Улуғ ёзувчи Одил Ёқубов умр йўлдоши Марям ая хотираларидан (13-14)
Айрим ҳолларда Дўрмондаги Ёзувчилар боғида ишлар, лекин энг яхши кўрган жойлари Москва яқинидаги Переделкино ва Малеевкадаги ёзувчиларнинг Ижод уйлари эди.
Тошкентда фикрлари жамлангандан сўнг ёзиш эҳтиёжи туғилиб, кўпроқ ўз ҳисобларидан таътил олардилар-да, у ерга равона бўлардилар.
Ишонсангиз, бир ойда катта романнинг «суяги»ни тиклаб, сўз билан ифодалаш қийин бўлган жуда кўтаринки кайфиятда қайтиб келардилар.
Ана шундай ижодий сафарлар давомида кунда, кунора мактуб йўллаб, бизнинг ҳолимиздан хабар олардилар. Ўзлари узоқда бўлсалар ҳам, оилавий муаммоларни ҳал қилардилар.
Переделкинодан Тошкентга қайтишда Москва орқали самолётда училарди. Ҳар сафар самолётга чиқишдан олдин роман қўлёзмасини ниҳоятда эҳтиётлаш чорасини кўриб қўярдилар. Қўлёзмалар солинган иккита қалин папкалар устига ручкада «Это рукопись узбекского писателя Адыла Якубова. При утери прошу вернуть за хорошее вознаграждения», деб уй манзили ва телефон рақамини ёзиб қўярдилар. Шундан билингки, асарнинг қаймоғи айнан мана шу папкаларда. Қайтиб келганларидан кейин эса маза қилиб унга сайқал берардилар. Переделкинога ҳар сафар борганларида папкалар устига юқоридаги «визитка» бўлиб қолган илтимосларини ёзиб қўйишни эсларидан чиқармасдилар. Ўз қўллари билан ёзилган бундай «устхатли» папкаларни сақлаб қўйганман. Уларни қўлимга олсам, ўша кунлар кўз ўнгимда намоён бўлади.
Руҳий ҳолат
Тез-тез ҳовли ёки кўчамизнинг у бошидан бу бошига юриб, ўзлари билан ўзлари гаплашган ҳолатдаям асарни пишитардилар. Бу жараёнда ўнг ёки чап қўлларининг тирсагидан озроқ букиб, кўрсатгич бармоқларининг учигача силтаб-силтаб қаҳрамонларини «гапиртирар» эдилар. Монолог ва диалоглар пишиб етилгач, дарров уйга кириб, қоғозга ёки тик турганча ён дафтарга туширардилар. Бирор асарни бошлашдан аввал шу асар бўйича туғилган фикрларни ёнларидаги блокнотга, албатта, тушириб олардилар. Ана шу блокнотларда ёзилажак асар санаси, сабаби, уни ёзишдан олдинги ўзларининг руҳий ҳолатларини айтиб, персонажлар, қаҳрамонлар, образларни мухтасар тарзда «пишириб» олардилар. Шунингдек, Қуръон оятлари, айрим арабча, форсча, русча сўзларнинг маъноларини ёзиб қўярдилар. Шундай қайдлардан иборат қирққа яқин блокнотлар сақланганки, уларда аксарият асарларнинг хамиртурушлари, ижодий сафарлар давомида кўрган-кечган ҳолатлар, турли қаҳрамонларнинг сийратлари ўз аксини топган. Костюмларининг ташқи ўнг чўнтакларида доим иккита-учта ручка юрарди. Етмишинчи йилларнинг ўрталаригача, ҳатто «Улуғбек хазинаси»ни ҳам сиёҳли ручкада ёзганлар. Аксар ҳолларда столга газетани ёйиб, унинг устига тоза қоғозни қўярдилар. Чарчаган ёки хаёл сурган кезларида газета ҳошиясига айрим чизги ва белгилар, сўз ва рақамлар, ғаройиб ибора ва ҳикматли сўзларни ёзиб, айниқса, Пушкиннинг машҳур профилини чизиб қўйишни хуш кўрардилар. Чуқурроқ хаёлга чўкканларида эса бояги газета ҳошиясидан бир парчани йиртиб олиб, бош ва кўрсаткич бармоқлари орасида буклар, юмалатар ёки чайнаб ўтирардилар. Бир нуқтага қараганча узоқ ўйланиб қолардилар. Ана шундай ҳолатларда уларга халақит бермасликка, ўйларини бузмасликка ҳаракат қилардик. Олдиларига чойнакда чой, бир чақмоқ қанд ёки новвот келтириб қўярдим. Бесасгина қадам босганимдан келиб кетганимни билмай қолардилар. Ҳеч қачон қайноқ чой ичмаганлари учун қайноқ чой олиб келганимни айтишим шарт эмасди. Чой совигач, ўринлардан турган ҳолда чойнакнинг ўзидан бир-икки ҳўплаб ичишни афзал кўрардилар. Ижод ўртасида толиққанларида катта тош ойна яқинига келиб, соқоллари тоза олинган-олинмаганлигини кўздан кечирардилар-да, анчайин ўнг қўлларини кўтариб ёки шимларининг ўнг чўнтагида юрадиган майда тароқлари билан сочларини текислаб, «хў…ў…ш» деб қўярдилар нимадандир мамнун бўлиб. Ва яна хаёлга чўмиб кетардилар. Ўзларига «қайтганларида», болаларга қилиниши лозим бўлган вазифаларни топшириб, дам олишга ёки ишга отланардилар.
Ўзларига ярашадиган бу одат ва ҳолатлар деярли ўзгармади. Кўриб турибсизки, уларнинг ҳаммаси оддийгина, табиий.
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