«Дунё ўзбеклари»да биринчи маротаба — Искандар Ёқубов: Фарзандлик эҳтироми…
«Дунё ўзбеклари» Бош муҳарриридан: «Одил Ёқубов хонадонида» номли эсдаликларимизда ёзганимиз каби, бугундан эътиборан улуғ адиб ҳақидаги унинг оила аъзолари битган, ҳали ҳеч қаерда эълон қилинмаган хотираларни эълон қила бошлаймиз.
Китоб ҳақидаги фикр ва мулоҳазаларингизни бизга ёзиб юборасиз деган умиддамиз. Агар кимда ким Одил Ёқубов ҳақида ўз хотиралари билан ўртоқлашса ҳам жуда мамнун бўлар эдик.
Буюк ўзбек ёзувчиси ҳақидаги хотираларни биринчи бўлиб «Дунё ўзбеклари»га тақдим этгани учун адибнинг оила аъзоларига ва бу савобли ишнинг бошида турган таниқли ўзбек журналисти Карим Баҳриевга ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз.
Исмат Хушев
Суратда: Улуғ ўзбек ёзувчисининг ўғли Искандар Ёқубов (чапдан тўртинчи) Эркин Эъзамов, Аҳрор Аҳмедов, Амирқул Каримов ва Анвар Абдувалиевлар билан отасининг хотира ошида…
Муҳаммад аллайҳиссаломдан «Пайғамбарлик мақомларининг энг олийси қайси?» – деб сўралганда, «Тўғрилик!» – деган эканлар.
Одил акам шахсий ҳаётлари ва ижод-
ларида нимага эришган бўлсалар, тўғри-лик шарофатидан эришган.
М у а л л и ф л а р
Аммо ўша Тангри менга бериб панд,
Севгилим кўзидан олди-да олов,
Уни юрагига тутди дафъатан,
Мени оташларга ёқди беаёв…
Ҳар нарса хотирда турмайди, инон,
Қоғозга туширсанг, асраб қолур хат.
Ўша болаларинг бир кун ногаҳон,
Олдингдан қийқириб чиқади албат.
Ногаҳон топилган сатрлар у дам,
Дардларга дармон бўлур, жонингга малҳам
В.Шекспир
Отамнинг ҳаёти, ижоди, жамоат ишлари ниҳоятда шиддатли ва сермазмун кечди. Шундай бўлса-да, оилада, дўстлари, шогирдлари, қариндошлари ва маҳалладошлари билан самимий суҳбатлашиб туришга доимо вақт топганлар. Ёшлигимданоқ уйда ёки кўчада, таниш-билишлар, отамнинг оддий мухлислари, борингки, қўни-қўшнилар билан суҳбатлашиб, ҳол-аҳвол сўрашганимда аксарияти бехосдан:
– Одил аканинг ишини давом эттирадигани қайси бирингиз?
Бироз улғайганимда:
– Ораларингизда, Одил аканинг фарзандлари ичида биронта ёзувчисиям борми? – дейишарди.
Айнан мана шунга ўхшаш саволлар онамга, ака-укаларим, жиянларим ёки невараларгаям берилганига шубҳа қилмайман. Бундай вазиятда ноқулай аҳволга тушмаганман. Аксинча: «Ёзувчи бўлиш қийин», «Унча-мунча мақолалар ёзиб турамиз», «Набиралардан журналистикада ўқийдиганлари бор, эҳтимол, шулар ёзувчи бўлишар», деган жавоблар билан кифояланганман.
Гарчи «ёзувчи» деган номни олмаган бўлсам ҳам, отамнинг ижодларига доимо қизиқиб келганман. Барча асарларини қайта-қайта ўқиб чиққанман. Ҳатто беш-олтита ҳикоялар қоралаганим ҳам рост. Ижодкорнинг фарзанди эканлигим, шунингдек, адабиётга яқинлигим сабабли отамнинг қўлёзмаларини, ёзишмалари, мактубларини йиғиб-териш, асраб-авайлаш – яхши кўрган машғулотларимдан бирига айланган.
