Улуғ адиб Одил Ёқубовнинг умр йўлдоши Марям ая хотираларидан (6-10)
Инсон учун энг зарури ўз уйи – ўлан тўшаги. Агар ўз уйи бўлса, кишининг кўнгли хотиржам, уйқуси тинч бўлади. Бировнинг уйида яшаганда эса ўйлаб қадам босиб, минг ўлчаб чироқ ёқаркансан, киши.
Бир муддат ижара уйда яшаб, унинг машаққатларини чуқур ҳис қилдик. Одил ака ҳам ҳар куни бир марта: «Мар, жоним, бир оз сабр қилгин, ҳадемай ўзимизнинг уйимиз бўлади, кейин оёғимизни узатииб ётамиз», – дердилар. Мен эса кулиб: «Нима, ҳозир оёғингизни узатолмаяпсизми?» – десам, у киши: «Менинг-ку аҳволим ўзимга аён, сенинг олдингда хижолатдаман-да», – дердилар.
Хуллас, бир йилдан сўнг омонат ижара уйнинг барча ташвишларидан қутулишга муяссар бўлдик. Бу хабарни келтирган кундаги ҳолатлари кўз олдимдан кетмайди. «Мар, хоним, суюнчи!» – дедилар эшикдан кирар-кирмас. «Энди бизнинг ўз уйимиз– ўлан тўшагимиз бор. Майли, бир оз тор-ку, лекин ўзимизники-да».
Кузнинг илиқ куни бўлишига қарамай, Одил аканинг пешоналаридан реза-реза тер оқар, қувончдан энтикиб нафас олардилар. Шунда Одил аканинг муқаддас оиламиз олдидаги масъулиятни сезиши, унинг мустаҳкамлигини таъминлашда эркак кишининг ўрни муҳимлигини, бошпана эканликларини чуқур ҳис қилишларини кўриб қувонганим ёдимдан чиқмайди.
Пойтахтнинг маркази – Амир Темур хиёбонининг биқинида жойлашган Ёзувчилар уюшмаси тасарруфидаги бинодан бизга бир хонали уй беришди.
Курант қаршисидаги бу уйда олимлар, санъаткорлар, хуллас, бир сўз билан айтганда, ўша даврнинг машҳурларидан кўпчилиги истиқомат қилганлари сабабли ҳовлисига кираверишда қоровулхона бўларди.
Ҳар сафар ишдан қайтаётганларида Одил ака ўша қоровулхонага кириб, қоровул чол билан бир пиёла чой ичиб, бир оз гурунглашиб, кейин уйга кирардилар. Баъзи кунларда Одил акани ҳовлида кўриб, овқатимни суза бошлардим. Бироқ у киши қоровул билан узоқ гурунглашиб қолсалар, овқатим совиб, бир оз жаҳлим чиқарди.
Уйга кирганларидан сўнг: «Тенг-тенги билан-да, бир соат қолдингиз ўша қоровул чолнинг ёнида», деб иддао қилсам, Одил ака: «Қизишманг, одамни ажратиш керак эмас, уч хонали уйда яшайдиган Фалончиев ҳам, ўша қоровул чол ҳам мен учун бир хил – иккаласи ҳам Оллоҳнинг бандаси. Ўша киши борлиги учун биз хотиржам яшаймиз. Бир оз кўнглига қарагим келди-да», – дердилар.
Фарзанд қувончи
Янги уй қувонч устига қувонч келтирди. 1956 йил 14 ноябрда ўғлимиз Муроджон дунёга келди. Туғруқ бир оз қийинчилик билан ўтди. Лекин фарзандимни бағримга босган лаҳзадаёқ чеккан азобим ёдимдан кўтарилди. Чақалоғимнинг «инга»сини эшитган куним мендан бахтли одам бу дунёда йўқ эди, гўё. Шундай онларда ҳамшира қўлимга мактуб тутқазди.
«Эркам, гўзалим, ақллим!
Аввало «она» деган номни олганингиз билан олам-олам табриклар ва ташаккурлар.
