“ТОШКЕНТДА ШОВ-ШУВ БЎЛАЁТГАН АСАР” МУАЛЛИФИ УСТИДАН “ЖИНОИЙ ИШ” ҚЎЗҒАТИЛГАН
Бизнингча, «Дунё ўзбеклари” орқали кўплаб ўқувчилар Ғаффор Ҳотамовнинг “Тошкентда шов-шув бўлган асар”и билан танишди. Асар турли-туман мунозара ва баҳсларга сабаб бўлди.
Кейин 2012 йил май ойида маълум бўлдики, “Инсон ва қонун” газетаси бош муҳаррири Қўчқор Норқобил Ғаффор Ҳотамов устидан Республика Бош прокуратурасига, шахсан Бош прокурор ўринбосари Алишер Озодович Шарофуддинов номига “ Ғаффор Ҳотамов асарида қадрияти топталгани, ўз номи ҳамда турмуш ўртоғи, шоира Хосият Рустамова номи ҳақоратлангани” юзасидан шикоят-ариза топшириб, “мазкур иш юзасидан прокурор текшируви ўтказиш ва айбдорни қонунга биноан жавобгарликка тортишни сўраган эди.
Мазкур “жиноий “дело” Алишер Озодович томонидан Тошкент шаҳар милицияси тергов бўлимига ўтказилди. Бир неча бор сўроқлар ўтказилди. Маълум бўлишича, интернетда эълон қилинаётган Ғаффор Ҳотамовнинг “Тақдир ажойиботлари”номли “Тошкентда шов-шув бўлаётган асар”ида на Қўчқор Норқобил ва на унинг турмуш ўртоғи ,шоира Хосият Рустамова ҳақида бир сатр ҳам гап-сўз йўқ эди.
Ва умуман, Ғаффор Ҳотамов ўз асарларини ҳали ҳеч қаерга нашр этиш учун жўнатмаган, шунга қарамай, асар қўлма-қўл бўлиб кетган, ўқувчилар асарни сўраб-излаб, топиб, компьютердан компьютерга, флешкадан флешкага кўчириб, ўқишаётган эди.
Кейин маълум бўлдики, Қўчқор Норқобил ва унинг хотини Хосият Рустамова ҳақида фикр Ғаффор Ҳотамовнинг “Ҳикмат ёки Олмос шамшир ҳақида достон” номли асарида айтилган, аммо бу асар Қўчқор Норқобилнинг шикоят-аризаси прокуратурада рўйхатдан ўтган пайтда бирон бир расмий газета журналда ёки интернетда нашр этилмаган эди.
Ғаффор Ҳотамовнинг милицияга “Тушунтириш хати”да айтилишича, у киши “Ўзбекистон овози” газетаси бош муҳаррир ўринбосари бўлиб ишлаганда мазкур асарини ўз ишхонасидаги компьютерда сақлаган, бўш пайтларида асар устида ишлаган.
Мазкур асарларини ҳали нашрга тайёр эмас деб ҳисоблаган, асарлари устида ишлашни давом эттирган, шу сабабли уларни бирон бир нашриёт, газета-журналга жўнатмаган.
Бош муҳаррир ўринбосари хонаси аксарият ҳолларда очиқ қолган. Демак, кимга керак бўлса, у хонага кириб, компьютердан Ғаффор Ҳотамовнинг асарларини флешкасига кўчириб олган. Шу тахлит асарлар қўлма-қўл бўлиб кетган.
Шу тахлит ҳали ҳеч ерда нашр этилмаган, аммо қўлма-қўл ўқилаётган асар юзасидан Қўчқор Норқобил Алишер Озодовичга ариза ёзган.
Қўчқор Норқобил умид қилганки, Алишер Озодович ҳам ғазабда, негаки унинг отаси, таниқли адабиётшунос Озод Шарафиддинов тўғрисида ҳам Ғаффор Ҳотамов ўз асарида салбий фикрлар билдирган. Демак ғазабкор кучлар бирлашса, Ғаффор Ҳотамовни янчиб ташлаш мумкин бўлади.
Кейин тергов жараёни узоқ давом этди. 2012 йил ноябр ойида Ғаффор Ҳотамов устидан янги ариза келиб тушди. Унга кўра Ғаффор Ҳотамов ўз асарларида терроризмни мадҳ қилган, тинч яшаётган кишиларни намойишларга, митингларга чиқишга чақирган, Ўзбекистондаги Конституциявий тузумни ағдаришга даъват қилган. Шу сабабли Ғаффор Ҳотамовга нисбатан ўта кескин чоралар қўлланилиши сўралган
Ана шу ариза .юзасидан текшириш ўтказиш учун Ғаффор Ҳотамовнинг уйидаги компьютер “мия”си ечиб олиниб, текширишга олиб кетилди ва у 2013 йил 3 январда қайтиб берилди. Маълум бўлишича “мия”да мавжуд материаллар олинган, ўчириб юборилганлари тикланган ва текшириб кўриш ва хулоса бериш учун экспертларга берилган.
