Одил Ёқубов рафиқасининг хотиралари (3)
Кўнглимиз бир-бирига пайванд бўлиб, мендан розилик олганларидан кейин Одил ака яқин қариндоши, университет домласи, баобрў одамни[1] уйимизга совчиликка юборди…
Аслини олганда, биз бир-бирига зидроқ оилаларнинг фарзандлари эдик. Менинг боболарим диний уламолар саналишарди. Одил аканинг оталари эса қишлоқ бойлари, эшонларини камбағаллаштиришда жонбозлик кўрсатган коммунист бўлиб, кейинчалик эса «халқ душмани»га чиқарилган эди. Шундай оилаларнинг ўзаро қуда-анда бўлишлари даргумон эди. Айниқса, бобом: «Этакни кессанг енг бўлмас, аввалги душман эл бўлмас», – деб туриб олган эдилар.
Менинг эса кўнглим нотинч, бир сўзли бобомнинг совчиларга айтган қатъий қарори-ю бувижо-нимнинг бу қарорга сўзсиз итоат этишларидан қўрқардим. Бобомнинг кўнглига юмшоқлик, бизнинг кўнглимиздаги туғённи тушунишни солишни Худодан сўрардим.
Совчилар келиб кетишганидан кейин уйдагиларнинг аҳволини кўриб:
«Қизларига фалон жойдан совчи келибди:
Хотинлари аччиқ нарса егандай,
Эркаклари сассиқ нарса кўргандай,
Минг қўйлидан бир қўйлига гўё овчи келибди»,
деган гап кўнглимдан ўтди.
Ундан ташқари, Одил ака мендан 11 ёш катта эдилар. Ҳадеб атрофимдагилар мени айнитмоқчи, ўртага совуқчилик туширмоқчи бўлишди.
– Битта китоби чиқиб ёзувчи бўлиб қолдими? Сен шу пуч обрўга учаяпсанми? Ахир, ҳали жуда ёшсан, ўз тенгинг топилар?
– Нега шошасан? Ўқишни тугат, сендай қизга ҳали жуда кўп совчи чиқади.
– Ўйлаб кўр, кейинчалик ўзинг қатори ёш-ёш йигитларни кўрганингда афсусланиб қолма тағин, кейин кеч бўлади.
– Китоб ёзиб рўзғор қилиб бўларканми? Сен унинг ширин сўзларига учма! Эртага уйсиз-жойсиз, ижара уйда умринг ўтиб кетади…
Мен ўз аҳдимдан қолмадим, чунки ўша «ўз тенги»ни топганларнинг «бахт»ини кўрмаганман. Отам ҳам ўз вақтида ана шундай, «ўз тенги»ни қидириб кетган. Биз онам билан бувим ва бобомнинг уйига қайтиб келишга мажбур бўлганмиз. Одил ака эса ҳаётнинг аччиқ-чучугини кўп тортганлиги сабабли жуда мулоҳазали, ҳар бир гапни ўйлаб, менинг кўнглимга оғир ботмасдан гапирардилар. Мени гўёки гулдек кафтларида асраб-авайлардилар. Уларнинг ёнларида ўзимни баланд, ишончли қўрғонда юргандек эркин ва бахтли сезардим. Ўз касбини мукаммал билган боғбон парвариш қилаётган атиргулдек очилиб-сочилиб юрардим.
Совчилар бир неча марта рад жавобини олганларига қарамай, биз бир-биримиздан кўнгил узолмасдик. Катталарнинг норозилигини, ташвишли чеҳраларини бизнинг муҳаббатга тўла кўзларимиз кўрмасди. Энтикиб-энтикиб бир-биримизга талпинардик, учрашувларимиз давом этарди.
Ўша кунларимиз худди бугунгидай кўз ўнгимда: университетнинг ўнг тарафдаги биноси ҳовлисида кичикроқ фаввора бўларди. Дарсларимиз тамом бўлди дегунча ўша фаввора ёнига, учрашувга шошардим. Аниқ билардим, у ерда Одил ака фавворадан томаётган томчиларга ўйчан термулиб, мени кутиб турардилар. Ўша жой бизнинг ширин суҳбатларимизнинг тилсиз гувоҳи эди. Одил ака фавворадан томаётган биллур томчилар каби соф севгимизни асраб-авайлашга ваъдалар берардилар. Мен эса Одил ака ва унинг совчилари, албатта, менинг яқин қариндошларимни рози қилишига ва, албатта, биз бахтли бўлишимизга ишонардим.
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