Тўққизинчи синфда ўқиб юрган кезларимда бир иш қилганман. Бўйи бир қулоч, эни ва чуқурлиги ярим қулоч келадиган қопқоқсиз иккита қўлбола сандиқ ясадим-да, уларни уйимизнинг ертўласига тушириб қўйдим. У ерга симчироқ уладим. Вақти-вақти билан отамнинг қўлёзмаларини шу сандиқларга жойлашни одат қилдим. Уларнинг бирига илк пьесалар, роман ва қиссалар қўлёзмасини, иккинчисига эса ўқувчилардан келган хатлар ва отам билан онамнинг кўнгил мулкига айланган мактубларини жойлардим. Бир куни ўтириб олиб, эринмасдан хатларни санаб чиқдим. Мухлислардан келган хатларнинг сони ўн мингта! Уларнинг учдан икки қисми «Муқаддас»га битилган! Хатларни 50–60 тадан қилиб белидан бойлаб қайтадан сандиққа солдим. Улар ичида ижодий учрашувларда отамга берилган ёзма саволлар ҳам анчагина эди. Бўшроқ вақтларини топиб бўлса керак, бир куни отамни:
«Юринг, юринг!» – деб қўярда-қўймай ертўлага олиб тушдим-да, бирма-бир сандиқларни, улардаги қўлёзмалар ва хатлар тахламини кўрсатдим.
«Балли! Бу ишинг дуруст!» – деб қўйдилар қандайдир хотиржамлик билан. Секингина энгашиб алоҳида қилиб қўйганим – ота-онамнинг бир-бирларига ёзган мактубларини қўлларига олдилар. Уларнинг ҳар бирини авайлабгина варақладилар. Билмадим, шу дамда ўша олис ёшликлари, муҳаббатлари, ота бўлиш қувончи каби ширин хотиралар қалбларида жонлангандир. Мен бу ҳолатни кейинчалик отамдан қолган хотираларни варақлаганимдан сўнг тушуниб етдим.
Албатта, мен бу нодир қўлёзмалар сандиқда сақланиши нотўғри эканини юракдан ҳис қилардим. Саксонинчи йилларнинг ўрталарида Ойбек уй-музейининг ходими Шуҳрат Ризаев билан дўстлашиб қолганмиз. Мени музейга таклиф қилиб, бу хусусда қилинган ишларни ва гап орасида қизиқ бир воқеани айтиб берган. Муҳтарама Зарифа Саидносирова Ойбек домланинг нафақат қўлёзмалари, балки чиқинди челакка ташлаб юборган қоралама қайдлари, ҳатто автобус чипталарини ҳам адибга билдирмасдан аста челакдан оларканлар-да, уларни дазмоллаб папкаларга жойлаб қўярканлар.
Шу нарса менга таъсир қилган ва ёдимда сақланиб қолган. Отамнинг барча қўлёзмалари, ижодларига оид материалларни, мактубларни тўлиқ сақлаб қолдим, деёлмайман. Афсуски, 1993 йилда юз берган, ҳар эслаганимда юрагимни тирнайдиган бир аянчли воқеа туфайли уларнинг бир қисми йўқолиб кетди.
Ўшанда ёзишмалар ичида ота-онамнинг бир-бирига ёзган мактубларининг бир қисми ҳам йўқолган бўлса-да, уларнинг эндигина танишган, оила қуришга аҳдлашган, ширингина оилада фарзандлар кетма-кет дунёга келган даврлардаги ўзаро ёзишмалари сақланиб қолгани қалбимга таскин беради. Юракнинг тубидан чиққан, ҳис-туйғуга лиммо-лим сирли мактубларни авайлабгина жамладим. Уларни ойижонимга кўрсатдим. Мактубларни қайта-қайта ўқиган ойижонимнинг хаёлида ўша кунлар хотираси уйғонганига шубҳа қилмайман. Чунки хатларни ўқиётган ойижонимнинг юзида баъзан кулги балқиб чиқса, бирда салгина қизаринқираб, хижолатпазлик акс этарди. «Ойижон, отам ҳақидаги хотираларни қоғозга туширмаймизми?» – дедим секингина. Ойим бир муддат ўйланиб турдилар-да, ўзлари ҳам хаёлан хотиралар оламида сайр этаётганлари учун таклифимга рози бўлдилар. Оиламиз қўрғонининг ҳам чиройи, ҳам чароғбони бўлган ойижоним отам билан ярим асрдан зиёд рўзғор юкини ҳеч нолимасдан биргалашиб елкалаган, ҳаётга шукрона айтиб яшаган, бирга ўтган умрларининг энг ёрқин, кўнгилга ҳузур бағишловчи онларидаги айрим хотираларни қоғозга туширдилар. Шу мактубларни ва ойижонимнинг хотираларини жамлаб китоб шаклига келтирсам, фарзандларимиз ва набираларимизга арзирли эсдалик бўлишини ўйладим.
