Таксилар қимматми?
ёки таксига пластик карта орқали тўлов
Бирор жойга отланган одам борки, йўлга чиқса, кўчада қолмайди. Чўнтакда пул бўлса, бас. Дуч келган машинага қўл кўтарганингиз заҳоти дарҳол қаршингизда тўхтайди… Шундай эди. Энди-чи?!
Энди эса фақатгина белгиланган қоидаларга мос келувчи таксилар хизматидан фойдаланишингиз мумкин. Узоғимизни яқин қилиб, манзилимизга бир зумда етказиб қўядиган автоуловлар орасида йўналишсиз таксиларнинг ўз ўрни бор. Бироқ, ҳар доим ҳам йўналишсиз таксилар бизга кўнгилдагидек хизмат кўрсатадими? Улар масаласида туғиладиган эътироз ва шикоятлар билан қаерга мурожаат қилиш мумкин? Қолаверса, бугунги кунда юртдошларимизнинг такси хизмати ҳақидаги фикрлари қандай? Қуйида ушбу саволларга жавоб изладик.
Қонуний фаолият кўрсатишга ким ҳақли?
Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2011 йилнинг 18 майида қабул қилинган “Йўналишсиз таксилар фаолиятини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорга асосан, 2012 йилнинг 1 январидан бошлаб шахсий автомашинасига эга бўлган фуқароларнинг лицензиясиз кира қилишлари тақиқланган. Юридик корхоналарга бириктирилган йўналишсиз таксилар эса, алоҳида таниқлилик белгиларини акс эттирувчи жиҳозлар билан таъминланиши ва керакли қонуний ҳужжатларга эга бўлишлари шарт.
Ягона таниш белгилари транспорт оқимида автотранспорт воситасининг ажралиб туришини ва танилишини таъминлаш учун мўлжалланган бўлиб, йўловчиларни таксида ташиш билан шуғулланувчи барча ташувчилар учун мажбурий ҳисобланади. Тошкент шаҳридаги таксилар қаймоқранг, вилоятлардаги эса сариқ рангда бўлиши, уларнинг ҳайдовчилари лицензия олгани ҳақидаги гувоҳнома ва тиббий варақага эга бўлишлари лозим. Шунингдек, ёши 21 дан паст бўлмаслиги шарт бўлган бу таксичилар автомашинасига “TАXI” белгисини ҳам ўрнатган бўлиши керак.
КИМ НАЗОРАТ ҚИЛАДИ?
Ўзбекистон автомобил ва дарё транспорти агентлиги, Тошкент шаҳри ва ҳар бир вилоят ҳокимликлари ҳузуридаги Йўловчи транспортининг барча турлари ҳаракатини лицензиялаш ва мувофиқлаштириш департаментлари, Ички ишлар вазирлиги ҳамда Давлат солиқ қўмитаси вакилларидан иборат гуруҳлар ташкил этилиб, йўналишсиз таксилар фаолияти доимий равишда назорат қилиб борилмоқда.
“ҚОНУНИЙ ТАКСИДАН ФОЙДАЛАНИНГ”
Табиийки, ўзини ҳурмат қилган йўловчи тиббий кўрикдан ўтган, етарли меҳнат стажи, иш малакасига эга ҳайдовчи бошқараётган “қонуний” таксидан фойдаланишни маъқул кўради. Айниқса, автомобил воситаси техник кўрикдан ўтганида, агар қандайдир камчиликлар аниқланса, юридик шахсга мурожаат қилиш имконияти мавжудлигидан хотиржам тортади. Шундай экан, агар таксидан фойдаланмоқчи бўлсангиз, фақат “қонуний” таксини тўхтатинг ёки чақиринг ё махсус тўхташ жойига боринг.
МАЪЛУМОТ: Бугунги кунда республикамизда 15 мингдан ортиқ автотранспорт воситаси талаб доирасида жиҳозланган. Шунингдек, бозорлар, аэропорт, темир йўл вокзаллари ва йўловчилар кўп йиғиладиган гавжум ҳудудларда йўналишсиз таксилар учун 230 га яқин махсус тўхтаб туриш жойлари қурилиб фойдаланишга топширилган.
