КАРИМ БАҲРИЕВ: ЯНА ЎСМИРЛИК ВА ЁШЛИК ДАВРИ ШЕЪРЛАРИДАН
ДУНЁ
Дунё, ноаён дунё, ростми ё ёлғон дунё,
Биздан ҳам қолғай охир ҳаммадан қолғон дунё.
Самовот қоп-қорадир, замин кетиб борадир,
Одам шамдай ёнадир, ёнмаган шамдон – дунё.
Айланар чарх-давронлар, келар-кетар инсонлар,
Ҳаммамизни кузатиб қолажак қўрғон – дунё.
Уйғонди дашт-ёбонлар, ер устида – хазонлар,
Ер остида илонлар уйғонди – уйғон, дунё.
Тушимда замон – ўзга, кўз очсам жаҳон – ўзга,
Айт, қай бири – сароб-у, қай бири – аён, дунё.
Майса товоним тилди, сочимга ел осилди,
Жуда яшагим келди, эй бағри ўпқон – дунё.
Кетмоқ бизни қўрқитмас, у дунёга қўл етмас,
Боламизни асрагил, бизларни олғон дунё.
Карим, сенга йўл бўлсин, борар еринг гул бўлсин,
Биз кетсак ҳам юрт қолсин, кўзи ҳаросон дунё.
1992
ОНАМ ХОТИРАСИГА
Йўлларга мунғайиб боқдингиз нотинч:
Эшик ғичирласа: “Болам келдими?!”
Болангиз очмаган эшикдан бир кеч
Ногоҳон мунғайиб Ўлим келдими?!
Хоксорга ёпишар бор барча дардки,
Куйдингиз, бизларга қўнмай бир гардки –
Мана, сиз совумай мен едим турки,
Юрак – қон, кўзимга жолам келдими?!
Дердингиз гоҳида қувониб дилдан:
“Биз кетмондан – нонли, сен эса – тилдан!”
Сайраб юрган эдим ҳар бир манзилда,
Сиз кетиб бир сўзга тилим келдими?!
Бир куни айтибди Ҳақ Пайғамбари:
“Аёлнинг паноҳи – эри ё қабри!”
Кетганга – раҳмати, қолганга – сабри,
Паноҳингиз – ердир, нолам келдими?!
Сизни Аллоҳ олди бир қиш оқшоми,
Шу кунда қиз берди менга иболи,
“Она қизим!” – дейман энди Раънони,
Онам кетган жойдан болам келдими!?
Дамлар ўтиб борар бир дам кетидан,
Одам кетаверар одам кетидан.
Аввал момом кетди, онам – кетидан,
Секин-секин менинг галим келдими…
1994
КУТИШ
Оқшом тушиб борар. Кимдир билдирмай
бир-бир териб кетар нурни дунёдан.
Йўллар адашади. Беркинар қирлар.
Деворга суянар дили хун одам.
Чироқ шуъласини ютар деразам,
даштларда бўрилар увиллар узун.
Кўзларимни юмиб ичга қарасам –
оқ-ойдин чеҳрангиз чиқади сузиб.
О, исёнчи кўзлар,
покиза юзлар,
ғуборсиз кулгулар…
Сўзлайин қандай –
тилимдан дув тушар ожиза сўзлар,
тутнинг мевасини шамол тўккандай.
Ай, малак, келдингиз қайси замондан,
жаннат ҳурларидай тиниқ куласиз.
Не учун тушдингиз тоза осмондан,
бу қаро ерларда нима қиласиз?!
Майда ташвишларга тўладир олам.
Инсонлар югурар
тинимсиз,
абгор.
Кўра олармикин бирорта одам –
Сиз, балким, келдингиз минг йилда бир бор.
Сизга муносибдир гўзал саройлар,
хазонлар эзилар изингизга зор…
Саройни талади бугун гадойлар,
гулзорларни босиб олди пахтазор.
Малагим,
кўзимни очиб қарасам –
ўша маҳзун рўзғор.
Юрак ёрилар –
чироқ шуъласини ютар деразам,
қайдадир дштларда увлар бўрилар.
На қилай?!
Мен сизни жуда соғиндим.
Шу узун кечалар…
Кўргим келади.
Шу узун кечалар чексиз дунёнинг
қайси четидасиз?!
Ким ҳам билади…
О, исёнчи кўзлар,
покиза чирой,
яширдим эл кўриб қотган кўзимдан.
Мен Сизни бировга кўрмадим раво,
мен Сизни асрадим…
ҳатто Ўзимдан.
Мен Сизни севаман. Олисдан. Сўзсиз.
Соғиндим. Айтолмам яқин дўстга ҳам.
Севаман. Қарайман жимгина. Сассиз.
Севаман…
айтмасдан ўзингизга ҳам.
1994
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