Абулқосим МАМАРАСУЛОВ: МЕН ҚАНДАЙ ЁЗУВЧИ БЎЛГАН ЭДИМ (3)
МЕН ҚАНДАЙ ЁЗУВЧИ БЎЛГАН ЭДИМ (3)
Ёки Одил Ёқубов ҳақида ҳотиралар
Б а д и а
Мен ўшанда жавоб бера олмаганман. Ўз устимда ишлайвериш натижасида билдимки, яхши ёзувчи бўлиш учун аввало саъвия керак экан. Ёзувчилик саъвияси! О! Бунинг келиши жуда қийин! Айнан ана шу саъвия етишмаслигидан қанча-қанча ёзувчиликни ихтиёр этиб, қўлига қалам тутганларнинг асарлари “юлдуз кўрмай жон беради”.Тушунганим ва амалда билганим шуки, саъвия ошиши учун бошқаларнинг ижодини ёзувчи нуқтаи-назаридан туриб кўп ва хўп ўқиш ва уқиш керак. Киши қанчалик кўп нарса ўқийверса, жуда кам нарсани билишини англаб боравераркан. Ҳеч нарса ўқимай юрган пайтларинг эса ўзингча дунёнинг барча сир-асрорлари сенинг қошингда тиз чўкишга мажбурдай бўлиб юраверасан.
Хуллас, 1979 йил ноябрида мен романни ташлаб қўйгандим. Уни давом эттириш ва тугатиш учун менда ҳеч қандай куч ва хоҳиш йўқ эди.Бундан ташқари Одил Ёқубов ўзининг кейинги йиллардаги бир қатор чиқишларида айрим ёшлар ҳеч нарсаси ҳеч ерда чиқмаган бўлса-да, редакцияга биратўла роман кўтариб боришини, аслида ишни ҳикоядан бошлаш лозимлигини кўп уқтирарди. Ўйлаб қарасам, Одил ака айтаётган ёшларнинг бири менман. Аввал роман ёздим. Кейин қисса. Энди ҳикояга тушсам ҳам бўлаверадиган вақт етди, шекилли.
Шундай қилдим ҳам.Тинмай ишлаб, бир ҳафтада бешта ҳикоя ёздим. (Зўрми?) Ўша кунлари санаторийда тошкентлик номдор бир профессор ҳам дам олаётганди. У раҳбарларнинг алоҳида назоратида эди. Кўплар фалон эмиш, пистон эмиш, деб ваҳима қилиб юришарди. Мен парво қилмасдим. Чунки ўзимизнинг Самарқанд университетимиз ҳам профессорларга бой бўлиб, уларни кўравериб, лекцияларини тинглайвериб, кўзим пишиб кетганди. Ўшаларнинг бири-да! Авлиё бўлармиди. Бир ҳафталардан кейин билсам, профессор – Озод Шарафиддинов экан. Кўплаб танқидий мақолаларини қизиқиш билан ўқиганим, ёшлар адабиётига эътибор берадиган танқидчи, “ўзбекларнинг Белинскийси”! Қулоқларимга ишонгим келмасди. Кўрганлар, Озод Шарафиддиновни зўр шахматчи дейишди. Ўзи билан ўзи ўйнаб ўтираверадимиш. Шахматни мен ҳам яхши кўраман. Кўп мусобақаларда қатнашиб, совринли ўринларни ҳам олганман. Мен ҳам ўзим билан ўзим ўйнаган вақтларим бўлган, аммо кўпинча бунга вақт тополмаганман. Билишимча, Озод домла алоҳида палатада яшар, кўпинча ёлғиз ўзи қоларди. Албатта, зерикса керак. Китоб ўқишу, шахматнинг ҳам чегараси бор, ахир! Ўйлаб-ўйлаб, бир ҳафтада ёзган ҳикояларимдан иккитасини танлаб олиб, Озод домланинг хонасига эрталаб кириб бордим. Ўзимни таништирдим. Ҳикояларимга фикр билдиришини илтимос қилдим.
