Ўзбекистонда сиёсий курашлар жадаллашмоқдами?
Гулнора Каримова Твиттердаги саҳифасида Бош вазир ўринбосари Рустам Азимовни танқидга тутган.
Ўзбекистонда муқобил энергиядан фойдаланиш лойиҳалари ҳақида гапираркан, Каримова хоним Навоий вилоятида қуёш батареяларини ишлаб чиқариш лойиҳаси бош вазир ўринбосари, молия вазири Рустам Азимов назоратига берилгани ва у нимагадир сирли ва ёпиқ ҳолатда амалга оширилаётганини айтган.
“Ишонинг, уларнинг ижтимоий тармоқ билан иши йўқ, муҳими, Осиё тараққиёт банкининг пулини қарор остида ўз вақтида олиб кетиш”, – деган Гулнора Каримова.
Кейинги твитларда Каримова хоним ушбу лойиҳа жаноб Азимовнинг соғин сигирига айланиб қолганини ёзган. Сал пастроқда эса, Рустам Азимов ушбу муҳокамани провакация ўлароқ қабул қилганини ҳам ёзган.
Каримовага кўра, ушбу очиқ ёзишмалар, нимагадир Рустам Азимовнинг турмуш ўртоғини асабийлаштирган.
“Наҳотки, у ҳам ишнинг ичида бўлса, тушунмайман”, дея табассум белгиси – смайликни қўйган Каримова хоним.
У шунингдек, бошқа бир фойдаланувчининг “Биласизми,Азимовнинг катта куёви Азиз Осиё Тараққиёт банкининг Филиппиндаги офисида ишлайди. Улар ҳаммасини эгаллаб олишган”, деган сўзларини ретвит қилган ва “вов” дейиш билан ўз муносабатини билдирган.

Рустам Азимов худди Гулнора Каримова каби Ўзбекистон президентининг эҳтимолий меросхўрларидан бири саналади. Хўш, Твиттердаги сўз уруши ортида нималар турган бўлиши мумкин?
Париждан Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги стратегик тадқиқотлар институти собиқ ходими Камолиддин Раббимовга кўра, “бу ерда Гулнора Каримова ва Рустам Азимов ўртасида кураш кетмаяпти, бу ерда президентликка бўлажак номзодлар ўртасида кураш кетмоқда”.
Рустам Азимов 1991 йилдан бери Президент Каримовнинг энг ишонган одамларидан ва сиёсий саҳнадаги асосий ўйинчилардан ҳисобланади.
Камолиддин Раббимов “Гулнора Каримова Рустам Азимовни ўйиндан чиқаришга ҳаракат қилмоқчи” деган фикрни билдиради.
“Ўзбекистонда сиёсий ҳокимият учун кураш анча жаддаллашган. Бунинг бир қанча симптомларини кўриб бораяпмиз. Гулнора Каримованинг интернет сайтидаги Хавфсизлик Хизмати раиси ўринбосари ва бошқа шахсларга қилган ҳужуми ва шунга ўхшаган омиллар”, дейди Камолиддин Раббимов.
Гулнора Каримованинг Бош вазир ўринбосари Рустам Азимовга Твиттердаги ҳужуми Президент Ислом Каримовнинг касаллиги борасидаги хабарлар манзарасида кузатилмоқда.
ББС