Зокиржон Иброҳим: Ўрдак кўли воқеаси
Бошқа ватандош дўстларимиз бўш вақтларини қандай ўтказишаётганини билмадиму, лекин мен ўзим яшаб турган бегона юртда балиқ овлашни эрмак қилиб олдим.
Ха-да, шу баҳона кўнгил анча ёзилиб, асаблар жойига келади.
Дастурхонингиздан эса балиқ ва ундан тайёрланадиган таомлар ҳам узилмайди.
Биз яшайдиган уйдан денгиз бўғозигача атиги бир чақирим бўлиб, у ерда бир неча балиқ турлари бор. Энг кўп тарқалгани бу – олабуға (окунь), зоғорабалиқ (линь, карп) ва чўртан балиғидир.
Олабуғани гўшти жуда мазали, лекин билмаган одамга овлаш қийинроқ. Чўртанни тутиш осонроқ бўлса-да, у бемаза балиқдир. Шунинг учун бу ерда яшовчи махаллий аҳоли ушбу балиқни унча хуш кўрмайди.
Бўғоз бир-бирига туташган бир неча кўллардан иборат бўлиб, бу ерга сув денгиздан оқиб киради. Балиқлардан ташқари сув ҳавзаси оққуш ва ёввойи ўрдакларга лиқ тўла. Лекин уларни овлаш қатъиян ман қилинган.
Мен балиқ овлайдиган жойимни ўрдаклар кўп бўлгани учун “Ўрдак кўли” деб атайман.
Бир куни худди шу ўрдак кўлида антиқа воқеа содир бўлди. Одатдагидек, мен қармоқ ва бошқа ов қилиш учун керакли бўлган анжомларни йиғиштириб, хотиннинг дод-войига ҳам қарамай ( у бечора ҳам балиқ тутиш касаллигимдан безор бўлган), балиқ тутишга шайландим.
Велосипедни миниб тез орада севимли жойим – “ўрдак кўли”га етиб келдим. Куз келгани учун хаво анча совиб қолганди. Мен кўприк ёнида олабуға балиғини тутиш учун керакли бўлган хўрак, яъни майда қисқичбақа(креветка)ни қармоққа санчдим-да, сувга отдим.
Қарасам, сув тескарисига оқяпти. Ўша куни денгизда сув кўтарилиб (океан ва денгизларда шундай бўлиб туради) ичкарига қараб оқаётган экан. Буни рус тилида “прилив” дейишади.
Одатда прилив вақтида балиқ тутиб бўлмайди. Чунки хамма балиқлар қарама-қарши томонга, яъни денгизга қараб кетади. Ов учун бўлган харакат эса зое кетиши мумкин.
Ярим соатга яқин қармоқни сувга ташлаш билан овора бўлдим, балиқдан эса дарак йўқ. Шунда нарсаларни йиғиштириб уйга қайтмоқчи бўлдим. “Сўнгги марта”- дея, қармоқни сувга ташладим. Ғира-ширада қармоққа нимадир илинганини сездим ва ипини орқага ўрай бошладим.
Бир пайт, не кўз билан кўрайки, қармоқда балиқ эмас, кичикроқ бир ўрдак чиқиб келяпти. Сув юзига чиққан заҳоти у ўзини ҳар томонга уриб, ғағиллай бошлади. Тумшуғида эса хали ютиб улгурмаган қисқичбақа гўшти илмоқ билан бирга санчилиб турарди.
Мен дархол уни қармоқдан озод қилиш учун харакатга тушдим. Ахир худо кўрсатмасин, биров кўриб қолса борми? Нақд балога қоламан. Табиатни мухофаза қилиш ташкилоти билиб қолса, ўрдакни хафа қилганим учун каттагина жарима ундиради-я!.
Ўрдак қирғоққа келгунича питирлаб қармоқдан чиқиб кетди, лекин учиб кетишни хаёлига ҳам келтирмади. Мен уни олдида ўзимни айбдор хис қилиб, шиша идишдаги қисқичбақаларни олдим-да, ўрдакка қарата отдим.
Парранда эса мендан хафа эди. У мен ташлаган емишларга қайрилиб ҳам қарамади. Қаттиқ ғағиллаганича нариги томонга суза кетди.
Қиссадан хисса шуки, бу ўлкаларда инсонлар ўзига тўқ бўлгани учун табиат қонунларини бузмас экан. Яъни ёввойи қуш ва паррандаларни хар ким ов қилмас, хатто уларга озор етказмас эканлар.
Буни қаранг, хайвонларнинг хуқуқлари қанчалик ҳимоя остида. Бизнинг диёрларда эса инсонни шу жониворларчалик қадр-қиммати қолмаган. Шуларни ўйлаб, хафа бўлиб кетасан киши.
Хуллас, балиқ овлашга қизиққан ватандошларни “Ўрдак кўли” га таклиф этаман. Фақат эндиги ов январ ойининг қаҳратон кунлари, кўл музлаганда бошланади.
Совуқ бўлса-да, музни тешиб, балиқ тутишни ҳам ўзига хос гашти бор.
Баҳор ҳам балиқ ови учун яхши фаслдир. Лекин баҳорда баъзи балиқлар, масалан олабуға ва чўртанни овлаш икки ой таъқиқланади. Сабаби бу ойлар уларнинг урчиш даври хисобланади.
Хозир эса бўғоздаги балиқлар таътилда. Бу албатта бор-йўғи бир хаваскор балиқчининг фикрлари эди.
Зокиржон Иброхим,
Швеция, 2008 йил.
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