, “Абулқосим – тамом!!!” дегани шу-да! Ҳабиб билан Олимжон акам мендан нуқул яхши ҳикоя талаб қилишади. Тўғри, шу вақтгача ёзганларим у қадар зўр эмас, аммо ошкора ёмон ҳам эмас-да! Улар талаб қилган гениал асарни ёзишга уринардим, аммо… уриниш бошқа, гениал асарни ёзиш бошқа.

Ишингнинг натижасини кўрмасанг – ёмон экан.

Ҳикояларимдан бирини ўзим ишлаётган “Бўстон” газетаси бош муҳаррири ўринбосари Абдураҳим Ражабқуловга берганимда роса уч ой  ғаладонида сақлади. Кейин:

— Ҳикоянгиз ҳаётнинг айнан ўзи бўлиб қолипти, — деди. Кейин ўз гаплари ўзига таъсир қилди, шекилли, кескин кайфиятда, — тўғриси, биз газетада ҳикоянгизни чиқара олмаймиз, — дея ҳикоямни қайтариб берди.

“Суюнчи” номли ҳикоямни  ғаладонда ўн ой сақлашди. Вилоят газетасида! Кейин Тошкентга, санаторийга кетишимдан сал олдин “ҳаваскор ижодкорлар асарларига обзор”да  бериб юборишди. Унда мени роса танқид қилишган. Ҳикоя ёзишни мутлақо билмайдиган одамга чиқаришган. Ана холо-ос! Бу менга роса алам қилди. Бу мен учун ҳақорат эди. Аниқ билардимки, обзор муаллифи ҳикоямни тузук-қуруқ ўқимаган, ҳатто гап нима ҳақда кетишини англаб етмаган-у, танқид найзасига олган. Тушунмаган нарсангни нега танқид қиласан, номард?! Ёшларнинг асарларига енгил-елпи назар кўп нашрларда мавжуд. “Ёшлар бизнинг келажагимиз!” дея ҳайқиришадию, амалда…

Шу тахлит ўйлар билан “Ёш гвардия”га бордим. Мирзани топдим. Мени эслай олмади. Мен ўзимни танитдим, мақсадимни айтиб, туртта ҳикоямни қўлига тутқиздим.

 

 

1981 йил 28 январ.

Мирзанинг олдига бордим. Бу сафар у мени жойидан туриб келиб қарши олди. Биз анча суҳбатлашдик. Мирзага ҳикояларим ёқипти. – Ёқипти! Худога шукур! Ва ниҳоят шунақа гапни эшитадиган кун ҳам келар экан! “Ҳикояларингиз жуда яхши. Жудаям яхши!”, деди Мирза. Қулоқларимга ишонгим келмасди. Мирза ҳамма ҳикояларимга ўз фикрини айтди. Унга айниқса, “Армон” ёқипти. “Суюнчи” ҳам яхши экан.Аммо унга “ҳажвий ҳикоя” деб ном қўйганимни маъқулламади:. “Менинг шофёрга раҳмим келди. Ҳаёт уни шундай яшашга мажбур қилган.  Бунинг ҳеч қандай кулгили жойи йўқ”, деди Мирза. “Ўғрини қароқчи урди” ҳикоямнинг сарлавҳасини танқид қилди: “Сийқаси чиқиб кетган гап. Бошқа сарлавҳа топиш керак”, — деди. — “Ҳикоянинг ўзи яхши, ўқувчини қамраб олади, унда кўтарилган муаммо ҳам яхши, аммо адабиётда бунга ҳозир эътибор кам. “Тўй” ҳикоясида эса муаллиф позицияси номаълум. Умуман олганда ҳамма ҳикояларда ҳам ҳикоя қилиш услуби яхши. Яхшигина тажрибангиз борлиги билиниб турипти. Одил Ёқубовга “Армон” билан “Суюнчи”ни олиб кирганингиз маъқул. Қолган иккитаси ҳам ёмон эмас, аммо зўр ҳам эмас. Биринчи бор кираётиб Одил акада зўр таасурот қолдириш керак. Ана ўшанда натижа бўлади. Кейин “Ўғрини қароқчи урди” билан “Тўй”ни бемалол иккинчи ёки учинчи китобга қўшиб юборса бўлаверади”.

Эътибор қиляпсизми, мен гўё ҳикояларим чиқиб, танилиб улгурдим, ва иккинчи, учинчи китобларимга асарларимни тўплаяпман. Бундан чиқадиган маъно: демак, энди китоб чиқараверсам ҳам бўладиган даражага етибман.

Мен учун, менинг дардларим учун сўз билан ифодалаб бўлмас даражадаги малҳам эди Мирзанинг  гаплари! Кўзларимга ёш қадалди. Ўзимни зўрға тутиб турардим.

