Сурхондарё вилоятида зайтун дарахти кўпайтирилмоқда
Сурхондарё вилоятида ўн беш гектардан ортиқ майдонда шифобахш зайтун дарахти кўчатлари етиштирилаётир. Шўрчи туманидаги “Зайтунзор” фермер хўжалиги ўн гектар лалми ерда мевали дарахт орасига зайтун ниҳолларини экиб, парваришламоқда.
Мутахассисларнинг фикрича, зайтун ўсимлиги мевасидан шифобахш истеъмол ёғи олинади. Зайтун ёғи ошқозон-ичак касалликларини даволашда, буйрак ва қовуқдаги тошларни майдалаб туширишда қўлланилади. Кўз касалликларига шифо бағишлайди, соч тўкилишининг олдини олади, дея ёзади ЎзА.
Шифобахш хусусиятларга эга ноёб ўсимлик кўчати сувсизликка чидамлилиги билан ҳам боғбонларда катта қизиқиш уйғотмоқда. Айни пайтда Сурхондарё вилоятининг Олтинсой, Шўрчи ва Жарқўрғон туманларида кўпайтирилаётган зайтун дарахтидан ўтган йили дастлабки ҳосил олинди.
Жарқўрғон туманидаги Қўлдовли маҳалласида тажрибали боғбон Акрамжон Ўринов уч йил аввал “Сурхон зайтун” фермер хўжалигини ташкил этиб, уч гектар майдонда зайтунзор барпо қилган эди. Ўтган йили меҳр билан парваришланаётган дарахтлар ҳосил нишонларини кўрсатди.
Жорий йилда тажрибали фермер экиш учун олти минг донадан ортиқ зайтун кўчати тайёрлади. Вилоятда барпо этилаётган зайтунзорлар янада кенгайиб, тўлиқ ҳосилга киргач, мевасидан шифобахш истеъмол ёғи олиш ва арзон нархларда савдога чиқариш мўлжалланмоқда.
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