Менинг йўқлигим оқибатида тўккан ҳар бир қатра ёшларингиз, ҳамма азоб-уқубатларингизни мен ҳам бир-бир кечириб чиқдим, лекин шунда ҳам бу изтиробларингиз учун ўзимни чуқур гуноҳкор ҳисоблаб, қаттиқ кечирим сўрайман. Сиз, албатта, «эгилган бошни қилич кесмас», деб ўйлайсиз, бироқ ишонинг, эркам, мен кечаси билан ўйлаб, қаттиқ азобланиб чиқдим.
Майли, эркам, бу оғир қийинчиликлар эвазига ўғиллик бўлибмиз. Сиз она, биз ота бўлибмиз. Бу шундай катта, ҳатто шундай улуғ бахтки, ҳар иккимизнинг чеккан азобларимиз унинг олдида чивиндек бўлиб кўринмайди.
Гўзалим, гўзалим, кечиринг, кечиринг… Ёнингизда бўлмаганим учун, лаънати одамларга сизни қийнашга йўл қўйганим учун, ҳаммаси учун кечиринг, оппоғим!
Мен кеча самолётда учиб келдим. Бу катта ва бахтли хабарни эшитганимда Москва ҳам кўзимга кўринмасдан қолди. Шу заҳотиёқ самолётга чиқдим-у, қушдек учдим, 12 соатли йўл ўн икки йилдек кўринган узоқ сафар орқада қолиб, мана, олдингизга келдим…
Ҳамма гапингиз, талабингиз, қайғу ва шодлигингизга йўлдош бўлиш учун оддий бир жангчидек эшикларингиз тагида бош эгиб турибман. Буюринг, талаб қилинг, дўқ қилинг – ҳаммасига бош эгаман. Бугундан бошлаб сиз қўмондон, биз жангчига айландик.
Ўзингиз ва ўғлимизни ўпиб қолган гуноҳкорингиз.
(Имзо)».
Бу хат қалбимни янада нурга тўлдирди. Шундай одам билан бирга яшаётганимдан ич-ичимдан суюниб кетдим.
Мурод эмаклаб «овора» бўлмасдан тез юриб кетди. Ўша уйда Мурод бир ёшга тўлди. 1957 йил охирида эски уйимизда катта полвонимизнинг «юбилей»ини қилдик.
1958 йилни Чилонзордаги икки хонали янги уйда кутиб олдик. Бу уйда Шуҳрат ака, Иззат Султон, Мавлон Икром, Ваҳоб Рўзиматов, Пўлат Мўмин, Саид Аҳмад, Озод Шарафиддинов, қорақалпоғистонлик шоир Абитой Турумбетов каби Ўзбекистоннинг атоқли шоир ва ёзувчилари билан қўшни яшадик. Айниқса, ижодкорларнинг аёллари бир-биримиз билан опа-сингилдай бўлиб кетдик.
Ижод тайёргарлиги
Одил ака ўзларига қулай, тинч жойда ишлайверардилар. Бир парча оқ қоғоз ва биргина қалам бўлса бас. «Мен энди ижод билан шуғулланаман», дея бориб ўтирадиган алоҳида белгиланган ўринлари бўлмасди, жой танламасдилар.
Фақат битта нарсани яхши кўрардилар: ижод вақтида осойишталик ҳукм сурса, атрофда чанг, бесаранжонлик сезилмаса бўлгани. Айрим вақтларда рўзғор ишлари билан овора бўлиб, стол чангини артишни унутсам, ишга ўтиришдан олдин уни ўзлари ҳафсала билан артардилар.
Эътиборсизлигим учун танбеҳ бермас ёки бировимизга «Буни артиб қўй!» – демасдилар.
Тонг саҳар соат бешларда туриб, ўн беш-йигирма дақиқа бадантарбия қилардилар. Болаларни ҳам бунга мажбурлардилар. Сўнгра бир коса қайнатилган илиқ сувга озгина асал солиб, обдон эзиб эритар, уни аста, бўлиб-бўлиб, симириб-симириб ичардилар. Сўнгра соқолларини тоза қиртишлаб, кейин столга ўтирардилар.
Дам олиш кунларида ҳам одатларини канда қилмасдилар. Соқоллари ўсиб, дарвешнамо юрганларини бирон марта кўрмаганман. Уйдан ташқарига чиқиш режалари бўлмаса ҳам одатдагидай эрталабдан ювиниб, соқолларини қиртишлаб, покиза бўлиб ижодга шўнғирдилар. Яхши асар ёзиш учун ёзувчи маънан, жисмонан ва руҳан бақувват бўлиши кераклигини яхши тушунардилар.
