Ўзбекистонда интернет тезлиги бир йилда 61 фоизга ошди
© ccitt.uz
2012 йилда Ўзбекистонда халқаро ахборот тармоқларидан фойдаланишнинг умумий тезлиги 61 фоизга ошиб, сониясига 7,59 гигабитга етган (ёки сониясига 7780 мегабит). Бу ҳақда Ўзбекистон Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси сайти (рус тилида) хабар бермоқда.
2012 йилда соҳа корхоналари томонидан кўрсатилган хизматлар ҳажми 22,5 фоизга, жумладан, аҳолига кўрсатилган хизматлар ҳажми 24,5 фоизга ошган (кўрсатилган хизматлар ҳажми қанчага тенг бўлгани ҳақида маълумот берилмаган). Тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва кредитларни жалб этиш орқали амалга оширилган лойиҳалар бўйича прогноз 110 фоизга бажарилган.
2013 йилнинг 1 январь ҳолатига кўра, ахборот узатиш бўйича, жумладан, Интернет тармоғига уланиш хизматларини кўрсатувчи хўжалик субъектлари сони 930тага етган, умумий фойдаланиш пунктлари сони эса 1063тани ташкил этган. 2012 йил давомида операторлар ва провайдерлар учун Интернет-хизматлари (ташқи канал)га белгиланган нархлар 25 фоизга арзонлашган. Миллий UZ ҳудудида рўйхатдан ўтган доменлар сони эса бугунги кунда 15,8 мингдан ошиб кетди.
Йил давомида ҳимояланган электрон почта ва электрон ҳужжат алмашиш тизимларига 140дан ортиқ давлат органлари уланди. Ҳозирги кунда 9та марказ томонидан электрон рақамли имзо тақдим этилмоқда. Уларнинг сони 286,5 мингдан ортган бўлиб, бу 2011 йилги кўрсаткичдан 38,6 фоизга кўпроқ.
Давлат ва хўжалик бошқаруви органларидаги, шунингдек, маҳаллий ҳокимлик органларидаги кадрларнинг компьютер саводхонлигини аниқлаш бўйича 11,5 минг нафар тест имтиҳонларидан ўтди. Ахборот технологиялари соҳасига доир билимларни ошириш бўйича ташкил этилган ўқув машғулотларида 12,5 мингдан ортиқ ходимлар иштирок этишди. Бу 2011 йилдаги кўрсаткичдан 20 фоизга кўпроқ.
2012 йилда магистрал линияларда, абонентлар участкалари ва ўқув муассасаларида 1576 километр оптик-толали алоқа линиялари қурилди. Бундан ташқари, рақамли телевидениега ўтиш бўйича ишлар босқичма-босқич олиб борилмоқда. Жумладан, Фарғона, Навоий, Сирдарё ва Сурхондарё вилоятларида ўрнатилган телеузатиш мосламаларини ўрнатиш натижасида рақамли телевидение билан қамраб олиш даражаси Ўзбекистон бўйича 42 фоизга етди. 2013 йилда, Жиззах, Тошкент, Фарғона, Хоразм вилоятларида бешта телеузатгич ўрнатиш орқали, ушбу кўрсаткични 45 фоизга етказиш режалаштирилган.