Қолаверса, «Мустаҳкам оила йили»да оилани муқаддас қўрғон билиб, унинг тинчлиги, тотувлиги, осойишталиги учун ҳамфикр, ҳаммаслак бўлиб умр кечирган ота-онамнинг самимий ёзишмалари-ю, кўнгил тубидаги хотиралар китобхонларга, айниқса, ёшларга тарбия мактаби бўлиши мумкин-ку, деган фикр туғилди. Мулоҳазамни эшитган ойижоним дастлаб истиҳола қилдилар: «Қандай бўларкин? Сал ноқулай-да, кўнглимиз сирлари акс этган мактублар бўлса?..» Онамнинг фикрига қарши боришга ботинолмасдим. Рост-да, отамдан қолган мерос, онам уни сир сақлашга ҳақли.
Бироқ, салкам тайёр ҳолга келган китобга қарайман-да, унинг бир четда қолиб кетишига кўзим қиймайди. Бир муддат ўтгач, яна шу ҳақда гап очганимда, ойим: «Билмадим, ўзинг ўйлаб кўр, болам. Ростдан ҳам бу хотиралар, мактубларни китоб қилсак, отангнинг руҳи шодланар, балки…», дедилар. Онамдан қайсидир маънода розилик олганимдан кейин Ўзбекистон халқ шоири Ойдин Ҳожиева билан маслаҳатлашиб кўришга аҳд қилдим. Қўлёзмаларни Ойдин опага қолдирдим-да, бир неча кундан кейин хабар олишимни айтиб хайрлашдим.
– Талабалик йилларимизда ёзувчи Одил Ёқубовнинг «Тилла узук», «Муқаддас» қиссаларини қайта-қайта ўқиб, давраларда баҳсу мунозара қилиб юрардик. Унда тасвирланган чин муҳаббат, нафис ва ҳаяжонли, беғубор севги қалбимизни ром этарди. Ёзувчи бундай дилбар, малоҳатли қизлар сиймосини қандай яратган, қайси гўзаллардан нусха олган, деган саволларимизга жавоб излардик, – дея гап бошладилар Ойдин опа қўлёзмалар тўғрисидаги фикрларини билишга борган куним. – Отангизнинг барча асарларида хотин-қизлар тимсоли ўзгача ҳурмат билан тасвирланади. Аёл поклик, нафосат, садоқат, меҳр ибтидоси бўлиб ўқувчини маҳлиё қилади. Аслида Одил Ёқубов ҳаётини битмас-туганмас шодликка, нурга чулғаган, унга қайноқ илҳом берган, жўшқин ижодга чорлаган Аёл зотига буюк муҳаббати экан, билсам.
Умр сўнгигача машъаладай ёниб турган муҳаббатгина инсон ҳаётини сермазмун, завқли, азиз қилганини Одил Ёқубовнинг маҳбубаси, рафиқаси Марямхонимга ёзган мактубларидан, Марямхонимнинг қимматли хотираларидан билса бўлади.
Қаранг, Искандаржон, орзулар қанотида учиб юрган талаба қиз ёш ёзувчи йигитнинг беҳад меҳнаткаш котибаси, биринчи танқидчиси, маслаҳатгўйига айланиб қолиши самимий, беғубор мактубларда акс этиб турибди. Хотиралар, хатларда Одил ака Марямхонимга мунис дўст, қаттиққўл устод, қалби зиё ва маърифат чашмаси бўлган меҳрибон муаллим бўлиб гавдаланибди. Уларнинг хатлари, ёзишмаларидаги нафислик, куюнчаклик, курашчанлик, бир-бирини англаш, бир-бирини тарбиялаш, маҳрамижон бўлиш фазилати ҳар қандай эр-хотинда ҳам бўлавермайди. Хатларни ўқиб, кўз ўнгимда икки севишган қалб, сафдош, маслакдош, мунис дўст, вафодор ёр, фарзандларга меҳрибон, меҳнаткаш икки Инсон қоядай қад ростлади. Суврати ва сийрати гўзал ойижонингизни отангизнинг жаҳонгашта асарлари рўёбида нечоғлик улкан меҳнати, далдаси борлиги сезилиб турибди. Хатлар ва хотиралардаги ёшлик ҳаяжонлари, навқирон юракларнинг оташин изҳорлари, оила деган муқаддас даргоҳнинг муҳаббат офтобидан чароғонлиги, болаларни вояга етказишда донолик ва ажойиб ҳамжиҳатлик – барча-барчаси бугунги ёшлар учун ибрат мактаби. Муҳаббат – бир умрлик меҳнат, деган экан бир донишманд. Одил ака ва Марямхоним муҳаббати заминига улкан меҳнат, ишонч, мусаффолик, фидойилик пойдевор бўлганини кўриб, бу меҳнаткаш, яратувчан муҳаббатга дилдан тан беради, киши.
