Абулқосим МАМАРАСУЛОВ: МЕН ҚАНДАЙ ЁЗУВЧИ БЎЛГАН ЭДИМ (2)
Ёки Одил Ёқубов ҳақида ҳотиралар
Б а д и а
Шундай қилиб, 1977 йил октябрнинг охирларида Агобилидаман. Тонг отмасдан, эрта соат 4 лар атрофида уйғониб кетдим. Романни қандай бошлаш сюжети кўз ўнгимда турарди.
Мен қўлимга қалам олиб, ёзиб бошлашим керак эди. Ёзмасам бўлмасди. Ёзмасликнинг иложи қолмаганди.Ёзишга мажбур эдим. Ортиқ бу қийноққа чидолмасдим.
Ўша куни кечгача тинмасдан ёздим. Бирон ҳафта шу тахлит давом этди.
Кейин ёзганларимдан бир нусха кўчириб, Совет Армиясида хизмат қилаётган шоир дўстим Норбой Қўшмуродовга жўнатиб, унинг фикрини сўрадим.
Ҳар қалай унинг шеърлари Булунғурдаги туман газетасида тинимсиз босилиб турар, туманда тан олинган шоир эди. Мени эса ҳамон ҳеч ким тан олмаётганди. Ёз кунлари ҳам Агобилида роса шеър ёзиб, 96 бетлик “умумий дафтар”ни тўлдирган, уларнинг нусхаларини узлуксиз Норбойга жўнатиб фикрини сўраб турган эдим. Норбой эса катта дафтар тўла шеърдан фақат битта тўртликни тан олди. Мана, ўша тўртлик:
Нафосат рамзи деб гулни севишади.
Бир дона лола деб тоғ-тош кезишади.
Сезмай жаллодлигин, одамлар ҳайҳот!
Узиб, ардоқлашиб, сўлгач, эзишади.
Хуллас, 100 тача шеър бракка чиққанди. (Балки шунинг учун ҳам иккинчи бора шеър ёзишни қўйиб, насрга ўтиб кетгандирман.) Ўшандан бошлаб мени “ижод жазаваси” (“творческая лихорадка”) тутди.То Самарқандга қайтганимча тинмай ёздим. Уйда ҳам ёздим. 4-курсни давом эттираётиб яна ёздим.Тинмасдан ёзиб, жами ёзганларимни йиғиб чиққандим, икки-учта 96-бетлик “умумий дафтар”га жой бўлди. Ўзимча шунча кўп ёзганимга ғурурланаман. Тезроқ тугатиб, Одил акага учраш нияти мени яна ёзишга ундайди. Гўё Одил ака мени қучоқ очиб кутиб оладигандай. Романимни ўқиб кўриб: “Баракалла, ажойиб асар бўлипти!”, дейдигандай. Кўп ўтмай романим китоб бўлиб босилиб чиқадигандай. 20 ёшимда (1958 йили туғилганман, 6 ёшимда мактабга борганман, тўхтамай университетга кириб кетганман) бутун дунёга машҳур бўлиб кетадигандайман. Оёғим ерга тегмайди.Ёзиш, ёзиш, ва яна ёзиш… Мен ёзардим, тинмай ёзардим.
Демак, мен романни ёзяпман. Ҳар куни студентлар ётоқхонасининг ўқув залидаги энг охирги столини эгаллаб оламан. Бир марта романнинг ягона қўлёзмасини йўқотиб ҳам қўйдим. Кечқурун эди. Дафтарни стол устида қолдириб (мазкур жой бандлигини таъкидлаш учун) овқатланишга чиқдим. Ётоқхона ҳовлисида бир-иккита курсдошларга дуч бўлдим-да, кўчага чиқдик. У бўлди-бу бўлди, ярим кечага яқин қайтиб, ўқув залига кирсам, дафтар жойида йўқ. Ҳайрон бўлдим. Ҳеч ким ҳеч нарса билмайди. Алам қилар экан. Шунча меҳнатингга бир зумда куйиб қолсанг. 4-курсман. 1978 йил боши. Эртаси куни ётоқхонага кираверишдаги эълонлар тахтасига “ким дафтарни олган бўлса фалончига қайтарсин”, деган маънода эълонимни илаётганимда бир тўда қиз келиб, эълонларни ўқий бошлашди. Бири: “Ийе, дафтар сизникимиди?”, дея ажабланди. Бу физика факультетининг иккинчи курс талабаси нарпайлик Башорат исмли қиз эди. Кечаси ўқув залида у ҳам мендан кейин мен ўтирган партада ўтириб, дарс тайёрлаган, бир пайт ёзишдан зерикиб, ёнида ётган дафтарга кўз югуртган (яъни менинг дафтаримга). Аввал эътиборсизлик билан албатта. Қараса, лекцияга ўхшамайди, семинар ёзувлари эмас. Хат деса хат ҳам эмас. Дафтарни олиб, у ер-бу ерини титган. Қизиқиб, бир чеккадан ўқиган. Кейин қандай бошланишию, қандай тугашини билиш истаги уни ёндирган. Авторни (яъни мени) роса кутган. Ярим кечага қадар ҳеч ким дафтар учун келмагандан сўнг “эгасининг эсидан чиқиб, қолиб кетган бўлсая” деган ўйда эҳтиёт шарт ётоғига олиб кетган. Дафтарда бор-йўғи исму-фамилиям ва “5” рақами бор эди. Яъни романим ёзилаётган бешинчи “умумий дафтар”.