Ижод қилиш учун ажратилган эрталабки соат 5 дан то 8 гача вақтларини ҳеч кимга бермасдилар. Жуда қизғанардилар. Зарурат бўлмаса, наҳорги ошларга бормасдилар. «Эрта тонгда асаблар ором олган, яхши ҳордиқдан кейин ақл янада пешланган, руҳ енгил, иштиёқ баланд бўлади»,– дердилар.
Одил ака тинмай ижод қилардилар. Одатларига кўра, тонгда бир оз ҳовлида айланиб келгач, ишга кетгунга қадар ҳам столга мук тушиб ишлардилар. Ижодга шунчалик шўнғирдиларки, бир неча марта нонуштага чақирсам ҳам ўрниларидан қўзғалмасдилар.
Тонгги ижоддан кўнгиллари тўлгач, ёзиб ўтирган асарларининг бирон бобини папка ёки газета ичига жойлаб ишга кетардилар. Кетаётиб қўлимга тайёр қўлёзмаларни тутардилар.
Қўлёзмаларни машинкада тердириш, устидан ўқиб, зарур жойларини тўғрилаш каби ишлар менинг зиммамда эди. Мен бундай масъулиятли ишни сидқидилдан бажарардим. Адибнинг сиёҳи қуримаган ижод намуналарини илк бор ўқиш мен учун жуда завқли эди.
«Бир жойда ўтиравериб бўғимларимиз ўз вазифасини унутиб қўймаслиги керак», – дея бир кунда икки ярим – уч чақирим пиёда юришни ҳам канда қилмасдилар. Бу сайру саёҳат давомида хаёлларида ёзилажак асарнинг хомаки нусхаси пишиб етиларди. «Кечқурунлари ишлашнинг хосияти камроқ», – десалар-да, барибир, ҳар куни кечда ҳам икки-уч соат ишлардилар.
1958 йили «Айтсам тилим куяди, айтмасам дилим» пьесасини ёзиб тугатдилар. Бу асар ҳам Ўзбек Миллий академик драма театрида муваффақиятли қўйилди.
Ўша йилнинг охирларида Одил ака Москвада чоп этиладиган «Литературная газета»нинг Ўзбекистон бўйича махсус мухбири лавозимида иш бошладилар.
Газетанинг топшириқларини бажариш баробарида Ўзбекистоннинг барча вилоятлари, туманлари, ҳатто хўжаликларини айланиб чиққанлар, десам муболаға бўлмайди.
Самарқанддан қайтган кунлари эртасига Хоразмга, у ердан қайтиб, Фарғона водийсига кетардилар. «Қадамим етмаган биронта хўжалик қолмади-ёв, чамамда», дердилар ҳар гал хизмат сафаридан қайтганларида. Улар шундай сафарлар чоғида ўша жойда яшайдиган аҳолининг турмуш тарзини ўрганар, одамлар билан самимий суҳбатлашар, янги асарлари учун мавзу ва қаҳрамонлар топиб келардилар.
Ўйлайманки, бўлажак асарлари ана шу тинимсиз меҳнат, «югур-югурлар»нинг меваси эди.
Кутубхона интизомга чақиради
Эндигина турмуш қурган кунларимизда бирмунча вақт 15-шаҳар касалхонаси рўпарасидаги маҳаллада– Нишон Раҳимов кўчасидаги ижара уйда яшаганмиз.
Сўнгра курант ёнидаги бир хонали уйда, кейин Чилонзордаги савдо маркази қаршисидаги уйда истиқомат қилдик.
Бу уйларнинг торлиги, бир томондан, бола-чақанинг қий-чуви, иккинчи томондан, кети узилмайдиган келди-кетдининг кўплиги учун Одил ака бу уйларда ижод қилишга қийналардилар.
Шу даврда ёзилган асарларнинг аксарияти университет ёки «Навоий» кутубхоналари залида қоғозга туширилган, десам хато бўлмайди.
