ББС: Атрофдаги ўзбеклар: Қозоғистон
Советлар чизган чегаралар боис бугун миллионлаб ўзбеклар қўшни мамлакатларда озчилик миллатга айланиб қолишган.
Қаердадир одамлар бундан хурсанд, бошқа жойда доимий қўрқув остидалар. Учинчи бир юртдаги ўзбеклар ўз ҳуқуқлари учун курашишмоқда, қайси бирида эса Ўзбекистон давлатининг четдаги ўзбеклар тақдирига бу қадар беэътиборлигини тушунолмай ҳайратдалар.
Марказий Осиёдаги барча ҳукуматлар бугун етакчи миллат номи, маданияти, тили ва қадриятлари асосида янги мустақил давлатчиликни тузатиш ва мустаҳкамлашни йўлга қўймоқдалар. Бу эса кўп миллатли айни юртларда азалдан яшаб келган, бироқ энди ақаллиятга айланган миллий жамоаларни дабдурустдан ўз юртида иккинчи даражали фуқарога айлантириб қўйгандек.
Би-би-си Ўзбек Хизмати ходими Рустам Қобил ўтган йиллар давомида минтақа мамлакатларига сафарлари давомида у ерлардаги ўзбекклар билан учрашиб, уларнинг ҳаётига ва озчилик сифатида ўз ўринларини топиш йўлидаги ҳатти-ҳаракатларига назар солади. Албатта, айни кузатувлар ички жараёнларни чуқур таҳлил қилмайди, балки сайёҳ хотиралари каби манаман, деб турган жиҳатларни кўзга олади.
Ўзбекликнинг бир парчаси
Чимкент кўчасида овқатланадиган жой сўрарканмиз, рус ҳайдовчиси шаҳар четидаги ўзбек ресторанларини маслаҳат беради.
Ташқаридан у қадар ҳам кўримсиз ( бу энди ҳали 3 йил аввалги вазият) луқмахоналардан бирига кириб, дабдурустдан Самарқанд ё Хиванинг ҳашаматли саройларидан бирига тушиб қолгандек бўласиз.
Дарвозадан ҳатлаб ичкарига кириш билан наққошлик ва ёғоч ўймакорлиги санъати оби-тобига етказиб безатилган ҳовли. Столлар устида атлас дастурхонлару пахта гулли чинни идишлар. Деворларда эса Регистон майдони, Исломхўжа минораси, Оқсарой вайронаси ва ё Лаби Ҳовуз каби ўнлаб тарихий иншооту мажмуалар акслари илинган.
Эшик олдида турган ресторан «эгалари» — маҳаллий ўзбеклар ва ҳар келган хўрандани қўлларини кўксига қўйганча ктуиб олишади-да, атлас кўйлак ҳамда зар дўппи кийган официант рус йигит-қизларини чорлаб, ичкарига олишни айтишади.
Таомлар Тошкентникидан асло фарқ қилмайди. Шу биттагина емакхонада ҳам Ўзбекистоннинг бар парчасини сизга тортиқ қиладилар гуё…
Чимкентдаги чоғроқ меҳмонхонани ҳам маҳаллий ўзбеклар юритишарди. Аммо меҳмонхона ошхонаси ва хизмат кўрсатиш соҳасида ўзбекистонликлар ишлашарди.
Тошкент вилоятидан келган ошпаз бизни анчайин қизиқиш билан кутиб олади-да, бу ерда нима иш қилишимизни сўрайди.
Бироқ бу каби қизиқишни на ўзбекча ресторан мезбонларидан ва ё меҳмонхона ходимларидан кутасиз.
«Ўзбекистондан келадиган мардикор ва ишчи ўзбекларга кўникиб қолишган ва тўғриси, кўпчилик ўзини ҳар доим ҳам ўзбекистонликларга яқин олавермайди» — дейди ҳамроҳим.
«Яна қайдам, балки кўп одам келаётгани учун ҳам алоҳида бир қизиқиш билан қарашмаса керак ҳар келган одамга».
Ҳар ҳолда, Олма-Отага келишим билан танишларим Ўзбекистон паспортини кўз-кўз қилмасликни маслаҳат беришганди.