Кейинчалик Башорат билан тузуккина дўстлашиб қолдик. Физика факультетида ўқиса-да, адабиётга жуда қизиқар, бадиий асарларни яхши тушунар ва таҳлил қила олар эди.Романни қандай ёзиш ва давом эттириш бўйича, менимча, биринчи маслаҳатни Башоратдан олганман. Ва бу маслаҳатларга амал ҳам қилганман. Кейинроқ ўз факультетимизда, мендан бир курс пастда ўқийдиган бекободлик Турсунбой ва андижонлик Анварлар доимий танқидчиларим ва тақризчиларимга айланди.
Бир марта ўқиб чиққандан кейин Турсунбой ҳайрат билан:
— Сизда талант бор. Сиз бемалол ёзаверсангиз бўлади, -деди. Кейин 12 варақдан иборат тақриз ёзиб берди романимга. Анвар ҳам.
Ҳар иккаласи ҳам менда катта талант борлигини, ёзган нарсаларим кишини ўзига жалб қилишини, ўзимга хослик борлигини таъкидлашарди-да, танқидга ўтишарди. Айниқса, Анварнинг танқидлари жуда кескин, жуда шафқатсиз бўларди. Бундан кейин қандай ёзишим кераклиги тўғрисида ҳам Анвар жуда зўр маслаҳатлар берган, йўл-йўриқлар кўрсатган. Танқид баробарида менга илҳом ҳам бағишлаган. “Биз шуҳрат сари интилишимиз керак, — деб ёзганди у, — лекин шунақанги интилиш бўлсинки, бизни доим янги асарлар ёзишга илҳомлантириб турсин”. “Бизнинг авлод ўзбек адабиётида революция қилиши керак ва биз революция қиламиз”, деб ёзганди у. Бундай гаплар қайси ёзувчига қанот бағишламайди дейсиз.
Шу тахлит, роман ярмига етганда уни қайтадан бошлашга қарор қилдим. Икки марта бир ой-бир ой тинимсиз меҳнат эвазига романни яна ярмига етказдим. Ва 1978 йил ёзида, тўртинчи курсни битирганимда англадимки, мен ҳали
р о м а н ё з и ш г а ё ш л и к қ и л а м а н.
Ҳали тажрибам етишмайди. Шуни англадиму, шартта тўхтадим.(Роман бугунгача (2006 йил) ўша ҳолида ётипти.)
1979 йили январда факультетда “Ласточка” (номни ўзимиз қўйдик) деган ЛТО (литературно-творческое объединение) ташкил қилдик. Аниқроғи, бу ташкилот илгарилари тузилгану, талабгорлар йўқлиги туфайли бир қанча вақтлардан бери ишламаётган экан. 31 январ куни биринчи машғулотни ўткиздик. Унда менинг “Учрашув” (“Свидание”) номли ҳикоям муҳокамага қўйилди. Бу ташкилот асосан Турсунбой иккимизнинг саъй ҳаракатларимиз эвазига жонланди. Турсунбойнинг ғояси, менинг ҳаракатим эвазига. Биринчи машғулотни ўткизиш учун тўрт-беш ой тайёргарлик кўрдик.Атайлаб, шу машғулот учун ҳикоя ёздим. Романни тўхтатгандан кейинги иккинчи ҳикоям эди бу. Ҳикояни русчага таржима қилдик. Таржимонни Турсунбой ўз курсидан топди. Муаззам исмли қиз. Кейин ўзим уни саккиз нусхада машинкалаб, ташкилот қатнашчиларига тарқатдим. Бизга филология фанлари кандидати, рус совет адабиёти кафедраси мудири Вячеслав Николаевич Благонравов раҳбарлик қилди. Факультет декани Василий Григорьевич Ларцев оқ йўл тилади.