Бу ҳолатга бир неча марта гувоҳ бўлган Абдулла Қаҳҳор ҳайратланиб: «Эй Одил! Ёзувчи деган жонивор кутубхонада китоб ёзадими?» – деган экан.
Уйда ёзиш имконияти йўқлигини айтишга ийманган Одил ака умрларининг охирги кунларигача кутубхонада ўтириб ишлаш кераклигини айтиб: «Кутубхона одамни интизомга чақиради! Уйда майда-чуйда ишларга ўралашиб қоласан, киши. Бу ер тинч, агар ёзаётганимда биронта маълумот зарур бўлиб қолса, қўлимни узатсам керакли китобга етади. Менга ҳар жиҳатдан кутубхонада ижод қилиш қулай-да»,– дея вазиятдан чиққан эканлар.
Одил ака талабалик йилларида бир нечта йигитлар билан бирга ижарада турганлар. Шундай шароитда фикрни жамлаб асар ёзиш маҳоллигини инобатга олиб, дарсдан кейин университет аудиторияларининг охирги қаторида ўтириб ижод қилишни одат қилганлар.
Шунинг учун Одил ака керак бўлиб қолганларида, ўқиш соатлари тугагани, ҳатто кеч бўлганига қарамай, ёр-дўстлари ўқув хоналаридан қидиришар ва у кишини ўша ердан топишар экан.
Оила ташвишлари
Мен Одил аканинг ижодини таҳлил қилиш ишини адабиётшунос олимларга ҳавола қилиб, яна оиламиз тўғрисида гапирсам.
Чилонзордаги икки хонали уйимизда икки ўғлим – Рустам билан Искандар дунёга келди. Фарзандларимиз сони учтага етди, яна ҳаммаси ўғил бола. Секин юришмайди, у ёқдан-бу ёққа югурганлари югурган.
1960 йилда оиламиз анча катталашди, шу билан бирга янада мустаҳкамланди. Икки хонали уй 3 та фарзанд, онамиз, опамиз, ука, келин (уканинг хотини) ва жиянлардан иборат каттагина оилага торлик қилди. Энди ҳовли-жой қуриш ташвишлари бошланди.
Уй қуриш қийинчиликларини бошидан ўтказганлар яхши билади. Қайси бир халқда: «Илойим, уй қуриш бошингга тушсин», деган қарғиш бўларкан. «Бизга ўхшаб қум, шағал, симон орасида ўралашиб юриб, тинкаси қурисин», деган бўлса керак-да, дер эдилар Одил ака қурилиш ишларидан бир оз чарчаган кезларида чин-ҳазил аралаш қилиб.
Газетада махсус мухбир эмасмилар, хизмат сафарлари жуда кўп. Ҳаётларининг катта қисми йўлда ўтади. Бу эса уй-жой ташвишларининг ҳал этилиши ортга сурилишига сабаб бўларди. Уй-рўзғор ташвишлари менинг зиммамда бўлса-да, қанча кўп ишласалар ҳам, қурилиш ишларига барибир Одил аканинг ўзлари бош-қош бўлардилар.
Ҳеч қачон оғир юкни менинг елкамга ортмасдилар. «Аёл киши саранжом-саришталик, пазандаликни дўндириши керак, эркак эса бу ишларни бажариш учун аёлга шароит яратиши лозим. Уйни қуриш мендан, ясатиб, гуллатиш сиздан, лекин мен ишимни уддалагунимча сиз сабр қилинг. Сизга сабр, менга куч-қудрат берсин бу ишларимизда», – деган сўзни кўп айтардилар.
1960 йилнинг кузида чала битган, томига эски шиферлар қоқилган, айрим хоналарида ойна-эшиги йўқ янги уйга кўчиб ўтдик. Лекин тор уйда тиқилиб қолган эканмиз, кенг ҳовлининг ярим харобалигига ҳам қарамай, яйраб яшай бошладик.
Рост-да, эрта саҳарда уйқудан уйғониб ҳовлига чиқса, тоза ҳаводан баҳри дили очилади кишининг. Кенгликни яхши кўрадиган, қишлоқда туғилиб ўсган одамлар эмасмизми, чала битган ҳовлимиз кошонадек кўринарди кўзимизга.
(давоми бор)
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