Жон ука, сиз бундай қимматли китобни ўқувчилардан яширманг. Ҳеч иккиланмай, оммага тақдим этинг. Одил ака ва Марям опа деган пухта пойдеворга қурилган мустаҳкам оиланинг кўрган-кечирганлари, қилган меҳнати-ю эришган натижалари ёшларимизга ўрнак бўлишга арзийди. Китобхонлар бу оиланинг биргаликда, меҳр ва муҳаббат билан босиб ўтган йўллари изидан юриб, муҳаббат, вафо, садоқат ва меҳнатнинг қадрини янада теран англайдилар. Сир эмас, бундай жуфт қанот бўлиб, бир-бирини қўллаб-қувватлаб, ардоқлаб умргузаронлик қилишдек тақдир ҳаммага ҳам насиб қилавермайди.
Ойдин опанинг гаплари далда бўлиб, адабиёт аҳли ва мухлисларга бўлган самимий ҳурматимиз, отамнинг руҳи поклари, ёзувчининг суюкли рафиқаси ва фарзанди деган масъулиятни тўлиқ ҳис этган ҳолда ушбу китобни нашрга тайёрлашга жазм қилдик. Эҳтимол, ҳикоя қилинаётган оддийгина воқеалар келажак авлодлар, адабиёт аҳлига хизмат қилар, деган умидимиз бор.
Отамнинг узоқ ва сермазмун умр кўрганликларини эътиборга олсак, унинг серқирра фаолиятини тўлиқ ёритиш қийин, албатта. Адибнинг шиддат билан кечган умри бизни гоҳ узоқ йиллар қаърига, гоҳ кечаги кунлар суронига қайтаради.
Яна бир гап. Биз отамдан қолган бой адабий мерос – ёзган асарларини илмий ёки бадиий жиҳатдан таҳлил қилиш вазифасини мақсад қилмадик. Адабиётшунос олимларимиз, танқидчилар бир неча ўн йиллардан бери отамнинг ижоди билан шуғулланиб келишган ва бундан кейин ҳам тадқиқотлар олиб боришади, деган умиддамиз. Барчамиз улардан миннатдормиз. Шунга қарамасдан, хотиралар китобини ёзишда отамнинг ёзган асарларига бот-бот мурожаат қилиб туришимизга тўғри келди.
Сизга туҳфа этаётганимиз – отажоним ва она-жонимнинг биргаликдаги ҳаётининг энг куч-қувватга, ишқ-муҳаббатга лиммо-лим бўлган даври– ХХ асрнинг 50–80-йилларидаги хатлари ва она-жонимнинг хотираларидан иборат мазкур китоб маънавий ҳаётимизни юксалтиришда, жамиятимизда эзгу инсоний фазилатларни кенг қарор топтиришда, азалий қадриятларимизни асраб-авайлашда оилани мустаҳкам таянч деб билганларга муносиб туҳфа бўлади, деб ўйладик.
Оллоҳ насиб этса, отамнинг улкан адабий меросини– ноёб кундаликларидан тортиб нодир ёзишмаларигача, дилбар қиссаларидан бошлаб машҳур романларигача тўлиқ нашр қилиб, Сизга туҳфа айлаш ниятидамиз. Ушбу китоб ана шу ишнинг бошланиши, холос.
Хулоса чиқаришни эса сизларга қолдирдик, азиз китобхонлар.
Искандар Ёқубов.
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