Муҳокамада яна менда катта талант борлиги бир овоздан таъкидланди. Айрим эпизодлар ҳаммага жуда ёқиб кетган экан. Айниқса, қаҳрамоним ўйлаб, хаёл суриб кетаётган нарса ўқувчи кўзида (қаҳрамон назарида ҳам) гўё ҳақиқатда юз бераётгандай туюладию, кутилмаганда бунинг хаёл экани маълум бўлиб, ўқувчи ҳайратга тушади. Лекин, умуман олганда ҳикоямнинг авра-астарини чиқариб ташлашди. Жуда қаттиқ танқид қилишди. Ҳатто баъзилар: “Абулқосим қайтиб қўлига қалам тутмаса керак”, деб ўйлашган экан ўшанда. Лекин мен истаган, мен интилган, менга керак нарса айнан ана шу, ўз асарларимга турли нуқталардан баҳо олишга қизиқар, шундан хулоса чиқариб, кежалакда нимани қандай ёзиш кераклигини ўзимча ҳал қилардим. Жўрабой катта отамиз: “Маслаҳат қилу, билганингдан қолма”, дерди. Мен айнан Жўрабой катта отамнинг невараси эдим. Мен ўзимда камчиликлар кўп эканини билардим, айнан конкрет мисолларда аниқлай олмасдим, менга менинг ёзганларим хусусида фикр, мулоҳазалар керак эди. Жудаям керак эди.
Так, да, Вячеслав Николаевич?!
Шундайми, Турсунбой?! Анвар?! Муаззам?! Гулнора?!
Муҳокамадан сўнг бир ой ўтмай танқидлар асосида ўша ҳикояни қисса даражасига чиқариб, уларнинг столига ташладим: “Энди кўзларингга қараб танқид қилинглар. Йўқса, қиссани романга айлантириб юбораман!”
1979 йили 21 ноябрда Намангандаги Парда Турсун санаторийсига даволанишга бордим. Режаларим кетта. Бир қанча ҳикоялар ва битта қисса ёзишим керак. Ҳануз бирон бир нарсам бирон-бир матбуотда чиққани йўқ. Аммо бу мени мутлақо ташвишлантирмайди. “Мен бари бир Одил Ёқубовга бораман, Одил Ёқубов мени қўллайди. Мен отилиб чиқиб кетаман. Мен ҳали буларнинг барига кўрсатиб қўяман”, деган ўзимга ишонч, керак бўлса, кибру-ҳаво бор менда. Ана шу ишонч туфайли мен тинмасдан ёзяпман. Мен бу даврга келиб, Васил Биков, ЧингизАйтматов, Фёдор Достоевскийларнинг асарларини бирмунча синчковлик билан ўқиб чиққандим. Бунинг таъсири янги ҳикояларимда сезилиб турарди. (Ҳар қалай менга шундай туюларди.) Распутинни, Шукшинни, Лондонни, Драйзерни ўқигандан сўнг ёзган ҳикояларим уларникига (кўр-кўрона) ўхшаб қолаверарди (ҳатто буни ўзим истамасам ҳам). Айниқса, Шукшин ҳикоялари менда ўчмас из қолдирди. Шукшин ҳикояларини ўқигандан сўнг ўзим ҳам шариллатиб бир қатор ҳикояларни ёзиб ташлагандим.. Яна кўр-кўрона.
— Сезасизми, -деганди Жиззахдаги “Бўстон” газетаси редакциясида бирга ишлайдиган дўстим Ҳабибулла Ҳотамқулов, навбатдаги ҳикояларимни ўқиб чиққандан сўнг. – Шукшин ҳикояларида чуқур дард бор. Уни ҳатто сўз билан ифодалаб бериш қийин. Шукшиннинг китобхонга айтадиган сўзи бор. Сизда ана шу “айтмоқчи бўлган гап йўқ”. Дард йўқ. Шунчаки ёзгансиз-қўйгансиз. Йўқса, айтингчи, шу ҳикоянгиз билан ўқувчига нима демоқчисиз?
(давоми бор)
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