О, менинг Озод домлага кўрсатган ҳикояларим! Эсласам, ҳозир ҳам уялиб кетаман. Ҳикоям – қўлёзма. Кўп жойларини чизиб, тўғрилаганман ва шу ҳолатда оққа ҳам кўчирмай, кўтариб борганман. (Энди билсам, бунинг турган-битгани маданиятсизлик ва ҳурматсизлик экан). Аммо ўшанда бу тўғрида ўйламасдим. Фикру-ёдим домла билан яқинроқ танишсаму, домла ҳикояларимни ўқиб, йиғласа, мени қучоқлаб ўпса, “ўзбек адабиёти шундай ижодкордан бебаҳра бўлиб ўтириптими-я!”, деганча қўлимдан етаклаб адабиёт оламига олиб кирса, ва ногоҳ мен ўзимни машҳур кўрсам, ва не-не казо-казолар ҳайратдан ёқа ушлашса… Шу ўйгина мени ҳаяжонлантирарди. Шу ўйгина мени ташвишга соларди. Ногоҳ пайдо бўлган имкониятдан фойдаланиб қолмоқчи эдим, холос.
— Майли, тушдан кейин келинг, ўқиб қўяман, — деди домла.
Биз ўша куни домла билан узоқ суҳбатлашдик. Домла мени чойга таклиф қилди. Шундоққина столнинг четида шахмат қутиси турарди.
— Шахмат ўйнаймизми, домла, — дедим бор иродамни ишга солиб. Ҳар қалай ўзбекнинг забардаст танқидчиси билан бетма-бет ўтирардим. Бу мен учун кутилмаган бахт эди. Мен ҳамма нарсага тайёр эдим. Ҳатто аёвсиз танқидга ҳам. Ахир икки йилдан бери танқид эшитавериб, терим эшакникидан ҳам қалинлашиб кетган, унча-мунчасига мутлақо парво қилмасдим. Мен билишни истардим: ижод қилсам бўладими, йўқми? Мендан ёзувчи чиқадими, йўқми? Тўғри, шу пайтгача дуч келган барча “танқидчиларим” менда талант борлигини тан олишган, аммо бу гапни Озод домладан эшитиш мутлақо бошқа нарса эди.
Биз уч партия шахмат ўйнадик. Ҳар сафар ўйин охирига қадар баб-баравар борар, лекин ўйин охирида домла усталик билан мени доғда қолдирарди. Бундан ташқари мен ўйин охирида кучлар тенг бўлса, яхши ўйнолмасдим. Комбинацион ўйинларни хуш кўрардим. Ўйин ўртасида бир-иккита фигурани бериб бўлса-да, комбинация уюштирар, ўшанда рақибимни ютсам ютдим, йўқса, ўйиннинг охирига мен чидамсиз эдим. Чунки комбинация туфайли мен бир-иккита фигурани бой берган бўлардим. Озод домла худди ана шундай эндшпил устаси экан. Ўйин ўртасида менинг ҳамма “даҳшатли” ҳужумларимни совуққонлик билан бартараф этиб, кейин партияни осонгина ниҳоясига етказарди. Агар домланинг ўзи ҳужум қиладиган бўлса, — ундан худо сақласин! – ҳар қанча мудофаага ўтманг, бари бир ютқизасиз. Ҳисоб 3:0 га етгандан кейин ўйинни тўхтатдик. Кейин домланинг илтимоси билан қисқача таржимаи ҳолимни, адабиётга қандай кириб келганимни, ижод йўлимни гапириб бердим. Кейин домла икки ҳикоям хусусида фикр билдирди. “Армон” номли ҳикоям, унда айтмоқчи бўлган гапим домлага ёққан экан, ўзи ҳам ҳикоямга ўхшаш воқеалардан айтиб берди. Ҳикояни яхши бошлаганимни, яхши давом эттирганимни, яхши, жиддий ҳикоя эканини, аммо охирини комик усулда тугатиб қўйганимни айтди. Ҳикояда бир кампир Мирзачўлга, катта ўғлиникига бормоқчи. Буни энг кичик ўғлидан илтимос қилади. “Хўп” жавобини ҳам олади., аммо ҳар хил сабабларга кўра кенжатой онасини айтилган жойга олиб боролмайди. Кенжатой вақт топиб етиб келганда кампир ўртанча ўғли билан кетган бўлади. Ҳикоя шу билан тугайди. Айнан кампир ҳажвиябоп гапларни айтиб кетиб юборган бўлади. Озод домла ҳикояда жиддий масала кўтариб чиқилганини, уни жиддий якунлаш кераклигини айтди. Кенжатой етиб келганда кампир ўлиб қолган бўлсин, деди Озод домла. Ана унда ҳикоянинг таъсири бир неча баробар кучайиб кетади. “Ҳикоя техникасини ҳам унча яхши билмайсиз”, деди домла. Ҳикояда тил масаласига келганда, рус филологиясида ўқиганимни эшитиб: “Ҳа, сиздан бундан ортиғини талаб қилиш ноўрин”, деб қўя қолди. Иккинчи ҳикоям “Саман той”ни тан олмади. Чўзилиб кетганини, ярмини олиб ташлаб, иккинчи ярмидан ажабтовур ҳажвия ясаш мумкинлигини айтиб, бунга мисол тариқасида бир нечта сюжет ҳам кўрсатди.