ТАКСИГА ҚЎЙИЛГАН ТАЛАБЛАР БУЗИЛСА…
Малика Мазбудова, Халқаро ҳуқуқий ишлар бўйича адвокатлар ҳайъати аъзоси, юрист:
– Жорий йилнинг 4 январидан кучга кирган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексга тузатишлар киритилди. Унга кўра, ягона таниш белгилари билан жиҳозланмаган ёки белгиланган талаблар бузилган ҳолда жиҳозланган таксиларни йўлга чиқариш – транспорт воситаларининг техник ҳолати ва улардан фойдаланиш учун масъул бўлган мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг 5 бараваридан 7 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. Шунингдек, белгиланган тартибда ягона таниш белгилари билан тўлиқ жиҳозланган таксиларнинг ҳайдовчилари томонидан мазкур белгилардан қасддан фойдаланмаслик ёки улар шикастланганлигига қарамай йўловчиларни ташиш – фуқароларга энг кам иш ҳақининг 1 бараваридан 3 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
НОҚОНУНИЙ КИРАКАШЛАРГА ЖАЗО
Жиҳозланмаган ва лицензияга эга бўлмаган ҳолда ноқонуний “киракашлик” билан шуғулланаётганларга нисбатан қонун доирасида чоралар кўриш мақсадида 2012 йилда Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ ва Давлат солиқ қўмитаси билан биргаликда 3979 та қўшма рейд ўтказилиб, аниқланган қоидабузарликлар бўйича ҳужжатлар расмийлаштирилган ва тегишли жазо чоралари кўриш учун солиқ органлари тақдим этилган. Натижада, 41377 та қоидабузарлик бўйича 5661,0 млн. сўм жарима ундирилди.
Айниқса, автотранспорт хизмати устидан жамоат назоратини ўрнатишда Агентлик томонидан жорий этилган “SMS орқали маълумотлар базаси билан алоқа” интерактив хизмати ҳам жуда қўл келмоқда.
СИЗНИНГ ФИКРИНГИЗ
Нодира Муродова, ўқитувчи (Тошкент шаҳри): – Таксидан тез-тез фойдаланишимга тўғри келади. Ёш болали бўлганим учун асосан таксопарклардан такси чақиртиришимга тўғри келади. Аммо йўналишсиз таксиларнинг хизматидан ҳамма вақт ҳам қониқиш ҳосил қилмайман. Қонуний фаолият асосида хизмат кўрсатадиган йўналишсиз таксилардан фойдаланиш учун қўнғироқ қилганимда, улар мен айтган манзилга бормаслигини, мижозлари кўплигини рўкач қилишади. Айрим ҳолларда эса, улар айтган нарх жуда қиммат. Ноқонуний таксиларда эса нарх борасида келишув осон битади. Балки шунинг учун ҳам ҳанузгача кўчадаги йўловчи машиналардан воз кечолмай ётгандирмиз…
Акром Маликов, талаба (Тошкент шаҳри): – Очиғи, менда бу борада шикоят йўқ. Шаҳар ичида ҳаммаси яхши. Таксиларга “тош отиш” ниятим йўқ, тирикчилик қилишяпти, бола-чақа боқишяпти. Тўғри, ноқонуний фаолият кўрсатаётган таксилар ичида ҳам ноинсофлари бордир. Ахир “гуруч курмаксиз бўлмайди”. Бир куни бир сайёҳ мендан Чорсуда ўзига керакли бир меҳмонхонага йўл кўрсатиб юборишимни сўради. Мен қўнғироқ қилиб меҳмонхона манзилини аниқлаб бердим, кейин азбаройи одамгарчилик юзасидан (сайёҳ франциялик аёл эди, юки ҳам оғир) такси гаплашиб берай дедим, ўзим айтилган меҳмонхона манзилини билмаганим учун такси ҳайдовчиси айтган нархга кўндим, 4000 сўм. Етиб бориб, кўрсак, пиёда юрганда ўн дақиқалик, машинада кўпи билан беш дақиқалик йўл экан! Инсофни қаранг, улар сайёҳдан каттароқ фойда кўзлаган-да! Лекин мезбонмиз, у эса меҳмон, боз устига, аёл киши эди… Такси ҳайдовчиси эса эркак ва ҳаммамизга ўхшаган бир меҳмондўст ўзбекнинг фарзанди.
НЕГА ҚИММАТ?!
Мавзу юзасидан биз бир нечта йўналишсиз такси сифатида фаолият кўрсатаётган хизмат кўрсатувчилар билан боғландик. Ҳар бир хизмат кўрсатувчи эса ўз ички имкониятларидан келиб чиққан ҳолда, такси хизмати учун нарх белгилар экан. Бунда, машина, ёқилғи ва бошқа харажатлар ҳисобга олинади албатта. Масалан, ушбу таксиларда йўловчи тўловни таксометрнинг кўрсатмалари бўйича амалга оширади, бир километр ҳисобига 300 сўмдан 1000 сўмгача белгиланган. Аксарият ноқонуний фаолият юритаётган таксиларда ҳам юқорида айтилганидек, “осонгина битадиган келишув” бундан паст бўлмаса керак. Шундай экан, нарх борасида эътирозларга ҳожат йўқ. Боз устига, табиийки, ўзини ҳурмат қилган йўловчи тиббий кўрикдан ўтган, етарли меҳнат стажи, иш малакасига эга ҳайдовчи бошқараётган “қонуний” таксидан фойдаланишни маъқул кўради. Бундан ташқари, кўпчилик “қонуний” таксиларда тўловни пластик карточка орқали амалга ошириш мумкинлиги ҳам йўловчиларга яна бир қулайликлардан биридир. Айниқса, автомобил воситаси техник кўрикдан ўтганида, агар унда қандайдир камчиликлар аниқланса, юридик шахсга мурожаат қилиш имконияти мавжудлигидан хотиржам тортади. Шундай экан, таксидан фойдаланмоқчи бўлсангиз, фақат “қонуний” таксини тўхтатинг ёки чақиринг, ё махсус тўхташ жойига боринг.
