ББС: Россияда ўзбек меҳнат муҳожири ёқиб юборилган
26 март куни Омск шаҳрининг чеккасидан Ўзбекистон фуқароси бўлган кишининг куйдирилган танаси топилди, деб хабар беради Омск полицияси.
Хабарларга кўра, танасининг 70 фоизидан кўп қисми куйиб кетган жасад Береговой посёлкасидаги темир йўлга ташлаб кетилган.
Яна ушбу мавзуга оид
Марҳумнинг ёнида шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар бўлмагани боис, полиция маҳаллий кишилар орқали ўлдирилган кишининг кимлигини аниқлаган.
Маълум бўлишича, посёлкада яшовчи икки киши ўзбек меҳнат муҳожирини тириклайин ёқиб юборишган.
Сибирь «СЛОН» ахборот агентлигининг Омск Ички Ишлар тезкор қидирув бўлими вакилига иқтибосан билдиришича, 28 ва 48 ёшли икки омсклик эркак билан меҳнат муҳожири ўртасида келиб чиққан жанжал орқасидан ўзбек калтакланган ва сўнгра унга ўт қўйилган.
Суриштирув ишлари натижасида жиноят содир этилган уй ва ўлдирилган кишининг ҳужжатлари топилган.
Ўзбекистонлик 16 мартда Россияга келган бўлган.
Россиянинг турли ҳудудларида маҳаллий аҳолининг меҳнат муҳожирларига нисбатан муносабатлари дўстона эмаслиги айтиб келинади.
Кейинги пайтларда миллатчи тўдаларнинг мардикорларга нисбатан тобора кўпроқ ваҳшиёна ҳужумларни амалга оширишга уринаётганлари қайд этилган.
Бундай жиноятлар миллатчи ёшларнинг меҳнат муҳожирлари билан келишмовчилиги орқасидан келиб чиққани айтилса, баъзида муҳожирлар миллатчиларнинг шунчаки эрмаклари қурбонига айланишгани ошкор бўлган.
Россияда меҳнат муҳожирларининг муаммолари билан шуғулланаётган фаолларга кўра, бундай жиноятларни содир этганлар кўп ҳолларда ўз жазосини олмаслиги ёки енгил жазо билан қутулиб кетаётгани шундай хавотирли вазиятни юзага келтирмоқда.
Бундан олдинроқ Омскдаги «Триумф» супермаркети раҳбарияти Марказий Осиёдан келган кишиларнинг дўконга киришини тақиқлаб қўйгани ҳақида хабарлар чиққан эди.
«Триумф»дўкони ходими бу ҳолни савдо марказида рўй берган ўғирликларга марказий осиёликларнинг алоқадорлиги билан изоҳлаган.
Ҳуқуқ фаоллари эса мазкур ҳолат миллатчилик ва инсон ҳуқуқларининг тўғридан-тўғри бузилиши эканини айтишмоқда.
ББС