Биз ўша куни анча суҳбатлашдик. Умумий суҳбат мазмунидан хулоса қилсам, яна эски гап келиб чиқаётганди: менда талант бор, ёзаверсам бўлади. Аммо тилим ғализ, яъни боқилаверсам, одам бўлиб қолишим мумкин. Ўшанда Озод Шарафиддинов домла билан роса бир ҳафта бирга бўлдик. Куннинг кўп вақтини сайр қилиш, шахмат ўйнаш билан ўткизардик. Шахматда ҳалиям эски ҳол эди. Ҳужум қиламан, эдшпилгача баравар ўйнаб бораман ва … ютқазаман. Дурангга, ҳатто ютуққаям яхши имкониятларим бўлади, аммо нимадир бўлиб,уларни бой бераман. Ўйин ўртасида комбинация уюштиришимга эса домла йўл қўймайди.
Бир ҳафталардан кейин домла кетди. Мен шиддатли равишда янги ҳикоялар ёзишда давом этдим. Ҳатто ёзганимни таҳрир қилишга ҳам вақт йўқ. Ёзаман, битираман, бир четга сураман-да,иккинчисини ёза бошлайман. Миямда сюжетлар ғуж-ғуж. Мени ёз, дея бир-бири билан талашиб ётипти. Битта ҳикояни эрталаб ёзиб ташласам, кечгача дам оламану, кечқурун янгисини бошлайман, уни ҳам эрталаб тугатаман. Ўшанда қирқ кун давомида йигирмадан зиёд ҳикоя ёзиб ташладим. Ўша вақтдаги асосий камчиликларимдан бири шу бўлганки, ўз ёзганимни ўзим таҳрир қила олмасдим. Биринчи марта қандай ёзсам, шундайлигича қоларди. Қайси жумлани олиб ташлаш керак, қаерга қандай жумла ёки сўз қўшиш керак – билмасдим. Тилим эса – ўзингиз сезгандай. Кейинчалик бир муҳаррир билан бирга ўтириб, “Армон”ни таҳрир қилдик. Муҳаррир менинг кўз ўнгимда кўп сўзларни, жумлаларни ўзгартирди. Ўрнига қўйган сўзлари, жумлалари меникига нисбатан яхшироқ, ширалироқ эди. Муҳаррир аямай айрим абзацларни бус-бутунлай олиб ташлади. Бу ҳикояга ҳеч қандай таъсир қилмади. Аксинча, ҳикоя яхлитроқ, бус-бутунроқ ҳолатга кириб, ҳар бир эпизод, ҳар бир ҳолат, ҳатто ҳар бир сўз ҳикоя яхлитлигига хизмат қиларди. Бу – таҳрир бобида менга катта дарс бўлди. Ўшандан кейин ўзим ёзганларимни бемалол ўзим таҳрир қила оладиган бўлдим. Агар баъзи эпизодларни ортиқча деб билсам, аёвсиз, раҳмим келмасдан қисқартиб ташлайвераман. Илгари менда шу нарса етишмасди. Ёзган ҳар бир сўзим кўзимга яхши кўринаверарди.
(давоми бор)
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ
Abdurasul,
Sochni yana yuvmapsiz-ku? sovun yo’q-mi? Bir pachka yuboraman. Adresizni bering.
Олимбек, сизнинг томингиз сал жойидан силжиган куринади. Зудлик-ла Психиатр куригидан утишингиз шарт! Иложи булса исми шарифингизни психиатрик диспансер кайдига ездириб куйинг-у доимий назоратда туринг!