 

—  Шошмаслик керак, — дея давом этди Мирза. – Менга қолса, “Армон” даражасидаги  ҳикоядан беш, олти, еттита қилиб, битта папкага жойлаб, Одил аканинг столига “тайлаб” кетаверинг. Кейин кўнглингиз тўқ бўлаверсин. Ёқса, Одил ака, ҳам газета-журналларда чиқартиради, ҳам китоб қилиб чиқартиради. Одил Ёқубов шунақа одам. Яхши асар ерда қолмайди. Одил ака, албатта, ёрдам беради. Фақат шошмаслик керак.

Менинг англаганим шу бўлдики, “Армон” даражасидаги ҳикояларни еттитага етказишим керак. Мирзанинг маслаҳати менга маъқул тушди. Ахир Тошкентда ҳали уч-тўрт ой бўламан. Бемалол улгуришим мумкин. Мирза учинчи қаватдан пастга тушиб, мени автобус бекатига қадар кузатиб қўйди. Яна бир бор ҳурматимни жойига қўйиб, кўнглимни тоғдай кўтарди. Мен санаторийга қанот боғлаб учиб келдим. Бир нарсани билардим: “7 та ҳикоя ёзишим керак! Ҳозирча иккитаси бор. Яна бешта ёзсам, еттита бўлади”.

Одам боласи бир яхши гапнинг гадоси-да!

Ишга киришдим. Ҳикояга сюжет кўп. Бу томондан ғам емайман. Романни ҳам, қиссани ҳам бир четга сурдим. “Армон”да кампир ўлади. Бу таъсирли. Энди ёзадиганларим ҳам шундай таъсирли бўлиши шарт. Наҳотки бунинг учун ҳамма ҳикояларимга ўлимни аралаштиришим керак? Бундай қилмаслигим кераклигини тушуниб турардим, аммо… шундан сўнг биринчи ёзган ҳикоям “Мақсад” яна бошқа бир кампирнинг ўлими билан тугади. Ундан кейинги ҳикояларим эса енгилроқ кўча бошлади: “Бир дона нон”, “Яшашнинг йўли”, “Йўловчи”, “Биринчи муҳаббат”.

 

1981 йил 6 феврал.

Янги тўртта ҳикоямни кўрсатиш учун Мирзага топширдим.

 

 

1981 йил 8 феврал.

Мирза мени уйига чақирди. Меҳмон бўлдим. Суҳбатимиз жуда қовушди. “Мақсад”ни тан олмади. “Бир дона нон”ни ҳали давом эттириш мумкин. Буғдой ўрими қийинчиликлари кўрсатиб берилса, яхши бўлади. Қолган иккита ҳикоя ҳам яхши. Фақат айрим жойларини юмшатиш керак. Кескинлик жуда кучайиб кетган. “Биринчи муҳаббат” сарлавҳаси ҳикоя талабига жавоб бермайди. Сарлавҳани алмаштириш керак. Умуман барча ҳикояларнинг, шунингдек, “Мақсад”нинг ҳам ёзилиш услуби яхши. Техник жиҳатдан нуқсон йўқ”, деди.

Тўғри, Мирза ҳам танқид қилаётганди, аммо шу билан биргаликда у ижодкорни руҳлантириш, меҳнатга чорлашни-да биларди. Бу ҳар қандай танқидчининг қўлидан келавермайди ахир!

 

 

 

1981 йил 23 феврал.

 

Мирзага  яна тўртта ҳикоя топширганман. Бундан ташқари “Йўловчи”, “Биринчи қор”, “Йигитликнинг кўчаси” ва “Бир дона нон”ни бутунлай қайта ишладим. Бир дона нон” илгари 6 варақ бўлса, энди 16 варақ бўлди.  Ҳатто  “Бир дона нон” ва “Йўловчи”ни ёзаётганимда қаҳрамонларга раҳмим келганидан кўзларимга ёш қадалиб қолди. Хўрлигим келади. “Биринчи қор”ни эса ўзим қайта-қайта ўқийман. Тўймайман. Яна ва яна ўқийвераман. Шунақаям ширин ҳикоя эдики! Тўрт йилдан бери ижод қилиб, эндигина ўз ёзганларимдан ўзим қониқаётган эдим. Қувониб боряпман. Мақтов эшитиш истагидаман. Бу ҳикояларни ўқигандан кейин – мақтов нақд! Мен ҳикояларни уч кун олдин ташлаб кетгандим. Ҳисобим бўйича бугун ўқиб қўйган бўлиши керак. Ўзимнинг кун тартибим бор: кундуз дам оламан. Кеч соат бешдан еттигача ва тўққиздан ўн биргача ёзаман. Эрталаб калла тоза пайти таҳрир билан шуғулланаман. Ҳикоялар сони ҳар сафар тўрттага етганда машинкалайман. Атайлаб, санаторийга машинкамни ҳам олиб борганман.