“ҲЕЧ БЎЛМАСА ҲУҚУҚИМИЗНИ ТАЛАБ ҚИЛАЙЛИК…”
Адҳам Абдукаримов, тадбиркор (Сурхондарё вилояти): – Мен вилоятлараро қатнайдиган таксилардан кўп фойдаланаман. Қонун доирасида фаолият юритадиган йўналишсиз таксиларнинг қулайлиги менга маъқул. Истаган жойингиздан айтган ерингизга олиб боришади ва белгиланган тартибда ҳақ олишади. Шунингдек, уларнинг хизмати хавфсиз ва эҳтимолли ҳолатларда истеъмолчи ўз ҳақ-ҳуқуқини талаб қила олади.
ЭЪТИРОЗ ВА ШИКОЯТЛАР
Йўналишсиз таксиларда йўловчиларни ташиш жараёнида пайдо бўладиган эътирозлар билан ҳар бир фуқаро Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясига мурожаат қилиши мумкин. Эътироз аризаларига уни тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилиниши керак. Ташувчига эътирозлар 6 ой мобайнида, жарималар тўлаш тўғрисидаги эътирозлар эса 45 кун мобайнида берилиши мумкин.
МАВЗУГА ОИД САВОЛЛАР
“ЙЎЛОВЧИНИ СЎРОҚҚА ТУТИШ МУМКИНМИ?”
ЙПХ ходими такси фаолиятини ноқонуний амалга ошираётганликда гумон қилса, ҳар қандай ҳайдовчини тўхтатиб, йўловчиларни ҳам сўроққа тутишга ҳақлими?
Ш. Маматов, Андижон
ЙПХ ходими тегишли ҳужжатларсиз, жумладан лицензиясиз йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланаётган ҳайдовчиларни аниқлаш ваколатига эга.
“ТАКСИ НЕГА АЙНАН САРИҚ РАНГДА?”
Мени доим бир нарса қизиқтиради: нега таксиларимиз айнан сариқ рангда?
А. Камолова, Фарғона
Халқаро тажрибаларни ўрганиш шуни кўрсатадики, такси-автомобиллар учун ягона ранг аслида қабул қилинмаган. Аммо кўпгина мамлакатларда сариқ ранг кенг жорий этилган. Ёрқин сариқ рангдаги автомобиллар бошқа транспорт воситалари орасида яққол ажралиб туради. Чунки бу рангдаги автомобиллар қорли, ёмғирли, туманли кунлар ва қоронғида ҳам кўзга ташланади.
ТАКСИ ҲАЙДАШ УЧУН ҚАЕРГА МУРОЖААТ ҚИЛИНАДИ?
Янги тартибдаги махсус таксини бошқариш истагида бўлган шахслар қаерга мурожаат қилишлари мумкин?
О. Аслиддинов, Қарши шаҳри
Бунинг учун сиз Ўзбекистон автомобил ва дарё транспорти агентлиги ва ҳар бир вилоят, шаҳар ёки туман ҳокимликлари ҳузуридаги “Йўловчи транспортининг барча турлари ҳаракатини лицензиялаш ва мувофиқлаштириш” департаментларига мурожаат қилишингиз мумкин.
Бу қизиқ!
БИРИНЧИ ТАКСИ ҚАЕРДА ПАЙДО БЎЛГАН?
Биринчи таксилар 1903 йилда Лондонда фаолият юрита бошлаган. 1907 йилдан бошлаб эса Москвада, 1937 йил Петербургда ва ниҳоят Тошкентда 1934 йилда пайдо бўлди. Шундан буён такси сифатида турли кўринишлардаги енгил ва юк машиналари ҳамда махсус автомобиллардан фойдаланилади. Одатда унда кира ҳақи таксометр бўйича тўланади. Маълум бир йўналишлар бўйича белгиланган вақт орасида қатнайдиган таксилар маршрутли таксилар деб аталади. Бундай таксилар учун маълум қийматдаги ҳақ ставкаси белгилаб қўйилади.
МАЪЛУМОТ: Республикамиздаги йўловчи ташиш йўналишлар тармоғи сўнгги ўн йилда 1,9 баробарга ўсган. Бугунги кунда улар шаҳар ичи, ташқариси ва шаҳарлараро бир неча минг йўналишларни ўз ичига қамраб олади. Автотранспорт хизматларининг 95 фоиздан зиёди эса хусусий секторга тегишли.
Сарвар САФАРОВ тайёрлади.