«Ҳар ҳужжат сўраган милиция ходими сизни меҳнат муҳожири, деган хаёлда жаримага тортиб юбориши ва ё Ўзбекистондан келган ҳуқуқсиз мардикор экан, деган ўйда қўполроқ ҳаракат қилиб қўйиши мумкин» — қабилидаги истиҳолани билдиришарди.
«Ҳукуматда не бор, бозор ўнғай»
Айни дамда, Жанубий Қозоғистон ўзбеклари бугун ўз ватандошликларидан анча фахрланишади ва нефти туфайли илгари кетаётган Қозоғистондаги имкониятлардан кенг фойдаланишга интилишмоқда.
Ўзбекларнинг азалий касблари бўлмиш деҳқончилик ва тижорат ҳам бу ўринда қўл келмоқда.
«Олий маъмулотли мутахассисман» — дейди меҳмонхонада мен гаплашган суҳбатдошим асли касбини ошкор этишни у қадар ҳам хушламай -«Аммо ҳозир биз учун тижорат қулай».
Қозоғистон жанубида ўнлаб ўзбек мактаблари ҳамон ишлайди.
«Лекин бу ерда ўқиб чиққанлар ўзбек филологиясидан ташқари бошқа мутахассисликлар бўйича олий таълим олиш имконлари чекланган» — дейди Қозоғистонда мен гаплашган ўзбек зиёлиси — «Қозоқча, ё русча таълим олганлар учун олий ўқув юртлари эшиклари каттароқ очилган».

Яқинда Британияда илмий тадқиқот олиб бораётган қозоғистонлик ёш ўзбек олими билан суҳбатлашим қолдим.
«Илтимос, қозоқча ва ё русча гапирсам майлими?» — деб сўради ёш олим — «Энди мен Қозоғистонни намоён этиб, ўзбекча гапирсам, яхши бўлмас».
Бу бир тарафдан ўз мамлакати ва унинг асосий тилидан фахрланиш туйғуси ҳамдир. Иккинчи тарафдан эса наҳотки ўз ота-боболари юртида яшайдиган туб аҳоли вакили бугун ўз тилида гапиришдан истиҳола этса, деган савол ўртага чиқади.
«Қозоқча гапириш ўзимнинг танловим» — деган эди бу суҳбатдошим.
Пул бошқа, тил бошқа
«Қозоғистонда ҳам баъзан айрим одамларда миллатчилик кайфиятлари сезилиб қолади, лекин булар одатда маиший даражада ва кўпинча, русларга қаратилади» — дейди Қозоғистондаги танишим — «Айнан ўзбекларга қарши адоват ҳақида яккам-дуккам хабарлар чиққан, лекин кейин айнан миллатчилик экани тасдиқланмаган».
«Ўзбеклар ҳам, руслар ҳам маҳаллий қозоқлар қаторида тирикчилик ва тижорат билан бандлар» -дейишади Чимкентдаги одамлар — «Аммо қозоқча билган ўзбекларнинг ўсиши яна осон. Давлат ишида миллат панд бериб қолиши мумкиндир, лекин тижоратда йўллар кенг очиқ».
Бугун ўртаҳол маҳаллий ўзбеклар аксар бозорларда ишлашади. Сармоядорлар ё ресторан, ё дўкон юритадилар. Ўта ишбилармонлар бемалол катта тижоратни бошқаришлари мумкин.
Қозоғистондаги миллиардлар бойлар рўйхатида бугун ўзбек миллати вакиллари ҳам етакчилик қилишади.
Ўзбек тили ва маданиятини асраб қолиш ва ривожлантириш йўлида маданий тадбирлар ташкил этиш ёки нашрлар очишга уринаётганлар ҳам бор. Фақат бу каби нашрлар ҳали ўзбек диаспораси орасида оммавийлашган ва ё жамоани бирлаштириш йўлида ктата муваффақиятларга эришган, дейиш қийин.
Чимкент ё Туркистонда ҳоҳ маҳаллий, ҳоҳ Тошкентдан келган бўлсин — ўзбекча нашр ва адабиётлар анча камёб.
Брион нашр бўлса олиб ўқирман, деган хаёлда ўзбекча газета сўрагандим, сотувчи ўзбек аёли «Бу ер Қозоғистон, ўзбекча газета кимга керак» деб жавоб берди.
Аммо ўзбек фильмлари ва ашулалари оммабоп. Зотан бу ердаги ўзбеклар орасидан Тошкентда ижод қилаётган кўплаб машҳур хонанда ва мусиқачилар етишиб чиққан.
«Ўзбек ўзимники»
Кўп ҳолларда қозоқлар ўз тилларида яхши гапира олишмайди. Ана шундай мабодо ўзбекчани сал ўзгартириб, қозоқчага яқинлаштириб гапирсангиз, одамлар сизни ўзгача меҳр билан қабул қилади.

«Тилинг буралиб, буралиб чиқади, қандай қозоқча бу?» — деб сўраркан, Қизилўрдада мен гаплашган балиқчи опахон ўзбеклигимни билгач, хурсандчилигини яшириб ўтирмади — «Айланайин, Ўзбек ўзўмники».
Қозоғистон жанубида азалдан яшаб келган ўзбеклар сони ўртача ярим миллион атрофида, деб билинади. Бу расмий рақам Туркманистон истисно бошқа Марказий Осиё мамлакатларига қараганда камроқ.
Лекин Ўзбекистондан келаётган муҳожирлар ҳисобига улар сони ошиши мумкинлиги ҳақида ҳам фикрлар айтила бошланган.
Айрим таҳлилчилар келаси 10 йил ичида ўзбеклар мамлакатдаги иккинчи йирик миллатга айланиши ҳам мумкин, деган баёнотларни беришади.
Бироқ аксарият айни хавотирларга эътибор бермайди ва ишга келаётган ўзбекларнинг аксарияти Қозоғистонда яшаб қолиш эмас, балки бирмунча вақт ишлаб, ватанига қайтиб кетишни мақсад қилган муҳожирлардир, дейишади.
Яқин ва олис Тошкент
Ўзбекистондаги адабиёт, санъат ва илм-фанда Қозоғистон ўзбекларининг мавқеи ҳар вақт баланд бўлиб келган. Чунки улар минтақанинг энг йирик шаҳри ва ўз даврида бутун Марказий Осиё «пойтахти» бўлган Тошкентга яқин яшаган четдаги ўзбеклардир.
Аммо бугун Қозоғистон ўзбеклари учун Ўзбекистонга интилиш анчайин мушоҳадали масала. Айниқса, тобора кўплаб ўзбеклар энг оғир ишларни бажаришни бўйнига олиб Қозоғистонга келаётган бир пайтда, Тошкент пропискаси улкан орзу эмас.
«Аммо ишинг бўлса, барибир, Тошкентда яшаш яхши. Лекин у ерда иш йўқ-ку, ҳамма бу ерга келади» — дейди бозордаги нонфуруш опахон — «Ўзбекистондаги қариндошларим имкони бўлса, Қозоғистонга кўчиб келишни истайдилар, лекин Ўзбекистонни кўзлари қийишмайди».
«Қозоқлар эса бу ерга кўчиб келишмоқда, чунки улар ҳам ўз миллати ичида бошини кўтариб яшашни исташса керак. Кейин бу ерда имкониятлар ҳозир яхши».
Аҳолиси камаётган Қозоғистон четдаги қозоқларни чорлашни давлат сиёсатига айлантирган.
Бироқ Ўзбекистон шароити мутлақо бошқача. Ўзбекистон аҳолиси Қозоғистондан икки баробар кўп, табиий бойликлари эса анча кам, мамлакат иқтисоди шашти эса жадал кўпаётган меҳнатга лаёқатли ёшлар учун иш ўринлари яратишга улгурмаяпти ва ё бу борадаги ҳаракатлар суст.
Хуллас, Қозоғистонда ўзлари учун каттароқ тижорат ва пул топиш имконларини кўрадиган бу ерлик ўзбеклар совет давридаги Тошкент ҳаётини орзу қилмай қўйишган кўринади.
Бироқ маданият, санъат, тил ва адабиёт бобида сўз кетаркан, улар учун бош имкониятлар юрти бу — Ўзбекистон.
«Қозоғистонда биз ўз тилимиз ва маданиятимизни асраб қолиш ҳақида гапирамиз» — дейди муаллимлик қиладиган суҳбатдошим — «Ўзбекистонда эса гап асраб қолиш эмас, балки тилинг ва маданиятингни тараққий эттириш ҳақида ўйлайсан. Бу икки тушунча ўртасида эса фарқ катта».
Аммо икки мамлакат ўртасида ҳам фарқ тобора каттармоқда.