Афсуски, баъзи сабабларга кўра Мирза янги ҳикояларимни ўқимапти. Мақтов эшитолмай қайтдим. Бари бир кайфиятим чоқ. Ҳикояларимдан кўнглим тўқ.

 

    1981 йил 27 феврал.

Беш кун ётиб олиб, мазза  қилиб китоб ўқидим. Келсам, Мирза яна ишхонасида йўқ. Аммо ҳикояларимни ўзи билан бирга ишлайдиган бир қизга топшириб кетипти: “Мен яна шошилинч иш билан кетяпман. “Биринчи қор”ни ўқишга улгурмадим. Пала-партиш ўқишни ёмон кўраман. Ҳикояларингизда қаҳрамонларингизнинг яхши томонларига ҳам кўпроқ эътибор беринг, ўшанда ёмон томони ўз-ўзидан юзага чиқиб қолади. Салом билан Мирза”, деб бир парча қоғоз қолдириб кетипти. Ҳикояларни варақладим. “Бир дона нон”нинг охирига “Мана энди ҳикоя бўлипти, Абулқосим”, деган жумла қаламда битилган. Тўлқинланиб кетдим. Ахир тўрт йилдан бери ана шу жумлани эшитишни истаган ва эшита олмаётган эдим. Яна қайта кўз югуртаман: “Мана энди ҳикоя бўлипти, Абулқосим”.

Абулқосимнинг ҳам ёруғликка чиқадиган кунлари яқин, шекилли.

“Йўловчи”нинг охирига: “Яхши ҳикоя. Психологик таҳлил жойида”, деб ёзилган.

Бошим осмонга етди. Ўзимни қўйгани жой тополмайман. Мирзанинг сўзларини қайта-қайта ўқийман. Қувонаман. “Йигитликнинг кўчаси”га фикр билдирмапти. Тўрттанинг иккитасини тан олипти-ку. “Энди ҳикояларни яхшилаб ўзбекча машинкада оққа кўчириш керак. Ўзбекча машинка бўлиши шарт”, деб ёзипти. Санаторийда ётганимга икки ой бўлиб қолди Бемалол уйга бориб келиш мумкин. Эртага – шанба, индин – якшанба, санаторийда текшириш бўлмайди. Навбатчи  ҳамширани огоҳлантириб, кетаверса бўлади. Ахир кичик “Москва” машинкасига қаноат қилмай, (таниш-билиш қилиб) катта, ўзбекча “Украина” сотиб олганман. Ҳозир уйда чанг босиб ётипти. Ўшани опкеламан.

Худди шундай қилдим. Бу орада “Сомон ўғрилари” деган яна бир ҳикоя ёздим. Ҳикоя ўзимга жуда ёқди.

(давоми бор)

 

Ўхшаш мақолалар:

  1. Абулқосим МАМАРАСУЛОВ: МЕН ҚАНДАЙ ЁЗУВЧИ БЎЛГАН ЭДИМ (3)
  2. Абулқосим МАМАРАСУЛОВ: МЕН ҚАНДАЙ ЁЗУВЧИ БЎЛГАН ЭДИМ (4)
  3. Абулқосим МАМАРАСУЛОВ: МЕН ҚАНДАЙ ЁЗУВЧИ БЎЛГАН ЭДИМ (7)
  4. Абулқосим МАМАРАСУЛОВ: МЕН ҚАНДАЙ ЁЗУВЧИ БЎЛГАН ЭДИМ (8)
  5. Паҳлавон Содиқ : Қирқ ёш…
  6. 10 январь — Баҳром Рўзимуҳаммад туғилган кун…
  7. Ҳалима Худойбердиева: «…Бирдан жудо бўлмоқ истайман…»
  8. Шуҳрат Бобожон: Муҳаммад Солиҳ ПУЛ ҳақида бундан 35 йил олдин мана бу мисраларни ëзган эди
  9. Cаломат Вафо: «Мен эротик ёзувчи эмасман. Мен энг миллатпарвар ёзувчиман»
  10. 26 aprel – Buyuk san’atkor Lutfixonim Sarimsoqova (1896-1991) tavalludi kuni.
  11. Адыл Якубов: ГДЕ ТЫ, МОРИКО? Перевод с узбекского автора
  12. Abduhamid Parda. O’zbek Gamleti.
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ

Leave a Comment

Фақат 500 белгигача рухсат этилади. Мақола ёки хабарларни МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ ёки Биз билан алоқа шакли орқали жўнатинг.

Нажмите, чтобы отменить ответ.