Қозоғистон учувчисиз учиш аппаратлари ишлаб чиқармоқчи
Қозоғистон Мудофаа вазирининг ўринбосари Сергей Громов мамлакатда учувчисиз учиш аппаратлари (УУА) ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш керак деган фикрда.
«Биз фақатгина учувчисиз учиш аппаратларини сотиб олиш билан чекланмоқчи эмасмиз. Бизнинг мақсадимиз – шу ерда енгил, ўртача УУАни йиғишни, ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш. Оғирлари – катта масала, бундай УУАга талаб юқори эмас», – деди С. Громов КазТАГга берган интервьюсида.
Унинг маълум қилишича, Қозоғистон армиясида Россия, Исроил, Украина ва Белоруссияда ишлаб чиқарилган турли моделдаги УУАлари синовдан ўтказилмоқда, халқаро тендер санаси эса ҳозирча номаълум. Қозоғистон вертолёт типидаги кичик, шунингдек, разведка-ҳужум вазифасини бажарувчи ўрта ва катта учувчисиз учиш аппаратларини сотиб олади. Кейинчалик шулардан бирини ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.
Режага кўра, Қозоғистон армиясига учувчисиз учиш аппаратларини етказиб бериш 2014 йилда бошланади.
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