Экспертлардан биринчиси — Вазирлар Маҳкамаси қошидаги Диний ишлар қўмитаси томонидан берилган хулосада айтилишича, Ғаффор Ҳотамов асарларида ҳеч қанақа экстремизм, Конституциявий тузумни ағдариш ва ҳукуматга қарши даъват-чақириқлар мутлақо йўқ.
Шунингдек, республика матбуот ва ахборот агентлиги, иижодкорлар идоралари вакиллари берган хулосаларда ҳам айнан шу каби фикрлар берилган. Яъни Ғаффор Ҳотамов устига ағдарилаётган мағзавалар ёлғон ва туҳматдан иборат экани таъкидланган.
“Мия”ни Ғаффор Ҳотамовга қайтариб топширган Тошкент шаҳар ИИБ терговчилари энди “жиноий “дело”ни ёпиш кераклигини, бунинг учун Ғаффор Ҳотамов “қаттиқ пушаймонлиги, бундан буён бунақа ишларга қўл урмаслигини” айтиб, “тушунтириш хати” ёзиб берса, улар 2012 йил 8 декабр, Конституция куни муносабати билан эълон қилинган амнистия бўйича суд орқали Ғаффор Ҳотамовни жазодан озод қилишларини айтишади.
Ғаффор Ҳотамовнинг жавоби қуйидагича:
“Мен бутун умр терроризмга қарши курашдим. Бу тўғрида асарлар ёздим. 1999 йил 16 феврал воқеалари тўғрисида сценарий ёзиб, уни кинорежиссер Баҳром Ёқубов билан ҳамкорликда фильмга айлантирдим.
Бутун умр Ўзбекистон Президенти ҳаракатларини қўллаб қувватладим, Президент ғояларини амалга тадбиқ этдим.
Айнан ана шу ҳаракатларим Ўзбекистон локомотиви йўлига ғов бўлишга уринаётган Хайриддин Султонов ва унинг бир ҳовуч ҳамтовоқларига ёқмади. Улар менинг бошимда ёнғоқ чақишга, мени ва менинг ёнимдагиларни бадном қилишга уринишяпти.
Нега тағин мен кечирим сўрашим керак?
Мен ҳеч ерда эълон қилмаган асарларимни ўшаларнинг аризасига кўра олиб текширдиларингиз. Демак, бу менинг ўй-хаёлларимни ревизия қилиш деганидир.
Демак, ўшаларни, менинг ўй-хаёлларимни ревизия қилишни талаб қилганларнинг ўзларини ревизия қилиш вақти етганга ўхшайди».
Маълум бўлишича, Ғаффор Ҳотамов сўнгги бор ана шу тахлит “тушунтириш хати” ёзиб берган. У киши Тошкент шаҳар милицияси терговчиларидан хафа эмас. Олти ойлик тергов давомида милиция ҳодимлари унга нисбатан ҳеч бир ортиқча ҳаракат ёки ортиқча гап-сўз қилишмаган, хамиша хушмуомала бўлишган.
“Уларгаям қийин, ариза прокуратурадан келиб турса, қатъий текширилиб, қонуний хулосалар чиқарилиши талаб қилиниб турилса, бу бечоралар нима қилсин. Имкон даражасида “тинчгина” кўриб чиқиб, сих ҳам, кабоб ҳам куймайдиган шаклда “дело”ни ёпишга уринишяпти”, дейишди.
Ҳа, ишқилиб, ҳар бир ишнинг охири бахайр бўлсин. Қасд қилганлар паст бўлсин.
Шокир САЪДУЛЛАЕВ,
Журналист.
Тошкент шаҳри
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ
Бу асар ажаб эмаски бошка куп сонли ёзувчиларимизни жамият иллатларига карши куркиб утирмасдан, курашишга ибрат булаолса. Ахир сиз ёзувчи шоирлар халкимизни локамативлари сизларку! Етар куркок калбларингизга таскин берганларингиз.
Хотамов камчиликларига карамасдан нима булганда хам куркмас ёзувчи экан. Албатта, асарни баъзи жойлари купиртирилган шахсларга холис бахо беришда, бир ёкламалик тарафкашликга, йул куйилган лекин шунга карамасдан асар керакли вактда чикиб, мамлакат ичида катта шов- шувга сабабчи булди. Халкимизда ажойиб макол бор «шамол булмаса дарахтни учи кимирламайди». Хотамов хам анойилардан эмас. У иложи борича курган- билганларини хакконийликни хисобга олиб, танкидий рухда уз фикр- мулохазаларини ёзган.