Улуғ ёзувчи Одил Ёқубов умр йўлдоши Марям ая хотираларидан (11-12)
Инсон қаерда яшамасин, ўша жойни «ўзиники» қилиб, обод ва озода сақлаш учун тиниб-тинчимайди.
Янги ҳовлимизни эпақага келтириш, кўчани текислаш, телефон ўрнатиш, хуллас, обод маҳалла ва рисоладагидай уйда яшаш учун Одил ака иккимиз бор кучимиз билан ҳаракат қилдик.
Ёшлик деб аталмиш умр баҳорида инсоннинг танаси куч-ғайрат, энергияга шу қадар тўла бўларканки, киши чарчоқни ҳам ҳис қилмас экан.
Қанча меҳнат қилсанг ҳам, бир ухлаб турсанг, тананг яна енгил, чарчоқлар батамом чекинган бўларкан.
Шунинг учун бўлса керак, доим масъулиятли вазифаларда меҳнат қилишларига қарамай, «Ишдан чарчаб келдим», деган гап Одил аканинг оғизларидан чиқмасди.
Янги ҳовлимиз икки катта завод оралиғидаги маҳалла – Оққўрғон ариғи бўйида эди. Бир томондан, «Ўзбексельмаш», яна бир томондан, Экскаватор заводлари чиқиндисини келтириб кўчаларга тўкиб кетишарди. Кўчалар ёзда чанг, қишда лой бўларди.
Янги маҳаллада кўчани асфальтлаш, телефон ўтказиш учун 20 та симёғоч ўрнатиш, табиий газни улаш, канализация каби бир дунё ишларни амалга ошириш учун саводли, оқ-қорани танийдиган бир киши бош-қош бўлиши лозим эди.
Бундай жамоат ишларига қўлидан ёзиш-чизиш келадиган, турли идораларда музокара олиб бориб, яхши натижаларга эришадиган Одил ака масъул бўлиб қолдилар.
Шундай қилиб, қўни-қўшнилар Одил акани «ўзлариники» қилиб олишди. Барча тааллуқли идораларга бўладиган югур-югурми, усталарнинг ишларини жонлантиришми, хуллас, жамоат ишларини ташкил этиш ҳам «маҳалла фаоли» Ёқубовнинг зиммасига тушди.
Шунинг билан бирга Одил ака, шак-шубҳасиз, ижод машаққатидан ҳам лаззат олардилар. Ҳар куни тонгда ва кечки овқатдан кейин столга мук тушганларича ижодга шўнғирдилар.
Асарларини бир неча марта қайта-қайта ёзардилар. Ишлаётганларида атрофлари қоғозга тўлиб кетарди. Мен уларга халақит бермасликка тиришардим.
Машаққатли, тинимсиз ижодий жараён кетма-кет ўз самарасини кўрсатарди. «Муқаддас»дан кейин 1961 йилда «Тилла узук», 1962йилда «Ларза», 1963 йилда «Бир фельетон қиссаси», 1965 йилда «Эр бошига иш тушса», 1969 йилда «Қанот жуфт бўлади» ва «Матлуба», 1970йилда эса «Излайман» роман ва қиссалари дунё юзини кўрди.
Бу асарларни ҳам адабиёт аҳли ва китобхонлар илиқ қаршиладилар.
«Тановар»
Юқорида айтганимдек, 1960 йилнинг аввалида янги участкани чала битириб кўчиб келдик. Сир эмаски, янги уйда қурилиш ишлари билан бирга уйни жиҳозлаш бўйича ҳам анча-мунча ҳаракат қилишга тўғри келади.
Энди эски уйдаги бор жиҳозларимиз янги уйнинг биргина хонасини тўлдирса тўлдирар, бўлмаса бу ҳам йўқ. Чилонзордаги уйимиздан биз билан бирга кўчиб келган эски «Саратов» музлатгичи ва бошқа жиҳозлар рўзғоримизга 1970-йилларгача асқотган.
Мен кунда музлатгич эскилиги, яхши совитмаётгани, келаётган меҳмонларга идиш-товоқларнинг етишмаётгани, баъзи хоналарда эса гилам йўқлигини айтиб хархаша қила бошладим. У даврларда ҳар бир буюмнинг ўз «торги»[1] бўлар, уларнинг эгалари Одил акани яхши танишар, ҳурмат қилишар, бироқ Одил ака уларга бориб илтимос қилишни хушламасдилар.
Одил аканинг доимий ҳамроҳи – 1950-йилларда жуда машҳур бўлган «Белорусь» русумидаги радиомиз бўларди. Унинг бош қопқоғида ликопча қўйиладиган патефони бор эди.
Одил ака мумтоз мусиқаларимиз ёзилган ликопчаларни тез-тез олиб келардилар. Уйда жиҳозлар эскилигидан, ҳатто телевизоримиз йўқлигидан нолиб, аразлаган маҳалимда у киши Маъмуржон Узоқовнинг ликопчасини қўярдилар-да, секин кўрпачага бориб ўтирардилар.
Хонада «Тановар»нинг дилтортар саси янграши баробарида: «Қани, бир соллана-соллана рақс тушинг, хоним», дея қарсак чала бошлардилар. Бир муддат уйнинг бурчагида аразлаб, тўмтайиб турардим. Одил ака яна қошлари билан имлардилар.
Мен қўзғалмай тураверганимдан кейин паст овозда гап бошлардилар: «Болалик вақтларимизда, Қарноқдаги бир қўшнимизда патефон бўларди. Унда «Тановар» куйи янграса, бутун қўни-қўшнилар уни тинглашга ошиқарди. Мукаррама опа куйга монанд шундай рақс тушадилар-ки, дилингиз яйрарди.
Худо хоҳласа, келажакда шу опа ҳақида бир чиройли очерк ёзаман, деган ниятим бор. Ҳозирча сиз Мукаррама хоним бўлиб рақс тушиб бера қолинг. Бир кўнглимиз ором олсин», – дедилар.
Одил ака завқ билан тебраниб куй эшитиш асносида қўллари билан секин-секин чапак чалар, ҳадеб бошлари билан имлаб мени рақс тушишга даъват этардилар.
Шунда гиналарим ҳам унут бўлиб, ёримнинг кўнглини олиш учун қўлларимни кўтариб «Тановар»га рақс туша бошлардим…
(давоми бор)
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